Музаффар Абдуллаев: “Акамга ҳавас қилиб дарвозабон бўлганман”
09 сен 2016 11:05
Янгиликлар
Музаффар Абдуллаев: “Акамга ҳавас қилиб дарвозабон бўлганман”
Ушбу ўйин олдидан “Сўғдиёна” посбони , қисқа муддат ичида Жиззахликларнинг ёқимтойига айланган Музаффар Абдуллаев билан суҳбат қилишга қарор қилдик.
Футболга қизиқиш неча ёшдан пайдо бўлган ва нима учун айнан дарвозабон бўлгансиз?
-Футболга бўлган қизиқиш 10 ёшда пайдо бўлган ва айнан акамга ҳавас қилиб дарвозабон бўлганман. Мени ўзлари билан бирга машғулотларга олиб борардилар.Уларга жуда ҳавас қилар эдим,машғулотларни ҳам кузатар эдим. Бу қизиқиш тобора ошиб борган ва дарвозабон бўлишга қарор қилганман.
Устозларингиз кимлар бўлган?
-Биринчи устозим дадам бўлганлар. Кейин эса “Кимёгар ” жамоасида уйнай бошладим. Биринчи клубимдаги устозим Иброҳим Мамадалиев бўлган.
Демак, уйдаги муҳит ҳам сизга таъсир қилган?
-Ҳа. Дадам ҳам футболчилар. Маъмуржон Абдуллаев. Акам ҳам футболчи бўлганлар. Ҳали ҳам маслахатларини аямайдилар. Ўйинларимни кузатиб борадилар. Ўйимиздаги муҳит ҳам таъсир қилган футболчи бўлишимга.
“Локомотив БФК”, “Андижон УзДонгЖу” даги фаолиятингиз ҳақида нима дея оласиз?
-Бу жамоада катта тажриба орттирганган. Бундан бошқа жамоаларда ҳам ўйнаганман. Шу фурсатдан фойдаланиб барча жамоадаги мураббийларга раҳмат айтмоқчиман. Уларнинг меҳнатлари сабаб мен шу даражага етдим.
“Сўғдиёна” га келиб танилдингиз,ажойиб сейвлар билан мухлисларимизнинг кўнглидан алоҳида жой олдингиз.Бир неча марта сизни рамзий терма жамоада ҳам кўрдик.
-Ҳа тўғри. Бу жамоада эканлигимдан хурсандман. Мураббийимиз Даврон Файзиевга катта раҳмат айтмоқчиман. Шу жамоага келишимга сабабчи бўлган Бахтиёр Ашурматовга ҳам раҳмат . Жамоамиз жуда иноқ. Катта оиладекмиз. Ҳар ўйиндан олдин ўзимга мақсад қуяман “бугун гол ўтказмаслигим керак. Жамоамга ёрдам беришим керак” деб. Уларнинг ишончини оқлаш учун бор кучим,маҳоратим билан ҳаракат қиламан. Рамзий терма жамоада бўлишим эса менга куч беради. Ўз устимда янада ишлашга ҳаракат қиламан. Бундан ҳам кучлироқ бўлишга ҳаракат қиламан.
Олий лиганинг 9-турида илк дебютингиз эсимда. Ҳамма хурсанд бўлганди. Ўйиндан сўнг мухлислар сизга миннатдорчилик билдирган эди. Уша пайти сиз нималарни ҳис қилган эдингиз?
-Кечагидек ҳаммаси эсимда. Олий лигада илк дебютим эди. Манга катта ишонч билдирилган эди ва мен буни оқлашга ҳаракат қилдим. Мураббийларим,жамоадошларим,мухлислар мени қўллаб-қувватлашди ва уларга раҳмат айтаман. Ишонасизми,ўйинга чиқишдан олдин ўзимга бугун рамзий терма жамоага тушаман деб ният қилган эдим. Шундай бўлди ҳам. Ишонч учун барчага раҳмат айтаман.
“Сўғдиёна” жамоасида дарвозабонлар мураббийи Шавкат Абдуходжаевнинг қўл остида машғулот ўтказасиз. Ҳаттоки,мухлислар ҳам Музаффар Абдуллаев бўлиб танилишингизга ушбу мураббийнинг меҳнатлари катта эканлигини таъкидлашган. Бунга фикрингиз.
- Шавкат ака билан аввал ҳам таниш эдик. Жамоага келганларида хурсанд бўлгандим. Ўз акамдек бўлиб қолдилар. Майдонда,машғулот жараёнларида ҳам,ҳаётда ҳам маслахатларини аямайдилар. Машғулотда ҳам жуда талабчанлар. Ҳамма сир асрорларни ўргатади ва ўйин давомида ҳам қўллаб-қувватлаб турадилар. Ҳар доим “машғулотда қанча қийналсанг,ўйинда шунча онсон бўлади ” дейдилар. Меҳнатларини қадрига етаман ва оқлашга ҳаракат қиламан.
Олий лиганинг 21-турида жамоангиз “Андижон”ни қабул қилади. Бу ўйинга жамоа қандай тайёргарлик қилди ва бу беллашув борасида фикрларингиз.
-“Андижон” 80% ўзгарди. Мураббийлар штабидаги ўзгариш ва жамоада ҳам ўзгариш бор. Албатта уларга омад тилаймиз. Бизнинг жамоа ҳам режа асосида тайёргарлик кўрдик. Жамоадошларимиз рухан ва жисмонан ўйинга тайёр. Бу беллашув жуда муҳим эканлигини ҳамма тушуниб турибди. Биз ўз майдонимизда ҳаракат қиламиз,шунинг учун очко йуқотишга ҳаққимиз йуқ. Мухлисларимизни хурсанд қилмоқчимиз. Улар бизларга катта ишонч билдирмоқда.
Саноқли кунлардан сўнг,футзалчиларимиз Жаҳон чемпионатида ўз ўйинларини бошлайдилар. Уларга тилакларингиз ва Ўзбекистон терма жамоаси Қатар давлатидаги ғалабаси ҳақида фикрингиз.
-Футзалчиларимиз яхши натижа қайд этишига ишонаман. Уларга омад тилайман. Терма жамоамиз ўйинига келсак,ажойиб ўйин кўрсатишди ва энг муҳими гол ўтказмади. Рақиб жамоани ҳам кўплаб имконияти бўлди. Футболда бир гап бор “Агар сен урмасанг,сенга ўришади”. Барча мухлисларни ғалаба билан табриклайман ва кейинги ўйинларда омад тилайман.
Ўзингиз қайси дарвозабонни ўйинини кузатасиз?
-Манга Икер Касильяс жуда ҳам ёқади. Ўйин услуби ва майдондаги ҳаракатини қолдирмай кузатишга ҳаракат қиламан. Ўзим учун ҳам ўрганиб,ўйинда қўллашга интиламан.
Жиззахлик мухлисларнинг ёқимтойига тез айландингиз. Мухлисларга тилакларингиз.
-Яхши кунимизда ҳам,ёмон кунимизда ҳам биз билан бирга бўлган мухлисларимизга чексиз миннатдорчилик изҳор этмоқчиман. Ростини айтганда,Жиззахлик ишқибозлардек ишқибозларни қўрмаганман. Шахсан ўзимни ва жамоамиз номидан мухлисларимизга раҳмат айтаман. Дарвозабон ярим жамоа дейишади. Мен ўз навбвтида бўлажак ўйинда бор иқтидорим ва бор кучим билан ўйин намойиш этишга ҳаракат қиламан. Сизлар билан бўлажак ўйиндан сўнг яхши кайфиятда учрашиш насиб қилсин.
Музаффар Абдуллаев жуда соддадил,кам гап ва муҳими ажойиб иқтидор эгаси. У қисқа муддат ичида Жиззахликлар меҳрини қозона олди ва ҳар бир ўйинда бор маҳоратини намойиш этади. Интервю давомида ҳам у жуда камтарин инсон эканлигини англаш қийин эмасди. Музаффар Абдуллаевнинг кейинги фаолиятига омад тилаймиз.
Дилдора Холбоева
Жиззах шахридан махсус
Фикрлар