Мундиал 2022. Сербия!
03 ноя 2022 16:59
Янгиликлар
Тахаллуси – "бургутлар".
FIFA рейтингида 21-ўрин.
Жаҳон чемпионатига тўртинчи марта (2006, 2010, 2018, 2022). Югославия терма жамоасининг ютуқларини ҳисобга олмаймиз.
C гуруҳи. Рақиблари: Бразилия, Камерун, Швейцария.
1-тур, 24 ноябрь. Бразилия — Сербия
2-тур, 28 ноябрь. Камерун — Сербия
3-тур, 2 декабрь. Сербия — Швейцария
Муваффақиятлар
Энг охирги, яъни Россиядаги мундиални эслаймиз.
Қизиқарли томони шундаки, сербларнинг гуруҳи Қатарда ҳам деярли олдингисидек бўлади. Ягона фарқ шундаки, 2018 йилдаги Коста-Рика ўрнига энди Камерун.
Серблар турнирни Коста-Рикага қарши ўйиндаги ғалаба билан бошлашди: Коларов 56-дақиқада жарима зарбасидан гол урган ҳолда Сербияга минимал ғалабани тақдим этди.
Иккинчи турдаги Швейцарияга қарши ўйин жуда ҳам муҳим эди. Митрович 5-дақиқадаёқ Сербияни олдинга олиб чиқди, аммо швейцарияликлар иккинчи таймда агрессивроқ ўйнашди. Жака 52-дақиқада ҳисобни тенглаштирди, Шакири эса 90-дақиқада ғалабни Швейцарияга олиб берди. Ўйиндан сўнг кўпчилик ҳакамлик ва сиёсий ишораларни кўрсатган швейцариялик албанларнинг ҳаракатларини муҳокама қилди.
Серблар оғир вазиятга тушиб қолишди ва Бразилияни мағлуб этишга тўғри келди. Аммо, мўжиза рўй бермади: Паулиньо ва Тиаго Силванинг голлари "тўп сеҳргарлари"га ғалабани тақдим этди.
Серблар гуруҳдан чиқа олишмади ва турнирни тарк этишди. Швейцарияга қарши ўйин жамоанинг ЖЧдаги тақдирини ҳал қилди, энди улар ўртасидаги қарама-қаршиликни Қатарда кузатиш қизиқ бўлади.
Мураббий ва ўйин услуби
Драган Стойкович – Сербия терма жамоаси бош мураббийи.
Драган ажойиб футболчи бўлган. У Югославиядаги энг яхши ярим ҳимоячилардан ҳисобланган. Терма жамоада эса 84та ўйинда 15та гол уришга эришган.
Драганнинг мураббийлик фаолияти анча "экзотик" кўриниш олмоқда.
У ўйинчи сифатида янги аср бошида 7 йил ҳаракат қилган Япониянинг "Нагоя Грампус" жамоасини 2008 йилдан 2013 йилгача бошқарди. Стойкович япон клуби билан яхши натижаларга эришди – чемпионлик ва суперкубок.
2015 йилдан 2020 йилга қадар эса Хитой Суперлигасининг "Гуанжоу Сити" жамоаси устози бўлди. Сербиялик мураббий бу ерда катта муваффақиятларга эришмади, аммо у ҳақида ёмон гапиришмайди ҳам. Жамоа ўз услубига содиқ эди ва ҳужумкор футбол билан мухлисларни хурсанд қилди. 30та ўйинда 72та тўп ўтказиб юбориш эса рекорд ҳисобланади.
Стойкович 2021 йилнинг 3 мартида ўз туғилган кунида футбол бўйича Сербия терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланди. Сербия унинг қўл остида ЖЧ-2022га йўл олди. Бунинг учун жамоа 90-дақиқада Александар Митровичнинг голидан сўнг саралашнинг сўнгги ўйинида Португалияни 2:1 ҳисобида мағлуб этди.
Ютуқлар ва фактлар:
· J1 лигаси ғолиби: 2010
· Япония Суперкубоги: 2011
· J1'да йилнинг энг яхши менежери: 2010
· Нишда йил спортчиси (2010)
· Сербияда йил мураббийи: 2016, 2021.
· 4-даражали Чиқаётган Қуёш ордени
· Ўзини Арсен Венгернинг издоши деб ҳисоблайди
· 2005-2007 йилларда "Црвена Звезда" президенти бўлган. Айтишларича, Стойкович клуб учун кредит олиб, 50 млн евро совурган ва жамоани "ўн йиллик камбағаллик"га маҳкум этган.
Сербия терма жамоаси ўйин схемаси: 3-4-2-1.
Ўйин услуби: тўп йўқотилганда прессинг, майдон марказини назорат қилиш, чексиз юқоридан паслар.
Серблар ҳавода жуда кучли, улар голларининг асосий қисмини юқоридан паслар ёки жарима майдончасига узатилган тўплардан сўнг уришади. Эътибор қаратсангиз, улар пасни зарба учун эмас, кейинчалик ортидаги шеригига узатиш учун беришади, шу сабаб бу тасодиф эмас, ўйланган нарса.
Сербия терма жамоасининг бутун саралашдаги асосий голи шундай урилди: узоқроқ устун ёнида турган Митровичга пас. Албатта, бу ерда португалларнинг ҳам хатосини айтиш керак, аммо серблар бу ишни идеал бажаришди. Тўп ёнида бўш юрган сербиялик ўйинчи жарима майдончаси ичидаги вазиятдан чалғитиш вазифасини бажармоқда.
Эътибор қилганингиздек, Сербия уч нафар ҳимоячи билан ўйнайди. Уларнинг даражаси Иванович ва Видичдек эмас. Шу сабаб ҳозиргидек мудофаада доим хатолар содир бўлади.
Сербия деярли барча голларни ўйинчиларнинг хато жойлашуви ёки ҳимоячиларнинг хатоси сабаб ўтказиб юборади.
Сербларда ўйинга ўзгача ёндашув бор. Улар ҳар қандай рақиб билан тенгма-тенг ўйнашга ҳаракат қилишади, аммо уларнинг услуби кўпроқ қарши ҳужумни эслатади. Сербия марказда тезликни пасайтиради ва рақибнинг ҳимоясини "қуролсизлантиришга" ҳаракат қилиб, уларни чекинишга мажбур қилади. Услуб мухлисбоп эмас, аммо ўрганиш учун қизиқарли. Бу айниқса Бразилияга қарши ўйинда қандай бўлиши кўпроқ қизиқ.
Терма жамоа етакчилари
Сергей Милинкович-Савич – марказ етакчиси.
Уни сербиялик Погба деб аташади, сабаби у барча нарсани қила олади.
Унинг бўйи 1,91 метр, аммо шу билан бирга ажойиб техникага ва эгилувчанликка эга. У ажойиб пас бера олади ва майдонни зўр кўради.
Сергейсиз нафақат Сербия, балки "Лацио" ҳам бошқача бўлган бўларди.
Хавбек терма жамоада 34та ўйин ўтказиб, 6та гол урди. Трансфер нархи: 70 миллион евро.
Александар Митрович – тўпурар.
Йович ва Влаховични терма жамоадан узоқлаштирадиган футболчи.
Сербия таркибида 73та ўйинда 46та гол. Жуда кўп.
Митровичда акуланинг қонга бўлган инстинкти каби гол уриш сезгиси ҳам ривожланган. У доим тўп қаерда бўлишини билади, у билан муомала қилишда ва якка курашларда яхши ўйнайди.
Бу ерда эса Митровичнинг қандай қилиб Сербияни ЖЧга юборгани акс этган:
Душан Тадич – етакчи.
Тадич – Сербиянинг юраги. У майдонда вазиятларнинг катта қисмини яратадиган муҳим ўйинчи ҳисобланади, шунингдек майдонда етакчи сифатида жамоа психологиясига ҳам таъсир кўрсатади.
Тадич мукаммал техника ва юқори ўйин интеллектига эга.
У 33 ёшида мамлакат терма жамоасида 88та ўйин ўтказиб, 18та гол уришга эришди.
Тадичнинг голларибан бири (сифати зўр эмас):
Кучли ва заиф томонлари
Кучли томонлари: ҳаводаги кураш, якка курашлар, олдиндан тахмин қилиш қийинлиги, паслар.
Кучсиз томонлари: мудофаа, психология, беқарорлик.
Олдин айтганимиздек, серблар бош билан ўйинда яхши ҳаракат қилишади. Статистикага кўра, улар ҳаводаги 58% ҳолатда ғолиб чиқишади, ақлбоварқилмас натижа. Бу жамоанинг ўйинидаги асосий нуқта, сабаби унда ғалаба қозониш серблар учун жуда муҳим.
Серблар якка курашларда ҳам яхши. Ҳа, ердаги кўрсаткич унчалик зўр эмас – атиги 52%, аммо барибир устунлик бор. Барча ўйинчилар елка билан ўйнашни билишади – улардан тўпни олиб қўйиш осон эмас.
Олдиндан айтиб бўлмаслик – индивидуал сифатларнинг натижаси. Сербия ўйин мантиғидан чиқмаган ҳолда ўзгача юришларни амалга оширадиган ўйинчиларга эга. Бу дунё футболида энг тақчил бўлган сифат, олдин шундай бўлган ва бундан кейин ҳам шундай бўлади. Бу Сербияга унча таалуқли эмас, камида Милинкович-Савич, Костич, Влаховоич, Тадич, Дуричич, Лукич йўқ вазиятдан нимадир яратадиган футболчилардир.
Сербияликлар пасларда жуда тоза ўйнашади. Ўз ярим майдонидаги паслар аниқлиги 94% – ажойиб натижа. Рақибникида эса 75%, бу ҳам жуда юқори. Узун паслар аниқлиги – 65%, зўр.
Сербларнинг мудофааси полякларникига ўхшаш. Доимий позицион хатолар ва хавфли вазият ёки голга олиб келадиган ҳимоячиларнинг техник "қовун туширишлари". Сербияликлар кўп тўп ўтказишади, улар ҳимояда қандай ўйнаш кераклигини унчалик билишмайди.
Муҳим ўйинлардаги хатолар – Сербия терма жамоасининг анъанаси. Бу улар билан доим содир бўлади, катта турнирларда ҳам, саралашларда ҳам. Умид қиламизки, Стойкович футболчиларга ишончни қўшади. Сербияга барқарорлик яққол етишмайди, лекин натижани ўзгартириши мумкин бўлган кўплаб маҳоратли ўйинчиларга эга.
Тахминий таркиб:
Деярли тенг таркиб. Аммо, иккинчи ҳужумчи Митрович бўлиши, майдон марказида эса битта ўйинчи кам бўлиши мумкин.
Шунингдек, Тадичнинг иккинчи ҳужумчи бўлиб ўйнаши ва Дуричични майдон марказидаги битта ўйинчини алмаштирган ҳолда, плеймейкерлик позициясида ўйнашини тахмин қилиш ҳам мумкин.
Алишер Остонов таржимаси
Фикрлар