UZ

Сўнгги янгиликлар

21:46ПСЖ АПЛдан ҳужумчи олиши мумкин  0 21:15"Арсенал" Гёкереш борасида бир қарорга келди  2 20:41"Тоттенхэм" Сон Хён Мин билан хайрлашиши мумкин  2 20:17"Бавария" "Боруссия Д" вингерига даъвогар  0 19:581 йилдан бери гол урмаётган Грилиш "Сити"дан кетиши мумкин  2 19:52Санжар Турсунов — "Локо"нинг тушиб кетиши, Бердиевни табриклагани, клубдаги мантиқсиз ишлар ва келажаги ҳақида   5 19:35МЮ Брунунинг ходимлар харажатларини тўлаш таклифини рад этгани маълум бўлди  2 19:20Расман: Ўзбекистон футзал федерацияси ташкил этилди. Унинг раҳбари ҳам маълум  7 19:10Баҳодир Сейткамолов: "Мени Сейткамолов қилган "Навбаҳор" бўлади, Россияда юрдим лекин футболни соғиндим"  9 18:46БМБ футзал клуби раҳбариятида ўзгариш рўй берди  1 18:25"Ливерпуль" Венгрия терма жамоаси ҳимоячиси билан шартнома имзоламоқчи. Унга МЮ ва "Челси" ҳам даъвогар  0 17:58"Ланс" 17 ёшли иқтидорни 2 млн еврога сотиб олади  2 17:32Расман: Игорь Сергеев – "Пахтакор" аъзоси!  22 17:24Расман: Оскар Бразилияга қайтди  3 16:58"Қизилқум" "Олимпик" ярим ҳимоячисига қизиқмоқда  1

Мозийга қайтиб...Ўйиндан ташқари ҳолат Янгиликлар

Мозийга қайтиб...Ўйиндан ташқари ҳолат

1979 йилги авиаҳалокатидан сўнг, “Пахтакор” жамоаси ўнгланмади.

Ўша пайтда собиқ иттифоқ футбол мутасаддилари янги “Пахтакор” ўнгланиб олгунча 3 йил муддат беришганди. Яъни, бу орада, Тошкент жамоаси қандай натижа кўрсатишидан қатъий назар, олий лигадан тушиб кетмасди. Заминимиз ҳар доим иқтидорларга бой бўлган. Ўша пайтда ўз футболчиларимизга урғу берганимизда, 3 йилда анча пишиб етилишарди. Бироқ футболимиз мутасаддилари четдан келган футболчилар ва мутахассисларга ишонишди. Натижада, улар пул ишлаб жуфтакни ростлаганидан сўнг, Пахтакор” барибир биринчи лигага тушиб кетди. Қуйида келтирилган мақолада ўша пайтдаги спортдан узоқда бўлган коммунист раҳбарлар “Пахтакор” тақдирини қандай ҳал қилиб келганлари ҳақида гап боради. Авиаҳалокатдан сўнг 10 йилда 6 мураббийни алмаштириб, ўша пайтдаги юртимизнинг ягона ифтихори ҳисобланмиш “Пахтакор”ни абгор ахволга солиб қўйишгани ҳақида маълумот берилади.

Собиқ иттифоқда Ўзбекистонда ягона спорт газетаси “Физкультурник Узбекистана” бўлиб, у ҳам спорт қўмитасининг нашри сифатида фақат ижобий мақолалар чоп этарди. Шу боис ҳам, ёшларнинг севимли газетаси бўлган “Ёш ленинчи”да(ҳозирги “Туркистон”) қуйидаги мақола чоп этилганида, катта шов-шувларга сабаб бўлган. Бу мақола билан журналистлар спортдан узоқ бўлган амалдорларнинг маъмурий-буйруқбозлик усуллари футболга фақат зарар келтириши мумкинлигига ишора қилишган. Ўқинг ва футболимиз тарихини биз билан бирга варақланг...

ЎЙИНДАН ТАШҚАРИ ҲОЛАТ
“Пахтакор” футболчилари команда раҳбарияти алмаштирилганида ана шундай вазиятда қолдилар
(“Ёш ленинчи” газетаси, 1989 йил, 1февраль)


Ўтган йилги мавсум тугагандан сўнг, миллионлаб футбол ишқибозлари “Пахтакор”нинг кейинги тақдири билан қизиқдилар. Бир томондан команда бош вазифани – олий лигага йўлланма олишни уддалай олмади. Бошқа томондан, ниҳоят, ўз услубига эга бўлди. Олий лига унчалар йироқ эмаслигини исботлади, қисқаси, мухлислар командага яна ишона бошладилар.
Ҳали мавсум сарҳисоб қилинмасданоқ, редакцияга минглаб ишқибозлардан миннатдорчилик мактублари кела бошлади. “Тўғри, Б.Абдураимов “Пахтакор”ни бу йил ҳам олий лигага олиб чиқолмади. Бироқ у ваъдасида тура олмаганлиги учун командани ташлаб кетса, бургага аччиқ қилиб, кўрпага ўт қўйган бўлади. Аниқроғи, у шундай қилса, оғир пайтда жанг майдонини ташлаб кетган командирни эслатади. Шунинг учун ҳам у кетмасин, биз унга ишонамиз”.

Хоразмлик футбол мухлиси Р.Ҳасановнинг юқоридаги мактуби қолган деярли барча хатлардаги фикрни ифодалайди.

22 декабрь куни “Билимлар уйи”да “Пахтакор” командасининг ишқибозлар билан учрашувидан сўнг, газетамизда “Пахтакор”да ўзгариш бор”, “Умидимиз узилгани йўқ”, “Учинчи уриниш” каби қатор мақолалар эълон қилинди.

Бироқ, янги йил кириб келишига икки кун қолганда, Ўзбекистон футбол федерациясининг “Пахтакор” мавсум якуни бўйича ҳисобот топширмагани “эсига” тушиб қолди. Бўлмаса, 5 ноябрда тугаган мавсумни 28 декабрда сарҳисоб қилишни нима билан изоҳлаш мумкин?

Ҳуллас, декабрь ойининг охирларида “Пахтакор” командасининг бош тренери Б.Абдураимов, команда бошлиғи С.Доценко, ёрдамчи тренер Я.Капров, врач А.Туриков, команда капитани Г.Денисов ҳамда комсорг А.Абдураимовлар Ўзбекистон ССР футбол федерациясига мавсум давомида қилинган ишлар тўғрисида ҳисобот беришди.
Бироқ, Ўзбекистон ССР футбол федерациясининг президиуми команда бош вазифани – олий лигага йўлланма олишни уддалай олмаганлиги сабабли, қилинган ишни қониқарсиз баҳолади. Президиум аъзолари ўтган бир ярим ой мобайнида йиғилган ҳужжатларга асосланиб, бошқа камчиликларни ҳам кўрсатиб ўтишди. Жумладан, командани комплектлаштиришда, ўқув-машғулот жараёнини планлаштиришда, тарбиявий ишлардаги нуқсонлар айтилди.

Президиумда Б.Абдураимов ўз ўғли Азаматга асосий составдан жой ажратиб бериш учун бир неча ҳужумчилардан воз кечганлиги ҳам айтиб ўтилди. С.Разаматов, А.Зейтуллаев, А.Гридюшко, С.Бауэр, И.Шквирин, М.Кабаев – булар бир йил давомида “Пахтакор”дан кетган ҳужумчилардир. Бошқа командалардан ўйинчилар таклиф қилиш ҳам яхши йўлга қўйилмаган. Бу йил четдан тўрт ўйинчи таклиф қилинди. Президиумда уларни таништириш билан бирга, ўйинчиларнинг ёшлари ҳам кўрсатиб ўтилди: В.Шербак – 30, В.Кобзев – 30, И.Логунов – 28, А.Ерин – 28 ёшда.

Шундай қилиб, президиум якдил қарорга келди. Б.Абдураимов бош тренерлик вазифасини эплай олмаганлигини айтиб, унга... команда бошлиғи вазифасида ишлашни таклиф қилишди. Ўзбекистон ССР физкультура ва спорт Давлат комитети коллегиясига ишни узил-кесил ҳал қилиш масаласи топширилди.



* * *

“Узил-кесил” ҳал қилиш учун коллегия салкам бир ой вақт ажратди. Унгача “Пахтакор” раҳбарлари нима қилишларини билмай, сарсон-саргардон юрдилар. Командада муҳит ёмонлашди. Майда гуруҳлар вужудга келди. Бироқ, нима бўлганда ҳам, Б.Абдураимов машғулотларни давом эттираверди.

Ниҳоят, Фарғонага – ўқув-тайёргарлик машғулотлари ўтказиш учун жўнаб кетишга икки кун қолганда, Б.Абдураимовнинг сабри чидамади. У Ўзбекистон ССР физкультура ва спорт комитетининг раҳбарларидан бирига қўнғироқ қилди.

Амалдор ҳали ҳеч ким уни командадан четлаштирмаганлиги, шунинг учун бемалол ишлайверишини таъкидлаб, эртага эрталаб спорт комитетига келиб кетишни сўради.
Эртасига, яъни 20 январь куни Абдураимов етиб келганда, уни... коллегия мажлисига таклиф қилишди. Таассуфки, тренер бундан бехабар эди. Бу коллегиянинг бир қанча аъзоларини таажжубга солди. Генерал Ҳожибоев “Сиз коллегия мажлиси бўлишини билармидингиз?” деб сўраганида Абдураимов елка қисишга мажбур бўлди.

Кейинги воқеалар саргузашт кино тусини олди. Ўзбекистон ССР физкультура ва спорт Давлат комитетининг коллегияси (9 аъзодан 5 киши иштирок этди) республика футбол федерациясининг қароридан ташқари, Б.Абдураимовга бошқа бир талай айбларни ҳам қўйди. Унинг аъзолари Б.Абдураимовнинг ўз вазифасидан четлаштириш масаласини кўраётганларида спорт комитетига “Пахтакор” ўйинчилари етиб келишди. Бироқ уларнинг уринишлари зое кетди. Командадан ҳеч кимни коллегия мажлисига киритишмади. Ҳатто дарвозабон А.Яновский “мен коммунистман, ахир” деганда ҳам ҳеч ким унинг гапига қулоқ солмади.

Коллегия футбол федерацияси президиуми қарорига асосланиб, ишдаги камчиликлари учун "Пахтакор" командасининг бош тренерини ўз вазифасидан озод қилди.

* * *

Абдураимов масаласи нега бундай, “ёпиқ эшиклар” ортида ҳал қилинди – бизга қоронғу. Фақат бир нарса ўйлантиради: коллегия аъзолари кимдан ва нимадан чўчишди? Жамоатчилик фикриданми? Ошкоралик ва демократияданми?
Абдураимовга қўйилган айбларда гарчи жон бўлса-да, бир қатор асоссиз ва аниқланмаган фактлар ҳам бор эди. Жумладан, у мавсум ўрталарида Бондаренко, Ковшов ҳамда Синелобовларни четлаштирмоқчи бўлганлиги, командани нотўғри комплектлаштирилгани ва молиявий камчиликларга йўл қўйганини тан олмади ва комиссия тузилиб, бу даъволарни текширишларини сўради.
23 январь куни “Пахтакор”нинг Қибрайдаги спорт базасида республика футбол раҳбарлари ва команда ўйинчиларининг умумий йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Абдураимовнинг ишдан олиш масаласига команда ўйинчиларининг муносабати кўриб чиқилди. Чуқур тафсилотларга берилмасдан, ўйинчиларнинг фикрларини (протоколлаштирилган) келтирамиз.
Г.Денисов: - Шахсан мен тренерни ҳозир алмаштирилиши команда учун фақат зарар бўлади, деб ўйлайман.
М. Билолов: - Бу масалани барибир ўзинглар ҳал қиласизлар. Шахсан мен учун Абдураимов катта ишлар қилди. У мени командага қайтариб олди, ишонч билдирди. Агар у командадан кетса, ўз аризамга кўра мени ҳам командадан бўшатишларингизни сўрайман.
С. Бондаренко: - Мана, ўн йилдан бери “Пахтакор”даман. Шу даврда олти марта бош тренер алмашди. Абдураимов келиши билан команда ўз ўйинини топди, деб ўйлайман. Тренерни алмаштиришни айни пайтда мақсадга мувофиқ эмас, деб ўйлайман.
О. Синелобов: - Менинг вазифам – ўйнаш. Бу ишларни ўзинглар ҳал қилаверинглар.
В. Постнов: - Янги тренер команда билан тил топишгунча вақт керак. Мавсум эса эшик қоқмоқда.
С. Ковшов: - Абдураимов мен учун отамдек бўлиб қолди.
Г. Роткович: - Мен тренерни алмаштириш нотўғри деб ҳисоблайман.
А. Кожухов: - Ҳозир тренерни алмаштириш мумкин эмас. Бир ярим ой бўлдики, ҳали ҳам аросатдамиз.
Кўриниб турибдики, кўпчилик футболчилар Б.Абдураимовнинг бош тренерлик лавозимидан олиб ташаланишидан норози.

* * *

Ҳозир эса мамлакатдаги барча коллективлар мавсумга зўр бериб тайёрланаяпти. Командаларнинг аосий состави, тактика ва стратегияси, кўзланган марралари белгилаб олинган. Бизда эса ҳали ҳам югур-югур, пала-партишлик мавжуд. Қандайдир яширин савдолар, ёпиқ овозлар.

Янги тренер ким бўлади? Бу саволимизга комитетнинг футбол бўлимидаги мутасадди ўртоқлар: “Украина ССРда хизмат кўрсатган тренер, СССР спорт мастери, 1970-80 йилларда “Шахтёр” командасига устозлик қилган В.В.Носов” деб жавоб қилишди. Мантиқни қаранг, ҳали комиссия ишни тугалламаган, бироқ четдан тренер тайинлаб қўйишган.

Бу сатрларни ўқиган баъзи раҳбарлар “Ёш ленинчи” Б.Абдураимовни ҳимоя қилаяпти длеб ўйлашлари мумкин. Йўқ, асло ундай эмас. Абдураимовнинг ким эканлигини биз жуда яхши биламиз. Неча марта у ваъдалашган учрашувларга келмаганлиги, кўп ҳолатларда, ўзига ортиқча баҳо бериб юбориши ҳақида эшитганмиз. Унинг ўзидан қайси айбларингизни тан оласиз деб сўраганимизда, шундай деб жавоб берди:

“Мавсум бошида белгилангандан ташқари кўп ўйин ўтказдик. Аниқроғи, 23 ўйин ўрнига 28 та. Шунинг учун ҳам чемпионатнинг дастлабки учрашувларида кўпгина футболчилар толиқиб қолишди.
Бунинг нотўғрилиги ҳозир исботланди. Ўша пайтда эса бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас эди. Биринчи лига кубоги зонал мусобақаларида ЦСКА, “Гурия”, “Помир” каби рақибларни бир текисда доғда қолдирганимиздан сўнг, ўйинчиларга дам берилса, улар спорт формаларидан чиқиб кетар эдилар”.
Яна такрорлаймиз, бу сатрларни Б. Абдураимовни ҳимоя қилиш учун келтирмаётибмиз.

Бироқ, “Пахтакор”нинг муваффақиятсизлигини фақат бош трененр билан боғлаш ўринлими? Ёрдамчи тренер Я. Капровчи? У бир йўла селекция ишлари билан ҳам шуғулланади. Вазифаси аниқ. Ўсиб келаётган ўйинчиларни топиб, бош тренерга таклиф қилиш. Қани, у икки йил давомида қайси ўйинчиларнинг номзодини кўрсатди? С. Бауэрни у фақат бир ўйинини кўриб, “бўлмайди” деган эди. Ана шу “бўлмайдиган” бу йил олий лигада тўп суради. Фақат угина эмас, собиқ пахтакорчилардан И. Поваляев, С. Зирченко, О. Морозов, И. Шквирин, М. Кабаев, А. Тихоновлар ҳам олий лига учрашувларида иштирок этадилар. Булардан ташқари А. Михель, Г. Доронченко каби ўйинчилар бу йил “Пахтакор”га қарши майдонга тушадилар. Турли командаларда – фақат “Пахтакор”да эмас. Бу тренер-селекционернинг хатолари эмасми? С. Доценко ва Я. Капровлар таклиф қилган Г. Кахианининг “Пахтакор”га қандай нафи тегди?

Умуман, бош тренернинг тақдирини нега 4-5 киши ҳал қилиши керак? Нега жамоатчилик фикри, футболимиз тақдирини ҳал қиладиган ўйинчилар гапига қулоқ солинмайди?
Эслаб кўрайлик: Б. Абдураимов командани қабул қилиб олган пайтда бор йўғи, 9 ўйинчи бор эди. Ўша йилги мавсумда зўрға 17-ўринни эгалладик. Келаси йилнинг ўзида бир йўла 10 поғона юқориладик. Бу йил сўнгги икки тургача “Пахтакор”нинг олий лигага чиқишига тўла умид бор эди. Фақат “Ротор” билан бўлган ҳал қилувчи ўйиндаги мағлубият барча умидларни чиппакка чиқарди. Ахир “Ротор” ҳам олий лигага даъвогар, ўз майдонидаги ўйин унинг учун ҳам жуда муҳим эди. Буни эсдан чиқармаслик керак.

Лекин шунга қарамай, Волгограддаги бу йирик мағлубиятни ҳар ҳил шубҳа остига олувчилар ҳам топилмоқда. Улар нимага асосланишаётган экан?
Энди мунтазам ўсишга эришаётган командадан тренерни олиб ташлаш мантиқан тўғрими? Унинг барча хатоларини кўрсатиб, огоҳлантириб, сўнгги имконият яратиб берилса, мақсадга мувофиқ бўлмасмиди?!

Ўтган йили газетамиз футбол муаммоларига бағишлаб бир қанча мақорлалар эълон қилди. Лекин мутасадди раҳбарлардан бирорта ҳам жавоб ололмадик. Бугунги куйинишимиз ҳам зое кетса керак.

Бунинг сири нимада экан? Балки ўзбек футболи учун масъул бўлган раҳбарлар орасида таниқли спортчилар – Тўлаган Исоқов, Баҳодир Иброҳимов, Равшан Юнусов, Лазиз Мақсудов, Вилгельм Қаҳҳоров, Владимир Штерн, Николай Любарцев кабиларга жой топилмаётганлигидадир?!

* * *

Биз бу мақолани бирмунча аввал тайёрлаган эдик. Лекин, шошилмадик, чунки 30 январь куни Ўзбекистон ССР футбол федерациясининг навбатдаги йиғилиши бўлиши керак эди. Биз йиғилишдан жуда кўп нарса кутдик. Етук футбол мутахассислари ўз фикрларини айтадилар, умуман, юқоридаги масалалар тренерлар орасида ҳал қилинади деб умид қилдик.

Бироқ, президиумдан ҳафсаламиз пир бўлиб қайтдик. У ерда биз ўзимиз учун керакли фикрларни ололмадик. Спорт комитет раҳбарларидан бири йиғилганларни коллегия қарори билан таништирди. Кетидан тренерлар, мутахассислар коллегия қарорига ўз фикр-мулоҳазаларини билдирмоқчи бўлганларида, федерация кун тартибида бу масала йўқлиги рўкач қилиниб, барча саволларга чек қўйилди.

Яқинда Москвада янги ташкил қилинаётган СССР футбол уюшмасининг таъсис конференцияси бўлиб ўтди. Телевизор орқали конференция президиуми сафида ўтирганлар ичида Б. Абдураимовни ҳам кўриб, тўғриси, ҳаммамиз қувонган эдик. Бугунги президиумда эса у ўтирган жой бўш қолди...

* * *

Энди ўқув-машғулот жараёнида Абдураимов йўл қўйган хатоларга келсак, бу бизда негадир шубҳа уйғотади. Биз асло Абдураимов учун ҳимоячи бўлмоқчи эмасмсиз. Бу гапларимизни футболимиз тақдири учун қайғурувчи оддий бир мухлис сифатида айтаяпмиз. Шубҳага келсак, бир умр футбол ўйнаган, қатор командаларда тренер сифатида ҳам муваффақиятларга эришган киши учун бу айблов асоссиздек туюлади. Қолаверса, ўқув-машғулотларга бирор марта бориб, шахсан кузатган одамнинг ўзи борми? Бу хулоса нимага асосланиб қабул қилинди?

Ковшов, Синелобов, Бондаренколарни ўйинга қўймаган деган гапларга келсак, бу гапга ҳам шубҳамиз бор. Ўзингиз ўйланг: уччала ўйинчи ҳам бу йил аввалги йилларга нисбатан яхши ўйин кўрсатишди. Қолаверса, Ковшовни физкультура коллективидан ким топганди? Тихонов даврида командадан ҳайдалган Бондаренкони ҳам ким, “кексалигига” қарамай, “Пахтакор”га қабул қилганди? Абдураимов!

Молиявий камчиликларга келсак, бир нарса деёлмаймиз. Дея оладиганимиз – текшириш керак. Текширмасдан хулоса чиқармаслик лозим.

Ҳозир айрим ўртоқлар Абдураимовнинг бутун тарихини ағдар-тўнтар қилиб, хатолар излаётганидан ҳам хабаримиз бор. Нега унинг камчиликлари ўз вақтида, дўстона айтилмади? Ёки унинг шу “қора куни” учун йиғиб-тўплаб келиндими? Футбол учун куюнган одамлар шундай қиладими?!

“Ота-бола” масаласига келайлик: Азаматнинг ўйини кўпинча бизга ҳам ёқмайди. Лекин жуда зеҳн билан кузатсангиз, унда ҳали ички имкониятлар етарли эканлигини сезиш мумкин. Қолаверса, у бош тренернинг ўғли бўлмаса эди, бунчалик кўзга ҳунук кўринмасди. У шу мавсумда 8 та гол урди. Бу командада иккинчи кўрсаткич. Уни командага чақириш фикри ҳам асли Биродар Абдураимовдан чиқмаган эди-ку!

Яна қайтарамиз, Абдураимовнинг камчиликлари бор. Агар уни ишдан олиш шу қадар зарур экан, унда бу иш мавсум охирида қилиниши керак эди. Ҳатто яқинда – декабрнинг охирларида “Билимлар уйи”да команда билан учрашув бўлганда ҳам, ҳеч гап йўқ эди. Ўшанда унинг ёнида ўтирган айрим футбол раҳбарлари нега бугун тўнларини тескари кийиб олишди?

Ҳозир команда комплектлашиб бўлди ҳисоб. Янги мавсум режалари, тактика, стратегия масалаларида бир тўхтамга келинган. Ҳатто команда мавсумга тайёргарликни 10 кун олдин бошлаганди.
Энди янги тренер келди. Аниқроғи, олиб келишди. Демак, кўп нарса ўзгаради. У ўз “ўйинчилари”ни олиб келмасмикан? Агар бунга йўл қўйилмаса, у мавсум охирида ҳамма айбни шу шартга ағдаради-қўяди. Нима бўлганда ҳам, янги тренер: “Бу йилча мендан ҳеч нарса талаб қилмайсизлар, келаси йилдан ўйлашиб кўрармиз” дейишга ҳақли.
Келаси йили у Тошкентда қоладими ёки садафларидек бирор нарсани рўкач қилиб, кетадими – айтиш қийин. Ҳар қалай. Шу пайтгача “Пахтакор” ўндан ортиқ четдан келган устозлар таҳсилини олган. Бу ҳол қачонгача давом этади?

Мана, яқинда “Спартак” ошкоралик руҳида ўзига етакчи сайлади. Тренерликка 9 киши ўз номзодини қўйди. Уларнинг программаси билан танишиб чиқилди. Якунловчи сайловга Ф. Новиков ва О. Романцев номзодлари қўйилди. 22 кишининг ҳаммаси команданинг собиқ ўйинчиси ва капитани Олег Романцев учун овоз берди. Агар фақат 22 киши овоз бериш ҳуқуқига эга эканлигини ўйласак, бу соф ғалаба деганидир. Хўш, ким эди бу 22 киши?

ЎЙИНЧИЛАР. Ҳа, фақат ўйинчиларгина овоз беришди. Ва бу жуда тўғри эди.
Яна бир аҳамиятли масала. Ўтган кунги федерация президиуми мажлисида республика спорти раҳбарлари “Биз узоқ ўйладик, ўзимизда “Пахтакор”га етакчилик қила оладиган тренер йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, четдан мутахассис чақиришга мажбур бўлдик” дейишди. Бизнинг назаримизда, бу залда ўтирган 20-30чоғи ўз тренерларимиз шаънига таҳқир эди. Қизиқ, мамлакатнинг энг етакчи командаларидан бири бўлган “Спартак” бундан 4-5 йил олдинги ўйинчисига ишониб топширилса-ю, бизда бутун умри тренерлик билан ўтган мутахассисларга ишонилмаса! Қолаверса, Романцев шу кунгача олий лига командасида тренерлик қилмаган эди-ку? Наҳотки бизда “Пахтакор”ни ишониб топшириш мумкин бўлган бошқа тренерликка лойиқ киши бўлмаса? Унда футбол раҳбарлари нима билан шуғулланишаяпти? Унда Олий тренерлик мактабини тугатиб келган ўнлаб вакилларимиз қаерда? Улар тренерликни эплай олмас экан, нега ўқишга юборилди? Бу саволларга ким жавоб бера олади?

Ошкоралик ва демократия шароитида биз лоақал янги тренер сайлов йўли билан танлаб олинади деб умид қилган эдик. Майли, Носовми, Фоменкоми, борингки, Бесковми ўз номзодини қўйсин эди. Ўз вакилларимизга ҳам имкон бериш керак эди. Дейлик, Бугаев, Исоқов, Гесс, келинг, бағри кенг бўлайлик, Абдураимов ҳам ўз номзодини қўйсин эди. Кимни сайлашни эса ўйинчиларнинг ўзи ҳал қилмоғи лозим эди. Чунки, эртага майдонга на раҳбарлар, на биз, ишқибозлар, фақат ўйинчилар тушишади. Афсуски, бизда бундай қилинмади.

* * *

Қадрли газетхонларимиз ушбу хабардан воқиф бўлган кезларда эса “Пахтакор” Болгарияда мавсумолди ўртоқлик ўйинларини бошлаб юборган бўлади. Янги футбол мавсумига эса, жуда қисқа вақт қолди. Ўйлаймизки, янги раҳбар унга ишонч билдирган республика футбол мутасаддиларининг умидини оқлайди.

Футбол мухлислари команда раҳбарларининг ишига, аввалги ютуқларига қараб эмас, балки энди эришиладиган натижаларга қараб, энг биринчи мақсад олий лигага чиқара олишига қараб баҳо берадилар. Шу мақсадга эришиш учун “Пахтакор”нинг янги раҳбарлари тайёрми? Ахир республикамизнинг миллионлаб футбол мухлисларининг нияти БУ ЙИЛ “Пахтакор”ни олий лигада кўриши ШАРТ.

Лекин, барибир қанча холис бўлмайлик, шундай шубҳа пайдо бўлади: Агарда оқлай олмасачи? Унда нима бўлади? Аввал ҳамма айб Секечга тўнкалган эди, кейин Тихоновга, Абдураимовга, энди эса... Бизнингча, унда жавоб бериш навбати республика футбол кўчасининг бошида турганларга келади.

* * *

Ўйиндан ташқари ҳолат. Бундай вазиятга тушиб қолган ўйинчининг ҳаракатлари ҳисобга олинмайди. Республика футболи раҳбарларининг “Пахтакор” учун қилаётган “ғамхўрликлари” ҳам шунга ўхшайди...

Аҳрор АҲМЕДОВ,
Аброр ИМОМХЎЖАЕВ,
“Ёш ленинчи” махсус мухбирлари.

Рейтинг: +4   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика