Мозийга қайтиб... Назир Ризаметов
13 янв 2023 11:27
Янгиликлар
Мозийга қайтиб... Назир Ризаметов
Назир Ризаметов
Раҳматли Давлат Турдиалиев 2007 йил 8 март санасида "Одамлар орасида" газетасида таниқли назоратчи Назир Ризаметовнинг тўсатдан вафот этигани ҳақида таъсирли мақола ёзган эди. Биз ҳозирги ўқувчиларда Назир ака аслида ким бўлгани ҳақида озгина маълумот беришни лозим деб топдик. Бунинг учун футболимиз тарихида ўзига хос из қолдирган мутахассислар ҳақида барча маълумотларни ўз ичига жамлаган Ахбор Имомхўжаевнинг "Аср футболидаги асл қадрдонларим" китобига мурожаат қиламиз.
Футбол бўйича Республика тоифасидаги ҳакам, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи Назир Ризаметов 1951 йил 9 март куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги Чимбойлиқ қишлоғида таваллуд топган. Назир Чорвоқдаги 18-ўрта мактабда таълим олгач, Тошкент автомобил йўллари институтини якунлаган. Ўзининг қизғин меҳнат фаолиятини "Главташкентстрой" транспорт бошқармасида ҳамда турли хилдаги автокорхоналарда олиб борди. 1979 йилдан бошлаб у собиқ Иттифоқнинг армия, авиация ва флотга ёрдам берувчи кўнгилли жамиятларида хизмат қила бошлади. 1993 йилдан бошлаб эса Мудофаага кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилотларида раҳбарлик лавозимларида фаолият кўрсата бошлади. Кейинги 8 йил мобайнида Мудофаага кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти Тошкент шаҳар Кенгаши раиси бўлиб хизмат қилди.
Ўз ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ризаметов раҳбар бўлиб борган жойларда ижобий ўзгаришлар рўй бера бошлади. У ўзига хос янги-янги ғоялар, раҳбарлик хислатлари, олган билимларини ҳаётга тўлиқ тадбиқ этиш йўлидан борди. Буларнинг натижаси ўлароқ шаҳар Кенгаши Республикамизда етакчи ўринларга кўтарилди. Ҳамма жойда кишилар ҳожатини чиқариш қадрли дўстимиз учун ҳаёт қонуни бўлиб қолганди. Шунинг учун бўлса керак, Назир Аҳмедович хизмат қилган жойда 7 ёшдан 70 ёшгача барча-барча ходимлар уни эъзозлашарди, ҳурмат қилишарди, севишарди. Бир сўз билан айтганда, юриши, туриши, кийиниши, муомаласи, инсонларга ғамхўрлиги билан катта обрў-эътибор қозонганди.
Унинг яна бир ибрали хилати шунда эдики, у ишга борган жойида тез кунда жисмоний тарбия ва спорт соҳаси яшнаб кетарди. Эрталабки гигиеник гимнастика машғулотларидан тортиб, турли хил спорт тўгараклари фаолият кўрсата бошларди. Айнан Назир дўстимизнинг ташаббуси билан ташкилотда спортнинг триатлон, кемамодель, авиамодель, автокросс турларида юқори чўққилар забт этилди. Ташкилот спортчилари Ўзбекистон терма жамоаси Жаҳон ва Осиё чемпионатларида иштирок этиб, юқори кўрсаткичларга эришдилар. Жумладан, кемамодель спорти бўйича Андрей Разумовский 6 марта ва Шавкат Исматуллаев 2 марта жаҳон чемпионлигини қўлга киритди. Авиамодель спорти бўйича Владимир Уцин ва Евгений Хаенок Осиё чемпионатининг олтин медаллари билан тақдирландилар. Виктор Юндин ва Демьян Караулов эса Жаҳон Кубогидан кумуш медаллар билан қайтди. Қисқа вақт мобайнида ташкилотда 4 та халқаро тоифадаги спортчи, 1 та хизмат кўрсатган спортчи ва 10 та спорт устаси тайёрланди. Назиржоннинг саъй-ҳаракатлари ила "Рулда раҳбар" республика кўрик-танловлари ташкил этилиб, уларнинг кўпчилигида Ризаматовнинг ўзи шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилганлигига хонадонда авайлаб сақланаётган кубок ва совринлар гувоҳлар бериб туришибди.
Агар садоқатли дўстимизнинг шахсий спорт биографиясига чуқурроқ назар ташлайдиган бўлсак, шу нарса ойдинлашадики, у Москва Олимпиадаси ўтказилган йилдан бошлаб футбол бўйича турли даражадаги учрашувларга ҳакамлик қила бошлаган. Бу борада унга ўша даврларда юртимизнинг етакчи ҳакамларидан бири бўлган Евгений Шамсутдинов мураббийлик қилган. Асосий соҳасидаги ўша қатъиятлик, ҳалоллик, гуруҳга раҳбарлик қила олиш, футболчилар психологиясини яхши билиш, шахсий намуна каби хислатлар унга бу борада айниқса қўл келди. 2-3 йил Тошкент шаҳри ва пойтахт вилояти биринчиликларида сидқидилдан хизмат қилгач, уни республика миқёсидаги мусобақаларга ҳам таклиф эта бошлашди. Ҳакамлар қўмитаси эса энг қийин ва шу билан бирга жанжалли ўтиши мумкин бўлган ўйинларга раҳбарлик қилишни айнан Ризаметовга ишониб топширарди.
1985 йилдан бошлаб Назиржон собиқ Иттифоқ чепионати учрашувларини ҳам моҳирлик билан бошқара бошлади. Биз каттароқ ёшдаги ҳакамлар у билан бир гуруҳга тушиб қолишни жуда-жуда ҳохлардик. Мен ўзим майдонда ҳакамлик қилганимда, агар Назир менга ёрдам берадиган бўлса, майдоннинг у турган томонидан кўнглим доимо хотиржам бўларди, чунки унда бу борада янглишиш деган нарсанинг ўзи бўлмасди-да. Шахсан ўзим бирон бир мураббийнинг Назиржоннинг ҳакамлигидан норози бўлганлигини эшитмаганман. У йил якунлари бўйича бир неча марта республиканинг энг яхши 10 нафар ҳаками рўйхатига киритилган.
Ҳакамлик фаолиятини фақатгина аъло ва яхши баҳолар билан якунлаган Назир Ризаметов кейинчалик Республикада ҳакамлар уюшмасига ва назоратчи ҳакамлар қўмитасига раҳбарлик қилди. Ўзбекистон футбол федерацияси Ижроия қўмитаси аъзолигига сайланди. Айнан ўша йиллари тиниб-тинчимас ҳамкасбимиз ёнига садоқатли дўстлари Анатолий Коваленко ва Радик Серазиддиновни олиб республика ҳакамлари учун методик қўлланмалар яратишга бел боғлади. 11 йил мобайнида ҳакамлар учун ўқув-йиғин машғулотларини ўтказди. Турли хил мамлакатларда ФИФА томонидан белгиланган йиғинларга Ўзбекистондан таклиф этилган ҳакамлар делегациясига раҳбарлик қилди.
Ҳозирги кунда мамлакатимизнинг Ноил Лутфулин, Равшан Эрматов, Рустам Саидов, Арслон Хотамов, Марат Исмоилов каби ҳакамлари хорижий даватлардаги турли хил ўйинларни маҳорат билан бошқаришаётган экан, улар бунинг учун биринчи навбатда устоз ва мураббийлари Назир Аҳмедовичдан миннатдор бўлишлари керак. Ризаметовнинг яна бир амалга оширган зўр иши шу бўлдики, у вилоятларимизда тажрибали назоратчи ҳакамларнинг етишмаслигини олдини олиш борасида енг шимариб ишга киришди, ўқув-йиғинлар ўтказди, семинарлар ташкил этди. Натижада вилоятларимизда хар қандай даражадаги учрашувларга назоратчилик қила оладиган мутахассислар етишиб чиқди: Зафар Паратов ва Валерий Макагонов (Хоразм), Фарҳод Султонов ва Иброҳим Шарипов (Бухоро), Элбек Мусаев ва Мансур Рашидов (Самарқанд), Шерали Шукуров (Қашқадарё), Азим Аҳмедов (Андижон) ва ҳ.к.
Дўстимиз Назир Ризаметов эндигина куч ва ғайратга тўлган чоғида шу йил 24 февраль куни кечқурун бири-биридан асал набираларини одатдагидек ўйнатиб бўлиб, уйқуга кетади ва ... тонг саҳарда Мавжудахон ўзининг суюкли турмуш ўртоғини уйқудан уйғота олмайди. Бу тинч ва осуда хонадонни бирпасда даҳшатли қичқириқ босиб кетади. Кексалар айтганларидек, Яратганнинг ўзи суйган бандаларини мана шундай осойишта ва тинчгина, бировга заррача ҳам озор бермасдан Аршу-аълога чорлар экан. Ардоқли оғайнимиз ғоятда қисқа ва сермазмун ҳаёти мобайнида жонажон Ватанимизнинг равнақи учун бор ғайратини, кучини, билимини, истеъдодини аямасдан фидокорона меҳнат қилиб, спортнинг техник ва амалий турларини ривожлантириш, халқ хўжалиги ва юртимиз Қуролли Кучлари учун баркамол, етук ёшларни тайёрлаш, футбол бўйича малакали мутахассислар тайёрлаш борасида ўзининг улкан ва муносиб ҳиссасини қўшди ҳамда ўз дўстлари ва шогирдлари қалбида битмас-туганмас из қолдирди.
Биз футбол олами кишилари – барча-барчамиз баб-баравар ҳурмат қиладиган ва эъзозлайдиган дўстимиз ва биродаримиз Назир Ризаметовни қўмсаймиз, эслаймиз, соғинамиз. Азиз укамизнинг жойи жаннатда бўлсин, Худонинг ўзи укажонимизни ўз марҳаматига олган бўлсин!
Ахбор Имомхўжаев.
Менга қалбан ва руҳан яқин бўлган инсон ҳақидаги хотираларимни алам ва қайғу билан қоғозга туширяпман. Биз илк бор учрашганимизда 30 ёшларда эдик. Мен ЎзДЖТИ футбол кафедрасининг ёш мудири, у эса ўша вақтдаги ДОСААФ ҳузуридаги ҳайдовчилар мактабининг раҳбари эди. Бизни бир-биримиз билан жуда кўп нарсалар боғлаб турарди. Иккаламиз ҳам ёш ва кучга тўлган пайтларимиз, қолаверса, футболга бўлган муҳаббат, боз устига ҳали ҳаётда ўз йўлимизни топиб улгурмай, келажакда олдимизга қўйган вазифаларни амалга ошириш хаёли билан яшар эдик. Биз кейинчалик ҳаётда ҳам, футбол соҳасида ҳам елкадош бўлиб, ўша ёшлик йилларимизни бот-бот эслаб турардик.
Энг ачинарлиси, ҳаёти давомида инсонларга яхшилик қилган, уй-жой қуриб, фарзандларини вояга етказган ва эндигина ўғиллари роҳатини кўраман деганда, ажойиб дўстимиз бу кўҳна дунёни тарк этди. У ўз яқинларига, қариндошларига, шу жумладан, шахсан мен ва оиламга жуда кўп ҳайрли ишларни амалга оширди. Афсуски, у жуда эрта, яъни 59 ёшида оламдан ўтди, ваҳоланки, у эндигина фарзандлар ташвишидан қутулиб, дўстлари орасида каттагина ҳурматга сазовор бўлиб, йиллар давомида қилган меҳнати самарасини кўриш остонасида турган эди.
Бундан 16 йил муқаддам, яъни Республикамиз ўз мустақиллигига эришиб, миллий чемпионатимизга асос солинган вақтдан бошлаб Назир Аҳмедович ҳакамлик соҳасида етакчиликни ўз зиммасига олганди. Қадди қомати келишган, жисмоний жиҳатдан чиниққан ва серғайрат Назир ака хар доим ҳалол ва одил ҳакам бўлишга интилди. Мен бунга у билан кундалик муносабатларимда гувоҳ бўлганман. У мен учун шундай эди ва абатта шундайлигича бўлиб қолади.
Ниҳоятда маданиятли, ўзгалар олдида доимо ўз ҳурматини сақлай оладиган, содда ва камтар инсон эди у. Нафақат ўзбек, балки рус тилида ҳам ўз фикрини бемалол ва равон изҳор эта олиши, дунёқарашининг кенглиги, унинг интеллектуал саоҳиятидан далолат бериб турарди. Аммо у ўзининг бу хислатлари билан хеч вақт мақтанмас эди. Назир ака ўзининг ҳатти-ҳаракатлари билан ёшларга ҳақиқий рефери қандай бўлишини кўрсатиб турарди.
Ўз юртига бўлган чексиз муҳаббат ва ватанпарварлик ҳисси унинг инсонларга бўлган муносабатларида ҳам ўз исботини топганди. У ҳаётдаги ўзининг фаолияти билан Яратганга ўзига хос тарзда миннатдорчилик изҳор этар эди. Афсуски, чин маънодаги етакчи, ўзининг севимли ўйинига бор куч ва маҳоратини беришга улгуролмай қолди. Республикамиз Мустақилликка эришиб, футболимиз халқаро майдонда атак-чечак қилишни бошлаганида Назир Ризаметов 44 ёшда эди. Бу давр эса ҳакамлар учун фаолиятининг сўнгги йиллари бўлиб ҳисобланарди. Мамлакатимиз футболи ўзининг шонли ғалабаларига илк марта бундан 14 йил муқаддам эриша бошлади. Агар бу воқеалар бундан 10 йил илгари бўлганида аминманки, Назир ака Осиё футболининг ривожига ҳам салмоқли хисса қўшган бўларди. Ишонч билан айтишим мумкинки, у нафақат ОФК, балки ФИФА ҳакамлари орасида ҳам ўз ўрнини топган бўлар эди. Мана шу тариқа мен бу дунёни бевақт тарк этган футболимиз жонкуяри ва фидоийси хақидаги хотираларимни изҳор этдим.
Рустам Акромов,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган мураббий, профессор.
ТАЪЗИЯ ЎРНИДА...
(“Одамлар орасида” газетасининг 2007 йил 8 март сонидан олинган).
Февралнинг сўнгги кунларида ўзбек футбопи ўзининг энг содиқ ўғлонларидан бирини йўқотди. Лекин бу ҳақда жуда кам гапирилди. Ёки ёзилди. Чунки у инсон машҳур футболчи ҳам, мураббий ҳам эмасди.
25 декабрь куни Туркистон саройида 2006 йилги футбол мавсуми лауреатларини тақдирлаш маросими ўтарди. Совринлар ўз эгаларига топширилгач, фойега чиқдик. Таниш-билишлар билан суҳбатлашиш учун бундан яхши имкон топиш қийин. Табриклар, яқинда ниҳоясига етган Осиё ўйинлари, 2007 йилги режалар, бир сўз билан айтганда, футбол ҳақида сўз юритилди. Маросим якунига етишига яқин эса танишлардан бири "Сизни Назир ака сўраяптилар", деб қолди. Мен аввалига бу ўта камтар инсоннинг четроқда турганига ҳайрон бўлдим. Фақатгина кейинроқ, суҳбат давомида буни тушундим. Назир ака ҳар доимгидай ҳол-аҳвол сўрагач, "шунақа бўлиб қолди", деб елка қисдилар. Мен мавсум давомида унинг ва у назоратчилик қилган ҳакамлар бригадасининг мусобақаларни бошқариш хуқуқидан маҳрум этилгани ҳақида эшитгандим. Ўшандаёқ Назир аканинг юмшоқ қилиб айтганда, "шармандали ишда" қўли борлигига ишонмагандим.
- Хатолар бўлади. Балки англашилмовчилик бўлгандир. Яна назоратчиликка қайтарсиз ҳам, дедим.
- Йўқ, мен бу воқеани кўтара олмаяпман. Таниш-билишлар олдида, фарзандларим олдида айбим йўқ эканлигини исботлашим керак. Буни биладиганлар бор. Аммо ёнимни олишни хоҳлашмаяпти...
- Назир ака! Мен сизнинг ҳалол одам эканлигингизга ишонаман! Ҳақиқат бир кун юзага чиқади, деб тасалли берган бўлдим.
- Мен кўз юмганимдан кейинми?, деди Назир ака. Этларим жимирлаб кетди.
Гўёки Назир ака вақт-соат яқинлашаётганини билиб ташвиш чекаётгандай эди. Ташвишланганда ҳам у кишига қўйилган "қора доғ"дан қутула олмаётганидан ташвишда эди. Мен нима дейишимни билмай турардим.
- Сизни ҳурмат қиламан. Фақат менинг айбим йўқлигига ишонсангиз бўлди, давом этди Назир ака.
- Назир ака, мен сизга ишонаман! Бу бир англашилмовчилик, ҳали эслаб кулиб юрасиз.
- Агар, мабода шундай бўлмай қолса, ёмон фикрга борманг-да!
Бу суҳбатни мен сўзма-сўз ёзаётганим йўқ. Қолаверса, унга катта аҳамият ҳам бермаган эдим. Назир ака ҳали бақувват. Шунчаки алам ўтганидан айтдилар, деб ўйлагандим. Хато қилан эканман. Газетада берилган таъзияномани ўқидиму, карахт аҳволга тушиб қолдим. Эҳ, Назир ака! Нега сўзларингизга жиддий аҳамият бермадим? Мендан қандай ёрдам кутган эдингиз? Сизнинг софдил инсон эканлигингизни билардим-ку. Нега ўшанда бор овозим билан жар солмадим? Нега?
Балки ҳали ҳам кеч эмасдир!
Назир Ризаметовнинг қандай айб билан ва нима сабабдан жазолангани ҳақидаги тафсилотлар менда йўқ. Шу боис унга бир баҳо бериш мушкул. Аммо у кишининг сўнгги кунларигача азият чекканлари аниқ. Чунки фақат ҳалол ва пок виждонли инсонгина азият чекиши маълум. Шундай экан, мен Ўзбекистон Футбол Федерацияси ва унинг президенти Мираброр ака Усмоновдан Назир Ризаметовга қўйилган айбни расман (вафотидан сўнг) олиб ташлашларини илтимос қиламан. Бутун умрини футболга бағишлаган камтарин инсон номи унинг қалбидек пок бўлсин!
Давлат ТУРДИАЛИЕВ.
Фикрлар