Матбуот анжумани. Фарҳод Нишонов: "Ҳусанов ва Файзуллаев U-20 терма жамоасида порлаб чиқишди ва улар "планка"ни жуда юқорига кўтариб юборишди. Бизнинг мақсадимиз ўша даражани ушлаб қолиш"
27 янв 13:32
Янгиликлар
Матбуот анжумани. Фарҳод Нишонов: "Ҳусанов ва Файзуллаев U-20 терма жамоасида порлаб чиқишди ва улар "планка"ни жуда юқорига кўтариб юборишди. Бизнинг мақсадимиз ўша даражани ушлаб қолиш"
Бугун терма жамоа аъзолари мусобақа олдидан сўнгги йиғин учун чин ўлкасига йўл олишади. Масъулиятли турнир олдидан терма жамоа бош мураббийи Фарҳод Нишонов, футболчилар Ғиёсжон Ризақулов, Муҳаммадюсуф Собиров, Асилбек Жумаев иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
Фарҳод Нишонов: - Мусобақага тайёргарлик биз истагандек ва режа асосида ўтди. Осиё чемпионати қай даражада тайёргарлик кўрганимизни кўрсатиб беради.
Ғиёсжон Ризақулов: - Яхши тайёргарлик кўрдик ва бизда ҳаммаси яхши.
Муҳаммадюсуф Собиров: - Мусобақага тайёргарлик мураббийларнинг режалари бўйича кетмоқда. Осиё чемпионатига юз фоиз тайёрмиз.
Асилбек Жумаев: - Ҳозирги кунда энг яхши йиғинни ўтказиб, Осиё чемпионатига муносиб ҳозирлик олиб бордик.
- Клублар сафидаги мавсумдан сўнг кетма кет йиғинлар таъсир футболчиларнинг жисмоний, руҳий қилмайдими? Чарчоқ аломатлари йўқми?
- Ҳозирги кунда футболнинг ўзи қийинлашиб кетди. Футболчиларда нафас олишга ҳам вақт йўқ. Дам олишлар, йиғинлар бу футбочиларнинг иши, масъулияти ҳисобланади. Шундай экан мазкур омиллар уларнинг профессионаллик даражасига таъсир қилмайди.
- Ўзбекистон мусобақага амалдаги чемпион сифатида бормоқда. Бу жамоага босим юклайдими ёки ишончни оширадими? Асосий мақсад Жаҳон чемпионати йўлланмасими ёки чемпионлик?
- Абдуқодир Ҳусанов ва Аббосбек Файзуллаев U-20 терма жамоасида порлаб чиқишди ва улар "планка"ни жуда юқорига кўтариб юборишди. Бизнинг мақсадимиз ўша даражани ушлаб қолиш. Бу мусобақа босим эмас футболчиларга ўзини кўрсатиши учун имконият. Мақсадимиз планкани юқори сақлаб қолиш. Биринчи мақсадимиз Жаҳон чемпионатига йўлланма олиш, кейингиси чемпионлик.
- Ўтказилган йиғинларда қанчалик кўнглингиз тўлди? Балки ўзингиз истаган қайсидир футболчи таркибга кирмай қолдими? Рақиблар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз...
- Кўп йиғин ўтказдик демаган бўлардим. 10 кунликдан 3 та йиғин олиб бордик. Бундан ортиғини қила олмасдик. Футболчилар клубида катта ҳажмдаги ишни бажарди. Барчасини ҳисобга олиб режа ишлаб чиққандик. ЎФА мен истаган имкониятни яратиб берди. Йиғинлардан кўнглим тўлди. Эътибор берган бўлсангиз ротациялар кўп қилдик. Бир хил таркиб билан ўйнамадик. Бу уларнинг спорт формаси, жароҳатлари билан боғлиқ эди. Жароҳатлар ўзимни ҳам қийнаб юборди. Муҳаммадали Ўринбоев, Абдуғафур Ҳайдаров, Равшан Хайруллаев, Нурлан Ибраимов, Рўзибой Файзуллаевда жароҳат бор эди. Терма жамоа шифокорлари билан қўлдан келганича ёрдам бердик. Охирги йиғинимизда улар сафимизга қайтди. Биз қандай тайёргарлик кўрсак, улар ҳам шундай қиляпти. Қатарда Яман билан бирга яшадик. Уларнинг Саудия Арабистони билан ўйинини кўрдик. Ҳозирги Яман кучлироқ. Уларнинг кучли томони Саудия чемпионатидан йиғилган. Индонезия легионерлар билан ўйинни шакллантирди. Эрон ҳақида катта маълумотимиз йўқ. Футболдаги энг ёмон нарса баҳона. Ҳар бир ўйинчимиз борасида уларда маълумот бор. Мен йигитларга ишонаман. Биз биргаликлда мақсадимизга эришамиз.
- Ўзбекистон U-20 терма жамоаси Хитой Тайпейида таомланиш билан боғлиқ муаммоларга учраганди. Бунга қандай ечим топилди? Футболда майда деталлар бўлмайди. Мураббийлар штаби қандай шакллантирилди?
- Футболда энг муҳим нарса овқатланиш. Қатардаги охирги ўйинда терма жамоа мен истаган ўйинни кўрсата олмади. Ўзини кўрсата олмади. Бу ҳам таомга боғлиқ. Қатар бизга шундай шароит яратиб берган. Меҳмонхоналар туристлар учун таомномалар қилган, спортчилар учун эмас. Ҳозир менежеримизни Хитойга юборганмиз. Кимдир истаганини емоқда. Айтганимдек менежеримиз буни ўрганмоқда. Мураббийлар штабига келсак, мазкур терма жамоа 2 йил олдин йиғилган. Ўша мураббийлар штаби сақланиб қолинган. Рауф Инилеев ҳам Хитойга боради.
- Футболчиларга савол. Осиё кубогидан нима кутяпсиз?
Муҳаммадюсуф Собиров: - 2023 йил U-17 Осиё чемпионатида фақат Жаҳон чемпионатига чиққан эдик. Чемпион бўлиш орзуимиз бор эди. Бу сафар Жаҳон чемпионати ва чемпионликни кўзлаганмиз.
- Легионерларимизнинг ҳолати қандай? Амирбек Саидов клубида етарлича амалиётга эга бўлмаяпти. Лазизбек Мирзаев мусобақага қандай ҳолатда келади?
- Йиғинларда бошқа легионерларимизни ҳам кўриб олдик. Амирбек Саидовнинг ҳолати бизни ҳам безовта қиляпти. Лекин терма жамоада унга имконият беряпмиз, ўйиндан-ўйинга қўшиб бормоқда. Лазизбек Мирзаевни безовта қилишни истамадик. Клуби билан келишувимиз бор эди. Улар футболчимизни энг яхши спорт формасида Хитойга юборишини айтишди.
- Муҳаммадюсуф Собировга савол. "Сўғдиёна"да бир нечта ўйинда асосий таркибда майдонга тушдингиз. Бир неча йиллик дарвозабон Митрович билан рақобатлашдингиз. Бу қандай устунлик берди?
- Иван Бошкович ёшларга кўпроқ имконият беради. Митрович жароҳат олган вақтда имконият беришди. Бу ерда мураббийнинг ҳам иши кўп бўлди.
- Легионер бўлиш мақсадингиз борми?
- Биринчи навбатда Жаҳон чемпионатига чиқиш. Мундиалдан сўнг легионерга айланишни мақсад қилганман.
- Аввало Осиё кубогида чемпионликни тилаб қоламиз. Қўлимизга шундай қоғозлар келдики, Саудия Арабистонида ташкил қилинган йиғинда футболчиларнинг жисмоний ҳолати пастроқда бўлган. Бу нарса устида ишландими?
- Жуда тўғри савол. Янги йил арафасида бу нарса бўлиши аниқ эди. Футболчилар клубидан сўнг дам олди. Кейин терма жамоа йиғинига қўшилишди. Улар робот эмас, бирданига юз фоизга олиб чиқа олишмасди. Уларга бир бўлимдан имконият бердик. Ҳозир футболчиларимиз жуда яхши ҳолатда. Қатарга ҳам, Сурияга ҳам жисмоний томонлам ютқазмадик.
- 25 нафар футболчи олиб кетилмоқда. 23 талик қайси тартибда аниқланади? Жароҳатлар бўйичами ёки футболчиларнинг спорт формасими?
- Жароҳатлардан тикланмаганлар бор. Улар билан индивидуал ишламоқдамиз. Майдонга чиққанида жисмоний томондан тайёр бўлиши керак. 25 нафар олиб кетилишини сабаби қайсидир позицияларда иккиланиш бўлмоқда. Бу спорт формаси ва соғлиғи билан боғлиқ. Охирги назорат учрашувидан сўнг хулоса чиқарамиз. 2 нафар футболчи мусобақада қатнашмайди. Ким кучли бўлса ўша иштирок этади.
- Клублар қишки йиғинда футболчиларни терма жамоа ихтиёрига қўйиб юборишга қандай муносабатда бўлди?
- Клублар билан деярли муаммолар йўқ. Ҳар бир мураббий терма жамоани қўллаб-қувватламоқда. Хурсанд қиладигани мураббийлар футболчилари тўғрисида қизиқиб маълумот сўрайди. Бунинг учун уларга раҳмат айтамиз.
- "Олимпик Мобиуз"нинг ёшлар терма жамоасининг шаклланишида ўрни бўлдими?
- Бу лойиҳа ўзини оқлади ва буни натижасини катта Олимпиадада кўрдик. Ўтган йилги йигитларимизнинг даражаси ўсди. Тўғриси ўз клубининг ёшлар жамоаларида ҳам ўйнашмасди. "Олимпик Мобиуз"нинг ташкил қилиниши айнан маҳаллий футболчилар учун фойда бўлди. Клубларимизда асосий вазифа сифатида натижа қўйилмоқда. Натижани йўлида маҳаллий ёшлар уларга керак эмас, лекин бизга керак. Терма жамоага, келажагимизга зарур. Биз кўп футболчиларни терма жамоа даражасига олиб чиқдик. "Сурхон"да ўйнаган Абдуғафур Ҳайдаров "Олимпик Мобиуз"да тажриба оширган. Асосий таркибда ўйнатамиз деса ушлаб ўтирмаймиз.
Фикрлар