"Манчестер Юнайтед" катта танаффусдан сўнг яна АПЛ тахтига қайтадими?
14 янв 2021 22:50
Янгиликлар
"Манчестер Юнайтед" катта танаффусдан сўнг яна АПЛ тахтига қайтадими?
Фернандеш ажойиб спорт формасида
У стандарт вазиятларда шериклари учун қулай имконият яратиб бера олмоқда. Бруну йил давомида 20тадан кўп ҳам гол, ҳам голли ассист амалга оширган икки футболчининг бири ҳисобланади. Бундайларнинг иккинчиси Месси, эътиборлиси "гол+пас" тизимида португалиялик аргентиналик ҳамкасбидан бор йўғи икки пунктга ортда қолди.
"Спортинг" ва Португалия термасида яхши ўйин кўрсатган бўлса-да, яққол ажралиб турмаган, 2019 йил МЮнинг ҳамма ҳам мухлиси юзидан таниб ололмаган йигит учун ёмон натижа эмас-а? Ҳозирги "Манчестер Юнайтед"нинг ўйинини кўрган ҳар бир мухлис хавбек қанчалик муҳим фигурага айланганини сезгани турган гап. У Пирло каби стандарт ролидан гибрид вазифага ўтгани сайин — Сульшер жамоаси рақиблари учун ўта хавфли бўлиб қолмоқда.
Рақобатчиларга барқарорлик етишмаяпти
Жуда ғалати мавсум давом этмоқда. Британиялик аналитиклар деярли тўхтовсиз равишда чемпионлик учун етарли бўладиган очколар минимумини ҳисоблашмоқда. Амалдаги ғолиб Энди Робертсон тахминан 80 очко етарли бўлишини айтди, МЮ эса 2018 йилда Моуриньо билан шунча очко тўплай олганди. "Лестер"га чемпионлик мавсумида 81 очко етарли бўлган ва барча фаворитларнинг қоқилаётгани яна шунга ўхшаш картинани тақдим этса ажаб эмас. Сульшер ҳозиргача ишлаган очколарни ўртачасини ҳисобласак, кейин қолган турларга кўпайтирсак — натижа 78.4 бўлар экан. МЮ ҳозирча сўнгги ўн йилликнинг энг ёмон чемпионлик графигидан ҳам қолиб кетмоқда, лекин шу натижа ҳам биринчи ўринни "Ливерпуль" билан бўлишиш учун етарли бўляпти. Чемпионат стартида "Манчестер Сити" жуда кўп очко йўқотгани, "Челси" эса Юрген Клопп тахмин қилганидек чемпионлик тезлигини ола билмагани ва охирги турлардаги омадсизлик сабаб қолиб кетганини инобатга олиб айтиш мумкинки, айнан Сульшер ҳозирда Роджерс ва Моуриньо билан иккинчи тўлқин жамоалари ичида ажралиб туришибди. МЮнинг эса баъзи устун жиҳатлари бор.
Мотивация борасида муаммо йўқ
Кевин Де Брюйне ёки Салах чемпионлик янги, такрорланмас ҳиссиётларни тақдим этишига ўзини ишонтириши қийинроқ. Бундай бўлмайди. Бундан келиб чиқадики, уларнинг ҳар иккиси АПЛда чемпионлик орзуси билан эмас, класс эвазига тўп тепмоқда. Ва уларнинг ҳар иккиси "Реал" ёки "Ювентус"га кетиб қолиши мумкинлигини яшириб ўтирмади. Бу ёки янада кўпроқ маош ишлаб олиш учун "шантаж", ёки чиндан ёмғирли Англия жонга тега бошлаган. Сульшер жамоаси учун эса чемпионлик учун чинакамига курашиш – янги саҳифадек. Давид Де Хеа Алекс Фергюсоннинг охирги "олтин мавсумида" Англия чемпионлигини қўлга киритган.
Матич икки бор "Челси" билан бош совринни қўлга киритган. Каванида Франция билан алоқадор бой тажриба мавжуд. Аммо бу АПЛ эмас. Бироқ қолганларчи? Шундай экан, иштиёқ Рэшфордни ҳам, Магуайрни ҳам олға интилишга ундамоқда. Агар чинакам имконият мавжудлигига ишонса, Поль Погба каби стабиллик етишмаётган юлдузлар ҳам "ўзини йиғиштириб" олиши мумкин. Ахир айнан Погбанинг голи ҳозирда манчестерликлар етакчилигини таъминламоқда. Яқин ўтмишда жамоа Европа Лигаси бош совринини қўлга киритганку дерсиз, лекин ўша турнир финалидаги таркибидан асосийда фақатгина Рэшфорд қолди. Ҳаттоки Погба ҳам кўплаб учрашувларни ўтказиб юборди. Уларга соврин керак ва жамоа кубок учун курашишга қодир.
Янада ўсиш, кучайиш учун салоҳият етарли
"Лестер" хурсандчилик учун кўкларга кўтарилганди. Лекин кейинроқ маълум бўлдики, Раньери жамоаси чиндан уча оларкан – баҳордаги темпга дош беришди, қўшимчасига "Тоттенхэм" ва "Арсенал" ўша мавсумда омадсиз бойвоччалар ролига жуда мос тушган. МЮ ҳам бир некча йилдан буён шунга ўхшаш ҳолатда, сабаби иккинчи ўрин эгалланганда ҳам "Манчестер Сити"дан 19 очкога ортда қолинган. Охирги марта "қизил иблислар" титул учун чинакамига 2013 йил курашишган, ўшанда жамоани сэр Алекс Фергюсон бошқарарди. Ўшанда таркиб тажрибали футболчилар ва фойдали артиллериядан ташкил этилганди. Ҳозир эса таркибда Бруну, Рэшфорд, Ван-Биссака, Магуайр, Теллес, Марсьяль, МакТомминэй, Шоу ва Линделеф. Ёш жиҳатидан улар "фаолиятининг "пикига" чиқиши керак бўлган"лар жумласидан ҳисобланади. Ахир Погба ва Фредга (ҳар иккиси 27 ёшда) худди ветерандек қаралса, аслида Кавани ва Мата бу таърифга мосроқдек. Аммо МЮ ҳозирча яратилган вазиятлар сифати бўйича АПЛнинг 6-жамоаси, рақиблари xG си бўйича бор йўғи 9-ўринда, зарбалар бўйича атиги 5-ўрин, лекин голлар бўйича иккинчи. Ўсиш учун йўналиш ҳам, имкон ҳам етарли. Сульшер жамоаси зарбалар сони бўйича иккинчи ва фақатгина "Ливерпуль"дан ортда қолмоқда ва кескин узатмалар бўйича "Манчестер Сити"га деярли етиб олишди. Шунингдек, ҳозирча жамоа бирор нуқтани кучайтириши зарур бўлса, муаммони январь ойидаёқ ҳал қилиш учун пул бор.
Сульшер бошқалар режасини буза олади
Ҳозирги "Манчестер Юнайтед"нинг ўз ўйин услуби бор деб ишонч билан айтиб бўлмайди. Акс ҳолда "қизил иблислар" мухлислари "Ливерпуль" билан очколар бўйича тенглашиб олинганига хурсанд эмас, охирги йилларда бир неча бор етакчиликни қўлга олган бўларди. Аммо Сульшер жамоаси рақибга мослашишни яхши билади. Фақатгина рақиб ҳужумлари тезлиги борасида муаммо юзага келмаса бўлгани.
"Лейпциг" темпни ошира олди ва МЮни Европа Лигаси равона қилди. Лекин "манкунианликлар" тезлик ола олмаётган таниш рақибга "ёпишиб олса" – очкони ҳам бегона қилмайди. Анчайин дадил ўйин кўрсатадиган "Лидс", "Вулверхэмптон" ва "Астон Вилла"ни енгишди. "Лестер" ва "Манчестер Сити"га мағлуб бўлишмади. Клопп "бандаси" билан тўқнашув қандай якунланаркан, кўрамиз. Ўйинга ҳам оз қолди (17 январь). Бу учрашув орқали ўзига хос янги саҳифа очилади — вазият тақозоси билан жамоа 2020 йил бошидан буён АПЛ грандлари билан тўқнаш келмаётганди. "Қизиллар"га қарши учрашувга тайёрланиш учун Сульшернинг етарлича вақти бор эди, бу нафақат Оле учун, балки "Манчестер Юнайтед" учун ҳам навбатдаги имтиҳон десак, муболаға бўлмайди.
"Юнайтед" ортиқ гранд эмас
Ван де Бекни захирада олиб ўтирадиган жаомалар кўп эмас, лекин "Манчестер Юнайтед" ҳозир олдин бўлгани каби гранд жамоа эмас. Тўғри жамоа "автобус" усулидан фойдаланмаяпти — бунинг учун ҳимоя чизиғи у қадар мустаҳкам эмас, лекин жамоа иккинчи рақам билан ўйин услубидан узоқлашмаяпти. Гап бу ерда дарвоза томон зарбалар ёки тўпга эгалик қилиш фоизларида эмас, жамоа ўзини майдонда қандай ҳис қилиши, атрофдагилар ўйинига қандай баҳо беришида. "Тоттенхэм" Почеттинони унутишига анча вақт керак бўлди ва секин-аста жамоа Моуриньо услубини кўрсата бошлади. Жозе "шпорлар"га ўргатаётган ишларни МЮ узоқ йиллардан буён билади. Сульшер катта ўзгаришлар қилгани йўқ, у шунчаки ҳар жабҳада айёрроқ ишламоқда. Оле-Гуннарнинг омадсизликларга муносабат билдириши ва қийин вазиятлардан омон чиқа олишига ҳавас қилса арзийди. Чемпион жамоа ҳисобида 100 очко бўлмайдиган мавсум, айнан МЮ каби жамоада, пойгада зафар қучиш имкони юқори бўлади.
"Иблислар" ўзлариданда яхшироқ кўринишяпти
Сабаблари сизга ҳам маълум. "Ливерпуль" ва "Манчестер Сити" бир йил аввалгидан кўра ёмонроқ спорт формасида. МЮ эса аксинча яхши томонга ўзгармоқда, эътиборлиси жамоанинг ҳолатига қараб, баъзи футболчилар бунданда яхшироқ ўйнай олишини тахмин қилиш мумкин. Марказда Фернандешдан орқароқда ўйин боришига қараб вариантлар етарли, икки ўрин учун 5 нафар номзод. Ҳужумда биргина Кавани кўп нарсани ўзгартириши мумкин. Ҳозирча у аҳмоқона дисквалификация сабаб жамоага ёрдам беролмаяпти. Шу ўринда МЮни мақташ учун сабаблар ҳам йўқ эмас. Мисол учун, АПЛда 22% голларини ўйиннинг охирги 15 дақиқасида уришди. Бу борада манчестерликлар "Ливерпуль"ни ҳам ортда қолдиришмоқда. Охирги дақиқаларда гол уриш кўрсаткичи икки баробар кучайди, Сульшер жамоасида охирги ҳамлани амалга ошириб, уч очкони олиб кетиш иштиёқи пайдо бўлди. 16 турлик оралиқда 9 очкога кўпроқ жамғаришди, 8та гол кўпроқ уришди ва нисбатан кўпроқ гол ўтказилаётган бўлса-да, Де Хеа ёки марказий ҳимоячилар томон "ширин сўзлар" янграши сезиларли тарзда камайди. Қаторасига 10 учрашувда мағлуб бўлмаслик, уларнинг 8 тасида ғалаба қозониш — яхши натижа.
"Манчестер Юнайтед" титул учун асосий даъвогар эмасдир, амалда бу рўйхатда учликдан ҳам жой эгалламаса керак. Устига-устак агар баҳорда "Челси" уйғонса, "Лестер" ва "Тоттенхэм" курашда қоладиган бўлса. Аммо 2013 йилдан буён илк марта МЮ агар ўзи яхши ўйнаб турса, охиргача курашиб кўриш имкони бўлади. Ҳозир МЮ Бруну Фернандешга ўта боғланиб қолган ва ушбу серия — футболчи даражасига ҳам бевосита боғлиқлигини тахмин қилиш мумкин. Ҳозирда ўтаётган ўзига хос мавсум Сульшер жамоаси қулай фурсат бўлиши мумкин ва буни нафақат Каррагер балки бошқалар ҳам сезиб турибди.
Нозима Зарипова таржимаси
Фикрлар