"Ливерпуль" - "Вильярреал": "Испанлар эртаги" шу ерда тугайдими?
27 апр 2022 17:10
Янгиликлар
"Ливерпуль" - "Вильярреал": "Испанлар эртаги" шу ерда тугайдими?
Кўпчилик "Вильярреал" эртаги шу ерда якунланади деб ҳисобламоқда, аммо амалда ҳам шундай бўладими? Ҳар икки рақибнинг мавсум давомида босиб ўтган йўли, бугунги ҳолати ҳақида маълумот беришга ҳаракат қилдик.
"Ливерпуль"
1. "Ливерпуль" ажойиб спорт формасида: ҳужумда ҳам, ҳимояда ҳам "ишлар беш"
"Тарихдаги энг кучли "Ливерпуль" - деб атади бўлажак рақибини "Вильярреал" устози Унаи Эмери. "Ливерпуль" чиндан кучли ва балки 3 йил олдингиданда кучлироқдир. Бугун Юрген Клопп жамоаси кучсиз нуқтаси йўқ механизмдек. Назаримда футболчиларнинг ҳозирги спорт формаси эса мавсумдаги энг яхшиси. 2022 йил "Ливерпуль" фақат бир марта мағлуб бўлди - "Интер"га қарши жавоб ўйинида. 26 баҳсда 21 ғалаба ва иштирок этаётган барча мусобақаларида ғолиблик учун курашни давом эттирмоқда. Бу каби муваффақият футболчиларнинг индивидуал ютуқлари, устунликлари маҳсули бўлиш билан бирга, жамоавий меҳнатнинг самараси ҳамдир. Мо Салах - АПЛнинг энг яхши тўпурари ва энг яхши ассистенти, Алиссон Премьер-Лигада "қуруқ ўйинлар" бўйича етакчи, Виржил Ван Дейк мисол учун "Энфилд"да чемпионат доирасида "Ливерпуль" либосида ҳали ҳам мағлубиятга учрамади.
Жамоанинг бугунги ҳолати анча мураккаб. Инглизларни мавсумнинг оғир якуни кутиб турибди. Ҳар бирида максимал вазифа белгиланган учта турнирда бирдек ўйнаш осон эмас. Бундай вазиятда "Ливерпуль" захира ўриндиғи ёрдамга келиши керак бўлади. "Ёрдамчилар" бу ишни ажойиб тарзда уддалашмоқда. "Эвертон"га қарши баҳсда кўп нарсани захирадан туширилган Дивок Оригининг бир ўзи ҳал қилди. Юрген Клопп ихтиёрида исталган вақтда у ёки бу нуқтани ёпа оладиган муносиб ўринбосар мавжуд. Бу муҳим фактор ва қийин паллада "Ливерпуль"га ёрдамга келиши мумкин.
2. Тьяго Алькантара - "Ливерпуль"нинг яширин етакчиси
Салах, Мане, Ван Дейк, Алиссон - зўр футболчилар ва "Ливерпуль"нинг бугунги муваффақиятларида уларнинг хизмати катта. Аммо таркибда жуда катта кўламдаги ишни бажариб, кўпинча сояда қолиб кетадиган, аммо "қизиллар" ўйинига номдор шерикларидан кам бўлмаган даражада таъсир ўтказадиган бир йигит бор. Бу марказий ярим ҳимоячи Тьяго Алькантара. Вақтида унинг "Ливерпуль" сафига келиб қўшилишини мухлислар турлича қабул қилишди ва испанияликдан кўп нарса кутишмаганди. Ўтган мавсум Тьяго ижросида сифатли даражада бўлган бўлса, буниси шунчаки ажойиб ўтмоқда. "Ливерпуль" учун унинг қанчалик муҳимлигини билиш учун рақамларга мурожаат қилишнинг ўзи етарли. АПЛнинг бу мавсумида Тьяго майдонда бўлса "мерсисайдликлар" 14 ўйинда 13 ғалабага эришди ва ўртача 0.3 та гол ўтказиб юборди. Испанияликсиз "Ливерпуль" АПЛдаги ҳар икки мағлубиятини қабул қилиб олди ва ўртача биттадан гол ўтказиб юборди. Охирги ўйинларда Тьяго шунчаки беназир - "Ман Юнайтед" билан ўйинда Тьяго Алькантара "ўйиннинг энг яхши футболчиси" деб тан олинди, "Эвертон"га қарши учрашувда у бир ўзи рақиб жамоадан кўпроқ узатмани амалга оширди. Испаниялик - майдон марказидаги муҳим фигура, "Ливерпуль" таркибда усиз нисбатан кучсизроқ, майдонда Тьяго бўлганда эса Юрген Клопп "банда"си янада кучлироқ ҳаракат қилади.
Мезбонларга бугун Фирмино жароҳати сабаб ёрдам бера олмайди.
"Вильярреал"
1. "Вильярреал" бугун Жерар Моренодан фойдалана олмайди, аммо...
Жерар Морено учун мавсум қисмларга бўлинмоқда - у футбол ўйнаётган ва даволанаётган қисмларга. Бунинг ҳаммаси ўтган йил сентябрь ойида бошланганди. "Вильярреал" футболчиси терма жамоа ихтиёридан жароҳат билан қайтганди. Ўшандан буён Жерар клуб лазаретининг мунтазам аъзосига айланиб қолди ва кетма-кет 7 ўйинда майдонга тушмаяпти. Ла Лиганинг охирги турида "Хетафе"га қарши беллашувда ҳам форвард тиззасида оғриқ сезди ва захирага олинди. Бу футболчи учун мавсумдаги олтинчи жароҳат ҳисобланади. "Ливерпуль"га қарши баҳсга катта эҳтимол билан у тайёр бўлиб улгурмайди. Клубдагилар Жерар Морено жавоб баҳсига тўлиқ тайёр бўлишини кутишмоқда. "Зато" марказнинг муҳим вакили Франсис Коклен сафга қайтди. Франциялик ярим ҳимоячи Ливерпуль шаҳрига ўзгача иштиёқ билан йўл олган. Ўйин олдидан берган интервьюсида у "Вильярреал"га ишонишини, жамоа "Энфильд"га саёҳат учун келмаслигини таъкидлаб ўтди.
2. "Вильярреал" - Чемпионлар Лигасининг энг катта "сюрпризи"
"Вильярреал" тарихида иккинчи марта ЕЧЛ ярим финалига етиб борди. Бугун "сариқ сувости кемаси" қитъа грандларини ҳам ҳурмат билан муомалада бўлишга мажбур қила олди, бундай репутациянинг асосчиси эса Унаи Эмери. Икки хил клуб билан тўрт марта Европа Лигаси бош совринини қўлга киритган. Ғалабалардан бири "Севилья" билан 2016 йил "как раз" Юрген Клопп бошчилигидаги "Ливерпуль" устидан.
"Сариқ сув ости кемаси"нинг ярим финалгача босиб ўтган йўли алоҳида тарих. Жамоа ҳимоячиси Рауль Альбиоль ушбу вазиятни компьютер ўйинида қийинлаштирилган режимга қиёслади. "Ювентус", "Бавария" ва мана кейинги даража - "Ливерпуль".
"Вильярреал" италияликлар ва немисларга қарши уй ўйинларида айниқса кучли кўринди. Сафарда эса вазиятлардан фантастик даражада фойдаланиш ва ҳимоядаги мардонаворлик ҳал қилувчи жиҳатга айланди. Икки ўйинда рақиб дарвозасига 4 та аниқ зарба берган испанлар 4 та гол урди. Назаримизда, жамоа биринчи ўйинни ўз уйида ўтказгани катта ёрдам берди. Айнан ўз майдонида жавоб баҳси учун кичик бўлсада, устунликни яратиш учун ҳаракат қилди Эмери жамоаси. Бироқ энди "Вильярреал" биринчи учрашувни сафарда, "Энфилд"да, ўтказади. Бу ҳам ушбу жуфтлик тўқнашуви якуний натижасига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган омил.
Тўғри, "Ливерпуль" анча кучли рақиб, бироқ шахсий фикрим - "Ливерпуль"га камида осон бўлмайди. Бироз омади ҳам келса, Эмери "Ювентус", "Бавария" қаторига "Ливерпуль"ни қўшиб қўйиши ҳеч гап эмас.
Ла Лига ишқибозлари учун ушбу телеграм-канални тавсия қиламиз.
Фикрлар