Купердан «ТТТ» формуласи — Таркиб, тартиб ва талаб
13 окт 2018 13:22
Янгиликлар
Купердан «ТТТ» формуласи — Таркиб, тартиб ва талаб
Табиийки Купернинг ҳимоявий услуби кўпчиликка ёқмаяпти. Ёқмаётганига асосий сабаб, Купер ким билан ўйнашдан қатъий назар, кучли рақибми ёки кучсиз жамоами фарқи йўқ, ўйинни ҳимоядан қурмоқда. Натижада ўртоқлик ўйинлари ҳам нурсиз, қизиқарсиз кўриниш олмоқда. Аммо шуни унутмаслик керакки, бу орқали Купер ўзи учун керакли деталларни ён дафтарчасига қайд этиб қўймоқда.
Тўғри, ўртоқлик ўйинлари мураббийлар учун хизмат қилишини ҳамма тушуниб турибди. Масалан ҳамкасбим Хайрулла Холиқовни кўпроқ ғалабага бўлган чанқоқликнинг камайиб бораётгани ва бу орқали жамоадаги руҳият тушиб кетиш хавфи ўйлантирмоқда. Купер эса аввало ҳимояда тартибни ўрнатиб, кейин бошқа чизиқлар ҳақида бош қотирмоқчи.
Купер танлаган тактика тезроқ натижа кўрсатишга қаратилган. Яъни, ҳимоядан ўйинни қуриш орқали жамоа фақат натижага эришиши мумкин. Натижага элтувчи энг қисқа ва яқин масофа - ҳимоявий ўйин. Майли, ўртоқлик баҳслари нима учун хизмат қилиши ва бундан аввало мураббий ютишини тушуниб турибман.
Буёғига Купер айтганидек, сабр қилиш керак. Мураббийнинг услуби шу. Буни биз қанчалик гапирмайлик, эътироз ёки танқид қилмайлик фойдаси йўқ. Ҳар бир мураббийнинг услубини ҳурмат қилиш лозим. Эктор Куперга ҳақиқий баҳони ва у танлаган услуб бизга қанчалик тўғри келиши ёки буни футболчилар қай тариқа қабул қилишганини БААда ўтадиган қитъа чемпионатида кўрамиз. Ҳозир мураббийни танқид қилишдан умуман йироқман. Услуб ва режа аниқ. Кўп такрорлаганимдек, Купер режасини бизда қанчалик амалга ошира олади ва бу бизга қай даражада фойда келтиради, бу бошқа масала.
ЖЧ йўлида Эктор Куперга ишонса бўладими ёки йўқ, деган саволга қишда ўтадиган қитъа чемпионатида жавоб оламиз. Ҳаммаси ўшанда кўринади.
Эктор Купер сентябрдаги йиғини чоғида терма жамоанинг ҳақиқий қиёфаси бир ойдан кейин кўрина бошлаши ҳақида гапирганди. Кечаги матбуот анжуманида эса бу галги иккала баҳс ҳам футболчиларни синаш ва улар талаб қилинаётган ўйин услубини қай даражада кўрсата олишларини кўриб олмоқчи. Купер ўйлаганичалик жараён тез кетмаяпти. Ҳали нафақат ўйин, балки таркиб ҳам оптимал кўринишда эмас. Катта эҳтимол ноябрда ҳам терма жамоамизнинг Осиё Кубогида кўришимиз бўлган ҳақиқий юзини кўрмаймиз. Аммо келаси ойдаги йиғинда Купер асосий узагни чамалаб олиб, ҳақиқий таркиб билан охирги синов йиғинини ўтказади. Декабрдан бошлаб эса нафақат ҳимоя чизиғи, балки бутун чизиқлар, умуман тўлиқ ўйин картинаси шакллантирилади.
Купернинг футболчилардан талаб қилаётган асосий вазифаси - тартиб. Бу нафақат майдон ташқарисидаги, балки барча футболчилар ўзларига юклатилган вазифа ва функцияларни белгиланган ҳудудда бажариш тартибига тўлиқ риоя этиши. Купер футболчиларга вазиятдан келиб чиқиб эмас, кўрсатмага мувофиқ ўйнашни талаб этмоқда.
КХДР ва Қатарга қарши ўйинда барча каби ширин ғалаба таъмини татиб кўришни истаймиз. Аммо бу ерда натижадан кўра, Купер ўзи хоҳлаётган деталларни тўлиқ синовдан ўтказиб олгани бизга кўпроқ фойдали.
Ҳозирча нафақат футболчилар, балки ҳаммамиз мураббий чизган чизиқдан юришимиз керак. БААдаги Осиё Кубогида эса мураббий биз истаган чизиқларни босиб ўтишига тўғри келади. Ўшанда Купер ҳозир футболчиларга қўяётган талабни биз мураббийдан сўраймиз. Ҳозирча хулосага шошилмаган маъқул. Жараёнда руй бераётган воқеликлардан келиб чиқиб саволлар йўллашимиз керак, чамамда. Биздан талаб қилинаётган иш, шошилмаслик, мухлислар эса нафақат сабр қилишлари, балки қўллаб-қувватлашни кучайтиришлари лозим. Айнан шу жиҳат ҳам жамоадаги руҳиятни анча тетиклашишига хизмат қилади.
Аввало таркиб, кейин тартиб ва сўнгра талаб! Айнан шу «ТТТ» формуласи асосида ишланмоқда. Нафақат Купер ёки футболчилар, биз ҳам мана шу формулага риоя этган ҳолда сабр қилишимиз керак.
Қисқа қилиб айтганда, ҳамма бир жамоага айланмоқ лозим!
Фикрлар