UZ

Сўнгги янгиликлар

10:58«Манчестер Юнайтед» Маттейс Де Лигт билан музокараларни бошлади  0 10:31FourFourTwo. Испания тарихидаги энг яхши ҳимоячилар рейтинги тузиб чиқилди  4 10:06Спаллетти: «Италиянинг «Евро»дан чиқиб кетиши одамлар гапираётгандек жуда воҳмали ҳолат эмас»  6 09:50Копа Америка. Аргентина - Перу 2:0, Мартинесдан дубль, Ди Мариядан ассист  1 09:41«Арсенал» «Барселона» ҳимоячиси бўйича расмий таклиф билан чиқди  1 09:14Дания терма жамоаси устози: «Аҳмоқона қарорлардан чарчадим»  10 08:47Германия — Дания учрашувининг «man of the match» соҳиби маълум  0 08:20Суперлига. Бугун Қаршида супер тўқнашув бор  12 07:52Копа Америка. Аргентина учинчи учрашувида ғалаба қозонди. Чили гуруҳда қолиб келтди  3 03:00Евро-2024 1/8 финал. Германия - Дания 2:0, "VAR" учта голни бекор қилди  0 02:20Евро-2024. Чорак финал йўлида чақмоқ ҳам Германияни тўхтата олмади!  43 01:38Расман: "Марсель" Де Зерби билан 3 йиллик шартнома имзолади  1 01:03Ламин Ямаль 250 миллион еврога сотилиши мумкин?!  9 00:45Евро-2024 1/8 финал. Швейцария - Италия 2:0, Спаллетти ҳам, Скамакка ҳам хеч нарса қила олишмади.  0 00:24Гол ва ассист қайд этган Варгас Швейцария – Италия баҳсининг энг яхши ўйинчиси деб топилди  0

Криштиану Роналду: «Илҳом манбаи – ўзимман» Янгиликлар

Криштиану Роналду: «Илҳом манбаи – ўзимман»

«Реал Мадрид» вингери Криштиану Роналду барча футбол фанатларига бирдек ёқмаслиги, яъни айримлар унга фақат нафрат ёхуд ҳасад кўзи билан қарашларини оддий ҳол ўрнида кўради.

Бошқача айтганда, у мухлислар  муносабатининг хилма-хиллигидан заррача ташвиш чекмайди. Ахир айримларнинг айнан нафрат аралаш муносабатлари португалиялик учун қўшимча мотивация сифатида хизмат қилади.

- Болалигингда сен учун ким бош қаҳрамон эди?


- Ёшлигимда асосан Луиш Фигу ва Руи Кошта каби ҳамюртларим ўйинларини диққат билан кузатганман. Яъни уларнинг энг юқори даражада тўп сураётганларини теран англаб, ўз олдимга шу савияга кўтарилиш вазифасини қўйганман.

- Ота-онанг футбол фаолиятини бошлаб олишингга нечоғли ёрдам кўрсатишган?


- Улар 12 ёшимда Мадейрадан кетиб, Лиссабоннинг «Спортинг» клуби тизимида шуғулланишимга имконият яратиб беришган. Эсимда, ўшанда уйдан чиқиб кетаётганда, беихтиёр бирга йиғлаб юборгандим. Бироқ ҳозир ўзим отаман ва мени бошқа шаҳарга жўнатиш уларга қанчалик оғир бўлганини энди тушуниб турибман. Хуллас, ота-онам фаолиятим учун энг тўғри ва муҳим саналган қарорни вақтида қабул қилишган. Аммо такрор айтаманки, бу борада роса қийналганлари аниқ.

- Умуман, сени ким ҳаммадан кўпроқ қўллаб-қувватлайди?


- Шубҳасиз, онам. У мислсиз ғамғўрлиги ва қайғуриши билан менга ҳамиша ўзига хос қанот бағишлайди.

- Фаолиятингнинг бошланғич қисмида сенга бевосита кўмаклашган алоҳида инсон ҳам борми?

- Ҳа - Аурелио Перейра («Спортинг» скаутлари бошлиғи, Роналдуни айнан у кашф этган). У ёшлигимданоқ ҳаётимга катта таъсир ўтказган ва фаолиятимда муҳим ўринга эга. Чунончи, Аурелио бошиданоқ салоҳиятимга қаттиқ ишонган, қолаверса, шу ишончни менга тўлиқ сингдира олган.

- Евро-2016 финалидан сўнг ўзингга тегишли қандай янгилик кашф этдинг?


- Жамоамга бевосита майдонда ёрдам беролмаслигимни билгач (Роналду биринчи бўлим ўрталарида жароҳат туфайли захирага чиққанди), четда ҳам унинг учун муҳим роль ўйнашда давом этишим мумкинлигини тушундим. Дейлик, танаффус чоғи йигитларни имкон қадар руҳлантиришга уриндим ва кейинчалик ҳам майдон четида кўрсатмалар бериш асносида жамоани бўшашмасликка чақириб турдим. Зеро, футбол жамоаси майдонда тўп сурадиган 11 ўйинчидангина иборат эмас - унинг аъзолари анча кўп.

- Футболга боғлиқ энг муҳим сабоқни кимдан олганингни айта оласанми?


- Айтишим жоиз, сени кўролмайдиганлар муносабатини қўшимча мотивация манбасига айлантиришинг мумкин. Бемалол ишонч билан таъкидлайман: аслида шундай салбий қарашларга эҳтиёжим бор. Зеро, ҳозирги даражага етишимда айнан салбий муносабатлар ва нафратларнинг ўрни ҳам  катта. Улар менга ёрдам беради.

- Футболчи сифатида шаклланишингда қайси мураббийнинг таъсири кучли ва меҳнати  кўпроқ сингган?


- Кўп бора айтганман, сэр Алекс Фергюсонга отамдек муносабатдаман. Умуман олганда, фаолиятимдаги барча мураббийлар муҳим роль ўйнашган. Лекин битта  алоҳида гап шуки, «Манчестер Юнайтед» сафига қўшилган пайт ҳали ғўр ўсмир эдим ва «Реал»га шаклланган йигит сифатида йўл олдим. Оддий айтганда, жаҳоннинг энг буюк клубларидан бирига мутлақо кутилмаган ҳолда ўтгандим. Хуллас, сэр Алексдек ғамхўр инсоннинг қўллаб-қувватлашлари оёққа туриб олишимда роса қўл келганди.

- Кийиниш хонасини «уйғотиш» бобида қайси мураббий алоҳида мақтовга лойиқ?


- Зайниддин Зидан ўтган мавсум бу масалада чинакам ўрнак кўрсатди. Қаранг, биз мавсумни яхши бошлай олмагандик, кейин Зидан келди-да бирданига ҳақиқий руҳлантирувчига айланди. Натижада фаолиятимдаги энг яхши мавсумлардан бирини ўтказдим. Зеро, биз Ла-лигада ажойиб серия қайд этишдан ташқари, Чемпионлар Лигасида ғолиб чиқдик. Клубдаги зафарли юриш Португалия термасининг Евро-2016даги ғалабасига уланди. Хуллас, бу шахсан мен ва «Реал» учун буюк мавсум бўлди. Жамоани шу қадар руҳлантириш ва олға бошлаш фақат муносиб мураббийлар қўлидан келади.

- Энди рақиблар ҳақида гаплашсак. Энг мураккаб таъқибчинг сифатида кимни эътироф этасан?

- Йиллар давомида Эшли Коул билан ўртамизда буюк «олишувлар» кузатилди - у лоақал бир сония тин олишимга йўл қўймасди. Коул энг юқори спорт формасига чиққан вақтларда аъло даражадаги футболчи эди - тезкор, тўпни олиб қўйишда беназир. Ҳарқалай, мен ҳар сафар унга қарши ўйнаш жуда-жуда оғир бўлишини теран тушунганман.

- Хўш, қайси рақобатчингни ҳаммадан кўпроқ ёқтирасан?


- Месси билан ўртамизда ўзаро ҳурмат ҳисси мавжуд. Ҳа, ОАВда рақобатимизни «пуфлаш»ни ёқтиришади, лекин ўзимиз бунга хотиржам қараймиз. Тўғри, алоҳида дўст тутинган эмасмиз, бироқ бир-биримизни ҳурмат қиламиз.

- Вақт ва пул масаласидаги энг сахий клубдошинг...?


- Қаерда ўйнамайин, ҳам клублар, ҳам футболчиларнинг хайрия ишларига жиддий қарашлари гувоҳи бўлганман. Шахсий фикримча, биз ўз ёрдамимизни дариғ тутмаслигимиз керак, ахир ҳаётда омадимиз чопган.

- Фараз қилайлик, разведкага чиқишингга тўғри келса, ҳамроҳликка қайси жамоадошингни танлардинг?


- Пепени. Биринчидан, у ажойиб ҳимоячи, иккинчидан, майдонда борини беради. Қисқаси,  доимо алоҳида фидойилик кўрсатади.

- Ҳамкасбларинг ёки собиқ мураббийларинг орасида қай бири буюк футбол донишманди мақтовига муносиб?


- Ҳозиргача кўплаб етук мураббийлар раҳбарлигида ўйнадим. Улардан Жозе Моуриньо мудом ажойиб аналитик сифатида ўйлаши билан ажралиб турарди. Дейлик, ҳар бир жиҳатни обдон биларди.

- Фаолиятингга энг кучли таъсир қилган инсон...?


- Ўзим.

- Хоҳ терма, хоҳ клубда бўлсин, қайси жамоадошингдан ўзгача илҳом олгансан?


- Мен учун асосий илҳом манбаси - аввало, ўзимман. Ҳарқалай, ҳеч ким менга нисбатан ўзимчалик талабчан бўлган эмас. Юқорида Фигу ва Руи Кошта ўйинларини ёқтирганимни айтдим, бироқ ҳеч қачон кимдандир ўзиб кетишни ўйламаганман. Аксинча, ҳар доим шунчаки, нималарга қодирлигимни мунтазам намойиш этишни истаганман.

Рейтинг: +6   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика