UZ

Сўнгги янгиликлар

03:00Франция. ПСЖ "Тулуза" дарвозасига 3та гол урди  0 03:00Бундеслига. "Бавария" йирик ғалабага эришди, Кейндан хет-трик  0 01:47Арне Слот: "Гвардиоланинг қолишидан хурсанд бўлдим"  0 01:13"Манчестер Сити" Чемпионшипга тушириб юборилса, Пеп жамоада қоладими? Унинг ўзи жавоб берди  1 00:43Флик Левандовскининг оффсайди борасида тушунтириш беришларини сўради  1 00:10Саудия Арабистони. Обамеянгнинг голи "Ал Насср"ни мағлуб қилди, Роналдудан 911-гол  14 23:33Россия. "Рубин" "Акрон"ни йирик ҳисобда мағлуб қилди  1 23:17Рубен Аморим: "Ўзимга, футболчиларга ва клубга ишонаман"  1 22:44Месси Флик "Барселона" бош мураббийи бўлгани ҳақида гапирди  7 22:08"Интер Майами"ни ким бошқариши аниқ  0 21:48Виталий Левченко: "Нефтчи"да ёшлар йўқ? Бунинг учун шароитлар йўқ"   4 21:35Рўзиқул Бердиев: "Чемпионатда ҳеч қандай мақсад қолмаган"  14 21:09Жамшид Саидов: "Ёш болалардек ўйнадик, рақиб бизни янчиб ташлади"  0 20:57Сергей Лушчан: "Навбаҳор" футболчилари "Нефтчи"га ўтяпти? Балки..."  2 20:33Суперлига. "Навбаҳор" "Қизилқум"ни йирик ҳисобда мағлуб қилди  1

Кейлор Навас: “Реал” билан кўп совринлар ютишни истайман” (тўлиқ интервью) Янгиликлар

Кейлор Навас: “Реал” билан кўп совринлар ютишни истайман” (тўлиқ интервью)

Дарвозабон Кейлор Навас айни пайтда “Реал”нинг Вальдебебасдаги базасида машқ қилаётган ягона футболчи саналади.


Коста-рикалик посбон жароҳатдан кейин тезроқ тикланиш учун махсус машғулотни бошлаб юборган. Операциядан 15 кун ўтгач, Навас бунга қарор қилди. “Марка” нашрига берган интервьюсида у бир қатор саволларга жавоб қайтарди.


- Операция қандай ўтди?

- Яхши. Ҳозир тикланиш даври кетмоқда. Барчаси режа бўйича кетаётгани энг муҳими. Машғулотларни қизиқ дея олмайман, аммо тезроқ тикланиш учун бошқа чора йўқ. Сафга қайтиш учун бу ерга келиб, жиддий тер тўкиш лозим.

- Кунига неча соат машқ қиляпсиз?

- Тахминан уч ярим соатча Вальдебебасда шуғулланаман, лекин бундан кейин ҳам турли машқларни бажараман. Баъзи тренажёр мосламаларни уйга олиб кетишимга рухсат беришган.

- Таътилни Мадридда ўтказиш қандай? Коста-Рикага жўнаб кетишингиз ҳам мумкин эди.

- Бахтимга оилам мен билан шу ерда. Ватанимни ва яқинларимни соғиндим, лекин баъзида осон бўлмаган қарор қабул қиладиган пайт учрайди. Менда ҳали Коста-Рикага боришга етарлича вақт бўлади.

- Операцияга рози бўлишга нима мажбур қилди?

- Оғриқ билан ўйнашга кўникдим ва бу унчалик қўрқинчли эмасди. Лекин текширув кўрсатдики, операция соғлиғим учун зарур эди. Мавсумни оғриқ билан ўтказдим. Буни тезроқ ҳал қилиш лозимлигини айтишди.

- Неча учрашувда оғриқ билан ўйнадингиз?

- Кўп. Баъзида ростдан кучли оғриқни ҳис қилдим, лекин доим ўйнашни истардим. Қачон ўйнай олмаган тақдиримда ёки кейинги учрашув олдидан дам олишим лозим ҳолатларда майдонга туширилмадим.

- Ўтган мавсум фаолиятингизда энг яхшиси бўлдими?

- Фаолиятимда ажойиб мавсумлар бўлган, аммо “Реал” учун ўйнаш ва бу буюк клубда совринлар ютиш имкони юзага келгани ажойиб. Мен учун осон бўлмаган йил бўлди, ҳамиша диққат-марзида бўлдим. Мавсум охир-оқибат жуда яхши якунланди.

- Чемпионлар лигаси совринидан ташқари сиз жамоадаги шерикларингиз ва “Сантьяго Бернабеу”даги мухлислар ёқимтойига айландингиз.

- Ўтган мавсумда рўй берган воқеалар ақлбовар қилмас ҳодисалар туркумига мансуб: шерикларинг,мураббийлар штаби ва ишқибозлар томонидан қўллаб-қувватлашни ҳис қилсанг, буни нима билан тенглаштириш мумкин? Жиддий меҳнатимни Яратган шу тариқа тақдирлади деб ўйлайман.

- Сизни нима энг кўп таъсирлантирди: “Бернабеу”даги биринчи ўйин, Касильяснинг кетиши сабабли 1-рақамли либосни кийишингиз ёки 31 августдан кейинги биринчи ўйинми?

- Дарвозабон учун биринчи рақам тўғри келади еб ҳисоблайман. Касильяс – ажойиб футболчи, унинг “Реал”даги фаолияти ажойиб чиққан. Уни ҳурмат қиламан, лекин мавсум бошланганда унинг рақамини олиш имкони туғилди. “Реал” тарихида номимни қолдиришни хоҳлайман. Одамлар кейинчалик мени яхши инсон ва футболчи сифатида эслаб юришларини истайман.

- Бундай тезлик ва ажойиб сакрашни қандай ўргангансиз?

- Ўйлашимча, бундай тезлик ҳар бир футболчида бор. Менга рефлексларимни ривожлантиришни биладиган мураббий билан ишлашда омад кулиб боққан. 14 ёшимдан терма жамоада Конехо, “Саприсса”да Рохер Мора, “Альбасете”да Кано ва “Леванте”да Луис Лопис билан ишлаганман. У билан ҳозир ҳам бирга ишлаб келмоқдаман. У қачон тўлиқ куч билан ишлаш, қачон ўйиндан аввал дам олиш кераклигини яхши билади.

- Рақибларни ўрганишга Лопис билан қанча вақт сарфлайсиз?

- Кўп, ҳар бир видеога бир соатдан кам ажратмаймиз. Рақиб ҳимояси ўйинини ҳам таҳлил қиламиз. Бурчак зарбалари чоғида улар хавф туғдиришлари мумкин. Рақиб тўғрисида имкон борича кўпроқ маълумот йиғамиз. Бу ўйинда катта ёрдам беради. Қайсидир футболчининг бирор вазиятда қандай ўйнаши ҳақида тасаввурга эга бўлиш жуда муҳим.

- Лописни жуда талабчан дейишади. Шу сабабли у билан ишлаш қийинми?

- Тўғриси, ҳа (кулади). Бошида менга енгил бўлмаган. У билан анчадан бери ишлаб келяпман в миннатдорман. “Леванте”да ўйнаб юрганимда Лопис менга Коста-Рика терма жамоасининг жаҳон чемпионатидаги рақиблари ҳақида маълумот берган ва бу жуда асқотганди. Яна у рақиб посбонларининг пенальти пайтидаги ҳаракатларини тақдим этганди.

- Демак, Серхио Рамос Хорватия билан учрашувда тўпни қаерга тепишини билгансиз, шундайми?

- Йўқ, бу бошқа нарса. Серхио одатда бир бурчакка тепади, лекин тепувчилар услубини доим ўрганишади ва баъзида уларга бошқача тепишга тўғри келади. Шу сабабли пенальти тепувчиларнинг барчасини ўрганишнинг иложи йўқ. Вазиятни ҳис қилиш ва футболчида уни бажаришда хаёлида нима борлигини тушунишга интилиш лозим.

- Чемпионлар лигасини ютиш сиз учун нимани билдиради?

- Бу ғаройиб: “Десима”нинг нишонланиши телевизор орқали кўрганимда бундай нишонлаш маросимида қачондир қатнашиш ажойиб бўлишини ўйлагандим. Орзум ушалди. Уни ҳеч нарса билан таққослаб бўлмайди – фантастик ҳиссиёт!

- “Сан-Сиро”да мусобақа мадҳияси янграганда нимани ҳис этгансиз?

- Мўъжиза эди. Танам титраб кетганди. Қариндошларим билан Коста-Рикада компьютерда ўйинда шу турнир финалига етиб борган пайтимни эсладим. Стадион тепасига боқиб, буюк финал иштирокчисига айланишимга имкон бергани учун Яратганга раҳмат айтдим.

- “Атлетико” билан ўйиндаги пенальти фаолиятингиздаги энг мураккаб вазият бўлдими?

- Албатта, катта босимни ҳис қилдим. Шерикларимга ишонардим. Ўшанда барча ғалаба учун бор кучини ишга солди.

- Хуанфран уролмаган пенальтида тўпни қайтара олармидингиз?

- Ўйлашимча, ҳа. Бироқ буни текширишнинг иложи йўқ.

- Зидан билан муносабатингиз қандай?

- Биринчи кунданоқ жуда яхши. У футболчилик фаолияти учун катта ҳурматга арзийди ва ҳозир мураббийлиги бўйича ҳам. У жамоани ажойиб бошқара олади. Зидан менга ишонади ва унинг ишончини оқлашга интиламан.

- Янги мавсумда олдингизга қандай мақсадлар қўйгансиз?

- Мақсадим оддий: яхши ўйнаш ва совринлар ютиш. Ўтган йилдаги кўрсаткичларимни яхшилашни ва “Реал” билан кўпроқ ғалабаларга эга чиқишни истайман.

Беҳзод НАЗАРОВ тайёрлади.

Рейтинг: +7   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика