UZ

Сўнгги янгиликлар

21:37Мбаппе: "Мен Роналду изидан юрмоқчи эмасман"  1 21:11"Ал Иттиҳод" Евро-2024 кашфиётларидан бирини сотиб олишга яқин  0 20:54Мбаппенинг укаси ўзига янги жамоа топди  0 20:37"Бавария" клуби ўз ҳужумчисини сотиб юборди  0 20:30"Олимпик" - "Андижон" 0:1 (онлайн ҳисоб)  21 20:30Ўзбекистон кубоги. "Металлург" - "Сурхон" 0:1 (онлайн ҳисоб)  8 20:08"Астон Вилла" ҳимоячиси билан янги шартнома имзолади  0 20:02Футзал. ЖЧдан олдин Тошкентда Мираброр Усмонов хотира турнири ўтказилади  2 19:45"Штутгарт" спорт директори: Вальдемар Антон Евро-2024дан кейин жамоадан кетади  2 19:26"Аякс" Нуну Тавареш билан шартнома имзоламоқчи  0 19:01Саутгейт Швейцарияга қарши ўйинда Англиянинг тактикасини ўзгартириши мумкин  0 18:39"Милан" "Тоттенхэм" ҳимоячси билан келишиб қўйди  0 18:16Расман: Зелинский "Интер"га ўтди  1 17:50"Насаф" – "Навбаҳор" тўқнашувида қўпол хатолар бўлди. 13-тур ва 5-турнинг қолдирилган ўйинларида реферилар қабул қилган баҳсли қарорлар таҳлили  11 17:32"Хетафе" "Реал" тарбияланувчиси билан шартнома имзолаши мумкин  0

Кевин Де Брюйне: "Ҳозир Моуриньога эътирозим йўқ" Янгиликлар

Кевин Де Брюйне: "Ҳозир Моуриньога эътирозим йўқ"

Бельгиялик ярим ҳимоячи Кевин де Брюйне шанба куни “Манчестер Сити” таркибида янги клуби сафида биринчи голини “Вест Хэм” дарвозасига урди, бироқ бу голнинг фойдаси бўлмади.


“Сити” ўз майдонида имкониятни бой берди. Ўтган ёзнинг энг қиммат футболчисига айланган ярим ҳимоячи журналистлар билан суҳбатда турли қизиқарли саволларга жавоб қайтарди. Англияга қайтиш сабаби, яқин 6 йил ичида ишлаб топадиган 100 миллион еврони нималарга сарфлаши, “Челси”да ўйнашига нималар сабаб бўлгани ҳақида гапириб берди.

– Кевин, нега фаолиятингизни давом эттириш учун “Манчестер Сити”ни танладингиз. “Бавария” ёки “ПСЖ”ни эмас?

– Чунки “Сити” бошқа жамоалардан кўра дадилроқ бўлди ва илдамроқ ҳаракат қилди. Инглизлар биринчи марта шу йилнинг февраль ойида боғланишганди. Шундан кейин деярли ҳар куни суҳбатлашдик. Трансфер олдидан охирги ҳафталарда кунига бир неча мартадан суҳбатда бўлдик.

Икки клуб ўртасида музокара анча қийин кечганини тан олиш керак. Лекин “Манчестер Сити” охиригача ишончли ва тўғри бўлиб қолди. “Сити”дек жамоа бунга шундай киришган экан, демак клуб ростдан ҳам сенга ишонади ва сендан умид қилмоқда.

Матбуотда шартнома 76 миллионга тузилгани ҳақида ёзилди. Бу сумма ўз вақтида “Реал” Зиданга тўлаган пул билан баравар. Ҳамюртингиз Эден Азар “Челси”га икки баробар камроқ пул эвазига ўтганди. Мантиқдан келиб чиқсак, сиз Азардан икки марта кучлироқ бўлишингиз керакми?

– Бу тўғри мантиқ ва таққослаш эмас. Эден “Челси”га 3 йил аввал ўтган ва бу вақтда унинг трансфер нархи 2-3 баробар ўсди. Шунингдек, трансфер нархи оммага маълум бўлмаган турли жиҳатлар орқали келиб чиқади. Буни барча ҳам яхши англамайди.

– Лекин кўпчилик одамлар учун бундай трансфер суммаси ҳайратга туширадиган воқеа сифатида қабул қилинишини тушунсангиз керак.

– Ҳа, ушбу спорт турида катта пул айланмоқда. Бугунги кун футболининг асли, ундан ҳеч қаерга қочиб бўлмайди. Бу қоидаларни мен ўйлаб топмаганман, лекин унга амал қилган ҳолда яшашим керак. Бунга фақат футбол тааллуқли эмас. Атрофга боқинг, бошқа соҳаларда ҳам катта суммалар айланяпти. Масалан, банк соҳасида. Бироқ бу тўғрисида кам ёзишади ва гапиришади.

Ҳа, баҳслашмайман, бугун катта пул ишлаб топмайман. Бироқ бу пулдан қонун билан муаммога эга бўлмаслик ва хотиржам ухлаш учун солиққа қанча тўлашимни тасаввур ҳам қила олишмайди.

Вольфсбург”да жамоа ўйини сизнинг атрофингизда қурилганди. “Сити”да эса юлдузли таркибнинг бир аъзосига айландингиз. Давид Сильва, Яя Туре, Серхио Агуэро... Бундай рақобат сизни чўчитмайдими?

– “Вольфсбург”га ўтганимда бирданига асосий футболчи бўлмаганман. Ҳар қандай ўйинчига янги жамоага кўникиб кетиш учун вақт керак бўлади. Агар сен ҳақиқий савия ва имкониятингни кўрсата олсанг, жамоадошларинг сенга ҳурмат билан муносабатда бўлишади, ишонишади ва ўзиникидек қабул қилишади. Ўйинда буни дарҳол ҳис қиласан. “Сити”га келсак, бу ерда ишончга эга бўлиш учун бунга муносиб бўлиш даркор. Лекин бир нарсага сизни ишонтиришим мумкин: клуб менга тўлаган пули учун ҳеч қачон афсусланмайди!

– “Манчестер Сити”да фаолиятингиз бошида жуда кўп ўйин вақтига эга бўлмаслик эҳтимоли сизни хавотирга солмаяптими?

– Мен учун бу муаммо эмас. Ўтган мавсумда 57 учрашувда иштирок этдим. Бу кам эмас. Тўғрисини айтсам, ўзим ҳам бир оз дам олиш ва куч йиғиш учун баъзи ўйинларни захирада ўтказишни орзу қилаётгандим.

Вольфсбург”да сиз классик 10-рақамли футболчи ўрнида ўйнагансиз. Бу сиз учун идеал позициями?

– Ҳа, ҳужум марказида ўзимни сувдаги балиқдек ҳис қиламан. Бошқа позицияларда ҳам муваффақиятли ўйнаганман. “Сити”да бу тўлиқ мураббий қарорига боғлиқ бўлади ва воқеаларнинг ҳар қандай ривожига тайёрман.

Яқин 6 йил ичида сиз деярли 100 миллион евро ишлаб топасиз. Бундай катта пул билан нима қилмоқчисиз? Қиммат машина сотиб олишми ёки банкка фоизлар ишлаб топиш учун қўйишми?

– Тўғриси, бу ҳақида ҳали жиддий ўйлаб кўрмадим. Биринчи навбатда ўзимга қулай, катта ва кенг уй қураман. Брюсеелдан узоқ бўлмаган Лимбург провинциясида яхши жой сотиб олганман. Машина ҳам зарур, лекин мен ўта қиммат ва ҳашаматли машиналар ишқибози эмасман. Авто мен учун ишончли ва қулай ҳаракатланиш воситаси, бошқалар олдида кўз-кўз қиладиган нарса эмас. Балки, вақт ўтиши билан яшаш жойлари қурилишига сармоя киритарман. Яна бирор қуёшли денгиз яқинидан шинам уй сотиб олишни орзу қиламан. Таътилни тўлиқ завқ билан ўтказиш учун бу зарур.

– Бунинг учун аниқ жойни танлаб бўлганмисиз?

– Менга Лос-Анжелесда дам олиш ёқади. Дўстларим билан у ерда бир неча марта бўлганман. Яна “Гэлакси” учрашувларини томоша қилиш учун ҳам. Фаолиятимни ушбу клубда якунлаш ҳам ёмон бўлмасди.

Футболда фаолият учун дипломингиз унчалик асқотмади. Мактабда ҳақиқий аълочи ўқувчи бўлгансиз.

– Ҳа, шундай бўлганди. Айниқса, тилларни осон ўрганардим. Ҳозир инглиз, голланд, француз ва немис тилларида эркин мулоқот қиламан. Яна испанчани ўрганишни орзу қиламан. Бундай ҳолда бемалол дунё бўйлаб саёҳат қилиш мумкин. Мактабда математикадан муаммога эга эдим. Шундай экан, молиявий ишларим билан отам шуғуллангани маъқулроқ. Шунда бу ишончлироқ бўлади (кулади).

– “Челси”га ўтгач, Моуриньо томонидан доимо танқид қилингансиз. У сизга ишлаш учун хоҳиш ва қатъийлик етишмаслиги, машғулотларда ярим куч билан меҳнат қилганингиз тўғрисида гапирган. У ўша пайтда ҳақ эдими?

– Буни таҳлил қилишим қийин. “Челси” ва бугунги кун ўртасида кўп йиллик фарқ бор. “Челси”га ўтганимда 19 ёшда эдим ва 21 ёшимда Моуриньо қўл остида ишлашни бошлаганман. Ҳозир ортимда бундеслигада ўтказилган икки яхши мавсум бор ва бир нарсани айтишим мумкин: ўша пайтдаги ва ҳозирги Де Брюйне умуман бошқа футболчилардир.

– Фантастик ўсиб боришингизга қарамай, Моуриньо ҳозирга қадар сиз ҳақингизда бирорта илиқ фикр билдирмаган.

– Бу мени ташвишлантирмайди, чунки бу ҳар бир профессионал футболчининг ҳаётида ажратиб бўлмас қисмдир. Кимгадир ўйининг ва услубинг ёқади, бошқа бировга эса йўқ. Бир киши сен томонга олқиш ва мақтовларни ёғдиради, бошқаси танқид қилади. Фаолиятимда буларнинг барчасини ҳис қилганман ва ҳали яна бошимдан ўтказаман. Муҳими, танқид ва олқишларни тўғри қабул қилиш ва уларга муносабат билдира олишдир. Бундай вазиятда яна яқинларинг ва дўстларинг томонидан ишончли кўмак ва тўғри тушунишга эга бўлиш муҳим. Бу жиҳатдан мени тақдирнинг ёқимтойи сифатида айтса бўлади.

– “Челси” билан ўйинда Моуриньонинг қўлини сиқиб қўясизми?

– Буни қилмаслик учун бирор маънони кўрмаяпман. Ҳар қандай ҳолатда тарбияли ва тартибли инсон бўлиб қолиш даркор. Ўтмишда ва ҳозир у менга қандай муносабатда бўлмасин, унга нисбатан менда ҳеч қандай эътироз йўқ.

Терма жамоа ҳақида савол. Евро-2016да ярим финалгача етиб боришни кўпчилик Бельгия учун яхши натижа сифатида баҳолаяпти. Сиз учун-чи?

– Бундай турдаги фикрларни тушунмайман. Бу шунчаки ахмоқлик! Европа чемпионатининг финал босқичига чиқар экансан, фақат турнирда ғалаба қозонишни мақсад сифатида қўйиш керак, ярим финал билан қониқишни эмас. Бельгия терма жамоаси мусобақанинг асосий фаворитларидан бири, бу эса юта олишга қодир эканлигимизни кўрсатади. Ва биз фаворитликдан турнир ғолибига айланиш учун бор кучимизни сарфлаймиз.

Кевин Де Брюйне кундалик ҳаётда қандай? Айтайлик, уйингизни ўзингизни йиғиштирасизми?

– Ҳар қандай уй юмуши мен учун қийин эмас. Сабрим етмайдиган биргина нарса – дазмоллаш. Гап шундаки, спорт интернатига жуда ёш жойлашганман, шунинг учун барча нарсани ўзим қилишимга тўғри келган. Фақат ўзим уддалашим керак эди. Бу мен учун яхши ҳаёт мактаби бўлган.

Таом тайёрлашни биласизми?

– Катта завқ билан! Мен ва севган қизим мазали овқатларни тановул қилишни ёқтирамиз. Янги ва экологик тоза маҳсулотлардан таом тайёрлашга эътибор берамиз. Таиланд ва Бельгия ошхонаси таомларини ёқтирамиз. Ўйин ва машғулот билан овора бўлганимда ошхонада севгилим банд бўлади. Агар менда бўш вақт бўлса, унда бирор мазали овқат тайёрлайман.

Таом тайёрлаш борасида интернатни тугатганимдан кейин 19 ёшимда ўрганишни бошлаганман. Чунки ўзим яшардим. Тақдир шунга мажбур қилган. Бу эса менинг тенгдошларимга нисбатан тезроқ улғайишим ва барча нарсани ўзим уддалай олишимга ёрдам берди. Уйдан узоқда яшашимга тўғри келганимга қарамай, ота-онам билан энг яхши муносабатларимиз ҳамиша сақланиб қолган.

– Болаликдан бошлаб футбол билан шуғулланганингизга уларнинг муносабати қандай бўлган?

– Улар танловимга халал беришмаган, бироқ бир шарт қўйишган – қизиқишим ўқишимга халал бермаслиги керак эди. Бошқа ота-оналардан фарқли равишда улар ўйинимни тўғри баҳолашган: агар арзисам, олқишлашган, керак бўлса, танқид қилишган. Энг муҳими эса улар менга умуман босим ўтказишмаган ва шунчаки мақтадиган инсонлар ҳам бўлишмаган.

Ҳозир кўпчилик ота-оналарнинг хатоси ўғлини футболга бера туриб, ундан келажакда юлдуз чиқишини кутиб, болага доимо талабни ошириб боришади, катта руҳий босим ўтказишади. Бундай қилиш керак эмас. Кейин орадан 2-3 йил ўтиб, фарзандлари нега футболни бунчалик ёқтирмай қолганини тушунишмайди.

Тенгқурларим орасида ота-оналаринг шундай хоҳиши қурбонларига айланганлар кам эмасди. Улар ҳар қандай спорт турини ёқтирмай қолишган. Ота-онам бошқача назар ташлагани ва бунга ўзгача ёндошганидан хурсандман.

Болаликдан етакчилик ва ғолиблик менталитети ишлаб кетганми?

– Ҳа. Ёшлигимда ҳам майдонга фақат ғалабани кўзлаган ҳолда чиқардим. Бу менинг характеримда мавжуд. Болагимдан ёқтирган машғулотим дўстларим билан футбол ўйнаш эди. Телевизор, компьютер қаршисида соатлаб ўтириш ёки “PlayStation” ўйнашни ёқтирмайман. Ўйин ўйнаш учун зарур техника менда яқинда пайдо бўлди. Дам олиш вақти ва тикланишни ўтказиш учун шундай қарорга келдим.

Кўча футболи сизга нималарни ўргатган?

– Мен ҳар икки оёғимда муваффақиятли ўйнашни ўрганганман. Оғриққа чидашни ўргандим. Кўз ёшни яшириб, йиқилгандан кейин туриш, ғалаба учун яна ва яна олдинга боришни ўзлаштирганман. Кўчада ҳозирги авлод болалари тўп ортидан тобора камроқ югуриб юрганидан афсусланаман. Бу яхши ҳаёт мактаби ва характерни шакллантиради.

– Фландрияда номингиздан фойдаланиб, ҳар йили болалар ўртасида бир қатор турнирлар ўтказилади. Номингиздан тижорий мақсадда фойдаланишгани учун қандайдир маблағга эга бўласизми?

– Нима, куляпсизми? Бир цент ҳам олмайман! Майдонда тўпни роҳат билан тепиб юрган болаларни кўришдан хурсанд бўламан ва бундан фахрланаман. Уларга ўрнак ва намуна бўлиш икки баравар фахрли ва ёқимли. Бундан ташқари, ташкилотчиларга ёрдам бериш учун ҳаракат қиламан. Болалар учун ўша турнирларни ҳақиқий байрамга айлантириш лозим. Бундеслигада энг яхши футболчи бўлганим учун берилган пул мукофотини айнан шу турнирларга яхши мақсадда сарфлагандим.

Футбол юлдузлари орасида турли татуировкаларга эга бўлиш урфга айланди. Нега сизда татуировкалар йўқ?

– (Кулади) Агентим Патрик Де Костер ҳам “Манчестер Сити”га ўтганимга бағишлаб татуировка чиздиришимни сўраганди. Эҳтимол, бунда нимадир бордир, бироқ ҳозир бунга катта хоҳишим йўқ. Балки, бу мен учун эмасдир.

Беҳзод НАЗАРОВ тайёрлади.

Рейтинг: +2   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика