ЖЧ ғолиби - Уругвайга қарши тарихий ўйин ҳақида
07 июн 2018 15:45
Янгиликлар
ЖЧ ғолиби - Уругвайга қарши тарихий ўйин ҳақида
Тарихий ўйинга саноқли соатлар қолмоқда. Халқаро даражадаги илк энг катта ўртоқлик учрашуви остонасидамиз. Уругвай билан ўйин гарчи ўртоқлик мақомида бўлсада, мухлисларда ёқимли ҳаяжон сезилиб турибди. Уругвайдек кучли ҳамда номдор рақибга қарши ўйинни кўпчилик катта қизиқиш ва интизорлик билан кутмоқда. Жаҳон даражасидаги юлдузлар фонида терма жамоамиз футболчиларининг имкониятларини чамалаш албатта қизиқ бўлади.
Бу баҳсда терма жамоамизни жиддий синов ва катта тўқнашув кутмоқда. Уругвай учун ЖЧ олдидан сўнгги расмий машғулотга айланадиган мазкур ўйин, биз учун ҳам юқори аҳамиятга эга.
Уругвай мундиалга тайёргарлик кўраётган бўлса, биз терма жамоамизни янги даврга, янги даражага чиқишига жиддий тараддуд кўряпмиз. Буни мана ўртоқлик учрашувлари кимлар билан ташкиллаштирилаётгани ва бу юқори планка эндиликда тобора ўсиб бориши кутилмоқда.
Ушбу ўйин терма жамоамиз учун ЖЧ ғолибига қарши илк ўйини сифатидагина тарихий бўлиб қолмаслиги керак. Балки айнан шу учрашув орқали биз яқин келажакдаги терма жамоамизнинг ҳақиқий узагини жиддий имтиҳондан ўтказиб, саралаб олиш имкониятига эга бўламиз.
Уругвайга қарши баҳс албатта жуда қийин ўтиши аниқ. Чунки ЖЧга кетиш тараддудидаги Уругвай мухлислари билан чиройли хайрлашиб, муҳим мусобақа олдидан ғалаба кайфиятида Россияга йўл олишни режалаштираётгани аниқ. Кучли ва катта жамоалар муҳим мусобақалар олдидан одатда кучсиз рақиблар билан ўйнашни маъқул кўришади. Чунки футбол фестивали олдидан жамоадаги ғолиблик руҳини янада кўтариб олиб, мундиалга яхши кайфиятга йўл олишни исташади.
Шунингдек, Уругвай нега Ўзбекистон билан ЖЧ олдидан ўйнашга розилик берганига иккита сабаб бор. Бу албатта гуруҳдаги рақиблар билан боғлиқ масала. Яъни Осиё қитъасидаги Саудия Арабистонининг ўйин услуби нисбатан бизникига яқинроқ саналади. Мундиал мезбони Россия терма жамоаси ҳам нисбатан бизнинг услубга яқинроқ жамоа ҳисобланади. Айнан шу жиҳатлар ҳам Уругвай Ўзбекистонни спарринг рақиб сифатида танлаётганда беэътибор қолдирмаган.
Ўзбекистон терма жамоаси кетма-кет тўртинчи бор ЖЧ иштирокчисига қарши ўйнамоқда. Бунга қадар Сенегал, Марокаш ва Эрон билан ўйнадик. Муҳими, ушбу рақибларга қарши легионерларсиз муносиб қаршилик кўрсата олдик. Эронга қарши ўйинда эса Осиё ўйинларига борадиган таркиб билан ўйнаганимизни ҳисобга олсак, натижа ва ўйин бўйича ортиқча эътироз бўлиши мумкин эмас.
Уругвайга қарши баҳсда ҳам нисбатан ёшартирилган таркиб билан ўйнаймиз. ЎФА раҳбарияти ушбу ўртоқлик ўйини орқали Осиё ўйинларига борадиган футболчиларни чиниқтириб олишни мақсад қилди. Кападзе рақибни қанчалик жиддийлигини инобатга олган ҳолда, таркибдаги ёшлар қаторига Суюнов, Аъзамов, Муҳаммадиев, Шихов ва Машарипов каби тажрибали футболчиларни қўшди. Албатта бу футболчилар терма жамоамизнинг келажакдаги етакчиларига айланишлари кутилмоқда. Ёшлар эса терма жамоа даражасига қанчалик мос тушишларини исботлашлари учун ажойиб имконият.
Лекин бугун биз қандай рақибга қарши ўйнашимизни ва уларни фонида асл камчиликларимизни кўриб олишимизни ҳам ёддан чиқармаган маъқул. Уругвайга қарши ўйин бизга катта майдондаги ҳақиқий кўзгу вазифасини бажариб бериши аниқ.
Кападзе бошчилигадаги терма жамоамиздан аввалги учрашувларда бўлгани каби муносиб ўйинни кутамиз. Ғалаба ёки дурангни кўзлаш албатта ёқимли. Лекин вазиятга реал ёндошадиган бўлсак, бугунги баҳсдаги энг асосий вазифа - Уругвай фонида йўқолиб қолмасдан футбол ўйнаш. Бу жиҳат ғалаба ёки дурангдан кўра кўпроқ фойда беради. Натижа биз учун муҳим аҳамиятга эга эмас. Муҳими, биз кучли, ҳақиқатда юқори элитга мансуб жамоа билан футбол ўйнай олишимизни исботлай олишимиз лозим. Агарда буни уддаласак, ғалаба ёки дурангдан кўра каттароқ натижа қайд этган бўламиз.
Кучли терма жамоаларга қарши ўртоқлик ўйинлари бизни халқаро майдонларда янада "пишитиб" олишга хизмат қилиши лозим аслида. Ҳозирча ўтказилган ўйинларда биз рақибдан чўчимай, қўрқмасдан футбол ўйнашга интилишни бошладик. Кападзе қўл остида айнан шу томонлама дадил қадам ташладик. Қувонарлиси шу. Ўртоқлик учрашувларидан кўзланган мақсад аслида шу томонлама жамоани шакллантириш, футболчиларни руҳиятини кўтаришдан иборат. Терма жамоамизнинг тактик услуби, ўйин чизгиларини эса янги мураббий келишидан кейин ўзи ҳал қилади. Кападзе аввалги мураббийдан қолган асорат, руҳияти синган, футбол ўйнашга чанқоғи пасайган жамоани қайта "тирилтириб", янги келадиган бўлажак мураббийга яхши мерос ҳозирламоқда.
Тарихий ўйинда терма жамоамизнинг бошланғич таркиби қандай бўлади?
Ўзбекистон - Элдорбек Суюнов - Шуҳрат Муҳаммадиев, Шерзод Аъзамов, Рустам Ашурматов, Акром Комилов - Одил Ҳамробеков, Азиз Ғаниев, Жавоҳир Сидиқов - Жалолиддин Машарипов, Азизбек Турғунбоев, Бобир Абдихолиқов.
Тахминимизга кўра, дарвозани тажрибали Элдорбек Суюнов қўриқлайди. Ҳимоя марказида Аъзамов ва Ашурматов тандеми хосил қилинади. Қанотларда эса Муҳаммадиев (ўнг) ва Комилов (чап) ўйинни бошланғич таркибда бошлашлари катта эҳтимол.
Таянч нуқтасида ортиқча саволларсиз Одил Ҳамробековни ўйнашини тахмин қилиш осон. Чунки ҳақиқий таянч ярим ҳимоячи сифатида жалб этилган ва кейинчалик оилавий сабабларга кўра Уругвайга учмаган Жавлон Иброҳимов сафда йўқ. Ҳамробековга эса марказда Азиз Ғаниев ва Жавоҳир Сиддиқов ҳамрохлик қилади. Ҳужумкор вингер сифатида эса қанотлар Азиз Турғунбоев ва Жалолиддин Машариповга ишониб топиширилади.
Марказий ҳужумда эса Бобир Абдихолиқовни қўйдик. Кападзени бу борада қарори қандай бўлади, аниқ билмадик-у, лекин гол уришда кўпроқ мойил ва қарши ҳужумда тезкор саналган Абдихолиқовга асосий таркибда имконият берилиши мумкин. Чунки Ўринбоевни якка курашлардаги тўқнашувларда тўпни жамоа учун сақлашдан кўра, Уругвай билан ўйинда кўпроқ қарши ҳужум тактикаси ишга солиниши эҳтимолини ҳисобга олиб, Бобир Абдихолиқов бу борада кўпроқ фойдали ишни бажариши мумкин. Абдихолиқов нафақат тезкор, балки техник тарафлама ҳам яхши кўрсаткичга эга. Гарчи Абдихолиқовнинг жуссаси кичик бўлсада, аммо иккинчи қаватда яхши ўйнай олади. Шу боисдан тахминий таркибда Бобир Абдихолиқов танловида тўхталдик.
Ўзбекистоннинг Уругвай билан ўйин қайдномаси рўйхати:
Дарвозабонлар:
Эргашев Ботирали - “Навбаҳор”
Эргашев Умиджон - «Насаф»
Суюнов Элдор - «Пахтакор»
Ҳимоячилар:
Ашурматов Рустамжон - «Бунёдкор»
Шихов Санъат - «Бухоро»
Комилов Акрамжон - «Бунёдкор»
Турсунов Достонбек - “Нефтчи”
Қобилов Ислом - «Бунёдкор»
Аъзамов Шерзод - «Пахтакор»
Муҳаммадиев Шуҳрат - «Локомотив»
Отахонов Аббосжон - «Металлург»
Ярим ҳимоячилар:
Ҳамробеков Одилжон - «Насаф»
Ғаниев Азизжон - «Насаф»
Сидиқов Жавоҳир - «Қўқон-1912»
Турғунбоев Азизбек - «Навбаҳор»
Яхшибоев Жасур - «Пахтакор»
Машарипов Жалолиддин - «Пахтакор»
Икром Алибоев - «Локомотив»
Кенжабоев Ислом - «Насаф»
Ғиёсов Хуршид - «Бунёдкор»
Собирходжаев Сардор - «Бунёдкор»
Ҳужумчилар:
Ўринбоев Забиҳилло - “Металлург”
Абдихолиқов Бобир - «Насаф»
Шаҳбоз Беғамов
Фикрлар