Интервью. Обид Жўрабоев: "Иккинчи ўринга чиқишимиз қийин эди. Аммо вазият ўзгаряпти"
24 окт 2022 12:27
Янгиликлар
Интервью. Обид Жўрабоев: "Иккинчи ўринга чиқишимиз қийин эди. Аммо вазият ўзгаряпти"
Бухоро Рўзимбой Аҳмедов - 4' |
ПРО лига. 23-тур 23/10/2022, 17:00 0
:
1
Тугади
|
Хоразм |
Ушбу учрашувдан сўнг "Бухоро" сардори Обид Жўрабоевнинг фикрларини тингладик.
- Бир нечта тур олдин "Бухоро"нинг иккинчи ўринга бўлган имкониятлари кам эди. "Турон"нинг сўнгги ўйинлардаги очко йўқотишлари қўл келяптими?
- Иккинчи ўринга чиқишимиз қийин бўлиб турганди. Бироқ жамоалар юқори ва қуйи бешликка ажралгач вазият ўзгарди. "Турон" очко йўқотишни бошлади. Бу бизга анча фойда берди. Олдимиздаги бор имкониятимиздан фойдаланамиз. "Турон" билан очколаримиз тенглашди. Эндиликда олдинга янада жиддий қадам ташлаймиз.
- "Хоразм" Про лиганинг энг иродали жамоасими?
- Кечаги рақибимиз ёмон жамоа эмасди. Фақат уй ўйинларини сунъий майдонда ўтказаётгани қолган жамоаларга қийинчилик туғдирди. "Хоразм" шу ўйинларда кўп очко олди. Улар ҳам учинчи ўринга ҳаракат қиляпти. Лекин бир киши кам бўлганимизга қарамай муҳим ғалабага эришдик. Агарда молиявий томондан яхши кўмак берилса, "Хоразм" Суперлигага чиқишга ҳақли.
- Рақиб сафидаги ҳужумчи бу йил Про лига кашфиёти бўла оляпти. Гап Рокки Марчиано ҳақида кетмоқда. Бу ўйинда уни қандай тўхтатиб қолдинглар?
- Марчианога яқинроқ ўйнашимиз керак эканлиги айтилганди. Мураббийлар керакли кўрсатмаларни беришди. Айниқса ҳимоячилар ҳушёр ўйнашлари лозим эди. Рокки Марчианога ҳеч қандай имконият қолдирмадик.
- "Бухоро"нинг ҳозирги мураббийлар штаби ва таркидаги аксарият футболчилар ўтган мавсум "Динамо"ни Суперлигага олиб чиққанди. Якунда улар билан келишув узайтирилмади. Бу алам қилмаганмиди? "Бухоро" билан ҳам бундай ҳолат такрорланишидан қўрқмайсизми?
- "Динамо"да тўп тепган футболчилар "Бухоро"да йиғилганмиз. Қийинчилик билан бўлса ҳам Самарқандга Суперлигани қайтардик. Озми кўми меҳнатимиз сингди. Раҳбариятнинг қабул қилган қарори жамоага таъсир қилди. Буни ҳамма кўриб турибди. Яна Про лигага тушиб кетиш арафасида. Ҳар қандай жамоани янгидан ташкил қилиш қийин. Нима бўлганда ҳам ўтган йилги таркибдан 10 нафар футболчини олиб қолиш керак эди, деб ўйлайман. Шахсан мен хафа эмасман. Аммо йигитларнинг меҳнати бор. Нима ҳам дердим, олдинга интилишда давом этамиз.
- Ўзбекистон кубоги финали "Бухоро" майдонида ўтади. Шу куни стадионда қайси жамоа мухлислари кўпчиликни ташкил қилади, деб ўйлайсиз?
- Стадионимиз замонавий ҳолга келтирилди. Кубок финалини томоша қиламиз. Наманганлик бўлганим учун эмас. Бироқ "Навбаҳор" ишқибозлари стадионда кўпроқ бўлади, деган тахминдаман. Чунки Суперлигада наманганлик мухлисларга етадигани бўлмаса керак.
- Суперлигада 16та жамоа иштирок этиши ҳақидаги гаплар айни болалаган пайт. Бунга қандай муносабатдасиз? Мазкур ҳолат Суперлига учун қанчалик фойдали?
- Бу албатта яхши. Рақобат кучайиши мумкин. Футболчиларда ўйин амалиёти кўпаяди. Шахсан мен ижобий муносабатдаман.
Фикрлар