

Ўзбекистон чемпионатининг навбатдаги тур баҳслари кутилмаган натижалар бошланди. Бухорода кечган “Бухоро” — “Нефтчи” учрашуви ўзига ҳос сенсацион натижа билан якунланди (4:1).
15 йиллик нохуш анъана давом этди
Жорий мавсумда сафар ўйинларида барқарор ўйин кўрсатиб келаётган "Нефтчи" кутилмаганда Бухорода меҳмондаги илк мағлубиятини қабул қилиб олди. Бунинг билан Фарғона клубининг Суперлигадаги 11 ўйинлик мағлубиятсиз сериясига нуқта қўйилди (жамоа охирги марта "Пахтакор"га мағлуб бўлган эди).
Шунингдек, фарғоналикларнинг 2011 йилдан буён Бухорода ғалаба қозона олмаслик билан боғлиқ нохуш анъанаси бу йил ҳам давом этадиган бўлди. "Нефтчи" 15 йилдан бери бу шаҳардан 3 очко билан қайта олмаяпти.
Бухоро — уйда чемпион
"Бухоро" эса ўз майдонидаги ишончли ўйинлари билан мухлисларини қувонтиришда давом этмоқда. Жамоа бу йил фақатгина "Пахтакор"га имкониятни бой бериб қўйди, холос.
Ўз майдонида очко жамғариш бўйича "Бухоро" ҳатто "Нефтчи"дан ҳам ўзиб кетди. Айни вақтда бухороликлар мезбон сифатида кечган баҳсларда 25 очкони қўлга киритиб, энг яхши натижага эга бўлиб турибди.

Грандларга қарши кўрсаткичлар
Турнир жадвалининг юқори қисми бешталикдаги жамоаларга қарши кечган баҳсларда ҳам "Бухоро"нинг устунлиги кўзга ташланмоқда. Таққослаш учун:
"Нефтчи": Кучли бешликдаги жамоаларга қарши 5 та ўйинда 5 очко тўплаган.
"Бухоро": Кучли бешликдаги клубларга қарши 7 та учрашувда 10 очкони қўлга киритиб, катта ўйинларда характер кўрсата олишини намойиш этди.

Жамоанинг етакчилари — Эсанов ва Родич ҳақида
Шерзод Эсанов: Тўптепар жорий мавсумда 17 та ўйинда майдонга тушиб, 8 та гол уришга эришди. Энг эътиборлиси, Эсанов тўп киритган ўйинларда "Бухоро" фақат 1 маротаба мағлуб бўлиб, умумий ҳисобда 15 очкони ўз ҳисобига ёзиб қўйган.
Владимир Родич: Тажрибали легионер жамоанинг ажойиб фигурасига айланган. Родич гол урган ёки ассист қилган ўйинларда "Бухоро" умуман ютқазмаяпти. У 18 та ўйинда 5 та гол ва 2 та ассист қайд этиб, жамоасига 11 очко келтирди.



