"Ҳаётимдаги энг ҳаяжонли саёҳат". Эрлинг Холанд — ЖЧ-2026 ҳақида

14 июл 2026, 16:40
Норвегия терма жамоаси ҳужумчиси Эрлинг Холанд жамоанинг жаҳон чемпионатидаги иштирокидан олган таассуротлари билан ўртоқлашди.

У чорак финалда Англия терма жамоасидан учралган аламли мағлубиятга қарамай, ушбу турнирни ҳаётидаги энг яхши саёҳат деб атади.

"Бу ҳаётимдаги энг ажойиб ҳафталар ва энг ҳаяжонли саёҳат бўлди. Бу мутлақо ақл бовар қилмас даражада эди — ҳозир буни англаш қийин бўляпти. Инсон ўзини бироз бўшашиб қолгандек ҳис қиларкан. Агар ушбу 40 кунни тезликда сарҳисоб қилсак, бу шунчаки телбалик бўлди.

Бу ақлдан озар даражада эди. Майдондаги ўйинлар — бу бир масала. Бразилия устидан қозонилган ғалаба — бу умуман бошқа нарса. Аммо, менимча, мени энг кўп тўлқинлантирган нарса — Норвегияни қандай улуғлаганимиз бўлди. Назаримда, бу Норвегияни ўзгартирди. Бу мени ҳам ўзгартирди, деб ўйлайман. Буни англаб етиш анча қийин… Бу гўёки биз охирги олти ҳафта давомида учган "Америка тоғлари" (аттракцион) ёки катта бир шоудек гап, чунки ҳамма нарса жуда кўп эди. Таассуротлар ҳам, ҳис-туйғулар ҳам жуда кўп бўлди!

Футболчиларнинг ушбу авлоди шунчаки фантастик. Умид қиламанки, биз босиб ўтган йўл Норвегиядаги ёшларни руҳлантиради — уларга Норвегия терма жамоаси либосида энг катта саҳналарда ўйнаш мумкинлигини кўрсатиб беради", — дея Холанднинг сўзларини келтиради "Goal".

Норвегия терма жамоаси чорак финалда Англияга 1:2 (1:1, қўшимча вақтда 0:1) ҳисобида имкониятни бой бериб, жаҳон чемпионатидаги иштирокини якунлади.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: Goal