UZ

Сўнгги янгиликлар

00:02Моуринью Рэшфордни Туркияга чорламоқда  0 23:31Азизов, Эрматов, Аҳмедов, Маматқулов, Имомхўжаев ва бошқалар. Янги очилган футзал федерацияси тақдимотидан ГАЛЕРЕЯ  0 23:16Каземиро Ла Лигага қайтиши мумкин  0 22:45Янги федерацияни нималар кутмоқда?  2 22:17Янги футзал федерацияси раҳбари қандай ваъдалар берди?  0 21:46ПСЖ АПЛдан ҳужумчи олиши мумкин  0 21:15"Арсенал" Гёкереш борасида бир қарорга келди  4 20:41"Тоттенхэм" Сон Хён Мин билан хайрлашиши мумкин  2 20:17"Бавария" "Боруссия Д" вингерига даъвогар  0 19:581 йилдан бери гол урмаётган Грилиш "Сити"дан кетиши мумкин  2 19:52Санжар Турсунов — "Локо"нинг тушиб кетиши, Бердиевни табриклагани, клубдаги мантиқсиз ишлар ва келажаги ҳақида   5 19:35МЮ Брунунинг ходимлар харажатларини тўлаш таклифини рад этгани маълум бўлди  3 19:20Расман: Ўзбекистон футзал федерацияси ташкил этилди. Унинг раҳбари ҳам маълум  7 19:10Баҳодир Сейткамолов: "Мени Сейткамолов қилган "Навбаҳор" бўлади, Россияда юрдим лекин футболни соғиндим"  11 18:46БМБ футзал клуби раҳбариятида ўзгариш рўй берди  1

Ҳаким Фузайлов: “Келишмаслик учун келишиб ўтириш шарт эмас!” Янгиликлар

Ҳаким Фузайлов: “Келишмаслик учун келишиб ўтириш шарт эмас!”

Тожикистонлик мутахассис Ҳаким Фузайлов ўзбек мухлисларига жуда яхши таниш десак муболаға бўлмайди.

Юртимизнинг бир нечта клубларида фаолият кўрсатган Ҳаким  Қаюмович сўнгги бор Тошкентнинг “Локомотив” жамоасида ишлаган эди. “Темирйўлчилар” 2014 йил Осиё Чемпионлар Лигасининг плей-офф босқичида мағлубиятга учраб, гуруҳ босқичига чиқа олмагач, клуб раҳбарияти тожикистонлик мутахассисни истеъфога чиқарганди. Шундан сўнг Фузайловни водий жамоаларининг бирида иш бошлаши айтилганди. Аммо бу гап-сўзлар якунда ҳақиқатга айланмади. Ўтган ҳафта Ҳаким Фузайлов пойтахтимизга ташриф буюрди. Биз бу ташрифнинг асл сабабини билиш мақсадида меҳмон билан учрашиб, суҳбат уюштирдик.  

Ўзбек футболи ва “Локомотив”даги фаолияти

-  “Локомотив”ни тарк этганингизга деярли икки йил бўлди. Бу муддат оралиғида клубдаги фаолиятингизда қандай хатоларга йўлга қўйганингизни ўйлаб кўришга вақт етарли бўлган бўлса керак?!

- Даставвал газетангиз номидан Ўзбекистонда ишлаган клубарим – “Бухоро”, “Динамо”, “Андижон” ва айниқса, “Локомотив”нинг раҳбариятига миннатдорчилигимни билдираман. Қаерда ишлаган бўлсам, ўша ерда мен учун ажойиб шароитлар яратиб берилган. Натижалар ҳам ёмон бўлган, дея олмайман. Балки шунинг учун бўлса керак, ҳали ҳам муносабатим сақланиб қолган. Қолаверса, қўл остимда яхши коллектив шаклланган. Оддий мисол, “Локомотив”. Мен билан ишлаган футболчилар орасида терма жамоага номзод ўйинчилар бор эди. Улар ҳозир ҳам терма жамоанинг асосий ўйинчиларидан бири саналади. “Темирйўлчилар”да икки йил ишлаган бўлсам, қисқа вақт ичида чемпионлик сари етаклаб кела олмадим. Шундай бўлса-да, умумий маънода ишимдан қониққанман. Сабаби, менинг қўл остимда ўйнаган таркибнинг деярли аксари ҳозир ҳам жамоа шарафини ҳимоя қилмоқда. Жамоанинг ўзи эса, ҳали ҳам чемпионлик учун курашяпти. Демак, иш тўғри йўлга қўйилган ва мен ёмон ишламаганман.

- Айтганингиздек, “Локомотив”да барча шароитлар яратилган. Аммо жамоа мана бир неча йиллардан буён асосий мақсади чемпионликни қўлга кирита олмаяпти. Бу футболда пул ҳамма нарсани ҳал қилмаслигидан далолатми?

- Ҳа, ҳақиқатдан ҳам футболда пул ҳамма нарсани ҳал қилмайди. Менинг “Локомотив”даги фаолиятимни эътибор қаратадиган бўлсак, клуб тўғри йўлда бўлган. Биз босқичма-босқич юқорига кўтарилдик. Бронза кейин кумуш медаллар қўлга киритилди. Чемпионлик қўлга киритилмаганини ёмон, деб бўлмайди. Сабаби, жамоа ўша вақтда эндигина ривожланишнинг янги босқичига қадам қўйганди. Истеъфога чиққанимдан кейин нима бўлганини билмайман. Аммо фикрими айтишим мумкин: жамоа мендан кейин ҳам чемпионлик учун кураш олиб бораётган экан, яна қайтараман, ишонинг менга у тўғри йўлда кетяпти. Жамоа бир мавсумда иккинчи ўринни қўлга киритса, бу келаси мавсум чемпион бўлиши шарт, дегани эмас! Клуб чемпионликка ҳаракат қиляпти, аммо ҳар сафар бунга нимадир етмай қолмоқда. Асосийси, ўз ўрнини ушлаб турибди. Айрим клубларга ўхшаб пастга “қулаб” кетмаяпти. Мабодо шундай бўлганида бу жамоа тўғри йўлдан кетмаётганидан дарак берарди ва клуб раҳбариятини “нега ундай бўляпти”, сўроққа тутиш мумкин бўларди. Бугун бўлмаса эртага албатта жамоа ўз мақсадига эришади. Ҳаммасига бир йилда сунъий равишда эришиб бўлмайди. Агар “Локомотив” бир йилда йўқ бўлиб кетганида нима дейиш мумкин бўларди?

- Фикрларингизга қўшиламан, аммо танганинг бошқа томони ҳам бор. Мабодо бошқа бир клуб “Локомотив” сингари молиявий томондан бақувват бўлиб, ўз олдига чемпионликни қўйса ва бу йўлда ҳудди “темирйўлчилар” сингари йўл тутса, унда жамоа аксар етакчи ўйинчиларидан ажраб қолиши мумкин. Кейинги ҳолатни тасаввур қилаверинг.

- Шу масалада тортишишим мумкин. “Локомотив”нинг ўз мактаби бор. Тўғри, “Пахтакор” ва “Бунёдкор” билан солиштириб бўлмайди. Сабаби, Тошкентнинг бу икки жамоасини бирида бир неча ўн йиллардан буён мактаб мунтазам равишда фаолият кўрсатмоқда. “Локомотив”да аксинча, бир неча йил бўлди, холос. Мен клубда ишлаган вақтимда мактабда ёшгина йигитлар югуриб юрарди кейин улар ўринбосарлар таркибида ўйнаш бошлашди. Ҳозир билишимча уларнинг деярли барчаси асосий таркибда шуғулланишни бошлаган. Уларнинг кимлигини айтишим ҳам мумкин: Қувондиқ Рўзиев, Усмонов, Икром Алибоев ва Сергей Прохоров. Бу кўрсаткич мактабнинг 5 йиллик фаолияти учун яхши натижа, дейиш мумкин. “Локомотив” мактабининг “меваси”ни олишни бошлади. Ваҳоланки, юқорида айтганимдек, мактаб фаолиятини бошлаганига кўп бўлгани йўқ. Ишонинг менга бу яхши кўрсаткич ва мактабда ишлар тўғри йўлга қўйилган. Клуб раҳбарияти мактабнинг самарали фаолият кўрсатиши учун барча шароитларни яратиб берган.

- Жамоанинг ўз мактаби “мева” бергунича катта суммалар сарфлаб, чемпионликни кўзлаш яхши сиёсатдир, аммо кўзланган мақсадга эришилмаса-чи? Биласизми, бу йилги мавсумлар оралиғини инобатга олмаса, “темирйўлчилар” деярли ҳар йили таркибни сезиларли даражада янгилайди. Табиийки, ҳал йили ўзгариб турадиган таркиб мураббийларнинг ишини ҳам қийинлаштиради, натижада баҳона ҳам тайёр: ё таркибни мен тузмадим ёки жамоа шаклланиши учун вақт керак!

- Албатта, бу борада кичик муаммо бор. Чунки ҳар бир мураббийнинг ўз иш услуби бор ва жамоани шунга мос равишда шакллантиришга ҳаракат қилади. Айтганимдек, мен ишлаган вақтимда иш учун барча шароитларни яратиб беришган, кейин нима бўлганидан хабарим йўқ. Раҳбарият чемпионликни кўзлаяпти. Фикрим шуки: раҳбарият ҳар бир мураббийга ишини охирига етказиб олиши учун вақт берсин.


- Сизнинг “Локомотив”даги сўнгги учрашувингиз Осиё чемпионлар Лигасининг плей-офф ўйинига тўғри келади. Ўшанда жамоа “Пахтакор” стадионида мағлубиятга учраб, гуруҳ босқичига чиқа олмаганди. Айтингчи, ўша беллашувда жамоага нима етмаган? Ваҳоланки, “Бунёдкор” мана кетма-кет иккинчи йил саралаш баҳсида ғалаба қозонишнинг уддасидан чиқяпти.

- Фикримча, менга ва футболчиларга халқаро тажриба етишмаган, қолган барчаси ажойиб эди. Учрашувга муносиб тарзда тайёргарлик кўришимиз учун раҳбарият барча шароитларни яратиб берган, машғулотлар кўнгилдагидек ўтган, аммо натижа ўхшамаган. Раҳбарият шахсан менинг олдимга жамоани чемпионлар Лигасининг гуруҳ босқичига олиб чиқишимни бош вазифа қилиб қўйган. Айтганимдек, ҳаммаси жойида эди, аммо мен каби йигитларга ҳам халқаро учрашув тажрибаси етишмай, биз мағлубият аламини тотиб кўрганмиз. Натижада олдимга қўйилган вазифани бажара олмаганим сабабли истеъфога чиқиш учун аризига ёзганман.

- “Локомотив”ни тарк этганингиздан кейин олий лига ва ўзбек футболини кузатиб бордингизми?

- Бевосита ойнаи жаҳон орқали кўра олмадимку, аммо кузатиб бордим. “Локо”дан кетганимдан сўнг Россия клубида иш бошладим, қолаверса, ўзим Москвада истиқомат қиламан. Шу ерда яшаб, дўстларим билан қўнғироқлашиб турдим ва натижалар билан қизиқдим.

- Ўзбек футболи билан қизиқиб турган бўлсангиз, айтингчи, январь ойида Осиё чемпионатида муваффақиятсиз қатнашган олимпия терма жамоамизнинг мусобақадаги иштироки хусусида қандай фикрдасиз?

- Терма жамоангизнинг Осиё чемпионатидаги муваффақиятсизлигини эшитдим, аммо очиғи, бирорта учрашувини кўра олганим йўқ. Раҳбарият терма жамоа олдига Олимпиада ўйинларига чиқиш вазифасини қўйганидан хабарим бор, аммо гуруҳда қолиб кетилганини ҳам эшитдим. Терма жамоанинг бирорта учрашуви кўрмасдан унинг иштироки ҳақида гапириш нотўғри бўлади.

- Сиз олий лигада 4та жамоада ишлашга улгурдингиз. Охирги икки йилдан бери олий лигада келишилган ўйинлар борлиги ҳақида гап-сўзлар кўпайиб кетди. Бу гап-сўзларга муносабатингизни билмоқчи эдик?

- Келишилган ўйинлар – мен сизга очиғини айтаман, бундай учрашувлар бўлиши мумкин ва бўлса албатта йўқ қилиш керак! Менинг иш фалсафам шунақа: келишилган ўйинлар ҳақида гапиришни ҳам истамайман. Чунки мен рақибни сотиб олишни ёки рақибга ўйинни сотишни эмас, жамоани ўйинга тайёрлашни ва майдонга чиқиб футбол ўйнашни биламан. Агар футболда келишилган ўйинлар бўлса, уни шунчаки тезда “кесиб” ташлаш керак, сабаби, у футболни “тўхтатади”. “Локомотив”да ишлаганимда ҳеч ким билан келишмаганмиз ва бунга яқин ҳам келмаганмиз. Буни футболчилардан ва мураббийлар ҳам сўрашингиз мумкин. Учрашувдан кейин рақиб мураббийининг қўлини сиқиб ё ғалаба билан табриклашни ёки ўйин учун раҳмат айтишни биламан. Улар билан бундан бошқа муносабатим йўқ. Боиси, айтганимдек, келишилган ўйинларга доим қарши бўлганман. Ўзим футбол ўйнаганман, ўша вақтларда ҳам бунга қарши бўлганман.

- Биласизми, қайси мураббий билан гаплашмайлик ҳаммаси сиз айтган гапларни айтади?!

- Исм-шарифини айтмай қўя қолай, ўзбек футболида ишлаётган ёш мураббий билан гаплашганимда бир гапни айтди: Ҳаким Қаюмович, ютсак сотиб олган, ютқазсак сотган, дейишяпти, очиғи, жонимга тегди, ишлагим ҳам келмай қолди, деди. Хўп, шундай гап-сўзлар бор эканми, демак, бекорга эмас, аммо бу бутун ўзбек футболини келишилган дейилишига асос бўлмайди, ҳеч қачон! Айтганимдек, қаердадир шундай ўйин бўлса, уни шунчаки, четга чиқариш керак. Гап-сўзларни кўпайтиргандан фойда йўқ. Ундан кўра, унинг иштирокчиларини футболдан олиб ташлаш керак. Бундай учрашувлар барча мамлакатда бўлади. Оддий мисол, Италия, Туркия, Россия. Бир гап: ҳамма ўйинларни келишилганга чиқармаслик лозим. Бу жуда нотўғри бўлади. Мен ўзим мураббий бўлиб ишлаганим учун бундай ўйинлар нималигини биламан.

- Ютсак сотиб олган, ютқазсак сотган, деган гап-сўзларни кўпайишига ким айбдор? Журналистларми ёки вазиятни шу даражада етиб келишига, ўзларига нисбатан ишончни йўқолишига олиб келган футбол расмийларими?

- Бу ерда шунчаки, инсоний этикаси асосий “планга” чиқади. Агар факт бўлса, фактни келтириши керак. Мабодо шундай ўйинлар билан шуғулланаётган инсонлар бўлса, уларни футболдан четлаштириш лозим. Бундай гап-сўзлар кўпайса, мураббий футболчиларни, ўйинчилар устозини, ОАВ жамоани, клуб ҳамкасбларингизни айблашда давом этаверади. Бу жуда нотўғри ҳолат. Аслида биз ҳаммамиз футболни ривожлантириш учун ҳаракат қиляпмиз. Миллионлар ўйинини яхши кўрганимиз туфайли ҳам шу ерда ишлаяпмиз. Шундай экан, ҳамма биргаликда ишлаши керак. Агар келишилган ўйинлар бўлса, уни исботлаб, иштирокчилар четлаштирилсин, лекин на ОАВ, на тегишли ташкилот ва на мусобақа ташкилотчиси бундай учрашувларни аниқлай олмаса, унда жим бўлиш лозим, бу ҳақида ёзмаслик ва овоза қилмаслик шарт! Акс ҳолда бир-биримизни ҳақорат қилиб, хафа қилганимиз қолади. Ўзбекистонда футбол ўсишда давом этмоқда. Агар бутун бир чемпионат келишилган ўйинлардан иборат бўлганида мамлакатда футбол ривожланмаган бўларди. Яна бир гап: келишилган ўйинларда иштирок этмаслик учун мураббийлар бир жойда йиғилиб, келишиб олиш шарт эмас. Келишилган ўйинда қатнашмаслик учун мураббий кимгадир ваъда берганидан кўра, бундай ўйинни ўйнамаслик кераклигини юракдан ҳис қилиши лозим. Мураббий натижа учун бутун йил давомида ишлайди, шу орқали оиласини таъминлайди. Шундай экан, келишиб ўтиришга не ҳожат!?    

- ОАВ келишилган ўйинларни аниқлай олмайди-ю?!

- Келишилган ўйинларни аниқлайдиган тегишли ташкилотлар бор. Ўшалар аниқлайди.

- Ўзбекистонда ишлаганингизда бундай ўйинлар билан тўқнаш келганмисиз?

- Йўқ. Оддий мисол, 2012 йил сафарда “Қизилқум”ни юта олмаганмиз. Ваҳоланки, мезбонлар ўша вақтда олий лигада қолиш учун кураш олиб бораётганди. Бутун ўйин давомида биз ҳужум уюштирганмиз, лекин ўтказиб юборганмиз ва чемпионлик учун курашдан чиққанмиз. Ўша йили сафарда “Насаф”ни ютганмиз. Шундан сўнг уларнинг мураббийлар штаби истеъфога чиққанди. Айтингчи, ким иссиқ ўрнидан ажралиш учун мағлубиятга учраб беради? 2013 йилни ёдга олайлик. Асосий рақибларимиз бўлган курашларда очко олдик, аммо яна ўша “Қизилқум” ва “Динамо” бизнинг йўлимизга тўғаноқ бўлди. Таркиб ва ўйин борасида рақибдан яққол устунмиз, бутун учрашув давомида ҳужум уюштирдик, бироқ мағлубиятга учрадик. Шогирдларимга ўша ўйинлари учун умуман эътирозим йўқ. Гол бўлмаса нима қилиш керак? Ё мен нима қила олардим? Бу футбол!

- Ўзбекистонда футбол ривожланаётганини нима билан изоҳлайсиз? Ўтган йили клубларимиз чемпионлар Лигасида омадсизликка учради. Олий лиганинг савияси ошди десак, энг яхши футболчимиз ҳам фақат араб чемпионатларига йўл оляпти. Терма жамоамиз жаҳон чемпионатига чиқа олгани йўқ. Ижобий ўзгаришларнинг қолган ҳаммаси ҳукуматимизнинг футболга ажратаётан сармояси билан боғлиқ бўлса керак. Агар шунча маблағ ажратилиб ҳам олдинга қадам ташланмса...

- Келинг, чемпионатингизга назар ташлайлик: илгари “Пахтакор”нинг асосий рақиби фақат “Бунёдкор” эди. Кейин “Насаф” ва “Локомотив” курашга қўшилди. Билишимча, бу йил “Нефтчи” ва “Бухоро” ҳам мақсадини жиддийлаштириб бормоқда. Қолаверса, бу ерда “Олмалиқ” ҳам бор. Айтингчи, чемпионлик учун нечта жамоа курашяпти?! Аслида чемпионат шундай бўлиши керак. Бир нечта жамоа олтин медаллар учун кураш олиб борса, чемпионлик қизийди. Ўзбекистонлик ҳамкасбларим билан гаплашганимда бу йил қайси жамоа чемпион бўлишини тахмин қила олишмаётганини айтишмоқда. Гарчи охирги йилларда “Пахтакор” биринчи ўринни ҳеч кимга бермай келаётган бўлса-да, ушбу мавсум уларга осон бўлмаслиги аниқ. Мен “Бунёдкор”нинг “Ал Шабаб”га қарши ўйинини кўрдим. Очиғи, Тошкент жамоаси каминада жуда илиқ таассурот қолдирди. Ёш ва келажаги порлоқ жамоа.    

Легионерлар масаласига келсак: Россияда хорижлик футболчиларга нисбатан лимит қўйилган, шунинг ўзи ҳам ўйинчига бўлган талабни янада кучайтиради. Олий лига Осиёда бешинчи ўринда эканлигини инобатга оладиган бўлсак, бу ҳам ривожланишдан дарак беради. Футболчиларингиз Россияга чиқа олмасада, Осиёнинг жуда кўплаб давлатларида тўп тепишяпти. Ўйлашимча, бу борада муаммо йўқ. Россияда тўп суриш ҳозир осон эмас. Қолаверса, олий лигада ўйнаётган ўйинчилар хорижга чиқмаётган экан, демак, чемпионатнинг савияси ошиб бормоқда. Мен Тошкентда бўлиб турганимда назорат учрашувларини томоша қилдим. “Қўқон-1912” ва “Сўғдиёна” жамоаларидаги беллашувни кўрдим. Ёш иқтидорлар етишиб чиққанига гувоҳ бўлдим. Барибир умумий маънода айтаман: ўзбек футболи ривожланяпти. Ушбу мавсум олий лига янада қизиқарли кечади.

- Ўзбекистон футбол мухлисларига тилакларингиз.

- Аввало янги 2016 йил билан табриклайман! Оиласига тинчлик-хотиржамлик, саломатлик тилаб қоламан! Ўзим ишлаган барча клубларнинг ишқибозларига миннатдорчилик билдирган ҳолда суюклиларига мухлислик қилишда давом этишларини ва уларга ишонишларини сўраб қоламан!

Фурқатбек Нишонов суҳбатлашди. 


Рейтинг: +3   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика