“Ғиждувон” дарвозабони гол урди

Narzulla Saydullayev
18 окт 2018
ПРО-Лигада эътиборга молик жиҳатлар тез-тез учраб туриши тобора одатий холга айланиб бормоқда.

Айниқса “Б” гуруҳида қизиқарли холатларга дуч келинмоқда. Хусусан яқинда мухлислар дарвозабоннинг рақиб дарвозасини ишғол этганига гувоҳ бўлди.

Аниқроғи чемпионатнинг 29-турида Ёзёвонда кечган баҳснинг сўнгги дақиқаларида “Ғиждувон” посбони Искандар Мўминов мезбонлар дарвозасига тўп киритди. Гап шундаки, учрашув бош ҳаками Аҳмадилло Эргашев (тошкентлик - муаллиф) 89-дақиқада ёзёвонликлар дарвозаси томон 11 метрлик нуқтани кўрсатди. Пенальтини “Ғиждувон” посбони Искандар Мўминов аниқ амалга ошириб, ҳисобни 1:4 кўринишига келтирган холда, ўйинга сўнгги нуқтани қўйишга муваффақ бўлди.

Миллий чемпионатимиз тарихида Игнатий Нестеров бундан бир неча йиллар олдин рақиб дарвозасига тўп киритганини мухлислар эсласа ажаб эмас. Искандар Мўминов куни-кеча Нестеровнинг натижасини такрорлади. Кўрамиз, энди Мўминовдан кейинги посбон ким бўлар экан.



Narzulla SaydullayevМуаллиф
Манба: championat.asia