Футболни ўлдирманглар!
17 ноя 2021 16:30
Янгиликлар
Футбол жамоатчилиги орасида Суперлига иштирокчилари сони 16 тага чиқарилиши тўғрисидаги гап-сўзлар тарқалганига анча бўлди. Шундан илҳомланган бўлса керак, бугун Хайрулла Холиқовнинг мавзуга оид мақоласи эълон қилинди.
ПФЛга таклиф: 16та жамоалик Суперлига ва бирлашган ПРО лига
Муаллиф жамоалар билан мутаносиб равишда ўйинлар сонининг кўпайиши натижасида Суперлигамиз ривожланиб кетади, дегандек фикр юритган. Аммо масаланинг салбий жиҳатларига эътибор қаратилмаган. Қуйида шу ҳақда.
1. Регламент — 1 парча қоғоз?
ЎФФ (ҳозирги ЎФА)да Умид Аҳмаджонов даври бошланиб, ЎзПФЛ бошига Омон Ғофуров келганида футбол ўзига хос инқилобни бошдан ўтказган. Ўшанда раҳбарларнинг регламентга зид қарори ОАВда катта резонанс пайдо қилган эди. 4 йилдан кейин яна "футбол конституциясига" тескари ғоя матбуот юзини кўрди. Бир неча ҳафтадан бери шундай фикрларни эшитиб юрган бўлсак-да, таклифнинг ҳамкасбларимиз орасидан чиққани таажжубланарли бўлди. Ўз навбатида футбол жамоатчилиги орасида регламентга "1 парча қоғоз" сифатида қараётганлар кўпайиб қолгани, уларнинг сафига тажрибали журналистлар қўшилиб бораётгани ачинарли ҳолат.
Биз эса футбол раҳбариятидан (айни пайтда элитада қолиш учун курашаётганларнинг) турли провакацияларга учмаслик, ҳар қайси ҳолатда ҳам регламентни ҳурмат қилиш ва бошқаларнинг бўйсунишини таъминлашни сўраб қоламиз. Зеро, берилаётган таклифлар пухта ўйланган бўлса, регламентни четлаб ўтиш эмас, унга амал қилган ҳолда тузатиш киритиб, 2023 йилдан амалга тадбиқ қилиш сўралар эди.
2. Ўйинлар сони кўпайса, бахтли бўламизми?
Бу саволга Хайрулла ака "ҳа!" деб жавоб берсалар, 2017 йилнинг 2 ноябрида бунга мутлақ тескари фикрлар айнан у кишининг манзилларидан чиққанини эслатиб ўтамиз.
"Кейинги мавсумда ҳам 16та жамоани қолдирадиган бўлсак, ҳозирги карам-шўрвани мажбуран яна бир йил ичиб юришимизга тўғри келади. Бизга эса қизиқарли, ҳар турда кураш бўладиган чемпионат керак. Бўладиган ишни бирданига қилган маъқул. Агар спорт тамойили-ю, регламент деган ҳавойи гапларни эшитиб ўтирсак, бекорга яна бир йилни йўқотганимиз қолади. Ундан кўра, 12та жамоалик қизиқ чемпионатга дарҳол ўтиб қўйган маъқул. Олий лигада ким талабга жавоб берса ўшалар ўйнасин", — дейилади "Масаланинг иккинчи томони (Мулоҳаза)" сарлавҳали мақолада.
3. Акс таъсир
Жамоалар сонининг 16 тага етказилиши Суперлигани ривожлантириб юбормаслигини тарихдан биламиз. Лекин Про лигани кучсизлантириши аниқ. Яъни бу қарор Суперлигани 2 та кучли иштирокчи билан бойитиш эҳтимоли қанчалик паст бўлса, Про лигани 2 кучли жамоадан айриши шунчалик ҳақиқат. Чунки бундай ҳолатда элита йўлланмаси учун 4 эмас, 2 клуб курашадиган бўлиб қолади.
Хулоса
Суперлига иштирокчилари сонини 16 тага чиқариш учун бу лигада ўйнашни истайдиган жамоалар сони минимум 20 та бўлиши керак (шунда Про лигада 4 клуб юқори дивизион йўлланмаси учун курашади). Айни пайтда эса 17-18 та ўзбек клубида шундай истак бор. Уларнинг сони кўпаймай туриб, 16 тасини элитага қабул қилган кунимиз, футбол ўлади.
P.s. Юқоридаги ғояни футбол ичидаги қўрқоқлар ўйлаб топди, тарғиб қиляпти. Мабодо шу қуёнюракларнинг мақсади амалга ошса, ўзи ўйнаб, ўзи томоша қилишда давом этсин!
МАҚОЛА: Клубларимиз легионерларга жарима тўлашда давом этади. Навбат "Нурафшон"га!
Фикрлар