Фурқат Ўролов: “10та гол ўтказиб юборган бўлсакда, йигитларга эътирозим йўқ”
21 авг 2014 14:35
Янгиликлар
Фурқат Ўролов: “10та гол ўтказиб юборган бўлсакда, йигитларга эътирозим йўқ”
Ғаллаоролликларнинг ушбу йирик мағлубиятга нима сабаб? Шу ва бошқа саволларга жавоб олиш мақсадида жамоа бош мураббийи Фурқат Ўролов билан суҳбатлашдик.
- Фурқат ака, бошқарувингиздаги “Ғаллакор-Автомобильчи” Тошкентда йирик ҳисобда мағлубиятга учради. Буни қандай изоҳлайсиз?
- Футболда шунақаси ҳам учраб туради. Ўйин яхши ўтди. Рақиб жамоанинг биздан кучли томонлари кўп эди. Аксинча “Ғаллакор-Автомобильчи”нинг таркиби эса асосан маҳаллий ёшлардан ташкил топган. Биласизми биз жамоани энди-энди шакллантирмоқдамиз. 1995-1996 йилларда ва ундан кейинги йилларда туғилган йигитлар ижросида жамоа тузганмиз. Булар билан бир йилнинг ўзидаёқ натижа кўрсатишнинг ўзи бўлмайди. Маълум бир вақт керак бўлади. Эътибор берган бўлсангиз бугун 8 нафар янги номларни туширдик. Улар бугун биринчи лигада дебют ўйинини ўтказди.
- Йирик мағлубиятдан кейин шогирдларингизга қандайдир эътирозлар борми?
- Йўқ. Уларни айблаб ўтирмайман. Барча айбни ўз бўйнимга оламан. Юқорида айтиб ўтганимдек, шогирдларимда катта футбол тажрибаси кам. Улар қўлдан келганича ўйнади. Бундан ортиқ ўйин кутиш қийин эди. Йигитларга ўйиндан сўнг эътироз билдирмадим. Аксинча уларга бу баҳс сабоқ бўлганини, бундан тўғри хулоса чиқариш кераклигин уқтирдим.
- Айтишларича жамоангиз молиявий муаммоларга дуч келгани боис, ўйин кунлари йиғилмоқда экан. Шу ростми?
- Ҳа, инкор этмайман моддий жиҳатдан муаммоларимиз бор. “Оқ-тепа” билан ўйинга ҳам ўзимиз хоҳлаганчалик тайёргарлик кўра олмадик. Имкониятдан келиб чиқиб ишламоқдамиз. Туманимиз ҳокимлиги ҳам бизни иложи борича молиявий томондан қўллаб-қувватлаб келмоқда.
- “Оқ-тепа” билан ўтган ўйинда жамоангиз дарвозаси томон 3та пенальти белгиланди. Бунга нима дейсиз?
- Ҳакамлар ҳақида гапиришдан доим ўзимни тийиб келганман. Фойдаси йўқ, гапирган билан...
- Жамоангиз биринчи босқичда ҳам йирик ҳисобда мағлубиятга учраганди. “Шўртан”га қарши баҳсда 9та гол ўтказиб юборилганди...
- Ҳа, тўғри. Лекин буни ажабланарли жойи йўқ, менимча. “Шўртан” ҳақиқатдан ҳам кучли жамоа. Уларга қойил қоламан. Ҳар томонлама мағлуб бўлгандик.
- “Оқ-тепа” билан “Шўртан”ни солиштира оласизми?
- Шубҳасиз ғузорликлар кучли эканлигини айтган бўлардим. “Оқ-тепа” билан ўйнаса бўладиган рақиб.
Исломбек Рустамбеков суҳбатлашди.
Фикрлар