Эдерсон: "Ҳоланд "Сити"га керак бўлган ҳужумчи эди. Биз унинг кўп гол уришини дарҳол тушунгандик"

Sherzod Nurmatov
21 фев 2023, 11:58
"Манчестер Сити" дарвозабони Эдерсон жамоадоши Эрлинг Ҳоланд ҳақида фикрлари билан ўртоқлашди.

22 ёшли норвегиялик футболчи айни дамда Англиядаги илк мавсумидаёқ АПЛ тўпурари бўлиб турибди.

"Ҳоланд биринчи келганида, биз дарҳол унинг кўп гол уришини айтгандик ва бу содир бўлмоқда. У ажойиб тўпурар, ҳар доим гол уришга ва жамоага ёрдам беришга интилади.

Эрлинг – бизга керак бўлган форвард. У Габриэл [Жезус]га ўхшамайди. Габи қанотдан ҳужум қилишни яхши кўради, у кўпроқ ҳаракатчан. Ҳоланд марказга яқинроқ ўйнайди, жарима майдончасига кириб, у ерда пас кутишга уринади. Бу асосий фарқ. Биз тўп билан майдоннинг сўнгги учдан бир қисмига чиқсак, бизда ҳар доим жарима майдончаси ичида одам бўлади.

Кўпчилик Ҳоланд урадиган голларнинг аксарияти осон эканлигини айтишади, аммо бу ёлғон. Ҳаммаси унинг позициясини танлашни билишига боғлиқ. Бу унинг энг яхши қобилиятидир. У осон тўп киритмайди, позицияни танлашни билади.

Умид қиламанки, Эрлинг тез-тез гол уришда давом этади ва бизни хурсанд қилади, биз барча совринларни қўлга киритиш учун биргаликда ишлашда давом этамиз", – деди Эдерсон.

Ўхшаш янгиликлар


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: uefa.com

Сўнгги янгиликлар

Барча ›