ЕЧЛ: 1-тур якунлари ҳақида
20 сен 2018 17:14
Янгиликлар
ЕЧЛ: 1-тур якунлари ҳақида
"A" гуруҳи
"Монако" - "Атлетико" 1:2
Мезбонлар учун омадли бошланган стартнинг якунига аксинча бўлди. Самюэль Грансир томонидан киритилган голга "Атлетико"дан Диего Коста ва Хосе Мария Хименез жавоб қайтаришди. Натижада "Атлетико" ЕЧЛни иродали ғалаба билан бошлади.
"Брюгге" - "Боруссия Д" 0:1
Бельгияда кечган баҳс дуранг билан якунланадигандек кўринаётган бир пайтда, Кристиан Пулишич финал хуштагига яқин рақиб дарвозасини ишғол этди ва дортмундликлар уйга муҳим 3 очко билан қайтишди. Ўйиндаги устунлик якунда таблода ҳам акс этди.
"B" гуруҳи
"Интер" - "Тоттенхэм" 2:1
А Серияда ишлари юришмаётган "Интер"ни узоқ танаффусдан сўнг ЕЧЛни ўз уйида бошлади. "Тоттенхэм"ни қабул қилган миланликлар учун ўйин сценарий остида бошланмади. Танаффусдан сўнг Кристиан Эриксен киритган гол лондонликларга Миландан бир очко билан қайтишга ҳам кўмак бера олмади. Чунки ўйин финишига яқин Икарди ва Весино томонидан киритилган голлар тангани буткул тескари тарафга айлантириб юборди ва Спалетти бошқарувидаги "Интер" ЕЧЛни ғалаба билан бошлашга муваффақ бўлди.
"Барселона" - ПСВ 4:0
Лионель Мессининг бенефисига айланган баҳсда аргентиналик юлдуз хет-трик қайд этди. Қўшимчасига Усман Демлебе тарафидан киритилган чиройли гол натижани янада йирикроқ кўринишга келтирди. ПСВ эса Каталонияда мезбонларга ҳеч қандай кураш таклиф эта олмади.
"C" гуруҳи
"Ливерпуль" - ПСЖ 3:2
Ўтган мавсумги финалчи "Ливерпуль" кучли "қуроллар" билан "қуролланган" ПСЖни қабул қилди. Ўйин кутилганидек голларга бой ва чиройли ўтди. Мезбонларнинг ишончли ўйини билан старт олган баҳсда дастлаб Старриж ва Милнер ўз ҳисобларига гол ёзиб қўйишди. ПСЖ эса иккита тўп фарқини Менье ва Мбаппенинг голлари эвазига бир амаллаб йўққа чиқарди. Аммо бу ПСЖга дуранг учун камлик қилди. Ўйин тугашига саноқли сониялар қолганида захирадан майдонга тушган бир кўзли Фирмино ўйин тақдирини ҳал этган гол муаллифига айланди. ПСЖ эса Англиядан мағлуб ҳолда Парижга қайтадиган бўлди.
"Црвена Звезда" - "Наполи" 0:0
Дебютант жамоа саналган мезбонлар учун ЕЧЛ ёмон бошланмади. Сербия клуби ўз уйида "Наполи" билан дурангга имзо чекишни уддалашди. Гарчи ўйин борасида "Наполи" катта устунликка эришган бўлсада, ушбу ташаббусни ҳисобда акс эттириш Анчелотти жамоасига насиб этмади. Натижада "Црвена Звезда" ва "Наполи" бир очкодан бўлишиб олишди.
"D" гуруҳи
"Шальке" - "Порту" 1:1
Гельзеркирхенда ўтган беллашув мезбонлар учун жуда аламли якун топди. "Порту" биринчи бўлимда пенальти тепиш ҳуқуқини қўлга киритди. Аммо буни голга айлантиришни меҳмонлар уддалай олишмади. Иккинчи бўлим ўртасига келиб эса Эмболо "Шальке"ни ҳисобда олинга олиб чиқди. Бироқ мезбонларнинг голидан сўнг испаниялик ҳакам Хесус Хиль яна бир бор "Шальке" дарвозаси томон пенальти ўйлаб топди. Бу сафар эса "нуқта"дан зарба беришни Отавио ўз бўйнига олди ва бу ишни самарали якунлади. Натижада "Шальке" ҳакам ўйлаб топган пенальти туфайли ғалабадан маҳрум бўлди. "Порту" эса ўз юртига дуранг қайд этган ҳолда қайтди.
"Галатасарой" - "Локомотив" 3:0
Мазкур ўйинда мезбонлар катта устунлик билан ўйнашди ва буни таблода ҳам акс эттиришга эришишди. Гарри Родригез, Эрен Дердийок ва Сельчук Инан киритган голлар "Локомотив"ни йирик ҳисобдаги мағлубиятига етарли бўлди.
"E" гуруҳи
"Аякс" - АЕК 3:0
Мазкур баҳсда таблодаги ҳисоб 45 дақиқа очилмай турди. Аммо танаффусдан сўнг мезбонлар тезкорлик билан ҳисобда олдинга чиқиб олишди. Николас Тальяфико Давид Нерес узатмасидан унумли фойдаланди. Голдан кейин ҳам "Аякс"ни босимни давом эттирди ва ван де Беекни Тадичнинг узатмасини голга айлантирди. Ҳисобни йириклаштирган гол эса шу куни дубль қайд этган Тальяфико ҳисобига ёзилди.
"Бенфика" - "Бавария" 0:2
Нико Ковачнинг ЕЧЛдаги дебюти омадли чиқди. Португалияга сафар қилган немис гранди Левандовскининг тезкор голи эвазига ҳисобни очди. Иккинчи бўлимда эса "Бенфика" тарбияланувчиси ҳисобланган Ренату Саншеш собиқ жамоасини гол билан жазолаб учрашувдаги якуний натижани ўрнатди.
"F" гуруҳи
"Шахтёр" - Хоффенхайм" 2:2
Ўйинни украиналиклар жуда суст бошлашди. Натижада "Хоффенхайм" учрашувда тезкор гол уришни уддалади. Флориан Гриллич ажойиб комбинациядан сўнг Пятовни ортиқча қийинчиликсиз доғда қолдирди. Аммо биринчи бўлим ярмида Исмаили рақиб ҳимоя чизиғини ёриб ўтиб мувозанатни тиклашга эришди. Аммо танаффусга қадар мезбонлар ушбу ҳисобни ушлаб қола олишмади. Ховард Нордтвейт бурчак зарбасидан сўнг тўпга чиқишда хатога йўл қўйган Пятовни жазолади. Бироқ "Хоффенхайм" ғалабани ушлаб қола олмади. Захирадан майдонга тушган Майкон "Шахтёр"ни мағлубиятдан қутқариб қолди. Икки маротаба ҳисобда ортда борган мезбонлар якунда мағлубиятдан қутилиб қолишни уддасидан чиқишди.
"Манчестер Сити" - "Лион" 1:2
Турнинг кутилмаган натижаси Манчестердаги баҳсда кузатилди. Шаҳарда меҳмон бўлган "Лион" биринчи бўлимни жуда самарали ўтказди. Танаффусга қадар Корне ва Фекирнинг голлари "Лион"га яхшигина устунлик тақдим этди. Иккинчи таймда эса "Сити"дан биргина Бернардо Сильва жавоб қайтаришга уриниб кўрди. Аммо мағлубиятдан қутилиб қолиш "шаҳарликлар"га насиб этмади. Шу тариқа мазкур гуруҳ фаворити сифатида эътироф этилган Гвардиола жамоаси ўз уйида таслим бўлди.
"G" гуруҳи
"Виктория" - ЦСКА 2:2
Михал Крменчикнинг дубли "Виктория Пльзен"га ғалабани кафотлагандек таассурот қолдираётган бир паллада ЦСКА юксак ирода намойиш этди ва иккита тўп фарқини йўққа чиқарди. Дастлаб Фёдор Чалов орадаги фарқни қисқартирди. Ўйин тугашига саноқли дақиқалар қолганида Марио Фернандеш ишлаган пенальтини Никола Влашич голга айлантирди.
"Реал" - "Рома" 3:0
ЕЧЛнинг амалдаги соҳиби тўртинчи "шалпанг қулоқ" учун курашни бошлади. "Рома"ни меҳмон қилган "Реал" "бўрилар"ни "ов" қилишди. Аввалига Иско танаффус олдидан жарима зарбасини қойилмақом бажарди. Сўнгра Бэйл устунликни мустаҳкамлади. Якуний натижани ўрнатувчи голни эса "Реал"нинг янги 7-рақами Мариано Диас уришга муваффақ бўлди.
"H" гуруҳи
"Валенсия" - "Ювентус" 0:2
Роналдунинг ЕЧЛда "Ювентус" таркибидаги дебюти гол билан эмас, ғалати четлатиш билан барчани ёдида қолди. Бир киши кам бўлиб қолган "Юве" "Месталья"да барибир ўз мақсадига эришди. Ўйин тақдирини пенальтилар ҳал этди. Дастлабки икки пенальтини бажарган Миралем Пьянич "нуқта"дан адашмади. Баҳс якунида эса мезбонлар ҳам пенальти тепиш ҳуқуқини қўлга киритди. Аммо "нуқта"дан йўлланган зарба йўлига Шенсни ғов бўлди. Натижада 10 киши қолган Роналдусиз "Юве" меҳмонда "Валенсия"ни таслим этиб қайтди.
"Янг Бойз" - "Манчестер Юнайтед" 0:3
Швейцарияда ўтган баҳс қаҳрамони сўзсиз Поль Погба бўлди. Дастлаб дублни расмийлаштирган Поль, кейинчалик Марсьялнинг голига ассистентлик қилди. Натижада Жозе Моуринью шогирдлари сафардан ишончли ва йирик ғалаба билан қайтишди.
Фактлар
* "Кучли бешлик" чемпионатлари вакиллари ичидан фақатгина Бундеслига жамоалари ЕЧЛнинг дастлабки турида мағлубиятга учрашмади. Қолган барча чемпионат жамоалари мағлубият аламини татиб кўришди.
* Энг кўп очко (9) жамғарган чемпионат эса Ла Лига бўлди. Энг кам очкони эса Франция 1 Двизиони қўлга киритди. "Лион" қайд этган сенсация туфайли қўлга киритилган 3 очко Франция чемпионати учун ягона ғалаба бўлди.
* Биринчи турда жами 45та гол киритилди.
Фикрлар