UZ

Сўнгги янгиликлар

01:48"Ал Шабаб" "Милан" футболчисини 14 млн евро эвазига харид қилишга тайёр, аммо...  1 01:21"Милан" сардори "Галатасарой"ни рад этди. Турк клуби ҳимоячига "Милан"дагидан кўпроқ маош таклиф қилганди  0 00:51"Комо" Рафаэль Вараннинг трансферини эълон қилди  2 00:22"Жирона" "Тоттенхэм" форвардини ижарага олиш бўйича келишувга эришди  0 23:51"Манчестер Юнайтед" яқин вақтларда Санчонинг тақдирини ҳал қилади  0 23:21"Барселона" собиқ футболчиси "Ювентус"га ўтишга яқин  0 22:55Мбаппесиз: "Реал" АҚШдаги турне учун таркибини эълон қилди  2 22:31"Реал" 2025 йилда Трент ва Дэвис билан текинга шартнома имзолаш устида ишламоқда  4 22:06"Галатасарой" 22 млн еврога РПЛдан ўйинчи харид қилади?  0 21:23"Челси" "Реал" посбони билан шартнома имзоламайди  5 20:56Сержи Роберто "Аякс"га ўтиши мумкин. У "Барса"дан эркин агент мақомида кетади  0 20:31МЮ 25 млн евро эвазига Мазрауининг ўтиши борасида "Бавария" билан келишувга эришди  1 20:04"Атлетико" "Вильярреал" форвардига қизиқмоқда  0 19:32"Тоттенхэм" кореялик ўйинчини трансфер қилди  3 19:07Расман: "Шабаб Ал Аҳли" Азмуннинг трансферини эълон қилди  15

Дилшод Раҳматов Ашхобод-2017 таассуротлари билан ўртоқлашди Янгиликлар

Дилшод Раҳматов Ашхобод-2017 таассуротлари билан ўртоқлашди

Хабарингиз бор, шу йилнинг 17-27 сентябрь кунлари Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида Ёпиқ иншоотларда ўтказилувчи Осиё ўйинлари бўлиб ўтди.

Унда футзал бўйича Ўзбекистон терма жамоаси ҳам муносиб иштирок этди. Баҳодир Аҳмедов бошчилигидаги жамоамиз финалга қадар етиб бориб Эронга имкониятни бой бериб қўйди, ҳамда кумуш медалларига сазовор бўлди. Биз ушбу мусобақада қатнашган футзалчимиз Дилшод Раҳматов билан суҳбатлашиб Ашхобод-2017 таассуротлари билан қизиқдик.

- Дастлаб мусобақа ташкилотчилиги ҳақида гапириб берсангиз...
- Ашхободда бизни жуда яхши кутиб олишди. Ташкилотчилик энг зўри бўлди, бунақасини кўрмаганман. Олдинги Осиё ўйинларида ҳам қатнашгандим. Аммо Ашхободдаги мусобақа жуда аъло даражада ўтказилди. Худди ўз уйимизда ўйнагандек бўлдик. Маҳаллий мухлислар бизни қўллаб туришди.

- Ўйинлар ҳақида қисқача тўхталиб ўтинг.
- Гуруҳ босқичида 4та ўйин ўтказдик. БААга қарши баҳсда қийинчиликка дуч келмадик. Мальдив ороллари ҳам тўғрисини айтиш керак бизнинг даражамизда эмас. УЛарни ҳам йирик ҳисобда таслим қилдик. Афғонистон билан ўйинда эса ўз хатоларимиз эвазига ютқазиб қўйдик. Рақиблар қарши ҳужумлардан гол уриб кетишди. Хитой билан учрашувда мураббийларимиз ва Даврон Чориев дисквалификация туфайли иштирок эта олишмади. Шунга қарамай 4:4 ҳисобида дуранг ўйнаб гуруҳда иккинчи ўрин билан чорак финалга йўл олдик. Бу босқичда бизни Вьетнам кутиб турарди. Ушбу жамоани айни пайтда кучли мураббий Мигель Родриго бошқармоқда. Аммо камчиликларидан фойдаланиб 2:0 ҳисобида зафар қучиб ярим финалга чиқдик.

Японияга қарши жуда оғир ўйин ўтказдик. Учрашувда 3:3 ҳисоби қайд этилди. Пенальтилар сериясида омадимиз келиб ғолиб бўлдик. Финалда эса азалий рақибимиз Эрон билан тўқнаш келиб ютқазиб қўйдик. 



- Ушбу мусобақа учун қандай вазифа қўйилганди?

- Мусобақага кетишдан олдин раҳбарият билан учрашув бўлди. Бизга доим ҳар қандай мусобақада максимал вазифа қўйилади. Ашхободдаги Осиё ўйинларида ғолиб бўлиш мақсадимиз эди. Аммо менимча кумуш медаллари ҳам ёмон натижа эмас. Чунки Эрон умуман бошқа даражада.

- Мухлислар ва мутахассислар гуруҳ босқичида Афғонистонга ютқазиб қўйганимизда бу атайин қилинган иш деб айтишди. Яъни шу йўл билан Эронга тўқнаш келмаслик ўйланган дейишди. Бунга қандай жавоб берасиз?

- Афғонистонга ютқазиш ҳеч қандай тактика ёки рақиб танлаш эмасди. Рақиб бизни жуда яхши ўрганиб чиққанини билдик. Улар биринчи тўртлигимиз ҳаракат қилганда ҳимоявий ўйнашди, ёшларимиз ўйинга тушишганида эса прессинг қилиб ҳужумга ўтишди. Афғонистон терма жамоаси аъзоларининг гавдалари жуда ҳам катта эди. Бундан ташқари вақт чўзишди, айёр ўйин намойиш этишди. Бир сўз билан айтганда уларнинг ўйинига тушиб қолдик.  Сўнгги дақиқаларда беш киши бўлиб ўйнаб иккита гол урдик, аммо ундан ортиғига кучимиз етмади. Лекин ютқазганимиз бир томондан бизга фойда бўлган экан. Сабаби гуруҳда биринчи бўлганимизда ярим финалдаёқ Эрон билан тўқнаш келардик.

Кўпчилик Афғонистон деганда уруш бўлаётган давлат деб ўйлайди. Аммо бу мамлакатнинг футзалчилари айни пайтда Эрон чемпионатида ўйнаётганини ҳеч ким билмаса керак. Улар ҳам мусобақага жиддий тайёрланишган. Ҳозир барча футзал ўйнашни ўрганиб бормоқда. Беш олти йил олдин Афғонистон 10та гол ўтказиб қайтиб кетарди. Аммо замон ўзгармоқда.

- Шу кунга қадар Ўзбекистон Эронга қарши 28та ўйин ўтказиб фақат бир марта (ўртоқлик учрашувида) ғалабага эришган ва бир марта дуранг ўйнаган экан. Қолган 26та учрашувда ютқазганмиз. Эронни ютиб бўлмайдими?

- Ютса бўлади. Ҳар қандай жамоани мағлуб этса бўлади. Ўтган йилги Осиё чемпионати финалида биз ғалабага яқин эдик. Аммо ҳисобни очгач ўзимизнинг иккита қўпол хатоимиз туфайли ютқазиб қўйгандик. Эрон рақибларнинг ўзларидан қўрқиши билан яшайди. Яъни учрашув бошида иккита гол уриб хоҳлаган нарсасини қилишни бошлайди. Агарда баҳснинг дастлабки беш дақиқасида рақиб уларга қаршилик кўрсатиб гол ўтказмаса форслар ҳам шошиб қолишади ва хатоларга йўл қўйишади. Эрон Жаҳон чемпионатида Португалия ва Бразилияни мағлуб этди. У мамлакатда мактабда футзал дарс сифатида ўтилади. Эроннинг ҳозирги таркибига яна икки нафар ёш ўйинчи қўшилибди.


- Финалда нима учун илк дақиқалардан ўйновчи дарвозабон туширилди? Бундай ҳолатни футзалда асосан ҳисобда ортда қолаётган жамоалар баҳс охирларида амалга оширишларига гувоҳи бўлардик...
- Баҳодир Аҳмедов нима учун бундай тактикани танлаганларини билмайман. Биз хайрон қолдик. Балки бизга ишонмагандирлар...Тўғриси бу саволга нима деб жавоб беришни ҳам билмайман.

- Айни пайтда Таиланд терма жамоасини бошқараётган Хосе Мария Мендез билан Ашхободда кўришдинглар...

- Пулписни кўрганимизда ҳар доим хурсанд бўламиз. У бошқа жамоада иш бошлаган бўлса ҳам бизга ёрдам берди. Унинг жамоаси Эронга ютқазиб мусобақани тарк этди, аммо Пулпис келиб бизга Вьетнамнинг, Эроннинг камчиликларини айтиб турди. Дунёдаги ҳеч бир мураббий бундай қилмаса керак.

- Терма жамоа сафида кўплаб ёшлар пайдо бўлди. Улардан кимларни алоҳида ажратиб кўрсата оласиз?

- Жамоадаги ёшларни кўриб жуда хурсанд бўламан. Терма жамоага келган пайтимда 4 нафар ёш футзалчи чақирилганди. Улардан фақат мен ва Фарҳод Абдумавлонов қолдик холос. Ҳозир эса 5-6 нафар янги ёшлар терма жамоага қўшилишмоқда. Бу эса юртимизда футзал ривожланиб бораётганидан далолат. Япония билан ўйинда айнан ёшларнинг тезлиги туфайли ғалаба қозондик. Иккинчи голни Даврон Абдураҳмонов урди, кейингисини Даврон Чориев. Стандарт вазиятлар бизнинг қуролимиз бўлиб қолди.


- Сиз ярим финални жароҳат туфайли ўтказиб юбордингиз. Финалда ҳам ўйнамайди дейишганди...
- Финалда ҳам тушмаслигим керак эди аслида. Вьетнам билан ўйинда оёғим қайрилиб кетганди. Оёғимни боса олмаётгандим. Аммо мураббийлар финалда беш киши бўлиб ҳаракат қилганимизда мен кераклигимни айтишди. Сабаби жамоада чап оёқда ўйнайдиган икки ўйинчи бор, мен ва ёш Ҳусниддин Нишонов. Баҳодир Аҳмедов кўп югурмайсан фақат аниқ пас берсанг бўлди деб кўрсатма бердилар. Шифокорларнинг уколлари ёрдамида финалда ўйнадим.

- Рустам Умаровга нима бўлди? Нима учун асосий посбонимиз финалда умуман иштирок этгани йўқ?

- Унга ҳеч нима бўлмади. Шунчаки мураббийлар дарвозага Акмал Хазратқуловни қўйишди. Беш киши бўлиб ўйнаганимизда дарвозабон узоқдан зарба бериши орақли гол уришни ҳам режалаштиргандик. Акмалнинг зарбалари жуда кучли. Балки мураббийлар Хазратқуловни финалда ўйнатиб тажриба олиши учун замин яратиб беришгандир.

- Октябрь ойи ўртасида Осиё чемпионати саралаш баҳслари бўлиб ўтади. Гуруҳимизда Қирғизистон, Туркманистон ва Непал каби жамоалар бор. Улар ҳақида қандай фикрдасиз?  

- Непал қандай жамоа эканлигини тўғриси билмайман. Қирғизистон об-ҳавога ўхшайди. Истаса Японияни ютади, ёки кучсиз жамоага ютқазиб қўяди. 2014 йил Вьетнамда ўтган бундан олдинги Осиё чемпинатида Қирғизистон билан гуруҳ босқичида дуранг ўйнагандик - 2:2. Туркманистон ўз уйида жуда яхши ўйнади. Олдинги Туркманистон эмас. Япониялик мураббий бошчилигида жамоа анча кучайибди. Испанияда йиғинлар ташкил этилган. Аммо рақиблар қанчалик кучли бўлмасин бизнинг мақсадимиз Осиё чемпионатига чиқиш.

- Энди шахсий фаолиятингиз ҳақида савол берсак. Хитойнинг “Дальян Пуван Анбо” клуби аъзоси ҳисобланасиз. Шу ҳақда батафсил маълумот берсангиз.

- Ўтган йил Осиё чемпионатидан сўнг Хитой клубига кўчиб ўтгандим. У ерда худога шукур чемпион бўлдим. Клубим билан шартномани 2018 йил май ойига қадар узайтирдим. Октябрь ойидаги Осиё чемпионати саралаши туфайли Ўзбекистон терма жамоаси ихтиёрида бўламан. Хитойда чемпионат декабрь ойида бошланади. Ноябрь ойидан янги мавсумга тайёргарликни бошлаймиз.


- Хитой футболига жуда катта пуллар тикилаётганидан хабардормиз. Футзалга эътибор ҳам шундайми?
- Хитойда футболчалик бўлмаса футзалга катта пуллар ажратилмоқда. Ўзбекистонлик йигитлар хитойлик футзалчилардан анча кучли ва анча меҳнаткаш. Хитой терма жамоаси Ашхободда Афғонистондан 6та, БААдан 5та гол ўтказиб ютқазди. Менимча бу жамоага янги кучли мураббий олиб келиш ва ёшларга эътибор қилиш керак. Терма жамоамизнинг баъзи футзалчиларига Хитой клубларидан таклифлар тушмоқда.

- Хитой футзал лигаси ҳақида гапириб беринг. Шароитлар қандай?

- Хитойда шароитлар ажойиб. Масалан, мен ўйнаётган клубда иккита зал бор. Бири таркет, бири юмшоқ қопламали зал. Рақибнинг залига қараб машғулот ўтказамиз. Хоҳлаган шароитлар бор. Ҳамма клубнинг ўз зали бор. Худди катта футболга ўхшаб бир ҳафтада битта ўйин ўтказади. Чемпионат уй сафар тизимида ўтказилади. Молиявий томонлама жуда яхши, фақат ишлаш керак.

- Мухлисларга қандай тилакларингиз бор?

- Мухлисларимизга катта раҳмат айтамиз. Ашхободда ўтган мусобақа пайтида халқимизнинг қўллаб қувватлашини ҳис қилиб турдик. Бундан ташқари Ашхободдаги залда бизни қўллаб турган туркманистонлик мухлисларга ҳам раҳмат айтаман. Худо хоҳласа шундай кун келади ва Эронни мағлуб этиб кумуш медални олтинга айлантирамиз. Кейинги Осиё чемпионатларида медалларга эга чиқиб Жаҳон чемпионатларига чиқишга ҳаракат қиламиз. Мухлисларимзга раҳмат!


Ушбу интервьюнинг видео вариантини қуйидаги ҳавола орқали томоша қилиш ҳам мумкин: ВИДЕО. Дилшод Раҳматов: "Эрон футзалчиларини ҳам ютса бўлади..."


Нарзулла Сайдуллаев суҳбатлашди

Рейтинг: +1   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика