

Қарийб 50 миллиард сўм қийматидаги мажмуада 10 минг томошабинга мўлжалланган замонавий футбол стадиони, халқаро стандартларга мос табиий ва сунъий майдонлар, ёпиқ футзал зали, 200 ўринли ётоқхона, ошхона ва бошқа зарур инфратузилма объектлари барпо этилди.
Илгари Шофиркон туманида жойлашган Бухоро Футбол академияси янги мажмуада фаолият юритади. Айни пайтда академияда 154 нафар иқтидорли ёш таҳсил олмоқда.
10 минг ўринли стадион вилоятнинг бош стадиони қурилиб, фойдаланишга топширилгунга қадар “Бухоро” профессионал футбол клубининг асосий уй майдони вазифасини бажаради.
Тантанали тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов, академия тарбияланувчилари ва мураббийлар, ота-оналар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Янги мажмуа Бухорода футболни янада ривожлантириш, иқтидорли ёшларни саралаш ва тарбиялаш, шунингдек, воҳа футболида янги авлод истеъдодларини кашф этиш учун мустаҳкам замин яратади.













