UZ

Сўнгги янгиликлар

01:05Париж-2024. Ўзбекистон - Миср 0:1, Ҳимоядаги хато қимматга тушди  2 00:53"Атлетико" ва Испания терма жамоаси собиқ футболчиси фаолиятини якунлади  0 00:15РПЛ. Эсанов ҳаракат қилаётган "Акрон" меҳмонда "Факел"ни ишончли ҳисобда мағлуб этди  13 23:35Тимур Кападзе: "Иккала ўйинда ҳам ютишимиз мумкин эди"  83 23:01Расман: "Атлетико" Испания терма жамоаси футболчиси билан шартнома имзолади  1 22:29"Навбаҳор" назорат учрашувида йирик ҳисобда ғалаба қозонди. Қувватовдан норасмий дебют, Никабадзедан хет-трик  9 21:31"Манчестер Юнайтед" форварди ПСЖга ўтиши мумкин  4 21:05Париж-2024. Ўзбекистон иккинчи турда Мисрга ютқазди ва гуруҳдан чиқиш имкониятини йўқотди  845 20:53Париж-2024. Испания терма жамоаси биринчи бўлиб плей-оффга чиқди  7 20:22"Манчестер Юнайтед" испаниялик футболчига қизиқмоқда  1 19:56"Барселона" Уильямс учун кутилганидан 4 млн. евро кўп пул тўлаши керак  2 19:22ФИФА Аргентинанинг эътирозига жавоб берди  4 18:52Ҳусниддин Ғофуров - "Қўқон-1912" футболчиси  3 18:24Биринчи даврада "Бунёдкор"да ўйнаган футболчи Босния ва Герцеговина клубига ўтди  1 18:00Ўзбекистон ўйнайдиган "Божуар" стадиони баҳсга тайёр  7

Бугун кун қаҳрамони Спорт-ТВ бўлади. Уни олқишлашингиз мумкин Янгиликлар

Бугун кун қаҳрамони Спорт-ТВ бўлади. Уни олқишлашингиз мумкин

Теглар :  Спорт ТВ
Олдин ҳам кўп айтгандик, телевидение ривожланмагунига қадар, футбол жойида қотиб тураверади. АПЛ ёки Ла Лига ўйинларини бугунги даражага олиб чиққан нарса бу телетрансляциялардир.

Бу билан уларда нафақат чемпионатнинг оммавийлиги ошиб кетди. Балки телетрансляциялардан тушган даромад клублар ғазнасини бойита бошлади. Биз ҳозирча бу даражага чиқиб улгурмадик. Бироқ 2018 йил баҳорини эслаб қолиш керакки, олдинга каттагина қадам ташлаяпмиз. Чунки мамлакат Суперлигасининг 1-туридан ўрин олган барча учрашувлар жонли кўрсатилади. Бу тарихда илк бор кузатилаётгани учун ҳам шу кунни ёдда сақлаш шарт.

Бу нима беради?

Бу биринчи навбатда шаффоф ўйинларга эшик очади. Қайсидир ҳакам қайсидир вилоятда ҳунар кўрсата олмайди. У яхши биладики, учрашув ТВ орқали видеотакрорлари билан жонли намойиш этиляпти. Демак, унинг арзимаган хатоларига қадар фарқлаш, шарҳлаш ва таҳлил қилишнинг имкони бўлади.

Энди вилоят жамоаларини мухлислар янада яхшироқ таний бошлайди. Футболчиларда мотивация ошади. Клубларнинг ҳомийлар излаш масаласи осонлашади. Клуб либосида каттагина бўлиб акс этиб турган компания номи 90 дақиқа жонли эфирда кўрсатилса, ёмонми?!

ПФЛ телетрансляцияни сотадими?

Ҳозирча йўқ. Сота олмайди ҳам. Чунки бунинг учун каттагина база керак бўлади. Ўзбекистон телевидениеси ҳали бу даражага чиқиб улгурмаган. Биринчидан, клубларни давлат молиялаштиради. Клублар эса ПФЛни молиялаштиради. Ва давлат МТРКни ҳам молиялаштиради. Шундан келиб чиқилса, давлат ҳомийлиги остида яна қандайдир олди-бердининг бўлиши мантиққа ҳам тўғри келмайди.

Иккинчидан, ЎФАга футболнинг оммавийлиги жуда керак. Мухлисларни стадионга қайтариш учун тоза футбол жоиз. Ўша тоза футболни ТВ ёрдамисиз қилиш имконсиз иш. Шундан келиб чиқилса, ўйинларнинг кўрсатилишидан ПФЛ кўпроқ манфаатдор. Айтайлик, Спорт-ТВ ҳамма учрашувларни кўрсатгани билан, унга реклама берувчилар кескин кўпайиб кетмайди. Чунки гап Ўзбекистон чемпионати ҳақида кетяпти, Англия ёки Испания эмас.

Учинчидан, Спорт-ТВ барча ўйинларни жонли намойиш қилиб бериш ваъдасини берганининг ўзигаёқ унинг устидан сув ўгириб ичса арзийди. Чунки бу осон эмас. Қуйида мазкур масалада яна тўхталиб ўтамиз.

Бошқа майдалашиб ўтирмаймиз ва Спорт-ТВ ҳамда ПФЛнинг ўзаро келишуви қай кўринишда бўлиши мантиқлироқ экани борасида фикр юритиб кўрамиз. Маълумки, ПФЛ биринчи бор ўзига титул ҳомий изламоқда. Агар келишув амалга ошса, Спорт-ТВ ПФЛ ҳомийларини трансляциялар давомида кўрсатади  — тамом. Шунинг ўзиёқ ташкилот учун катта ёрдам. Ва бу банд титул ҳомий билан келишишда асосий омил бўлиб хизмат қилади. Факт шуки, ПФЛ ўйинларини сота олмаган тақдирида ҳам, уларга эгалик ҳуқуқини барибир ўзида сақлаб қолади. Бунда икки томоннинг ўзаро келишиши жуда муҳим. Мадомики шундай экан, МТРК ҳам ПФЛ рекламалари масаласига оёқ тираб туриб олмаслиги муҳим.

Ўз навбатида Спорт-ТВ ҳам ПФЛ ўйинлари телетрансляцияси учун сарф қилган ҳаражатларининг бир қисмини қоплаш учун, бевосита ТВ билан ҳамкорлик қилиш истагида бўлган реклама берувчилар билан музокара олиб бораверади. Бу нарса канал учун жуда зарур. Чунки МТРК бир ой, икки ой, боринг яна бир мавсум ҳаракат қилади. Кейин эса барибир Спорт-ТВ араванинг бир қисмини ўзи тортиши керак. Чунки МТРКда ундан ташқари ҳам 10 дан зиёд бошқа каналлар бор (аслида шунча канал керакми ёки йўқ — бошқа мавзу).

Телетрансляцияларни қачон сотиш мумкин?

Фақатгина рақобат пайдо бўлганида. Бунда ТВ учун футбол учрашувларининг ўзигина аҳамиятли даражага чиқиши керак. Ўзбекистонда мавжуд телеканалларнинг 3—4 таси жиддий таклиф киритсагина, рақобат пайдо бўлиши мумкин. Бунга қовун пишиғи бор, албатта. Ўзбекистон чемпионати қачонки олдинга катта қадам ташлаб, мамлакат футболига жамоатчилик эътибори ўзгарса, уни кўрсатишга талаб ошади. Ҳозирги ҳолатда эса реклама берувчи “Пахтакор” — “Бунёдкор” ўйинидан кўра, қайсидир турк сериали ўртасида маҳсулотини кўрсатишни кўпроқ истайверади.

Қолаверса, қолган телеканаллар техника жиҳатидан МТРК билан рақобатлаша олиши шарт. ПФЛ шу мавсум фақатгина Спорт-ТВ билан келишишга мажбур бўлганига асл сабаб ҳам аслида шу. Чунки 1 та 90 дақиқалик футбол трансляция учун яхшигина маблағ ва техника керак бўлади. МТРК таснифига кирмайдиган телеканаллар эса ҳозирги ҳолатда бунга тайёр эмас. Қолаверса, ҳукуматнинг янги қарори билан хусусий телеканаллар эмас, истайсизми, йўқми МТРК техникаси янгиланади ва бу иш жадал давом этмоқда.

Телетранслияция қандай бўлади?

Адашмаётган бўлсам, МТРК айни вақтда 4 ёки 5 та КТС (кўчма телевизион станцияга эга). Ўз вақтида “Бунёдкор” ва “Насаф” орқали қўлга киритилган 2 та КТС МТРК учун катта ютуқ. Улар замонавий. Шу йилнинг ўзида Ўзбекистон телевидениеси тўлиқ рақамли форматга ўтган тақдирида ҳам, улар бемалол ишлашда давом этади. Қолган 2 та КТС эса бунинг учун янгиланиши шарт. Бироқ тўлиқ рақамли форматга ўтилмаганидан келиб чиқиб, уларни ҳозирча ишлатиб туриш мумкин.

Замонавий КТСлардан бири Навоий йўлига чиққан бўлиб, у “Қизилқум” — “Локомотив” ўйинини кўрсатади. Эртаси куни эса Бухорога етиб келиб, клуб иштирокидаги ўйинни олиб беради. Шундан сўнг Қарши йўлига чиқади ҳамда “Насаф”нинг ОЧЛ ўйинига жавобгар бўлади. Навоий, Бухоро ва Қарши орасидаги масофа бунда МТРК томонидан инобатга олинган.

Аслида оддий кўриниши мумкин. Бироқ КТСнинг бир кунлик иши анча қиммат туради. Айтайлик, МТРК уни Спорт-ТВ учун текинга берган тақдирида ҳам, биргина КТС ичида ҳайдовчи-ю, техник, боринг ана шарҳловчигача ҳисобласак, камида 15 киши бўлади. Уларнинг ҳар бирига иш куни учун пул тўланади. Уларнинг ҳар бири меҳмонхонага жойлашади ва ҳоказо. Яъни, бу Тошкентдаги ўйинни “Пахтакор” стадионига чиқиб кўрсатиш эмас. Кўрсатув олиш, тўғридан-тўғри студия каби ишлар бундан 10—20 марта арзон туради.

Водий масаласи эса бироз оғирроқ. КТС Қамчиқ довонидан ўтиши ҳазилакам иш эмас. Ҳозирги ҳолатда балки имкони кам бўлган ишдир (агар энг юқори доирада ҳал қилинмаса). КТСни поездга ортиш мумкин, бироқ тоннелга киришда муаммо чиқади, поезднинг баландлигига КТС баландлиги қўшилса, муаммо тушунарли.

МТРК бунда Наманган ва Фарғона телевидениеси билан ишлайди. Уларда катта эҳтимол билан машинага йиғилган камералар жамланмаси бор, шуни ишлатиш мумкин. Шу ҳолатда ҳам, КТС билан ҳам ўйинлар релейка орқали аввал вилоят телевидениесига узатилади, кейин эса у ердан Тошкентга берилади.

Аслида бунинг осонроқ йўли ҳам бор. Бунинг учун Суперлига клубларининг уй стадионларига оптик толали кабеллар етиб борган бўлиши шарт. Бизга маълум бўлишича, ҳатто “Насаф” стадиони ҳам бунга жавоб бера олмайди. Бу ишга жиддий киришиш шарт. Бунда трансляциянинг сифати ошади, иш осонлашади. Афсуски, баъзида бизда стадионлар ура-ура билан қуриб ташланган-у, аммо асосий ишлар панада қолган. Ваҳоланки, замонавий стадионлар биринчи навбатда телетрансляция масалаларини қамраб олиб, кейингина лойиҳалаштирилади. Релейка эса об-ҳавога боғлиқ бўлиб қолаверади. Кучли шамол ёки ёмғир, сигнал сифатига таъсир кўрсатади.

Суперлига ўйинларининг ҳаммаси жонли бўладими?

Умид қиламиз, албатта. Бироқ бу осон эмас. Маблағ томондан ҳам, бошқа тарафдан ҳам. Масалан, “Наврўз” ёки қандайдир катта байрамларга КТСлар жалб этилади. Мамлакатда футболдан ташқари ҳам йирик тадбирлар бўлиши мумкин. Мана шундай вақтда футбол ҳамда бошқа томон манфаатлари ўзаро кесишиб қолади.

МТРК раҳбарияти истаса, унга тегишли техника нафақат замонавий кўринишга келтирилса, балки тинимсиз кўпайиб борса, иш осон кечади. Бироқ бунда гап миллион-миллион пул ҳақида кетяпти. Қолаверса, техника замонавийлашгани, кўпайгани сайин кадрларга талаб ортади. Ҳозирги ҳолатда Спорт-ТВдан бошқа бирорта ҳам телеканал кадрлар масаласида мақтана олмайди. Қайси маънодаки, МТРК ходимлари йиллар давомида тажриба тўплади ва бугунга келиб трансляциялар сифатида бироз олдинга қадам ташлаган (айнан КТСлар билан ишлаш масаласида). Минг кучли режиссёрни олиб келманг, агар оддий камерачи сиз айтган кадрни олиб бера олмаса, ишингиз ўхшамайди. Футбол камерани стадионнинг тепа қисмига ўрнатибгина олинадиган трансляция эмас, бу тинимсиз ҳаракат давом этадиган ва ҳар бир сонияни инобатга олиш керак бўлган жуда нозик жараён. Ҳатто ўша тажрибали деган камерачилар ҳам, режиссёрлар ҳам хол қўядиган ҳолатларга кўп гувоҳ бўламиз, хуллас, мураккаб иш.

15 йиллар давомида МТРК буни ўрганди, энди сифатни оширишга ҳаракат қилмоқда. Яъни, барча масалада ўсиш бордек, бироқ дунё ҳам тўхтаб турмаяптики ва биз кўп жабҳада ортда қолиб кетмоқдамиз.

Борига барака

Ҳозир шундай дейишдан бошқа чорамиз йўқ. Ҳукумат талаби билан футбол ҳам, телевидение ҳам тезликни оширган. Бошланишига ҳамма ўйинларнинг жонли кўрсатилиши каттагина ютуқ, бунинг қадрига етиш керак. Қолгани эса айтилганидек маблағ ва кадрларга бориб тақалади. Нафақат ТВ кадрлари, балки футболдагилар ҳам. Соҳа ривожи учун бу жуда-жуда муҳим омил.

Хулоса шундай: футболни ривожлантирмоқчимисиз? Олдин телевидениега қаранг. Сиз 10 та “Бунёдкор” стадиони қурсангиз-у, уни боплаб намоён эта олмасангиз ва ақл билан бошқармасангиз, бари бекор. Ахир Рио-де-Жанейрода бунёд этилган Олимпиада талабидаги спорт объектлари бежиз 2 йилга ҳам қолмасдан ташландиққа айлана бошламади.

Муаллиф :
Рейтинг: +79   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика