Бу сафар ҳам бир қадам қолганда "қуладик"
26 янв 2020 17:11
Янгиликлар
Бу биринчи марта эмас, агар ўзгаришни хоҳламасак охиргиси ҳам бўлмайди.
Кеча Таиланд пойтахти Бангкокда U-23 Осиё чемпионатининг учинчи ўрин учун баҳси бўлиб ўтди. Афсуски, Токио-2020 учун Осиё қитъасига ажратилган сўнгги йўлланма тақдири ҳал бўлган мазкур қарама-қаршиликда Ўзбекистон олимпиячилари Австралияга имкониятни бой беришди.
Жамоада лидер йўқ
Ҳар қандай кучли жамоада етакчилар бўлади. Айнан, лидерлар қийин паллаларда шерикларини олдинга чорлаб вазиятдан чиқиб кетишда асосий ролни бажаришади. Афсуски, биз бу жамоамизда бирорта лидерни кўрмадик. Етакчисиз жамоа сарбонсиз карвонга ўхшайди.
Ишончни оқламаган футболчилар талайгина топилади. Мусобақадаги энг ёмон ўйинчимиз Ислом Қобилов бўлди. Сардоримиз марказий ҳимоячига хос бўлмаган даражада кўп хатоларга йўл қўйди, етакчи бўла олмагани етмагандек ўз ишини ҳам маромига етказа олмади. Тўп учун курашларда имкониятларни бой бериш, бирга-бир вазиятларда рақибларни ўтказиб юбориш, брак паслар... Очиғи, Исломни таниёлмай қолдим. Яхши ҳам, қатор вазиятларда унинг хатоларини Алиқулов ёпиб турди. Бундан ташқари, дарвозабонимиз Абдувоҳид Неъматов ҳам ўзига ўхшамади. Умид Эргашевнинг жароҳатидан кейин "Насаф"да ҳам, Олимпия терма жамоасида ҳам асосий кипер бўлиб олган Неъматов мусобақани ёмон ўтказди. Биз Таиланд майдонларида ўтган мавсум "аждарлар" таркибида кўрганимиз Абдувоҳидни учратмадик.
Барча ўйинларимизда етакчиликни ўзига олишга уринган футболчимиз Жасур Яхшибоев бўлди. Аммо, у буни уддалай олмади. Яхшибоев жамоадошлари учун энг кўп вазиятлар яратди. Кўп ҳолларда масалани бир ўзи ҳал қилмоқчи бўлгани бу сафар зараримизга ишлади. Жасур кўп вазиятларни барбод қилди, шу билан бирга ўша кўп имкониятларни ўзи ярата олди ҳам. Аммо, биз кутган Яхшибоев бу эмас. Ундан кўпроғини кутган эдик.
Яхши ўйнаган футболчиларимиз бармоқ билан санарли бўлди
Умумий яхши қатнаша олмадик, лекин ўзини кўрсата олган ўйинчиларимиз ҳам бўлди. Биринчи навбатда марказий ҳимоячи Ҳусниддин Алиқуловни тилга олган бўлардим. Ҳимоямизда энг тартибли вакил айнан у бўлди. Кўплаб вазиятларда ҳужумларни айнан у бартараф этиб турди. Бундан ташқари, Алиқулов стандарт вазиятларда рақиб жарима майдончасида ҳам энг фаол ўйинчимиз бўлди. Иккинчи қаватда тўпни ютиб рақиблар дарвозаси томон зарбалар берди. Австралияга қарши беллашувнинг охирги дақиқаларида у асосан "кенгурулар" жарима майдончасида ўйнади ва ҳимоячи бўлишига қарамай ўша сўнгги 10-15 дақиқаликда ҳужумда энг фаол футболчимиз бўлди. Ҳусниддин тимсолида ўзбек футболида ажойиб марказий ҳимоячи етишиб чиқаётганига амин бўлдим. Бунинг учун уни тарбиялаган "Машъал"га ҳам, унга Суперлигада имкон бериб келаётган "Насаф"га ҳам раҳмат айтиб ўтмоқчиман.
Ўзини жуда яхши кўрсатган яна бир футболчи Ойбек Бозоров бўлди. Энг яхши ўйинчимиз Алиқулов бўлса, кейингиси Ойбек. Биринчи учрашувда захирадан тушган Бозоров кейин асосий таркибдаги жойни Тўхтасиновдан тортиб олди. Австралия билан ўйингача барча беллашувларда ҳужумдаги асосий фигура айнан Бозоров бўлди. Тезлик, дриблинг ва яхши зарбага эга ярим ҳимоячи нима учун кеча захирада қолганини фақат бош мураббийнинг ўзи билади. Охир-оқибат унинг захирадан ўйинга ташланиши хато бўлиб чиқди. Лекин, қизил карточка кўрсатилган вазиятда Бозоровни умуман айбламайман. Бу ўйинда учраб турадиган эпизод эди. Боз устига, у рақибни пайқамади, икки кўзи юқоридан пастга тушаётган тўпда эди. Бу ҳолат менга бир неча йиллар аввал ЕЧЛ доирасида "Манчестер Юнайтед" ва "Реал" ўртасида кечган беллашувдаги эпизодни эслатиб юборди. МЮ ярим ҳимоячиси Нани ҳаводан келаётган тўпни қабул қилиб оламан деб мадридликлар футболчисига зарба бериб юборганди. Ўшанда ҳам Нани фақат тўпга қараган ва рақибни пайқамаган. Кейинчалик бир киши бўлиб қолган "Реал" Моуринью захирадан дарҳол майдонга туширган Модричнинг зарбаси ва Роналдунинг голи эвазига ғалабани, шу билан бирга кейинги босқич йўлланмасини илиб кетганди. Манчестерда эса ҳеч ким мағлубиятда Нанини айбламаган.
Бундан ташқари, Ҳожиакбар Алижонов ҳам ажралиб турди. Аммо, ўтган мавсум "Пахтакор" ва Ўзбекистон МТЖдаги ўйинларига таққосласак у ҳам ўз имкониятидан бироз пастроқ даражада ўйнагандек кўринди. Шахсан ўзим ундан кўпроқ нарса кутган эдим.
Муваффақиятсизликда асосий фактор - бош мураббий!
Таиланддаги мусобақага саралаш беллашувлари доирасида биз ўрин олган гуруҳ учрашувлари Тошкентда ўтказилганидан хабарингиз бор. Саралашни 4 очко билан биринчи ўринда якунлаганимизни ҳам биласиз. Аммо, ўз уйимизда ўтган учрашувларда ҳам ўйинимиз менда илиқ таассурот қолдирмаганди. Тожикистон билан 0:0 ҳисобидаги нурсиз ўйинимиздан кейин матбуот анжуманида Друловичдан ўйинимиз кўнгилдагидек эмаслиги ва марказимиз жуда бўшлиги, марказдан ёриб киришлар, паслар деярли бўлмаётгани сабабини сўрагандим. У эса фантастик ўйнадик, марказдаги ўйинчиларимдан эса кўнглим тўқ деб айтганди. Аммо, мана кўрдик-ки, марказдаги муаммоларимиз деярли бир йил ўтиб ҳам бартараф этилмаган бўлиб чиқди.
Бош мураббий ҳар ой йиғин ўтказди ва кўплаб ўртоқлик учрашувларида шогирдларини синади. Аммо, мусобақада фақат 13 нафар ўйинчи асосий таркибда тушди. Бўлиб ҳам, бири Миржаҳон Мираҳмадов охирги ўйинда. Яъни, шунча йиғинлар ва машғулотлар фақат 12-15 нафар ўйинчи учунмиди? Унда нега 23 футболчи олиб кетилди. Музқаймоқ едириб келганими? Бир хил таркибда ўйнайвердик, ўйнайвердик. Ҳеч қандай ротация йўқ ва ҳал қилувчи икки учрашувда йигитларда чарчоқ аломатлари яққол сезилди.
Мураббийнинг шартномаси шу ойда якунига етишини ўзи айтиб ўтди. Друлович иштирокида матбуот анжумани ўтказишни ЎФА раҳбариятидан сўраб қолардим. Ҳар бир йирик мусобақадан сўнг бош мураббий ОАВ иштирокида ҳисобот топшириши лозим. Бу ҳисобот ҳам ОАВ, ҳам мухлислар учун бўлади. Жаноб Любинкога журналистларда етарлича саволлар борлигига ишончим комил. Ушбу анжуманда ЎФА ва ПФЛ раҳбарлари ҳам иштирок этишса янада яхши. Зеро, уларга ҳам саволларимиз бор.
ЖЧ-2018даги омадсизликдан кейин Германия устози Йоахим Лёв 4 соатдан кўпроқ вақт давомида матбуот анжуманида иштирок этган ва барча саволларга тўлиқ жавоб бериб чиққанди.
Австралияга қарши мураббий бўйдор ҳужумчи Миржаҳон Мираҳмадовни биринчи 11таликка киритди. Бунгача у фақат бир маротаба захирадан майдонга тушганди. Эътибор беринг, бош билан жуда зўр бўлмаган жамоаларга қарши ҳам ўйнамаган ҳужумчи иккинчи қаватда энг зўри ҳисобланган жамоага қарши жангга ташланди. Зўрига қарши ундан ҳам зўр бўлмасанг фойдаси йўқ. Австралияликлар инглизча футболни афзал кўришади. Шу сабаб улар Осиёда бош билан энг яхши ўйнайдиган терма жамоа, менимча. Айтмоқчи бўлганим "Яшил қитъа" вакилига қарши бўйдор форвард бефойда эди, назаримда. Барибир улар ҳаводаги тўпларни ютиб олаверишарди. Бундай рақибга қарши пастдан ўйнаган маъқулроқ эди. Биринчи бўлимда Бобир Абдихолиқов бир неча бор тезлик ва дриблинг эвазига рақибларни алдаб ўта олди. Демак, тез ва дриблинги яхши футболчи энг кераклиси эди шу куни бизга. Бу борада таркибимиздаги энг яхши бўлиб турган Ойбек Бозоров эса захирада қолдирилди. Нега?
Таркибимизда жуда ҳам мехнаткаш Ойбек Рустамов, "Сурхон"да зўр мавсум ўтказган Аброр Исмоиловлар бўла туриб мураббий фақат Абдулла Абдуллаев ва Азиз Ғаниевларни таянч ярим ҳимояда ўйнатди. Абдуллаев кеча жуда кўп хатога йўл қўйди, ёмон ўйнади. Балки, бу тўхтовсиз ўйнаш оқибатидир. Бундан ташқари, Шароф Муҳиддиновдек марказнинг яна бир ажойиб ўйинчиси ҳам бор эди. Афсуски, Друлович Шарофни икки бор, ҳар иккала сафар ҳам ютқаза бошлаганимизда майдонга туширди. Ютқазиб турганимизда ҳали умуман имкон бермаётган ўйинчиларини тушириб юбориш одати Куперда ҳам бор эди.
Друлович саралашда ҳам, U-23 Осиё чемпионатида ҳам ўйинимизни шакллартира олмади. Сўнгги икки ўйинимизда рақиблардан кўпроқ имкониятлар яратдик, тўғри. Лекин, гол қани? Гол ўтказиб юборганимиздан кейин унга керакли реакция қани? Шахсан ўзим олимпиячиларимизнинг ўйинида мураббий имзосини кўрмадим.
Друлович Азиз Ғаниевни деярли барча ўйинларда таянч зонада ўйнатди. Ажойиб пас берадиган, майдонни жуда яхши кўрадиган ва фантастик зарбага эга Ғаниевни олдинга чиқармай орқада ушлаб тураверилиши Азизнинг зарарига ишлади.
Босим
Мана шу нарса ўзбек футболчиларининг энг катта душманларидан бири бўлса керак. Доим катта ўйинларда, босим жуда юқори бўлганда ўзимизни йўқотиб қўяверамиз. Катта ўйинлардан қачонгача қўрқамиз? Шу ўринда яқиндагина хориж нашрига интервью берган "Пахтакор" етакчиларидан бири Драган Чераннинг ўзбек футболчилари ҳақида айтган гапини келтириб ўтмоқчиман: "Ўзбекларда мақсад йўқ, тез таслим бўлишади ва катта баҳслардан қўрқишади".
Афсуски, шундай.
Фикрлар