Бу ерда ким ортиқча? "Реал Мадрид"ни қандай трансфер ойнаси кутмоқда?
24 апр 2020 00:15
Янгиликлар
Бу ерда ким ортиқча? "Реал Мадрид"ни қандай трансфер ойнаси кутмоқда?
Уёғига яна бир кўз очиб-юмгунингизгача трансфер ойнаси очилади.
Пандемиядан кейин кўплаб клублар катта харидларни амалга ошира олишмаса керак. Топ клублар ҳам кимнидир олишдан аввал, керакмас футболчиларидан қутилишни ўйлаши турган гап.
Бугун сиз билан "Мадрид"даги тозалаш ишлари ҳақида гаплашамиз. Бутун дунё бўйлаб клублар футболчилари билан келишиб, ойлик маошларни қисқартиришмоқда. "Реал" ҳам шу каби келишувга эришди ва 28 - 56 миллион евро тежаб қолади.
"Реал"нинг 39 футболчиси бор (25 нафари асосий жамоада + 14 ижарага бериб юборилганлар). Уларнинг учдан бири ёзда (ёки трансфер ойнаси қачон очилса, ўшанда) "Реал" билан хайрлашади. Сабаби, "Қироллик клуби"нинг ҳам молиявий имкониятларининг маълум чегараси бор ва ойлик маошларга сарфланаётган маблағ бошқариб турилмаса, барчаси жуда ёмон оқибатларга олиб келиши ҳеч гап эмас. "Қаймоқранглилар" биринчи навбатда кимларга чиқиш эшигини кўрсатади?
"Мадрид"да ким ортиқча?
Гарет Бэйл (Уэльс)
Жуда катта маош олиб, жуда кам фойдаси тегаётган Бэйл — хайрлашиш учун биринчи рақамли номзод ҳисоланади. Вазиятни яқинда Гарет айтган сўзлари ҳам ўзгартира олмаса керак. Уэльслик футболчи Зидан билан келишмовчиликни унутиб, асосий таркиб учун астойдил курашиш ниятидалигини билдирган. Бироқ энди кечдек. Қанот футболчилари етарли, бўш жой йўқ. Умуман олганда, Гарет 2022 йилгача амал қилувчи шартномаси борлигини рўкач қилиб, охиргача ҳаракат қилса ажабмас. Сабаби, ўзи шундоқ ҳам катта маош олувчи Бэйлга буёғига молиявий қийинчиликлар ичидаги бошқа бир жамоа ҳозирги ойлигини ҳам бериши даргумон.
Хамес Родригес (Колумбия)
Колумбиялик Бэйл билан "ким биринчи кетиш" бўйича мусобақалаша олиши мумкин бўлган кам сонли ўйинчилардан. Ярим ҳимоячи Зидан билан тил топиша олмагани сабаб, 2017 йил "Бавария"га икки йилга ижарага бериб юборилганди. "Реал" Хамесни Германиядан қайтиши биланоқ сотиб юборса ҳам бўларди, лекин Родригес ўзининг энг яхши спорт формасидаги вақтларини эслатувчи "соя" бўлиш учун Испания пойтахтида қолди. Яқинда колумбияликнинг шартномаси якунига етиши жараённи янада тезлашишига сабаб бўлади.
Марсело (Бразилия)
Марсело — ўта иқтидорли футболчи ва жамоа мухлислари ёқимтойи. Аммо унинг маоши ҳозирги ўрнига тўғри келмаяпти: ёши анча ўтиб қолган бразилиялик иккинчи мавсум рақобатни бой бермоқда — аввалига Регилон, кейин Менди. Агар "Ювентус" чиндан Марселони олиб кетмоқчи бўлса, рози бўлавериш керак. Қўшимчасига, ушбу позицияга футболчи ҳам қидириб ўтириш шарт эмас: Менди бор, "Севилья"да ўйин амалиётига эга бўлган Регилон қайтади. Масаланинг фақатгина бир томони кишини ўйлантиради: шунча йил клуб равнақи йўлида хизмат қилган футболчи билан бу каби хайрлашиш қанчалик тўғри бўларкин? Энди клуб бироз сабр қилиб, жингалак сочни меҳнатига яраша кузатиб қўядими, ёки "ҳозирги футбол - бизнес" дея, харидор чиқиб турганда сотиб юборадими?
Мариано Диас (Доминикан Республикаси)
Мариано бутун мавсум захирада ўтирди ва бирдан "Эл Класико"да майдонга тушиб, 50 сонияда "Барселона" дарвозасини ишғол қилди, рекорд қайд этди. Ёрқин эпизод, аммо биргина эпизод ҳолос. Майдонга тушиш деярли насиб қилмаётган форвард "Реал"га ҳозирги вазиятда қанчалик керак?
Брахим Диас (Испания)
"Реал Мадрид"да Диасга берилаётган ўйин амалиёти шунчалик озки, баъзан мухлислар жамоада шундай футболчи борлигини эсдан чиқариб қўйишмоқда. Футболчининг ҳали жуда ёшлиги бу ерда баҳона бўла олмайди. Сабаби 19 ёшли Винисиус ва Родриго ундан анча кўп ўйнашмоқда, Брахим ҳозир 20 ёшда. Катта эҳтимол билан Диасни ижарага саёҳат кутмоқда. Шартномаси 2025 йилгача амал қиладиган ёш иқтидорни ҳозир сотиб юбориш унчалик фойдали қарор бўлмайди. Унинг "қаймоқранглилар"га ҳали кўп фойдаси тегиши мумкин, лекин ҳозир эмас.
Лукас Васкес (Испания)
"Реал" тарбияланувчиси, яхши футболчи, лекин "Реал"да ҳозир вингерлар шунчалик кўпки, кимнидир ҳеч ўйланмай сотиб юбориш мумкин. Васкесга ҳурмат сақлаган ҳолда шуни айтиш мумкинки, рақобатчилари ичида у энг иқтидорлиси эмас. Келаси мавсумдан Винисиус ва Родриго янада яхшироқ ўйнаши кутилмоқда, Асенсионинг қайтиши, Азарнинг ниҳоят янги муҳитга мослашиб кетиши, универсал Иско ва янги келган Рейньер. Бразилиялик яна бир иқтидор соҳибини ҳам машғулотда югуриб юриши учун сотиб олинмагани аниқ.
Лука Йович (Сербия)
Сербиялик футболчи ҳам Карим Бензема соясидан чиқа олмади. Тўғри бу иш не не ҳужумчиларнинг қўлидан келмаган, аммо Лука ўйин бўйича ҳам, майдондан ташқаридаги ғалати ишлари билан ҳам вазиятни ўз томонига оғдира олмаяпти. Ҳужумчи ёш, лекин "Реал"га ҳозирнинг ўзида голлар урадиган ҳужумчи керак. Айтишларича, сербияликка Англиядан қизиқиш бор. Агар Перес Холанд ёки Мбаппедан бирини яқин вақтлар ичида сотиб олишига ишониши учун кичик бир факт пайдо бўлса, Лука ортиқча иккиланишларсиз сотиб юборилади.
Лука Модрич (Хорватия) ёки Иско (Испания)
Ушбу жуфтликдан бир вакил ҳам жамоани тарк этиши мумкин. Иско вазиятдан келиб чиқиб, турли нуқталарда эмас, мунтазам асосий таркибдан ўрин олишни хоҳлайди. Вальверде "очилгач", Модрич аксарият ўйинларда захирада қолиб кетишни бошлади. Мавсум якаунлангач эса яна Эдегор қайтиши кутилмоқда. Ким билади дейсиз, Зидан балки Рейньердан ҳам ўзига хос плеймекер ролида фойдалиниши мумкин. Бу эса рақобатни янада оширади. Бундай вазиятда қанчалик ақлли ўйин намойиш қилмасин, бу икки футболчининг биридан воз кечишга тўғри келади.
Ижарадагилар бўйича вазият қандай?
Айтиб ўтганимиздек, "Реал"нинг 14 футболчиси ижара асосида бошқа клубларда тўп тепмоқда. Улардан 3 нафари янги мавсумни Зидан қўл остида бошлаш эҳтимоли юқори: гап Ашраф Хакими (Дортмунднинг "Боруссия"си), Мартин Эдегор ("Реал Сосьедад") ва Серхио Регилон ("Севилья"). Кимдир яна ижарага йўл олади, аммо баъзиларни "Қироллик клуби" сотиб юбориши мумкин.
Люка Зидан (Франция) ва Андрей Лунин (Украина)
"Реал"нинг бир йўла икки дарвозабони ижарада. Бир қарашда, мавсум якунида Ареоля ижараси тугаб, ПСЖга қайтиб кетади ва Тибо Куртуага ўринбосар керак бўладигандек эди. Аммо улар "Реал"да иккинчи посбон ролига ҳам тортишармикин деган савол туғилмоқда. Люка шартномаси якунланмоқда ва бошқа клубга кетса ажабмас. Ҳа, Зиданнинг ўғли "Расинг" таркибида мунтазам майдонга тушмоқда, аммо жамоа Сегундада охирги поғонани эгаллаб турибди. Лунин ҳам "Овьедо"да асосий таркибга кира олмади. Украиналикнинг амалдаги шартномаси 2024 йилгача мўлжалланган ва Андрей ҳали яна бир имкониятга эга бўлса керак, лекин асосий жамоада ўрин олиши қийин масала.
Дани Себальос (Испания)
Мавсум бошида "Арсенал"га Унаи Эмери таклифи билан йўл олган Дани ўйинни ёмон бошламади, лекин кейинчалик захирага ўтириб қолди. Артета келгач ҳам вазият кескин ўзгармагандек. "Реал"да ҳам Себальосга жой топилмаса керак. Ярим ҳимоячига қизиққанлар йўқ эмас ва трансфер ойнаси даврида у ҳам Мадридга қайтмаса керак.
Альваро Одриосола (Испания)
Оптимист Альваро ҳали "Реал"да унинг ҳам вақти келишига ишонишини айтиб ўтди, аммо... Ҳамма орзулар ҳам ушалавермайди. Одриосола бир ярим йил давомида таркибдан муқим жой эгаллай олмади ва келаси мавсум "Реал"га Дани Карвахаль билан ҳам рақобатлашишга тайёр Ашраф Хакими қайтиши мумкинлигини инобатга олсак, Одриосола ўнг қанот учун курашда учинчи — ортиқча одам бўлиб қолмоқда.
Номи тилга олинган футболчилардан ташқари, "Реал" яна Хесус Вальехо, Хави Санчес, Хорхе де Фрутос ва Борха Майораль билан ҳам буткул хайрлашиши мумкин. Уларнинг бари 22 ёшдан ўтган ва асосий жамоага "тортмаяпти". Улардан ёшроқ бўлган Кубо ва Оскар каби футболчилар эса яна ижарада ўз устида ишлаб, "Реал" ҳақида орзу қилишда давом этади.
Омонжон Тўхтамирзаев тайёрлади
Фикрлар