UZ

Сўнгги янгиликлар

00:57Энцо Мареска: "95-дақиқада гол ўтказиб юбориш ёқимсиз"  0 00:28АПЛ. Бруну қизил олган, Онана бурчакдан гол ўтказиб юборган учрашувда МЮ "бўрилар"га мағлуб бўлди  17 00:04АПЛ. "Ливерпуль" - "Лестер". Асосий таркиблар маълум!  4 23:52"Барселона"нинг ёздаги илк трансфери ким бўлади?  3 23:10"Фулхэм" сўнгги марта "Челси" майдонида қачон ғалабага эришганди?  3 22:49"Бухоро-W" қизлари Қозоғистон жамоасига қарши ўртоқлик ўйини ўтказди  4 22:12МТРК учун футбол мусобақаларини ёритишга мослашган КТС сотиб олинади  12 21:57ДАҲШАТ! "Фулхэм" дербида "Стэмфорд Бриж"да ғалабага эришди!  29 21:34АПЛ. "Вулверхэмптон" - "Манчестер Юнайтед" баҳси асосий таркиблар маълум!  28 21:09"Манчестер Сити"да нохуш статистикалар  2 20:52Пеп Гвардиола: "Бизда ҳозир шундай даврки..."  9 20:19Аканжи: "Адолатсиз натижа"  6 19:56Моуриньюнинг "Фенербахче"си Абдуқодир Ҳусанов бўйича таклиф билан чиқмоқчи  32 19:32"ФарДУ" клубида мавсум якунларига бағишланган тақдирлаш маросими ўтказилди  2 19:24Муваффақиятсизлик давом этади: "Манчестер Сити" бу сафар ўз уйида "Эвертон" билан дуранг ўйнади, Холанд пенальтидан гол ура олмади  33

Боян Миладинович: “Ўзбекистонда “Пахтакор”дан бошқа жамоа шарафини ҳимоя қилмайман” Янгиликлар

Боян Миладинович: “Ўзбекистонда “Пахтакор”дан бошқа жамоа шарафини ҳимоя қилмайман”

Бир вақтлар Тошкентнинг “Пахтакор” жамоасида сербиялик Боян Миладинович узоқ муддат фаолият олиб борганидан барчанинг хабари бор.

Боян “шерлар” сафида олти йил фаолият олиб борган. Сербиялик ҳимоячи 2014 йили “Пахтакор” жамоаси билан шартномаси якунига етганидан сўнг, Малайзиянинг “Фелда Юнайтед” жамоасига кўчиб ўтган ва  у ерда бир йил фаолият олиб борган. 2016 йили Боян ватанига қайтган ва “Напредак” жамоасида 2016 йилдан буён фаолият олиб бормоқда. Биз “Пахтакор” жамоасининг собиқ футболчиси Боян Миладинович билан боғланиб “шерлар” таркибида ўтказган дамлари ва фаолияти борасида суҳбатлашдик.

Ассалому алейкум, Боян ишларингиз яхшими?

- Ваалейкум ассалом, раҳмат яхши, айни дамда “Напредак” жамоаси сафида машғулот ўтказяпман.

“Напредак” жамоаси ҳақида гапириб берсангиз?

- "Напредак” жамоаси Сербия чемпионатининг Суперлигасида иштирок этади.  Мен футболчлик фаолиятимни мана шу клубда бошлаганман. Фаолиятимни айнан “Напредак”да якунлашни хоҳлайман.

“Пахтакор”ни соғиндингизми?

- Албатта соғиндим. Мен “Пахтакор” жамоаси шарафини олти йил ҳимоя қилдим. Футболчилигимдаги энг ёрқин дамларим “Пахтакор” билан ўтган.


“Пахтакор” жамоасидаги фаолиятингиз ҳамон ёдингизда бўлса керак?

- “Пахтакор” клуби бой тарихга эга бўлган Ўзбекистоннинг энг кучли жамоаларидан бири. Мен у “шерлар” таркибида биринчи легионер сардор бўлганман. Ҳар дойим “Пахтакор” ва Ўзбекистонни эслайман. Ватанингиз менинг иккинчи уйим бўлиб қолган. Насиб қилса албатта Ўзбекистонга қайтаман. Футболдаги фаолиятимни якунлаганимдан сўнг, мураббий бўлмоқчиман. Насиб қилса келажакда “Пахтакор”да ишлашни истайман.

“Пахтакор” ҳақидаги янгиликларни кузатиб боряпсизми?

- Албатта, кузатиб боряпман. “Пахтакор” ўсиб бораётганидан хурсандман. Бу йил “шерлар” чемпион бўлишини ва келаси йили ОЧЛ мусобақасида омадли иштирок этишни тилаб қоламан. Ҳозир “Пахтакор”га янги раҳбарият келган. Янги раҳбарлар “Пахтакор”ни ривожлантиришмоқда ва “шерлар”ни Осиёда энг кучли жамоа қилиб шаклллантиришга ҳаракат қилишмоқда.

Айни дамда “Пахтакор”да Шота Арвеладзе бош мураббий бўлиб ишламоқда. Арвеладзе ҳақида нималарни биласиз?

- Арвеладзе жуда ҳам яхши мутахассислигини биламан. Шота Арвеладзе ўз вақтида кучли футболчи бўлган. Мураббийлик соҳасида ҳам яхши натижаларни кўрсатмоқда. Шота Арвеладзе “Пахтакор”ни яхши даражага олиб чиқади.

Биламизки сиз “Пахтакор” билан ОЧЛ мусобақасида кўп бор иштирок этгансиз. Бу йил “Пахтакор”  ОЧЛ гуруҳ босқичига чиқа олмади. Бунга қандай фикр билдира оласиз?

- “Пахтакор” сафида ОЧЛ мусобақасида кўп бор иштирок этганман. Мен бундан фахрланаман. “Пахтакор” ОЧЛ гуруҳ босқичига чиқа олмаганини эшитдим. Ўша ўйинда собиқ жамоамни шунчаки омади келмади. ОЧЛ мусобақасидаги ҳар бир учрашув қийин, сафардаги ўйинлар ундан ҳам қийинроқ. Мени фикримча, ОФК бундай тизимни ўзгартириши керак. Плей-офф босқичини иккита ўйиндан иборат қилиб қўйиши керак. Яъни уй ва сафар учрашувлари. “Пахтакор”нинг жуда ҳам зўр мухлислари бор. Мухлислар “шерлар”нинг ўн иккинчи ўйинчиси бўлиб қўллаб-қувватлаб туришади. Уйда ўйнаган жамоа учун ҳар доим осон бўлади. Бу йил ОЧЛда “Пахтакор”га омад келмади. Лекин келаси йили ОЧЛ мусобақаси гуруҳ босқичида Ўзбекистон чемпиони бўлиб иштирок этишади. Мен бунга ишонаман ва уларга омад тилайман.


Ўтган йили Александр Волков “Навбаҳор” бош мураббий бўлганди ва сизни жамоага таклиф қилганди. Нима учун трансфер амалга ошмай қолганди?

- Ҳа, Александр Волков мени “Навбаҳор”га таклиф қилганди. Волков ажойиб инсон ва яхши мураббий. У “Навбаҳор”га бош мураббий бўлганида мени жамоага таклиф қилганди. Лекин мен ўз оилам билан ватанимда қолишни маъқул кўрдим ва шартномани қабул қилмадим. Энг асосийси оиламни Сербияда ёлғиз қолдиришни истамадим. Мени жамоага таклиф қилгани учун Александр Волковга раҳмат айтаман.

Тасаввур қилинг, агарда сизга “Бунёдкор” ёки “Локомотив” жамоасидан таклиф бўлса, қайси бирини танлаган бўлардингиз?

- Йўқ. Мен Ўзбекистонда фақат “Пахтакор” шарафини ҳимоя қилишим мумкин. “Пахтакор” жамоаси сафида фаолият олиб борган пайтимда, Ўзбекистоннинг бошқа жамоаларидан таклифлар бўлган. Мен таклифларни қабул қилмаганман ва “Пахтакор”дан кетишни истамаганман. 2014 йили “Пахтакор”даги сўнги мавсумим бўлган. Шу йили, Ўзбекистон чемпиони деган номга сазовор бўлдим ва клуб раҳбарияти жамоада қолишимни хоҳлаганди. Лекин, менга Малайзия чемпионатида иштирок этувчи “Фелда Юнайтед” жамоасидан яхши таклиф бўлди. Шундай қилиб “Фелда Юнайтед” билан бир йиллик шартнома имзоладим. Сербияга қайтиб бориб, оилам билан бирга бўлишни жуда ҳам истардим.


“Пахтакор” сафидаги илк ўйинингизни эслай оласизми?

- Албатта, эслай оламан. “Пахтакор” сафидаги илк учрашувимни Тошкентда “Бухоро” жамоасига қарши ўтказганман. Ушбу баҳсда рақиблар дарвозасини ишғол қилганман. “Пахтакор” сафидаги дебют учрашувимда гол урганимдан жуда ҳам хурсанд бўлганман. Ушбу ўйинда биз 3:0 ҳисобида ғалаба қозонганмиз. Бу баҳс 2009 йили бўлиб ўтганди.

“Пахтакор” жамоасида қанча маош олганингизни айта оласизми, агарда сир бўлмаса?

- Ҳар йили ҳар хил маош олардим. Мен олаётган маошимдан қониқиш ҳосил қилганман. Қанча маош олганимни эса айта олмайман. Футболчилар қанча маош олишларини сир тутишини мендан кўра яхшироқ биласиз (кулиб).

Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун ўйнаш истагингиз борлигини ОАВда айтгандингиз. Нима учун ниятингиз амалга ошмай қолган?

- Ҳа, мен Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун ўйнамоқчи бўлганман. Ўшанда ниятим амалга ошмай қолганди. Ўзбекистон миллий терма жамоасида фаолият олиб боришим учун мен Ўзбекистон фуқаролигини олишим кераклигини айтишганди. Терма жамоада ўйнашим учун ФИФА ватанингизда 5 йил футбол ўйнашим кераклигини ва шундагина Ўзбекистон терма жамоасида ўйнай олишимни айтганди. Афсуски бундай бўлмади. Бу ҳаётимдаги энг афсусланарли ҳолат бўлган. Бундай бўлмаганидан ҳар доим афсусланаман.


Ўзбекистон миллий терма жамоасига Темур Кападзе вақтинчалик бош мураббий бўлганидан хабарингиз борми?

- Кападзеееееее? Бу қувонарли ҳолат-ку! Кападзе жуда ҳам ажойиб инсон. Мен у билан илиқ муносабатдаман. Ўзбекистон миллий терма жамоасига вақтинчалик бош мураббий бўлганидан хурсандман. Кападзенинг ишларида омад ва зафарлар тилаб қоламан. Кейинги сафар Ўзбекистон миллий терма жамоаси жаҳон чемпионатига боришини тилаб қоламан.

Футболчилик фаолиятингизни якунлаганингиздан сўнг мураббий бўлишингизни айтиб ўтдингиз. Мураббийлик лицензиясини олдингизми?

- Албатта, ҳозирча менда “B” лицензияси бор. “А” ва “PRO”лицензияларини қўлга киритиш учун секин-аста ишлашда давом этаман. Орадан 2-3 йил ўтгач бу ишни амалга ошираман.

Ҳозир ҳам эски жамоадошларингиз билан суҳбатлашиб турасизми?

- Албатта, суҳбатлашиб тураман. Собиқ жамоадошларим билан яхши муносабатдаман. Биз ҳар доим алоқадамиз. Мисол учун, Одил Аҳмедов, Фарҳод ва Камолиддин Тожиев, Илҳом Суюнов, Станислав Андреев, Кахи Махарадзе, Игнатий Нестеров, Владимир Козак, Жамшид Искандеров, Александр Гейнрих, Акбар Исматуллаев, Александр Мерзляков, Баҳодир Пардаев ва Дилшод Шарофетдинов билан доим суҳбатлашиб турамиз. Улар менинг дўстларим, акаларим ва иккинчи оилам бўлиб бўлиб қолишган.

“Бунёдкор”га қарши учрашувлар ёдингизда бўлса керак?

- “Бунёдкор”га қарши ҳар доим кучли ўйин бўлган. Ўша пайтлар “Бунёдкор” таркибида Ривалдо, Жепаров, Кападзе, Хайрулла Каримов ва бир қатор кучли футболчилар тўп тепишарди. Биринчи дербида биз 1:2 ҳисобида мағлубиятга учраганмиз. Иккинчи дербида эса Ўзбекистон кубоги финал босқичида тўқнаш келганмиз. Ўшанда барча “Пахтакор” мағлубиятга учрайди, деб ўйлаганди. Лекин, биз “қалдирғочлар”ни 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратганмиз ва бош совринни қўлга киритганмиз. Бу воқеа 2009 йили содир бўлганди. Ўшанда “Бунёдкор”ни Луиз Фелипе Сколари бошқарарди. “Бунёдкор”га қарши ҳар сафар шиддатли жанг бўларди.

- Паловни соғиндингизми?

- Албатта, соғиндим. Охирги бор 2014 йили танаввул қилганман. Палов менга жуда ҳам ёқади, паловни жуда ҳам соғиндим.

- Палов тайёрлашни ўрганганмисиз?

- Йўқ, палов тайёрлашни билмайман. Бу шунчаки осон иш эмас.

- Агарда палов танаввул қилгингиз келса нима қиласиз?

- Бу жуда оддий. Шунчаки гуручни қайнатаман, қўй гўштини қовуриб иккаласини аралаштираманда палов деб тасаввур қилиб танаввул қилавераман (кулиб). Умид қиламанки, тез орада Ўзбекистонга бориб у ерда тўйиб палов истеъмол қиламан.

- Қачон Ўзбекистонга келасиз?

- Менимча шу йилнинг охирида. Ноябрь ёки декабрь ойларида борсам керак.

- Сиз учун фаолиятингизда энг яхши жамоа қайси?

- “Пахтакор”, бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади.

- Фаолиятингизни қачон якунлашни режалаштиряпсиз?

- Узоғи билан яна бир ярим йил футбол ўйнасам керак. Шундан сўнг бутсаларимни михга иламан.

- “Пахтакор” жамоаси билан хайрлашув учрашувини ўтказиш ҳақида ўйламаяпсизми?

- Билмайман, бу ҳақида ўйлаб ҳам кўрмадим. Ўйлайманки хайрлашув учрашувимни “Напредак” жамоасида ўтказаман. Чунки, мен футбол ўйнашни мана шу жамоада бошлаганман ва шу ерда якунлайман.

- Демак, Тошкентга футболчи сифатида ташриф буюрмас экансизда?

- Менимча йўқ. “Пахтакор” учун бироз қарилик қиламан. Бошқа жамоалар сафида эса фаолият юритишни истамайман.

- “Пахтакор” мухлислари учун нималар дея оласиз?

- “Пахтакор” жамоаси мухлисларига алангалик салом йўллайман. Улар доим менинг юрагимда қолади. Мени қўллаб-қувватлаб туришгани учун катта раҳмат айтаман.



Жаҳонгир Сотволдиев суҳбатлашди



Ушбу интервьюни championat.asia сайти таҳририяти рухсатисиз газета ёки журналлар чоп этиши тақиқланади.

Рейтинг: +70   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика