Илёс Зейтуллаев: “Кейинги мавсум мухлисларга янада яхши ғалабалар тақдим этишга ҳаракат қиламиз”

admin
9 ноя 2026, 17:31
Пролиганинг сўнгги 26-туридан ўрин олган “Пахтакор фарм” – “Каттақўрғон” (0:2) учрашувидан сўнг меҳмонлар устози Илёс Зейтуллаев матбуот анжуманида журналистлар саволларига жавоб берди.

— Илёс ака, учрашув ҳақидаги фикрларингиз... 

— Ўйин ҳақида нима ҳам дердим, вазифани бажардик. Психологик жиҳатдан нозик бўлган ўйинда ғалаба қозондик. Бошқа натижалар ҳам бизнинг фойдамизга ҳал бўлишига умид қилгандик, бироқ бундай бўлмади. Йигитлар ўз ишини бажаришди. Ҳозир якун ясаб, раҳбариятга “Каттақўрғон”дек клубда ишлаш имкониятини тақдим этгани учун миннатдорчилик билдираман. Бундай яхши чемпионатни ўтказиш осон эмас, раҳбариятга, шунингдек, яхши мавсум ўтказган йигитларга ва атрофда меҳнат қилган барчага катта раҳмат. Айниқса, уйда ҳам, сафарда ҳам қўллаб-қувватлаб келган “Каттақўрғон” мухлисларига алоҳида миннатдорчилик билдираман, чунки рости, ҳайратда қолдим.

— Илёс Зейтуллаевга Суперлига жамоаларидан қизиқишлар бўлаётгани айтилмоқда. Зейтуллаев кейинги мавсумда ҳам жамоада қоладими ёки…

 — Насиб қилса, қоламиз. Фақат раҳбариятнинг ўзи буни хоҳласа, албатта. Мен бу ерга клубга ёрдам бериш, бирон-бир мазмунли пойдевор қуриш учун келгандим. Тўғри, мендан ҳам аввал жамоада жуда яхши ишлар қилинганди. Шартномамиз 2027-йил охиригача мўлжалланган. Ҳозир натижаларни таҳлил қилиб, йигитлар ва раҳбарият билан кейинги йўналишни муҳокама қиламиз. Футбол жуда нозик соҳа, шунинг учун барчасини ўйлаб, кейинги мавсумда мухлисларга янада яхши ғалабалар туҳфа этишга ҳаракат қиламиз.

— Ильдар Маматказин, Даврон Ҳошимов каби тажрибали ўйинчиларнинг жисмоний ҳолати қандай? Уларнинг жамоада яна бир йил қолиш имкони борми? 

— Улар ажойиб мавсум ўтказишди. Ҳам Ильдар, ҳам сардор Даврон... Уларнинг жамоа бирлигидаги хизмати катта, бу уларнинг улкан меҳнати. Кейинги мавсум масаласига келсак, буни албатта раҳбарият ва мураббийлар штаби билан ўтириб, шартномалар якунига етгач муҳокама қиламиз ва бир қарорга келамиз.

Ўхшаш янгиликлар


adminМуаллиф
Манба: Championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›