BMB бразилиялик футзалчини таништирди
29 апр 2022 18:13
Янгиликлар
BMB бразилиялик футзалчини таништирди
Бу мавсум футзал бўйича Ўзбекистон биринчи лигасида иштирок этаётган жамоа дастлабки 3 тур якунларига кўра, 23 очко билан биринчи ўринни эгаллаб турибди. Бу жамоа ўтказган 9 ўйинда 91та гол уришнинг уддасидан чиқди ва бу борада қойил қолса арзийди.
BMB футзал клуби кучли таркибга эга бўлишига қарамай, раҳбарият жамоани янада кучайтириш мақсадида бразилиялик футзалчини таклиф этди. Тўлиқ исми Фернандо Родригес де Соуза бўлган футзалчи Латвиянинг "Рапид" футзал клубидан таклиф этилди. Бугун пойтахтимиздаги "Wyndham" меҳмонхонасида янги меҳмонни кенг оммага таништириш маросими ўтказилди.
Таништирув маросимидан олдин BMB футзал клуби асосчиси ҳамда президенти, BMB Trade Group компаниясининг Кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматқулов сўзга чиқиб шундай деди:
- Юртимизда спортни жуда севишади. Айниқса ҳар бир фуқаронинг мунтазам спорт билан шуғулланиши ва шу орқали ўз соғлиғига эътибор бериши муҳтарам Юртбошимиз томонидан бот-бот такрорланмоқда. Биз ҳам яхши ният билан ўтган йил BMB футзал клубини ташкил этдик ва бу йилдан биринчи лига баҳсларида иштирок этишни бошладик.
- Насиб қилса, шу йилнинг ўзидаёқ олий лига йўлланмасини қўлга киритиб, келаси йил Ўзбекистон чемпиони бўлиш вазифасини қўямиз. Мен ўзим ҳам футбол ва футзални жуда севаман. Ҳафтада икки-уч марта бўш вақт бўлди дегунча йиғилиб тўп тепиб турамиз.
- Ўйлайманки, BMB футзал клуби Ўзбекистонда футзал ривожи учун муносиб ҳисса қўшади. Таркибни янада кучайтириш мақсадида бразилиялик легионерни таклиф этдик. Бундай трансферни футзал клублари орасида биринчи бўлиб амалга оширганимиздан хурсандмиз".
Шундан сўнг Фернандо Родригес де Соузанинг BMB футзал клуби билан шартнома имзолаш маросими ўтказилди. Шамтнома имзолаб бўлингач, клуб раҳбари Бекзод Маматқулов янги футзалчига 20-рақамли либосни топширди. Бугунги анжуманда BMB футзал клуби раҳбарияти билан биргаликда жамоа аъзолари, ЎФА ва ПФЛ ходимлари, шунингдек ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Таништирув маросимидан сўнг бразилиялик футзалчи журналистларга интервью берар экан, Ўзбекистонга фақат юқори мақсадларни кўзлаб ташриф буюрганини айтиб ўтди ва BMB футзал клубидаги ўйинлари орқали тез орада мухлислар ишончини қозонишга ҳаракат қилишини билдирди.
Х.Холиқов.
Фикрлар