UZ

Сўнгги янгиликлар

08:30Расман: «Қизилқум»ни яна 4 нафар футболчи тарк этди  0 08:06Суперлигада ўйнашга даъвогар «Хоразм»га «Локомотив» футболчиси ўтишга яқин  0 07:42А Серия. «Интер»да ғалаба, «Фиорентина» мағлуб бўлди  0 01:47МЮ босслари Рэшфордни таркибдан чиқариб юборган Аморимга босим ўтказишадми?  8 00:57"Арсенал"дагилар ҳавотирда  1 00:18"Интер" - "Комо". Таркиблар билан танишинг  0 00:01Зидан фақат иккита жамоани бошқариши мумкин  6 23:31ОКМК Дубайда Россиянинг икки клуби билан ўйнайди  0 22:43Роналду: "Қайси биринг Мессини мендан кучлироқ дединг?"  13 22:23Тозалик инспекторлари МЮ стадиони баҳосини 4дан 2га туширди. Нега?  4 21:18Расман: "Навбаҳор" африкалик футболчини ўз сафига қўшиб олди  14 21:00Ҳисобда акс этмаган — осон ғалаба! "Реал" - "Севилья" учрашуви таҳлили  5 20:41Умтитининг фаолияти хавф остида  5 20:19"Тоттенхэм" ҳужум чизиғини "Вулверхэмптон" вакили билан кучайтирмоқчи  0 19:56Раҳмоналиевнинг агенти футболчининг "Рубин"дан кетиши ҳақидаги хабарларга изоҳ берди  2

Бизни тўнаётганларга тўн кийдиряпмизми? championat.asia Морьентеснинг ташрифига боғлиқ катта суриштирув ўтказди Янгиликлар

Бизни тўнаётганларга тўн кийдиряпмизми? championat.asia Морьентеснинг ташрифига боғлиқ катта суриштирув ўтказди

Куни кеча юртимизга “Реал Мадрид” собиқ футболчиси Фернандо Морьентес ташриф буюрди.

Яқин тарихнинг кучли футболчиси Морьентеснинг ташрифи футбол мухлисларининг катта қизиқишига сабаб бўлгани аниқ. Ушбу ташрифнинг ташаббускори ўтган йили юртимизнинг “Оқ-тепа” клубига келган, Испаниянинг “Расинг Мурсия” клуби президенти, “Genova International School of Soccer” академияси раҳбари Моррис Паньелло ҳисобланади. Жаноб Паньелло Морьентеснинг ташрифини ташкиллаштириш мақсадида Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчихонасида учрашув ўтказади. Шундан сўнг, Миллий Олимпия қўмитаси билан музокара ўтказилади. Моррис Паньеллонинг ўзи эса ЎФА расмийлари билан ҳам учрашув ўтказгани ҳақида ёзади ва расм жойлади. Юртимизнинг энг илғор телеканалларидан бири УзРепорт ТВ ҳам “Genova International School of Soccer” билан ҳамкорлик меморандуми имзолади.

Моррис Паньеллонинг шахси бизда жуда катта қизиқиш уйғотди. Албатта, юртимиз футболига бефарқ бўлмаган инсонлар кимни ҳам қизиқтирмайди дейсиз. Интернет тармоғида Моррис Паньелло ҳақида маълумот излар эканмиз, жуда ғалати, шу билан бирга ўзбек футболига жон куйдирувчи ҳар бир инсонни шокка туширувчи маълумотларга дуч келдик. Испаниянинг жуда кўп нашрлари, аниқроғи, "Marca", "ElMundo", "El Economista" ва яна кўплаб нашрлар қаҳрамонимизни жуда яхши билишар экан. Жумладан, Испаниянинг обрўли ва шу билан бирга ишончли ОАВ ларидан бири бўлган "El Сonfidential" нашри Моррис Паньелло ва унинг бизнес схемалари ҳақида жуда катта журналистик суриштирув ўтказгани маълум бўлди. Мақолада Моррис Паньеллонинг қандай қилиб қуйи лигалардаги клублар қошида "академиялар" ташкил қилиб, клубда ўз "академия"си ўқувчиларини ўйнатиши, бунинг эвазига футболчилардан пул олиб, клубларга тўлаши (ҳар доим ҳам эмас) ҳақида сўз боради.

Қуйида ушбу мақолани сизга ўзбек тилида тақдим қилиш билан бирга, ҳаммаси тушунарли бўлиши учун изоҳ ва қўшимчалар бериб борамиз. Бошладик:

Ушбу суратга диққат билан эътибор беринг, бу “Райо Вальекано C” жамоасининг ўйинларидан биридан олинган сурат.

Бу 38 ёшли Димитрий Кольцов, фаолиятининг асосий қисмини Италиянинг қуйи лигаларида ўтказган украиналик футболчи. Димитрийнинг бу ўйинда ўйнашига сабаб бошқа футболчининг йўқлиги билан изоҳланган. 

Қўшимча: Мана бу расмга нима дейсиз? Суратда белгиланган инсон бу ўша  Димитрий Кольцов. Қаҳрамонимиз ҳам Тошкентда эканлар. Ҳа, украиналик футболчи "Генова" халқаро футбол мактаби ходими ҳисобланади. Агар сизга қизиқ бўлса, ушбу суратдаги қора танли инсон Эдвин Конго - "Реал"нинг собиқ ўйинчиси. У ўз вақтида гиёҳванд моддалар савдоси билан айбланиб қамоққа олинган:


Аслида эса гап бошқа жойда. “Райо Вальекано C” жамоаси ва "Genova International School of Soccer" ташкилоти футболдан кўра бизнесга яқинроқ бўлган лойиҳа ҳисобланади. Келинг тушунтиришга ҳаракат қиламиз. “Райо” аёллар жамоаси ўзининг "Реал Мадрид" клубига қарши ўйинига янги ҳамкорлар, яъни "Genova International School of Soccer” номи туширилган формада тушиб келади. Бу кўпчиликни ҳайрон қолдиради. Сабаби, “Райо”нинг аёллар жамоасининг ўйинлари трансляция қилинмас, стадионда ҳам жуда кўп мухлис йиғилмасди. 

“Райо Вальекано”нинг расмий бўлмаган манбаалари бу масалага қуйидагича изоҳ беришган: "Бу ҳамкорлик шартномаси эмас, аксинча "Райо C" жамоаси "Genova International School of Soccer” тарбияланувчиларининг шуғулланиши учун жой вазифасини бажаради. Бу икки томон учун қулай иш. "Райо" учинчи клубининг маош ҳаражатларини қисқартиради, шу билан бирга "Райо Б"нинг асосий ўйинчилари кадр етишмаслиги туфайли учинчи жамоа учун ўйнаши ҳам шарт бўлмайди". Расмий равишда эса бирор изоҳ берилмаган.

Қўшимча: Модомики, тасодифлар ёки ўхшашликлар ҳақида гапирар эканмиз, "Оқ-тепа" клуби формаларида ҳам "Genova International School of Soccer” ёзуви бор. Мухлислар? Трансляциялар? Суперлигамиз трансляциялари орқали реклама беришнинг "мафтункорлиги" ҳамин қадар бўлиб турган бир пайтда Про-Лига клубидаги бундай ишлар одамни "қувонтиради" албатта. Мақолада давом этамиз:


"Райо С" ни захира ўриндиғидан Антонио Амайя бошқариб боради. Бу инсон келишилган ўйинлардаги иштироки билан футбол оммасига таниш эди.

Амайя "Бетис"да ўйнаб юрган пайтларида, 2013-2014 йилги мавсумнинг 37-38 тур доирасида "Реал Вальядолид" ва "Осасуна" жамоаларига қарши ўйиннинг натижасини олдиндан келишгани учун "Бетис" клуби 650.000 доллар миқдорида пора олгани тасдиқланади. Асосий айбдорлар орасида Антонио Амайя ҳам бўлади ва бир йилга озодликдан маҳрум қилинади.

Ҳаммаси фақат фото учун

"Genova International School of Soccer”нинг бизнес схемаси қуйидагича: Улар ёш футболчилардан пул олишади, ушбу пулнинг маълум бир қисмини клубларга ўз тарбияланувчилари айнан ушбу клуб инфратузилмасидан фойдаланганлиги учун тўлаб беришади. Қолган пул эса чўнтакка.  "Генова" шартнома имзолаган клублари қошида ўзининг кичикроқ филиалини очади ва бу тузилма фақат ўзларининг тарбияланувчиларига хизмат кўрсатади. "Генова халқаро футбол мактаби" ўқувчилари асосан Австралия, АҚШ ва араб мамлакатларидан келтирилган бўлиб, улар қуйи лигаларда ўйнаш учун "Генова"га ойига ўртача 2500 евро миқдорида пул тўлаб туришади

 Улар бу давлатлардан футболчиларни жалб қилиш учун Роберто Карлос, Фернандо Морьентес, Валтер Пандиани, Женаро Гаттузо ва Тим Кэхилл каби машҳур ўйинчилардан фойдаланишади. Бу машҳур футболчилар "ташриф қоғози" вазифасини ўташади ва ўзаро ишонч учун хизмат қилишади.

Тушунтириш: Машҳур футболчиларнинг кетма-кетлиги сизга ниманидир эслатмаяптими? Роберто Карлос, Фернандо Морьентес... Бу мақола Ўзбекистондан бехабар ҳолда ёзилган ва ушбу мақола ёзилганда Морьентеснинг ташрифи ҳақида ҳеч қандай гап-сўз ҳам йўқ эди.  Биз бу билан Роберто Карлоснинг Тошкентга бўлган ташрифини шубҳа остига қўймоқчи эмасмиз. Балки, буларнинг барчаси тасодифдир, буниси бизга қоронғу. Қувонтирадиган нарса шундан иборатки, кейинги йил Ўзбекистонга кимлар келиши мумкинлиги ҳақида бизда ажойиб вариантлар бўлиши мумкин.  Мақолада давом этамиз:

Номи сир қолишини хоҳлаган испан клубларидан бирининг раҳбари "Генова" ҳақида шундай дейди: "Бу компания бизни футболчилар билан таъминлашдан ташқари, улар учун бизга пул тўлашади. Қўпол қилиб айтганда, улар ёшлардан пул олиб, бизга тўлашади".

Бу "Генова" учун зўр келишув. Ахир уларнинг бирорта шахсий тузилма ва спорт иншоотлари йўқ.

Футболчиларнинг "Genova International School of Soccer”дан Европадаги клубларга ўтиши ҳақидаги гаплар шунчаки рўё. Футболчилар нари борса "Генова"нинг бир филиалидан бошқа бир филиалига ўтиши мумкин. Футболчилар охир-оқибат ўз мамлакатларига қайтишга мажбур бўлишади.

Бу халқаро футбол мактаби, ўзининг фаолияти давомида фақат уч мартагина омадга эришган, улар ҳам жуда шубҳали тарзда. Биринчиси 22 ёшли Рено Пископо. У ҳозир Австралиянинг "Веллингтон Феникс" жамоасида ўйнайди. "Интер" ва "Турин" клублари қошидаги "Генова"нинг филиалларида уч йил давомида бор-йўғи 18 ўйинда қатнашган футболчи, охир-оқибат ўз клубини топади. Шу билан бирга, у беш йил давомида 150000 евро сарфлаганини ҳам ҳисобга олиш лозим.

Иккинчи қаҳрамонимиз Жонатан Алкорас. У ўн йил вақтини айнан шу академияда ўтказади ва "Генова" билан шартномаси бўлган клублар орасида бўзчининг мокисидек бориб келади. "Генова" бу йигитнинг "Парма" клубига ўтганини таъкидлайди. Аммо, реалликда эса бу йигитнинг манзили Португалиянинг иккинчи дивизионда ўйнайдиган одми бир клуби бўлади. Ҳозир Алкорас жамоасиз, у 23 ёшда.

"Генова халқаро спорт мактаби"ни судга берганлар ҳам талайгина. Австралия ва хорватиялик оила академияга ўғлининг ўқиши учун умумий ҳисобда 100000 евро тўлашади. Академия уларга тоғдек ваъдалар беради, аммо...

"У киши Феррарида келди ва футбол дунёсидаги ҳамма билан танишлигини айтди", - дейди оила. Ферраридаги инсон улардан кетма-кет пул талаб қилади ва умумий ҳисобда 100000 еврога яқин пул ундиради. Бола эса, Б серияда мунтазам захира ўриндиғида ўтиради. Судга берилган аризалар шубҳали сабабларга кўра рад этилганди. Аммо, бу оила таслим бўлмоқчи эмас. Жараён ҳали ҳам давом этмоқда.

Академия ҳақида саволлар жуда кўп. Мисол учун "Генова" веб-сайтида академиянинг Италиянинг Верона провинциясида ажойиб спорт маркази борлиги ёзилган, аммо бу марказ билан "Генова" анча йиллардан бери ҳамкорлик қилмайди. Сайтда академия учун ишлайдиган мураббий Пабло Амо номи кўрсатилган. Лекин, мураббий "Генова" ҳақида ўз резюмесида ҳеч нарса кўрсатмаган.

Академия кўрсатган рақамларда ҳам умуман асос йўқ. Турли реклама роликларида академия ўзини дунёда "энг катта" эканлигига урғу беради. Уларда 18000дан 23000гача ўқувчи таьлим олиши иддао қилинади. Аммо, академия фақатгина Испаниянинг ўзида 40-ўринда туради. Улар бунга коронавирус сабаблигини ва тез орада кўплаб ўйинчилар "Генова"га қўшилиши билан изоҳ беришади. Буни қарангки, пандемиягача, яъни 2019 йилни "Генова" 46300 евро айланма маблағ билан бошлаб, йилни 17300 евро зарар билан якунлаган.

Илтимос, ўз жойингизга маҳкамроқ жойлашиб олинг. Барчаси энди бошланмоқда...

Минглаб селфиси бор инсон

Асосий қаҳрамонимиз - бу келиб чиқиши итальян бўлган, австралиялик Моррис Паньелло. Юқоридаги Феррари минган инсон. Бу инсоннинг суратларидан дунёдаги энг обрўли футбол шахси деган тахминга борсангиз бўлади. Шунчаки, бирор бир футболчини ҳаёлингизга келтиринг ва унинг альбомидан шу инсон билан тушилган суратни қидиринг, бу суратни топишингиз аниқ. Флорентино Перес, Бартомеу, Пеле, Месси, Криштиану, Инфантино, керак бўлса Рим Папаси! Паньелло - селфилар қироли. У ўзининг инстаграм саҳифасида дунёдаги энг машҳур футбол инсонлари билан бирга тушилган расмларни жойлайди. Афтидан, улардан энг яхши кўргани - бу Мессига "Олтин Бутса" топшириш маросимидагиси. Расмларга диққат билан қаралса, жаноб Моррис уларнинг бирортаси билан иш юзасидан алоқадор эмасдек кўринади.

Қўшимча: Биз ҳам баъзи постларни текшириб кўрдик. Мисол учун, Моррис ўзининг саҳифасига “BBC Sport” нашрининг мақоласини сохталаштириб, Пол Скоулз билан ҳамкорлик қилгани ҳақида пост қўяди, аслида мақоланинг асл нусхасининг Моррисга умуман алоқаси йўқ, сурат ҳам сохталаштирилган:Моррис Паньеллонинг "Racing City Group" ташкилотининг инстаграмдаги саҳифасига назар ташласак, 15 мингга яқин обуначиларни кўрамиз. Аммо, ҳақиқий кузатувчилар сони сезиларли даражада кам, улар ҳам шу тизим иштирокчилари:


"Реал Мадрид" клубига яқин манбааларнинг айтишича жаноб Паньелло исталган вақтида Вальдебебас ("Реал"нинг машғулотлар ўтказадиган базаси)га кириб, ким билан хоҳласа "селфи"га тушади ва президент билан саломлашади. Шу сабаб, ундан ҳеч ким шубҳаланмайди.

Воқеаларнинг энг юқори нуқтасига яқинлашмоқдамиз. 2014 йил Моррис Паньелло Италия футболи тарихидаги энг йирик низолардан бири бўлган "Ифлос футбол" (Dirty Soccer) жанжалларига алоқадор деб топилиб қамоққа олинади. "Ифлос футбол" бу Италия қуйи лигаларида авж олган, келишилган ўйинлар билан шуғулланувчи йирик мафия тўдаси билан боғлиқ жанжал бўлиб, полиция йирик масштабдаги операциялар орқали ушбу тўдага алоқадор 50 нафар шахсни қамоққа олади. Аммо, Моррис Паньелло охир-оқибат айбдор деб топилмайди ва Испанияга йўл олади.

Моррис Ипанияга келиши билан клуб сотиб олиш нияти борлигини билдиради ва бу ўзини узоқ куттирмайди. Тез орада қаҳрамонимиз "Культураль Леонеса" клуби асосий акциядорига айланади. Янги раҳбар клуб қошида ўз академиясининг филиали очилишини ва ушбу академиянинг ёш ўйинчилари клубга жалб этилиши эвазига жамоага 100000 дан 200000 еврогача инвестиция киритишини билдиради. Бу шунчаки навбатдаги ёлғон эди. "Генова" академияси "Культураль Леонеса" га 5 футболчи учун бор-йўғи 15000 евро тўлайди. "Генова" эса беш футболчининг ҳар биридан йилига 25000 евродан пул олар эди. Энг ёмони, "Культураль Леонеса" 5000 евронигина тоза кўринишда олади. Сабаби, ҳаражатларнинг ўзи 10000 еврони ташкил қиларди. Бир йилдан сўнг, "Культураль Леонеса" клуби президенти Фелипе Ламазарес Моррис Паньеллони "безбет" деб атайди. "У Леонга бизни тунаш учун келган", - дейди Фелипе Ламазарес ўзининг баёнотида.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Моррис Паньелло "Культураль Леонеса" жамоасида эканлигида жуда шубхали ишлар ҳам юз берган. ЛаЛига экспертларининг қайд этишича, букмекерлик идоралари 2014 йил 23 ноябрь куни ўтказилган "Марино" - "Культураль Леонеса " (3:0) ўйини давомида онлайн пул тикиш жараёнида ғайритабиий ҳолатни қайд этишади. Ўйинларни сохталаштиришга қарши радарлар мезбонларнинг ғалабаси учун пул тикаётган катта оқимни аниқлайди. Яъни, "Культураль" дагилар ўз жамоалари мағлубияти учун катта миқдорда пул тикишади. ЛаЛига бу маьлумотларни ҳам расман тасдиқлаган.

Навбат қаҳрамонимизнинг яна бир бошқа клубга кўрсатган таьсирига. 2017 йилнинг апрелида "Элденсе" клуби "Барселона Б" жамоасига 0:12 ҳисобида мағлуб бўлади. Букмекерлик ташкилотлари ушбу ўйинга яна ғайритабиий пул тикиш ҳолатларини аниқлашади. Бу шунчалик очиқчасига қилинаётган иш эди-ки, ўйинни томоша қилган мухлис бу ўйин сохталаштирганига заррача ҳам шубҳа қилмайди. Бу ҳақда биринчи марта "Элденсе" ҳужумчиси Шайх Саад хабар беради: "Кийиниш хонасида деярли муштлашув бошланганди. Тўрт ўйинчи ва жамоа раҳбариятининг бунда қўллари бор эди. Менга тазйиқ ўтказишди. Менинг жамоадошларимга бу ўйинга жуда жуда катта миқдорда пул қўйишган эди. Танаффусгача 0:8, кейин эса 0:12", - дейди ҳужумчи. Футболчи учрашувга ярим соат қолганда ҳам асосий таркибда бўлади, кейин эса йўқ. Қуйида ушбу ўйин видеосини томоша қилишингиз мумкин. Бу иш шунчалик очиқчасига қилинганки, видеода  "Элденсе" ҳимоячилари худди-ки ҳимояланишни истамаётгандек таассурот қолдиришади.

Ушбу вазиятга энг яхши изоҳни "Элденсе"нинг собиқ мураббийи Марио Картахена беради: "Албатта, бу ўйин келишилган. Ўзини ҳурмат қиладиган ўйинчи 7:0 дан кейин ҳисобни сақлаб қолиш учун борини беради. Улар бизга ўйнаши учун пул тўлайдиган футболчиларни олиб келишади. Улар "Сегунда Б" нинг даражасидан ҳам анча паст. Мураббий, Моррис Паньелло уларга етказиб берган ўйинчиларнинг даражаси шунга мослигини ҳам билдириб ўтган: "Мен нимадир содир бўлишини билардим. Исталган клуб "Элденсе" га бешта тўп киритиши мумкин".

Бундан бир қанча вақт олдин клубга янги раҳбарлар келади. Уларнинг жамоага ташрифидан сўнг икки ҳафта ўтар-ўтмас жамоага Ди Пьерро исмли бирор ҳужжати йўқ мураббийни олиб келишади ва охир-оқибат у бош мураббий бўлади. Юқоридаги "Барселона Б" билан ўйинда ҳам айнан Ди Пьерро жамоани бошқарган эди.

Кейинроқ, бу "Элденсе" иштирокидаги ягона келишилган ўйин эмаслиги, балки бундай ўйинлар сони бештани ташкил қилиши расман маълум бўлади. Бу иш тепасида итальян ва хитой мафиялари турганлиги ва улар ўртасидаги келишмовчиликни юмшатиш учун "Элденсе" ва "Барселона Б" жамоалари ўртасидаги ўйин айнан шу сценарий остида кечгани аниқ бўлади. Мураббий, икки футболчи ва жамоа раҳбари ҳибсга олинади.

ЛаЛига ўзининг 2017 йилги расмий ҳисоботида Моррис Паньеллони "Элденсе" клуби ишига алоқадор деб кўрсатади. Бу иш ҳали ҳам тафтиш қилинмоқда.

Моррис Паньелло барча айбловларни рад этади: "Биз Испания жамоаларига 2014 йилдан бери ёрдам бериб келамиз. Мен "Культураль" билан ўз ишимни бошлаган эдим. Бизда ҳар бир жамоа билан яхши алоқалар сақланиб қолган. Мен улар ўйлагандек ёки газеталар ёзгандек инсон эмасман".

Шунча жанжаллардан сўнг, Паньеллода ҳозир фақатгина "Раcинг де Мурcия" клуби қолмоқда. Паньелло бу ҳақда қуйидаги фикрларни билдириб ўтади: "Бизда ўзимизнинг "Раcинг Мурcия" клубимиз бор. Биз бу клубга бор эътиборимизни берамиз. Шу билан бирга, биз бошқа клубларнинг, масалан "Райо" ва "Леганес" кабиларнинг академияси сифатида ҳам ишлаймиз", - дейди Моррис Паньелло.

“ElConfidential” "Леганес" клубига боғланганида эса, клуб Паньеллонинг академияси билан бир неча ойлардан бери ҳеч қандай келишув йўқлигини билдиради.

Аммо, академия сайтида "Леганес" ҳали ҳам ҳамкор сифатида кўрсатилган

Мақола якунланди. Ушбу мақола мутлақ ҳақиқатга даъво қилмайди. Айблов ҳам эмас. Бизда фақат бир қанча саволлар бор ҳолос:

  • Бир неча йиллар олдин Испания ва Италияда юз берган ҳолатлар бизнинг юртимизда "суғур куни"дек қайтарилаётгани тасодифми? 
  • Сохта академиялар, келишилган ўйинлар орқали бутун жаҳонга танилган инсон ўзбек футболига шунчалик керакми? Ёки яна бир неча йил ортга қайтмоқчимизми?
  • Мантиқан тўғри, бизнес модел ҳам ўша-ўша, буни устига расмий манбаалар тасдиқлаган маълумотларнинг ўзи бироз шубҳага боришга, Моррис Паньеллонинг ўтмишини текшириб кўришга сабаб бўлиши керак эмасмиди? 
  • Қаҳрамонимиз УзРепорт, Элчихона, Олимпия қўмитаси, ва ЎФА каби юқори ташкилотлар билан музокараларга етиб келгунча, қайсидир бир босқичда тарихи текширилиши, дейлик бутунлай айбсизлиги исботланиши ва матбуот орқали бу ҳақида тушунтириш берилиши лозим эмасмиди? 
  • Моррис Паньеллонинг Ўзбекистон футболини ривожлантириш учун ташрифи, юртимизда "тотализатор"нинг қонунийлаштиришга ҳаракатлар бошланиши билан деярли бир вақтда содир бўлиши шунчаки ўхшашликми? 
  • Қандай қилиб кучли инфратузилмаси, жавоҳирга тенг академия ва шогирдлари бўлган Ўзбекистоннинг иккинчи рақамли жамоаси – “Насаф” га бирор бир ташкилот ёки хорижлик компания қизиқиш билдирмаётган пайтда, шунга ўхшаш "лойихалар" ташкил қилиниши нормал бизнес қарашларига тўғри келадими? Шу ўринда биз бошқаларнинг ишига асло аралашмоқчи эмаслигимизни таькидлаб ўтмоқчимиз.

Бизнес - бу харидорга бирор бир маҳсулот ёки хизмат тақдим қилиб, шу орқали даромад олинадиган фаолият тури. Футболдаги фойда, ўйинчиларни сотиш, чипталар, трансляция ва реклама орқали келади. Юқоридаги жиҳатлар "жозибадор" бўлсагина бирор инвестор фойда олиш учун Ўзбекистонга келади. Бундай эмасми? Демак, камида бундай инвесторлардан шубҳаланишга асос бор.

Бирор чет эллик тадбиркор ўзининг асосий мақсади деб Ўзбекистон футболини ривожлантириш, ёш ўйинчилар учун имкониятлар бериш деса – асло ишона кўрманг. Мукаммал дунёда ўзининг сифатли хизматини кўрсатган ташкилот, ушбу хизматга яраша фойда олиши лозим.

Ҳулоса ўрнида шуни таькидлаб ўтиш жоизки, Моррис Паньелло ва “Genova International School of Soccer” нинг мақсадларини аниқ билмаймиз. Балки,  улар Ўзбекистонда  ўтмишлари текширилмаслигига амин бўлишгандир (ҳар ҳолда шундай ҳам бўлаётганди) , балки,  барча мақсадлари тўғридир.  Бунисини аниқлаш бизнинг ишимиз эмас. Бизнинг мақсадимиз - сиз азиз мухлисларга маьлумот етказиш, хулоса ўзингиздан.  Мақоланинг сўнггида "Стрейзанд эффекти" ҳақида маьлумот беришни жоиз деб билдик. Стрейзанд эффектига кўра бирор бир маьлумотни оммадан яшириш учун қилинган ҳар қандай уриниш, бу маьлумотни фақатгина кенгроқ тарқалишига олиб келади. Ҳеч нарса демоқчи эмасмиз, омон бўлинг.



Муаллиф: Жалолхон Иноғомхўжаев

Рейтинг: +62   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика