Биз севиб тинглайдиган ЕЧЛ мадҳияси ҳақида
12 мар 2019 23:30
Янгиликлар
Биз севиб тинглайдиган ЕЧЛ мадҳияси ҳақида
Бу мадҳия Европанинг энг яхши жамоалари ўртасидаги "кураш" рамзи ва футбол тарихидаги энг яхши композициялардан бири саналади. Агар ЕЧЛ мадҳиясини тинглаганингизда танангиз жумбушга келса, ташвиш чекманг! Марк-Андре тер Штеген, Дани Карвахаль, Тиаго Силва, Гарет Бэйл, Маурисио Почеттино ва ҳаттоки, голландиялик ҳакам Бьорн Куйперсда ҳам шундай ҳолат бўлади.
Криштиану Роналду ўйиндан олдин ЕЧЛ мадҳиясини куйлаб қувват олар экан. Кайл Уокер ва Эктор Бельерин ўзларининг версияларини тақдим этгандилар. Лекин унчалик омадли чиқмаган. Рамоснинг сайтида ҳалигача мадҳия муҳимлиги тўғрисидаги кичик сатр бор: “Чемпионлар Лигаси мадҳиясини тинглаш зарур. Мен ЕЧЛда дебют кунимдан илиқ хотиралар ёдимда қолган”. Аллақачон композицияни футбол майдонидан ташқарида эшитишни бошлашган: тўй, театр ва кўчаларда уни тинглаб юришади. “Аслида, майдонга тушишингиз билан ЕЧЛ мадҳияси қулоғингизга чалиниши сиз қанчалик муҳим турнирда эканингиздан далолат беради.”, — дейди Месси.
Чемпионлар Лигаси мадҳиясини куйлашганига 27 йил бўлганига қарамай, уни ҳалигача яхши кўришади. Қувонарлиси, тингловчилар сони кундан-кунга ошиб бормоқда. 1992 йил УЕФА буюртмасига биноан британиялик композитор Тони Бриттен уни ёзган. Британия қироли Георг II тахтга ўтириш маросимига атаб 1727 йилда яратилган Гендель ижросидаги "Руҳоний Садок" қўшиғи аранжировкасидан фойдаланган. Гендель — барокко давридаги машҳур немис ва инглиз композитори. Петр Чайковский шундай деб ёзган: Генделнинг асосий афзал жиҳатлари овоз билан ишлай олиш ва хор (жўрчилар гуруҳи) ёрдамида бошқа композиторлар эриша олмаган мусиқий эффектларни чиқара олиш эди. Мадҳияни илк бор ЕЧЛ-1992 йил кузда тақдим этишди, 1993 йил кузда эса финалда янгради. Ўшанда “Марсель” “Милан”дан устун келиб, совринга эга чиққанди.
УЕФА зиммасида футбол имиджини қайта тиклаш вазифаси бор эди
1992/93 йилги мавсумда Европа Чемпионлар Кубоги — Европа Чемпионлар Лигасига алмашди. Шу муносабат билан, УЕФА турнир форматини ўзгартирди ҳамда янги логотип, айдентика ва мадҳия яратишга киришди.
Чемпионлар Лигасининг маркетинг шериги “TEAM Marketing” бўлди. Унинг асосчиси Крейг Томпсон мадҳияни яратиш жараёнини назорат қилар ва турнирнинг янги услубига жавобгар эди.
“Биз “TEAM Marketing” УЕФАнинг эксклюзив маркетинг шериги бўлишига келишиб олганимиздан кейин лойиҳага старт берилди. Ўша пайт УЕФАда кам сонли ходим фаолият юритарди. Шунинг учун, бир қатор ишлар — мусиқа, ташкилий ишлар билан “TEAM” ходимлари шуғулланиши ҳақида кўрсатма берди. Мен эса бунинг уддасидан чиқдим”, — дея ёдга олади Томпсон.
80-йилларда футболда безорилар кўпайиб кетганди. Айниқса, бундайлар орасида британлар кўп эди.
1985 йил “Эйзель” стадионидаги вожеа юз берганди. Ўшанда Европа Чемпионлар Кубоги финали — “Ювентус” ва “Ливерпуль” ўтрасидаги баҳсда 39та (!) одам вафот этди. Британиялик мухлисларнинг тажаввузкор ҳаракатлари туфайли, УЕФА инглиз клубларига 5 йиллик, “Ливерпуль” учун эса 6 йиллик чеклов ўрнатган. 1989 йил Англия Кубогидан олдин “Хиллсборо” стадионида “Ноттингем Форрест” — “Ливерпуль” баҳсида мухлислар сони кўпайиб, одамлар бир-бирини итариб, босиб ўтиб кета бошлашди. Бунинг оқибатида эса 96та одам оламдан ўтди. Шундан сўнг, юз берган воқеа сабаблари ўрганилиб, ҳисобот тайёрланди. Бундан мақсад — нафақат воқеанинг сабабларини кўрсатиб бериш, балки спорт мусобақаларида хавфсизлик чоралари бўйича тавсиялар беришдан иборат эди. Хусусан, ана ўша вақтдан туриб ўйин томоша қилиш мумкин бўлган жойлар Британия стадионларидан олиб ташланган.
Безорилар туфайли футбол анча азият чекди. “Бу ўйин атрофида урушқоқ ва жанжалкашлар шунчалик кўпайиб кетган эди. Бунинг устига Англия ҳам УЕФА томонидан бир неча йилга дисквалифиция қилинганди. Мақсадимиз футбол имижини юқорига кўтариш эди. Шунинг учун, классик мусиқа танладик. Кўпчилик бундан ҳайрон бўлган. Сабаби, шу пайтгача анъанавий футбол рок-н-ролл билан боғлиқ эди”, — дейди Томпсон. “УЕФА Чемпионлар Лигаси ўзининг имижи ва мусиқаси билан футболни қайтадан ҳамма роҳатланадиган ўйин сифатида кашф қилинишини истади. Ўйлашимча, бунинг уддасидан чиқдик”, — дейди ишонч билан Бриттен.
Бриттен мадҳияни бир неча кун ёзди. Бутун жараёнга эса бир ой вақт керак бўлди
Бриттен — Қироллик мусиқа коллежининг битирувчиси ҳисобланади. Шунингдек, у ерда машҳур скрипач Дэвид Гарретт ҳам таҳсил олган. Аввалига Бриттен театрда мусиқа директори бўлиб ишлаган. Кейинчалик, Британиянинг машҳур театр продюсери Камерон Макинтош билан фаолият юритган. Вақт ўтгани сари Бриттен кино дунёсига ҳам кириб борди ва кинопродюсер бўлди. Унинг шов-шувга сабаб бўлган лойиҳаларидан бири — “Робокоп” фильми саундтрекига раҳбарлик қилган.
1992 йилда Бриттен бир нечта буюртмалар олган, шу қаторда, рекламалар ҳам. “Менинг мусиқачи агентим футбол бўйича қандайдир куй басталаш кераклигини айтди. Лекин куй айнан қандай бўлиши кераклигини ўзи ҳам ҳали тушуниб етмаганди. Вақтим жуда кам эди, шунинг учун ундан батафсил маълумотлар кутдим.
“T.E.A.M. Marketing” жамоаси ва УЕФА классик услубдаги ижро исташаётган эди. Лекин улар мусиқа яккахон қўшиқчи томонидан куйланишини хоҳлашмади. Шунинг учун, уларга бир нечта машҳур хор тарзида куйланган намуналарни кўрсатдик. Барчасини тинглаб кўргач, уларга Гендель томонидан ёзилган “Руҳоний Садок" ёқди.
Тони композиция учун матн кераклигини Томпсонга айтди. “TEAM Marketing” матн 3 тилда ёзилиши муҳим эканини таъкидлади: инглиз, француз ва немис. Бу борада аввалига бир қанча муаммолар келиб чиқди. Лекин Бриттенга бирдан илҳом келиб, қалам ва қоғозни қўлга битиб, шеър битди. “УЕФАнинг 3та расмий тилида бир нечта гапларни ёзиб кўриш ғояси ҳаёлимга келди (масалан, энг яхши жамоалар, муҳим воқеалар, чемпионлар ва ҳ.к)”. Аввалига Тони ҳаммасини инглиз тилида ёзиб чиқди ва таржимоннинг ёнига бориб, немис ҳамда французчага таржима қилдирди. Ниҳоят матн тайёр бўлди. У олти куплет ва икки мартадан такрорланади.
“Қўшиқ мусиқасига келсак, уйга келиб, пианинога ўтирдим. Уйдаги студиямда бир қисмини бажарган бўлсам, кейин асосий иш жойимга бориб, бир неча кунда жараённи тугатдим. Гендельдан керакли битта иборани олдим, қолган қисми ўзимга тегишли”, — дейди Бриттен. Мусиқа матни, композицияси ва умумий жараёнга бир ой вақт сарфланди.
“Мусиқани илк бор тинглаганимизда (хорсиз), уни севиб қолдик, – ёдга олади Томпсон (“TEAM Marketing” бутун жараённи назорат қилиб турганди). — Биз истаган нарсамизга эришдик. Биз композиция синов муддатидан ўтиши керак деб ҳисобладик. Бироқ у кутганимиздан ҳам машҳурроқ бўлиб кетди”, — дейди Томпсон.
“Чемпионлар Лигаси мадҳиясини ҳар сафар тинглаганимда кўзларимга ёш келади”
Бриттен ҳеч қандай демо-версия (синов учун) қилмади. Кўпчилик Лондоннинг “Angel Recording” студиясига келиб, қўшиқни кўчириб оладиган бўлди. Мусиқани Лондоннинг симфоник оркестри, Мартина академияси хор гуруҳи ижро этди.
“Оркестр ва қўшиқчиларни битта Лондон студиясига йиғиб, қўшиқ ёзган кунимизни ҳеч ҳам ёдимдан чиқармайман. Мен Тонининг ёнида турардим. Таҳминан 30 дақиқада ҳамма ишни тугатдик. Натижадан эса ўзимиз ҳам лол бўлиб қолган эдик. Ўша кунларни эсласам, кўзларимга ёш келади”, — дейди ғурур билан Томпсон.
Бриттен қандай буюк ишга қўл урганини Россияда тушуниб етди
Мадҳия яралганидан кейин Бриттен бир неча йилгача унинг тақдири билан қизиққани йўқ. У ўз ишини сифатли даражада уддалади, ҳамма бундан мамнун эди. Аммо бир куни Бриттен унинг мусиқаси дунё миқёсида кенг ёйилганини фаҳмлади.
“Санкт-Петербургда эдим. У ерга фильм ва “Грушко” мини-сериал учун партитура ёзишга боргандим. Сериалда Брайан Кокс бош қаҳрамон сифатида суратга тушди. Шунингдек, у “Жасоратли юрак” (Мел Гибсон билан), “Икс одамлари-2”, “Троя" (Брэд Питт билан) роль ижро этган.
Мен кечки таом танаввул қилиб, спиртли ичимлик ичдим. Ўша кеча ажойиб бўлган эди! Меҳмонхонадаги номеримга жойлашдим ва ухлашга ётдим. Аммо телевизор ёқиб ухлаб қолибман. Бир неча соат ўтиб, уйғондим. Қулоқларим остида ажойиб мусиқа янграрди. У шунчалар ёқимли эдики, буни сўз билан тушунтириб беролмайман. Бу мен басталаган куй экан! У бутун дунё бўйлаб янграётган эди. Футбол ихлосмандлари эса уни ҳалигача севиб тинглашади. Мен бундан бахтиёрман!"
ЕЧЛ мадҳияси Гендель услубида яратилган. Лекин бу плагиат эмас!
Бриттен ҳақиқатдан ҳам Гендельнинг “Руҳоний Садок” асаридан баъзи мусиқий ноталарни ўзлаштирган, лекин қолган қисмини ўзи ёзган.
Бу нима учун плагиат эмаслигини тушунтириб берамиз:
• 1759 йил Гендель вафот этганидан кейин унинг композицияси, аниқроғи ноталари авлодларга ҳақиқий мерос бўлиб қолди. У студияларда мусиқа ёзмаган ҳамда унинг муаллифлик ҳуқуқи ҳам йўқ эди. Шуннг учун, у шунчаки қизиқишдан бу ишни бажарган.
• Ҳар қандай инсон ўз ижод маҳсулотини яратаётганида Гендель ноталаридан қисман фойдаланади.
• Гендельнинг асл композицияларида муаллифлик ҳуқуқи йўқ. Лекин ёзма манбалар бор. Шунинг учун, унинг мусиқаларидан фойдаланишни истаган киши студия, оркестр, хор ва ҳ.к.ларга ижара пулини тўлаши лозим эди. Исталган инсон унинг композицияларидан шунчаки фойдаланиб кета олмайди.
• ЕЧЛ мадҳияси студияда ёзилган. Масъул шахслар бу жараённи назорат қилган ва молиялаштирган. УЕФА ундан фойдаланиш учун эксклюзив ҳуқуқлари борлиги шубҳасиз.
ЕЧЛ мадҳияси нима учун бунчалик муваффақиятли чиққан?
“У — абадий. Унга ҳеч қандай поп-мусиқа аралашмаган. У кучли оҳангга эга ҳамда ҳиссиётларга бой мусиқа ҳисобланади: “The Chaaaampions!”.
Бугунги кунда урфга айланган услубда ижод қилиш анъанага айланган. Мен ана шундай композициялар яратаётганимда зерикиб кетаман. Ҳаммага ўхшашдан ва бир хилликдан қочишга урунаман. Лекин бошқа тарафдан қарасангиз, ЕЧЛ мадҳиясида Гендельнинг композициясига ўхшаш жиҳатларни учратасиз, — дейди кулиб Бриттен”.
Нозима Зарипова таржимаси
Фикрлар