Биз билан доим шунақа бўлади. Нега?
02 сен 2018 13:04
Янгиликлар
Биз билан доим шунақа бўлади. Нега?
Сайтимиз ўқувчиларидан бири Жанубий Корея бизни мағлуб этганидан сўнг чемпион бўлишини сезгандим деб ёзибди. Аслида 3:4 ҳисобида ютқазиб қўйганимиздан кейин кўпчилик шундай хаёлга борган бўлса керак. Очиғи, ўзим ҳам бизни мағлуб этган жамоа финалга чиқади деб кутгандим. Фақат рақиб Япония бўлгани учун кореяликларнинг ғалабасини юз фоиз тахмин қила олмасдим. Аммо улар буни уддалашди.
Мусобақа бошланмасидан олдиноқ тилга тушган Сон Хёнг Мин у қилди бу қилди, охири чемпион бўлиб "армиядан" қутилиб қолди. Қандини урсин! Шундай қилиб Жанубий Корея кетма-кет иккита Осиё ўйинларида ғолиб чиқди. Бундан тўрт йил олдинги мусобақада улар КХДРни мағлуб этиб чемпион бўлишганди, бу йил эса Япониядан устун келишди.
Майли, гап бу ҳақда эмас. Уларнинг чемпионлиги ўз йўлига. Биз эса ўз муаммоларимизни ўйлашимиз керак. Мени бир нарса анчадан бери ўйлантириб келади: нима учундир кўп мусобақаларда бизни ютган жамоалар кейинчалик ё финалда ўйнайди ё чемпион бўлади. Масалан, 2014 йил Уммонда ўтказилган U-22 Осиё чемпионатини олайлик. Гуруҳимизда Ироқ билан Саудия Арабистони бор эди. Иккала жамоа ҳам гуруҳда бизни мағлуб этган ва якунда айнан шу икки жамоа мусобақа финалида ўйнаб, Ироқ чемпион бўлган.
Ёки бўлмаса икки йилдан сўнг Қатарда ўтказилган U-22 Осиё чемпионати эсингиздами? Бунда ҳам биз билан гуруҳда кураш олиб бориб бизни мағлуб этган Жанубий Корея финалга чиққан-у, лекин Японияга 2:3 ҳисобида ютқазиб қўйиб иккинчи ўринни олганди. Хуллас нима қилиб бўлсаям финалда ўйнаган.
Бундай ҳолат Осиё ўйинларида ҳам рўй берган. Биласизми, шу пайтгача Осиё ўйинларида бизни мағлуб этган 6та жамоадан бештаси финалда ўйнаган. 1994 йилги Осиё ўйинларида биз ғолиб чиққанмиз. Афсуски, бу йил шу натижани такрорлай олмадик. 1998 йил чорак финалда Эрон бизни 4:0 ҳисобида ютиб кейинчалик чемпион бўлган. 2002 йил Япония гуруҳда бизни мағлуб этган ва финалгача борган, бироқ Эронга ютқазиб қўйган.
2006 йил Ўзбекистон чорак финалда Ироққа имкониятни бой бериб мусобақа билан хайрлашган. Ироқ финалгача етиб борган. 2010 йил эса БАА гуруҳда бизни мағлуб этган ва кейинчалик бу жамоа ҳам финалда ўйнаган. Ҳартугул 2014 йил бизни мағлуб этган жамоа финалгача бора олмаган. Лекин орада бир марталик танаффусдан сўнг бу йил яна шу воқеа рўй берди. Бизни чорак финалда чиқариб юборган Жанубий Корея охири финалда ўйнаб чемпион бўлди.
Хуллас, қачон қарама турли мусобақаларда биз билан шундай воқеа кўп такрорланади. Нуқул бизни ютган жамоалар финалга чиқаверади, баъзилари ҳатто чемпион бўлади. Нега биз билан доим шунақа бўлади? Очиғи, бу саволнинг жавоби менда йўқ.
Фикрлар