UZ

Сўнгги янгиликлар

19:56Моуриньюнинг "Фенербахче"си Абдуқодир Ҳусанов бўйича таклиф билан чиқмоқчи  11 19:32"ФарДУ" клубида мавсум якунларига бағишланган тақдирлаш маросими ўтказилди  1 19:24Муваффақиятсизлик давом этади: "Манчестер Сити" бу сафар ўз уйида "Эвертон" билан дуранг ўйнади, Холанд пенальтидан гол ура олмади  29 19:10АПЛ. Тез орада бошланадиган "Челси", "Тоттенхэм" ва бошқа жамоалар иштирокидаги ўйинлар учун таркиблар маълум  3 18:48"Шўртан": Суперлигага тайёргарлик давом этмоқда  1 18:41Қатор топ клублар ПСЖ футболчиси учун курашади  1 18:12"Чадормалу Ардакан" — "Истиқлол". Машарипов асосий таркибда  0 18:07Умид Эргашев "Насаф" билан хайрлашди. У "Навбаҳор"га ўтмоқда  6 17:55Фликка таянч ярим ҳимоячиси керак. Номзодлар: Канте ва Горецка  1 17:32"Реал"га ван Дейк керак эмас  4 17:14АПЛ. "Манчестер Сити" - "Эвертон": Асосий таркиблар маълум  14 16:49Эшитдик-да! "Андижон" икки нафар легионер билан шартнома имзолайди   15 16:33"Нефтчи" Билолхон Тошмирзаев билан шартномани узайтирди  1 15:50Аббос Файзуллаев: "Уйғонганимда бутун вужудим оғриган пайтларим бўлди"  4 15:18Olamsport: WBC рейтингидаги ўзбек боксчилари, бугун шахмат бўйича ЖЧ бошланади ва бошқа хабарлар  0

Биринчи давра якунлари. “Пахтакор” Янгиликлар

Биринчи давра якунлари. “Пахтакор”

Миллий чемпионатимизда биринчи давра баҳслари якунига етди.
Одатимизга кўра олий лиганинг ҳар бир иштирокчиси биринчи даврани қандай ўтказгани хусусида тўхталиб ўтамиз. Кеча биринчи даврани пешқадам сифатида якунлаган “Локомотив”нинг иштирокини таҳлил қилгандик. Бугун иккинчи ўрин билан танаффусга чиқиб кетган “Пахтакор” ҳақида фикр юритамиз.

Тошкентнинг “Пахтакор” футбол клуби янги мавсумга тайёргарликни Самвел Бабаян бошчилигида олиб борди. Яхши биласиз, Самвел Вячеславович клуб бош менежери ҳисобланади, бу йилдан эса бош мураббийликни ҳам ўз қўлига олди. Ҳозирча натижалар чакки эмас. Жамоа 33 очко билан оралиқ танаффусга чиқиб кетди. Очко тўплаш бўйича “Локомотив” билан бир хил кўрсаткични қайд этди.
 


НИМАНИ КУТГАНДИК?
“Пахтакор”дан мухлислар ҳар доим юқори натижаларни кутишади. Жамоа ўтган йил тўртинчи ўринни олгани учун Осиё чемпионлар лигасида қатнаша олмади. Бу йил Ўзбекистон Кубогидаги юришини ярим финалда тўхтатди. Эндиликда жамоа олдида битта вазифа қолди: Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритиш. Мухлислар “Пахтакор”дан бу йилги чемпионатни юқори нотада ўтказишни кутишмоқда. Чунки ўтган мавсумдаги тўртинчи ўрин аксарият ишқибозларнинг ҳафсаласини пир қилди. Ҳозирча жамоанинг ишлари чакки эмас. Лекин ҳаммасини иккинчи даврадаги ўйинлар ҳал қилади.

НИМАГА ЭРИШИЛДИ?
Айтиб ўтганимиздек, “Пахтакор” биринчи даврада 33 очко тўплади. 13та ўйиннинг 10тасида ғалаба қозонди ва 3 марта дуранг ўйнади, бирор марта мағлубиятга учрамади. Аввалги мавсумнинг биринчи ярмини “Шерлар” тўртинчи ўринда тугатишганди. Ўшанда “Пахтакор” 22 очко йиққанди. Бу сафар эса 11 очко кўп тўплади. Бу эса Самвел Бабаян бошчилигида ижобий натижалар кўпроқ бўлганини кўрсатмоқда. Қизиғи шундаки, “Пахтакор” ўтган йил биринчи давранинг ўзида беш марта мағлуб бўлганди, бу йил ҳисобидан ҳозирча ютқазгани йўқ.



“Пахтакор” 19та гол уриб, ўз дарвозасидан 8та тўп ўтказиб юборди. Ўтган йил шу пайтда жамоа 14та гол урган экан. Гарчи “Пахтакор” “Локомотив” билан бир хил очко тўплаб кичик танаффусга чиқиб кетган бўлса-да, “Темирйўлчилар”га нисбатан 8та кам гол урди. Ҳатто тўртинчи ўринда бораётган “Бунёдкор” ҳам битта кўп тўп киритган. Албатта, футболда натижа муҳим, лекин “Пахтакор” аксарият беллашувларда битта тўп фарқи билан ғалаба қозонди. Яна шуни айтиш лозим, тошкентликлар 6та беллашувда гол ўтказмасдан зафар қучишди.

КУЧЛИ ТОМОНИ
“Пахтакор” нисбатан кам гол урган бўлса-да, бу жамоанинг кучсиз эканлигини кўрсатмайди. Биринчи давра хулосасига кўра, “Пахтакор”нинг кучли томони ярим ҳимоясида эканлиги кўзга ташланди. Ярим ҳимояда ҳаракат қилган Кахи Махарадзе, Владимир Козак, Жамшид Искандеров ва Станислав Андреев тўртлиги кўп ҳолларда жамоа ўз ўйинини қўз қўлига олиб, масалани ҳал этишда асосий ролни бажаришди. Шундай экан, жамоанинг энг кучли нуқтаси ярим ҳимояси бўлди дея оламиз.

Бундан ташқари, ҳимоя тўғрисида ҳам илиқ фикрларни билдирса бўлади. Хитойдан қайтиб келган Егор Кримец жамоа ўйинига тезда киришиб кетди. Узоқ давом этган жароҳатдан қутулиб яна сафга қайтган Боян Миладинович ҳимоядаги етакчиликни яна ўз қўлига олди. Александр Мерзляковнинг тезкорлик билан ҳужумга қўшилишлари ортди. Ўнг қанот вакили Даврон Ҳошимов ҳам бир текис ҳаракат қилди.



КУЧСИЗ ТОМОНИ
“Пахтакор”нинг кучсиз томони нимада бўлиши мумкин? Аввало дарвозабонда бўлса керак. Негаки баъзи учрашувларда Александр Лобанов ўта ғаройиб голларни ўтказиб юборди. Масалан, “Бунёдкор” билан ўйинни ёдга олайлик. Лобанов Воҳид Шодиев томонидан берилган зарбани бемалол қайтарса бўларди, лекин уддалай олмади. Ўзаро таққослаганда Лобанов Нестеров ёки Элдор Суюновга нисбатан бирмунча кучсиз кўринди, бироқ “Пахтакор” ҳимояси зич ўйин кўрсатгани боис у кам гол ўтказиб юборди. Бундан ташқари, жамоанинг ҳужум чизиғи ҳам ёрқин ўйин намойиш этмади.

КИМ ЎЗИНИ КЎРСАТДИ?
“Пахтакор”да ўзини кўрсатган футболчилар орасида аввало Александр Мерзляковни айтиб ўтмасак бўлмайди. Сурхондарёлик ҳимоячи чап қанот “қироли”га айланди десак муболаға бўлмайди. Мерзляковнинг савияси бу йил анча ошгани шундоқ кўриниб турибди. У иккита гол уришга эришди. Шунингдек, Егор Кримец ҳам ўзидан илиқ таассурот қолдирди. Жалолиддин Машариповнинг ҳаракатлари ёмон чиқмади, бироқ унга озгина бор экан. Кахи Махарадзе доимгидек плеймейкерликни удлалай олди. Жамшид Искандеров эса ақлли футбол қандай ўйналишини намоён этиб берди.  

КИМ ЎЗИНИ КЎРСАТА ОЛМАДИ?
Айтиб ўтганимиздек, дарвозабон Лобанов кўп ҳолларда бўш ҳаракат қилди. Игорь Сергеевдан ҳам умид катта эди, лекин у атиги тўртта гол урди. Шерзод Каримовнинг ҳам аксарият баҳсларда ўйини қовушмади. Тажрибали ҳужумчи Анвар Солиев эса кўп вақтини захирада ўтказди ва биринчи даврада тўп кирита олмади. Истеъдодли футболчилардан бири ҳисобланган Тимур Ҳакимов ҳам захира ўйинчисига айланиб қолди. Агар Ҳакимов “Олмалиқ” билан кечган ўйинда гол урганида эди, кейинги беллашувларда асосий таркибда ҳаракат қилган бўлармиди.



ХУЛОСА
Хулоса шуки, “Пахтакор” асосий урғуни ўз тарбияланувчиларига берган ҳолда биринчи даврани ўтказди. Олий лиганинг биринчи ярмида “Пахтакор” сафида атиги 16 нафар футболчи майдонга тушди. Кўплаб ўйинларда жамоанинг асосий таркиби ўзгармади. Лекин бу усул йил охиригача ўзини оқлай олармикан? Жамоа чемпионлик учун кураш олиб бораётган экан, ҳар бир чизиққа яна биттадан кучли футболчини таклиф этиши керак бўлади. Чунки кимдир жароҳат олиб қолиши, кимдир карточкалар туфайли ўйинни ўтказиб юбориши мумкин. Агар “Пахтакор” ҳар бир чизиққа ҳеч бўлмаса биттадан яхши ўйинчини қўшиб олса, жамоанинг чемпионлик учун охиригача курашишига ишонса бўлади.



СТАТИСТИКА
Ўйинлар сони – 13
Урилган голлар – 19
Уйда урилган голлар – 11
Сафарда урилган голлар – 8
Ўтказиб юборилган голлар – 8
Уйда ўтказиб юборилган голлар – 5
Сафарда ўтказиб юборилган голлар – 3
Уйдаги очколар – 16
Сафардаги очколар – 17
Энг кирик ғалабаси - 3:1 (“Бунёдкор”)
Энг йирик мағлубияти - мағлубиятга учрамади
Сариқ карточкалар – 32
Қизил карточка – 0
Нечта футболчи ўйнади – 16



КИМ ҚАНЧА ЎЙНАДИ?

Дарвозабон
Александр Лобанов - 13 ўйин

Ҳимоячилар
Александр Мерзляков - 13 ўйин, 2 гол
Боян Миладинович - 13 ўйин, 3 гол
Даврон Ҳошимов - 13 ўйин, 0 гол
Егор Кримец - 12 ўйин, 3 гол
Камолиддин Тожиев - 10 ўйин, 0 гол
Акбар Исматуллаев - 10 ўйин, 0 гол

Ярим ҳимоячилар
Жамшид Искандеров - 13 ўйин, 2 гол
Кахи Махарадзе - 12 ўйин, 3 гол
Владимир Козак - 12 ўйин, 1 гол
Станислав Андреев - 12 ўйин, 1 гол
Шерзод Каримов - 12 ўйин, 0 гол
Жалолиддин Машарипов - 8 ўйин, 0 гол

Ҳужумчилар
Игорь Сергеев - 13 ўйин, 4 гол
Анвар Солиев - 9 ўйин, 0 гол
Тимур Ҳакимов - 4 ўйин, 0 гол


Хайрулла Холиқов.
Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика