Бир пайтлар улар Ўзбекистоннинг энг яхши ёш футболчилари эди. Совриннинг биринчи эгалари бугун қаерда?
03 фев 10:45
Янгиликлар
Бир пайтлар улар Ўзбекистоннинг энг яхши ёш футболчилари эди. Совриннинг биринчи эгалари бугун қаерда?
Ўзбекистон U-17 терма жамоаси сафида Осиё чемпиони ва Жаҳон чемпионати иштирокчиси бўлган Садриддин Ҳасанов 2025 йилнинг "Энг яхши ёш футболчиси" деб топилди. Мазкур номинация 2007 йилда таъсис этилган. Бироқ йиллар кесимида олсак, уни узлуксиз ҳар мавсум аниқлаб борилган дейиш қийин. Хўш, ушбу совриннинг илк эгалари бугун қаерда?
2007 — Абдумуталлиб Абдуллаев
Биз тилга олаётган совриннинг илк соҳиби Абдумуталлиб Абдуллаев бўлган. У 2008 йил Тошкентда ўтган U-16 Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоасининг асосий фигураларидан бири сифатида майдонга тушган. Саралаш баҳсларида ажойиб ўйин кўрсатган. Бироқ ушбу мусобақадан сўнг бу футболчининг исми катта футболда умуман кўринмади. Transfermarkt портали эса унинг 2012 йил бутсаларини михга илгани ҳақида маълумот қолдирган.
2008 — Шаҳзод Шайманов
2008 йилда Тошкент U-16 Осиё чемпионатига мезбонлик қилди. Унда Роберт Гай бошчилигидаги, 1992 йилда туғилган ўсмирларимиз иштирок этди. Қитъа турнирида ярим ҳимоячи Шаҳзод Шайманов ҳам тўп тепган. Гарчи терма жамоамиз чорак финалда Жанубий Кореяга мағлуб бўлган бўлса-да, таркибда бир қатор маҳоратли ёшлар жамланган эди. Ўша йили Шайманов ЎФА томонидан "Энг яхши ёш футболчи" деб топилди.
"Тўғриси, ўшанда соврин олишни кутмагандим. Совринни олганимда хурсанд бўлишни ҳам, хафа бўлишни ҳам билмаганман. Чунки биз мундиалга чиқа олмаган эдик ва вазифани бажара олмагандик. Ўша совринимни Жаҳон чемпионати йўлланмасига жон деб алмашган бўлардим. Тан оламан, ўшандан кейин маълум муддат юлдузлик касалига дучор бўлдим. Ўйиним пасайиб кетди", — деган эди у сайтимизга берган интервьюсида.
Шайманов фаолияти давомида "Машъал", "Металлург", "Андижон", "Навбаҳор", "Локомотив" жамоаларида тўп тепди. Бангладешнинг "Шейх Жамал" жамоасидаги фаолиятидан сўнг бутсаларини михга илди. Бугунги кунда эса "Машъал" академиясида мураббий сифатида фаолият олиб бормоқда.

2009 — Тимур Ҳакимов
1994 йилда туғилган футболчилардан иборат авлод ўз вақтида яхши натижалар билан барчани ўзига қарата олган эди. Ўша авлоднинг ёрқин юлдузларидан бири ҳужумчи Тимур Ҳакимов бўлган. У кейинчалик Осиё ва Жаҳон чемпионатларида ҳам порлади. Афсуски, унинг катта футболдаги фаолияти кутилганидек кечмади. Бу ҳақда Ҳакимов кўплаб интервьюларида очиқ айтган. Фаолиятининг охирги йилларида Про-лигада "Оқ-тепа", "Динамо" жамоалари либосида ҳаракат қилди. Сўнгги беш йилда эса ҳеч қайси жамоада кўриниш бергани йўқ.

2010 — Аббосбек Махсталиев
Аббосбек Махсталиев ҳам 1994 йилли авлоднинг асосий юлдузларидан бири сифатида танилган. 2010 йилда Тошкент иккинчи бор ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатига мезбонлик қилди. Махсталиев ушбу қитъа турнирида ажралиб турган ва рақиблар дарвозасига 4 та гол урган. Катта футболда Суперлигада "Пахтакор", "Андижон", "Нефтчи", "Навбаҳор", "Сурхон" жамоаларида тўп тепди. 2020 йилдан кейин қуйи лигаларда "Янгиер", "Истиқлол", "Рубин" жамоаларида фаолиятини давом эттирди. Ҳозирда у Сирдарё вилоятида мураббийлик қилмоқда ва янги ташкил этилган "Гулистон" жамоаси мураббийлар штабида иш олиб бормоқда.

2011 — Давлатбек Ёрбеков, Тимур Ҳакимов, Бобур Давлатов
2011 йил ўзбек футболи учун зафарларга бой ўтган. Қатарда бўлиб ўтган Осиё Кубогида миллий терма жамоамиз тарихда илк бор ярим финалга чиқди. Шу йили Алексей Евстафеев бошчилигидаги U-17 терма жамоамиз Мексикадаги Жаҳон чемпионатида иштирок этиб, чорак финалгача етиб борди. Ушбу жамоа таркибида тўп тепган Давлатбек Ёрбеков, Тимур Ҳакимов ва Бобур Давлатов 2011 йилда "Энг яхши ёш футболчи" совринини қўлга киритган.
Ҳакимов ҳақида юқорида тўхталиб ўтдик. Давлатов "Машъал" тарбияланувчиси ҳисобланади. Мексикадаги Жаҳон чемпионатидан сўнг у Россиянинг "Рубин" жамоасига йўл олган. Кейинчалик Қозоғистоннинг "Жетису", "Актобе", Россиянинг "Нефтехимик" жамоаларида ўйнаган. Ўзбекистонда эса "Насаф" сафида кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлган. Унинг сўнгги жамоаси "Шўртан" бўлиб турибди. Давлатов фаолиятини давом эттирадими ёки йўқ — ҳозирча номаълум.
Давлатбек Ёрбеков эса фаолиятини қуйи лигаларда олиб борган. У Фарғона болалар ва ўсмирлар спорт мактаби орқали "Пахтакор" академиясига йўл олган. Бироқ катта футболда омади келмади. Ҳозирда у "Пахтакор" академиясининг Фарғонадаги филиалида иш олиб бормоқда.

2012 — Отабек Шукуров, Жамшид Болтабоев
2012 йилда Эронда ўтган U-16 Осиё чемпионатида ўсмирларимиз тарихий муваффақиятга эришиб, бош совринни қўлга киритишди. Жамоани Отабек Шукуров сардор сифатида етаклаган бўлса, Жамшид Болтабоев ҳам муҳим футболчилардан бири эди. Шукуровнинг кейинги фаолияти барчага яхши маълум: "Машъал"дан сўнг "Бунёдкор"да порлади, миллий терма жамоага жалб этилди ва унда ажралмас футболчига айланди. Клуб миқёсида "Шаржа", "Карагумрук", "Кайсериспор", "Ал Файҳа" жамоаларида тўп тепди.
Жамшид Болтабоев ҳам Осиё ва жаҳон майдонларида порлаган. "Пахтакор"да катта футболга кириб келган футболчи фаолияти давомида жиддий жароҳат олганди, кейинчалик қайтадан юқори даражага чиқди. "Сўғдиёна"да ўз ўйинини тиклади ва Катанец бошчилигида миллий терма жамоага ҳам чақирилди. Ҳозирда Шукуров "Банияс"да, Болтабоев эса "Андижон"да тўп тепмоқда. Бу икки футболчи ҳақиқатдан ҳам ўзидан кутилган натижаларни оқлай олишди.

2013 — Акобир Тўраев, Жамшид Болтабоев, Иззатилла Абдуллаев
Дилшод Нуралиев бошчилигидаги Ўзбекистон U-17 терма жамоаси 2013 йил БААда ўтган Жаҳон чемпионатида иштирок этди. Ушбу жамоа сафида Акобир Тўраев, Жамшид Болтабоев, Иззатилла Абдуллаевлар ҳам бор эди. Болтабоев ҳақида юқорида тўхталдик. Акобир Тўраев ўша йилларда ҳақиқий кашфиётга айланган, терма жамоанинг муҳим голларига муаллифлик қилган. Кейинчалик у "Бухоро", "Пахтакор", "Машъал", шунингдек, Бангладеш, Тожикистон, Ҳиндистон ва Қирғизистон жамоаларида фаолият олиб борди. Унинг "PWD SC" клуби билан шартномаси 4 январь куни якунланган.
Иззатилла Абдуллаев Суперлигада "Сўғдиёна", "Бухоро", "Нефтчи", "Локомотив" жамоаларида муносиб даражада тўп тепди. Кейинчалик Қирғизистоннинг "Узген" жамоасида легионер сифатида фаолият юритди.
2014 — Ислом Кенжабоев
Ислом Кенжабоев ушбу совринга атиги 15 ёшида эришган. Бунда 2014 йилда ўтган Осиё чемпионати катта аҳамият касб этган.
"Тўғрисини айтсам, энг яхши ёш футболчи деб топилишимни кутмагандим. Бунинг учун футболимиз раҳбарларига миннатдорлик билдираман. Бу мукофот мендан янада кўпроқ ишлашни талаб қилади. Унвон бежиз берилмаганини исботлаш учун бор кучимни сарфлайман", — деган эди у совринни олгандан кейин.
Кенжабоев "Насаф"да мухлисларга танилди, кейинчалик "Чежу", "Навбаҳор", "Қизилқум" жамоаларида ўйнади. Айни пайтда у навоийликларнинг етакчиларидан бири ҳисобланади.

2017 — Игорь Чикризов
Игорь Чикризов 2017 йил якунларига кўра йилнинг "Энг яхши ёш футболчиси" деб топилган. У ҳам 15 ёшидаёқ ушбу номинацияда ғолиб бўлган. Чикризов "Пахтакор" ва "Локомотив" ўринбосарлар жамоаларида тўп тепди. Ўша йили Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасига ҳам чақирилиб борди. 2021 йилда Суперлигада 6 та, 2022 йилда 4 та ўйинда иштирок этди. Биринчи лигада "Пахтакор-79" сафида ҳам майдонга тушган. 2024 йилда "Навбаҳор"га ўтган, аммо асосан ўринбосарлар жамоасида қолиб кетган. Охирги маълумотларга кўра, бир йилдан бери жамоасиз.

Кейинги йиллар ғолиблари:
2018 — Остон Ўрунов
2019 — Жасур Жалолиддинов
2020 — Абдувоҳид Неъматов
2021 — Ҳусайн Норчаев
2022 — Аббосбек Файзуллаев
2023 — Абдуқодир Ҳусанов
2024 — Муҳаммадюсуф Собиров
2025 — Садриддин Ҳасанов
Ўхшаш янгиликлар
championat.asia
"Жирона" "Барселона"ни мағлуб этди! Ямалда омадсиз пенальти, якунда эса муштлашув
ЕЧЛ. Винисиуснинг ягона голи "Реал"га "Бенфика" устидан ғалаба тақдим этди. Моуринью четлатилди
Элит ОЧЛ. "Насаф" турнирдаги илк ғалабасини тантана қилди, аммо юришини гуруҳ босқичида якунлади
ОЧЛ-2. "Андижон" Қатарда "Ал Аҳли"га ютқазди ва мусобақа билан хайрлашди
Фикрлар