"Бир футболчи тарихи". "Golden boy" - Эрлинг Холанд ҳақида
27 ноя 2020 14:14
Янгиликлар
"Бир футболчи тарихи". "Golden boy" - Эрлинг Холанд ҳақида
Эътибор берсак, барчаси шунга қараб кетмоқда. “Golden boy” совринининг бу йилги эгаси ҳам норвегиялик ва бугунги кунда у Европани “титратмоқда” ўзининг майдондаги ҳаракатлари билан. “Янги Левандовски ўсиб келмоқда Дортмунд томонларда” дегувчилар ҳам бор, мутахассислар ичида. Танишинг – Эрлинг Холанд, янги даврнинг янги юлдузларидан!
Эрлинг Холанд - ким ўзи у?
Эрлинг Браут Холанд 2000 йил 21 июл Англиянинг Лидс шаҳрида туғилган. Эрлинг "Манчестер Сити"нинг собиқ футболчиси Алфь-Инг Холанднинг ўғли. 2001 йилда Рой Киннинг қўполлиги туфайли жиддий жароҳат олган ва 30 ёшида футболчилик фаолиятини якунлашга мажбур бўлган эди. Холандлар оиласи Британия сафаридан сўнг ўзларига қадрдон Брюнега қайтди. 14 ёшгача ҳандбол, чанғи, мини-гольф ва енгил атлетика каби спорт турлари билан ҳам жиддий шуғулланган. Бошқаларга қараганда эртароқ катталар футболида дебют қилишга эришди: Норвергиянинг иккинчи дивизионидаги “Брюне” жамоасида фаолиятини бошлади. Дастлабки учрашувни 2016 йил 12 майда “Ранхайм”га қарши ўтказди. Ўша баҳсда Холанд иккинчи бўлимда захирадан ўйинга қўшилди. Дастлабки мавсумидаёқ 16 учрашувда иштирок этди.
Клублардаги фаолияти ҳақида
Дастлабки профессионал шартномасини 2017 йил феврал ойида “Мольде” клуби билан тузди. Клубни бугун МЮ устози бўлган Оле Гуннар Сульшер бошқарди. Янги жамоасидаги дастлабки учрашувини эса ўша йилнинг 4 июнь куни Норвегия чемпионати доирасида “Сарпсборг”га қарши ўтказди. Мазкур баҳсда ҳам у захирадан Фредрик Брустад ўрнига майдонга тушди. Дастлабки голини эса дебютидан 2 ой-у, 2 кун ўтиб 6 августда “Тромсё” дарвозасига киритди. Ўша мавсумда Холанд 14 та ўйинда иштирок этди ҳамда 2 та гол урди.
Кейинги мавсумда Холанд асосий таркибда майдонга туша бошлади ва мураббийларнинг ишончини ҳам оқлай олди. “Мольде” – “Бранн” жамоалари ўртасидаги учрашувда Эрлинг 4 та гол уриб покер қайд этди ва жамоасининг 4:0 ҳисобидаги ғалабасини таъминлади.
2018 йилнинг ёз фаслида Холанд яна жамоасини ўзгартириш режасини тузди ва Австриянинг “Ред Булл Зальцбург”ига бориб қўшилди. Клуб футболчи билан 2019 йил 1 январдан бошлаб 5 йиллик шартнома тузди. Эрлинг янги жамоада ҳам голлар уришди давом этди. 2019 йил 19 июлда Австрия кубогида “Парндорф”га қарши ўйинда хет-трик қайд этди. 10 августда энди Австрия чемпионатинда хет-трик муаллифи бўлди. “Волфсбергер”га қарши ўйин 5:2 ҳисобида якунланган ва 5 голнинг учтасига Холанд муаллифлик қилган. Бир ой ўтгач 14 сентябрь куни яна бир бор чемпионатда яна бир хет-трик қайд этишга муваффақ бўлди ва бу сафар "Хартберг" дарвозасига. Қўшимчасига ўша ўйинда норвегиялик футболчи иккита голли пас ҳам берди.
2019 йил 17 сентябр. Яна бир хет-трик, бу сафар ЕЧЛда. Белгиянинг "Генк" жамоасига қарши ўйинда биринчи бўлимнинг ўзидаёқ 3 маротаба тўп кирита олди. Шу натижа билан Холанд Чемпионлар лигаси дебют ўйинида хет-трик қайд этган тарихдаги тўққизинчи футболчига айланди. Кейинги учрашувларда “Ливерпуль”, “Наполи” дарвозаларини ҳам ишғол эта олган Эрлинг Чемпионлар лигасидаги дастлабки учта ўйинида 6 та гол урган тарихдаги биринчи футболчи бўлди. У дарвозага тўп киритишдан чарчамаётган эди ва бу ишини 4 турда ҳам давом эттирди. Бу сафарги “қурбон” “Наполи” дарвозабони. 5 турда “Генк” жамоаси билан ўйинда захирадан ўйинга қўшилган бўлишига қарамай 1 гол ва 1 асисстни амалга оширди. 10 ноябрь куни у Австрия чемпионатидаги учинчи, мавсумдаги бешинчи хет-трикини амалга оширди. Бу эса унинг 12 ўйиндаги 15 голи эди.
Қишки трансферлар бошланмасидан аввал бу футболчи ҳақида жуда ҳам кўп гапирилди, гранд клублар ўз сафига қўшиб олмоқчи бўлди. Уларнинг ичида “Реал Мадрид”, “Манчестер Юнайтед”, “Ювентус” каби жамоалар бор эди. Бироқ Холланднинг ўзи Германиянинг “Боруссия Дортмунд”ини танлади ва 2024 йилгача бўлган шартномага имзо чекди. Трансфер суммаси 20 миллион еврони ташкил этганди.
Янги клубидаги дебютини узоқ кутмади, 2020 йил 18 январда "Аугсбург"га қарши ўтказди ва иккинчи бўлимда захиридан тушганига қарамай хет-трик қайд этди. 120 сонияда “арилар” таркибидаги биринчи голини уришга эришди. У учинчи голини 79-дақиқада урган эди, энг қизиғи Холанд ўйинга 56-дақиқада қўшилганди. Ўйиндан сўнг “Мен бу ерга голлар уриш учун келдим. Ажойиб дебют бўлди, лекин олдинга ҳаракат қилиш керак, буларни қандай натижа беришини кўрамиз” – деган сўзларни айтган. Шу баҳсдан сўнг Goal нашри Матс Хуммелснинг Холанд ҳақида айтган сўзларини келтирган ва унда Хуммелс Холандни Левандовскига ўхшатган. “Холанд яхши ҳаракат қилмоқда. Албаттта, мен унга қандай ишлаши кераклиги ҳақида маслаҳатлар бериб бораман. У 57 дақиқа ичида мен бутун мавсумда урган голларимдан кўпроқ тўп киритди. Мен Левандовски билан кўп йиллар ўйнаганман, Холанд Робертни эслатмоқда. Лекин ҳали у даражада эмас. Умид қиламанки, Холанд Дортмундда узоқроқ қолади. Мен шуни хоҳлайман” – дея фикр билдирган германиялик ҳимоячи.
"Боруссия" таркибидаги иккинчи ўйинда яна иккинчи бўлимда ҳам захирадан майдонга тушди ва "Кёлн”га қарши кечган ўйинда дубль қайд этди. Февралнинг дастлабки кунида Дортмунддаги ўзининг учинчи ўйинида асосий таркибда майдонга тушди ва "Унион Берлин" га қарши ўйинда дубль қайд этди. Шу баҳсдан сўнг берган интервюсида "Сигнал Идуна Парк" стадионида гол уриш - фантастика. Бу одамга фантастик ҳиссиёт беради, бунга қадар бундай ҳолат менда бўлмаган. Жамоадошларим жуда яхши. Шу боисдан ўсишга эришяпман. Бунчалик кўп гол ура оламан деб ўйламагандим. Бундан роҳатланяпман. Шунчаки ҳаётдан завқ олишга интиляпман. Олдинда жуда кўп ишлар қилишим керак" – дея фикр билдирганди. Эрлинг Холанд Германия Бундеслигасида дастлабки 4 ўйинда 8та гол урган биринчи футболчи сифатида тарихдан жой олди.
“Боруссия Д” сафида ЕЧЛда ПСЖга қарши учрашувда майдонга тушган Холанд дубль қайд этди ва жамоаси ғалабасини таъминлади. Ўша ўйиндаги иккинчи голини ўзининг фаолиятидаги энг чиройлиси деб ҳисоблайди ва ширин хотирлаар билан эслайди: “Бу мен киритган голлар ичида энг яхшиси. Чемпионлар Лигасини яхши кўраман”. Унинг 2019/20 йилги мавсумда Чемпионлар Лигасидаги статистикаси дахшат: атиги 8 учрашувида 10 та гол.
Янги бошланган мавсумда ҳам натижалари билан барчани хайратга сола оляпти. Дастлаб Мюнхенглдбахнинг “Боруссия”сига иккита, “Фрайбуг” дарвозасига иккита гол йўллаган бўлса, “Герта” жамоасига қарши ўйинда покер қайд эта олди. УЕФА Чемпионлар лигасида 4 ўйинда 6 гол муаллифига айланган Холанднинг ЕЧЛдаги умумий статистикаси бугунга келиб 12 учрашувда 16 та гол. Унинг бу голеадорлигини ўзи ҳавас қиладиган футболчилар каби бўлиши ҳаракатидан ҳам деб ҳисобловчилар бор. Ундан қайси футболчиларга ҳавас қилишини сўрашганида “Улар битта эмас, икки нафар - Криштиану Роналду ва Златан Ибраҳимович” – деб жавоб берганди. Sky Sport Italia нашрига берган интервюсида «Бир куни Криштиану билан учрашмоқчиман. Роналду билан суҳбатлашиб, у туфайли футболчи бўлганимни айтмоқчиман. У доим мен учун намуна бўлиб келган», – дея фикр билдриган Эрлинг Холанд.
Терма жамоадаги фаолияти ҳақида
2017 йил U-17 Европа чемпионатида Норвегия терма жамоси сафида иштирок этган ва учала учрашувда ҳам ушбу мусобақада қатнашган. 2019 йил 30 майда у ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида Гондурас терма жамоасига қарши то'ққизта гол урди. Аммо ўша баҳс гуруҳдаги энг сўнгги ўйин эди ва Норвегия уйига қайтиб кетди бироқ Холанд ўз натижаси билан турнирнинг энг яхши тўпурарига айлана олди. Ўша йилнинг сентябрь ойида Норвегиянинг катталар терма жамоаси сафида Евро-2020 саралашида Малта термасига қарши ўйинда майдонга тушди. Ўша баҳсда асосий таркибда майдонга тушди ва 66 дақиқа ҳаракат қилди. 2020 йил 4 сентябрда УЕФА Миллатлар Лигасининг янги мавсумидаги биринчи ўйинида Холанн Ослода Австрия терма жамоаси дарвозасига миллий жамоадаги биринчи голни урди. Орадан 3 кун ўтиб 7 сентябр куни у Шимолий Ирландияга қарши ўйинда дубл қайд этди. Бир ойдан сўнг 11 октябрь куни у миллий терма жамоадаги олтинчи ўйинида УЕФА Миллатлар Лигаси доирасида Руминияга қарши учрашувда хет-трик қайд этди.
Шахсий ҳаёти
Холанднинг собиқ жамоадошларининг айтишича, улар дам олиш соатларида бекорчилик билан ёки қарта ўйнаш билан шуғулланганларида, Ҳоланд диета ва уйқуни яхшилаш борасида турли мақолаларни ўқиб ўтирар экан. Эрлинг Холланд жуда ҳам олийжаноб. Ушбу мавсумда “Бавария”га қарши ўйинда рақиб жамоа футболчиси Жошуа Киммих жароҳат олиб майдонни тарк этди ва ўшандан сўнг ўз Твиттер саҳифаси орқали ҳамкасбига соғлик тилади.
Get well soon Kimmich pic.twitter.com/ZnOP8Z7m64
— Erling Haaland (@ErlingHaaland) November 8, 2020
Айнан Твиттер саҳифасида ҳам ўзига берилган саволларга жавоб қайтаради. Ундан “Бутун стадион «Эрлинг Холанд» дея олқишлаганида нималарни сезасан?” деб сўрашганида “Тўғрисини айтсам, бу мен ҳис қилган энг ёқимли ҳиссиёт. Буни сўз билан таърифлаб бўлмайди” деган жавобни берган.
Шахсиятига доир қизиқ факт:
Ўз интервюларидан бирида исмининг талаффузи ҳақида гапирганди. “Холанд исми қандай тўғри талаффуз қилинишини айтди: «Агар норвегиялик бўлмасангиз, мени Эрлинг Бғаут Халанд деб, Норвегияда эса Арвинг Бғаут Холанд деб чақиришингиз мумкин” - дея фикр билдирган.
Мақола аввалида уни Левандовскига ўхшатишларини ва бу борада Матс Хуммелснинг фикрини ҳам келтиргандик. Полшалик форварднинг ўзи ҳам Эрлинг ҳақида шундай деганди: "У жуда катта имкониятларга эга, шу билан бирга унда ўсиш учун вақт бор. Мен гапларим билан унинг иштиёқини сўндирмоқчи эмасман. Агар у астойдил ҳаракат қилса, янада яхши ўйнай олиши ва топ-даражага чиқиши мумкин. Шундай экан, кейинги босқичга ўтишдан олдин у Бундеслигада кўпроқ вақт қолса яхши бўлар эди”. Хуллас, Бундеслига ихлосмандларини табриклайман, янги супер юлдуз пайдо бўляпти Германияда, Бундеслига жамоаларнинг ҳимоячи ва дарвозабонларига эса сабр тилайман, бошингизга оғриқ бўлувчи ҳужумчи порламоқда, эҳтиётингизни қилаверасиз буёғига…
Владислав Гойхманн
Оғабек Самисов таржимаси
Фикрлар