АПЛ афсонаси "Арсенал"ни Чемпионлар Лигасида тўхтата оладиган жамоани айтди

Sherzod Nurmatov
22 янв 2026, 19:35
Лондоннинг "Арсенал" жамоаси Чемпионлар Лигасининг асосий босқичидаги сўнгги ўйинга юз фоизли натижа билан етиб келмоқда.

Мутахассисларда эндиликда "канонирлар" соврин учун жиддий кураш олиб боришига шубҳа йўқ, аммо бу пойгада улар ёлғиз эмас.

Англия футболи афсонаси Алан Ширернинг фикрича, "Арсенал"ни тўхтатишга қодир ягона жамоа — амалдаги чемпион ПСЖ.

"Бугун бу жамоа, яъни "Арсенал" финалгача етиб бориш учун жуда яхши имкониятларга эга эканига шубҳа йўқ. Аммо ПСЖ ўтган йили нималарга эришгани ва улар сафидаги футболчиларни ҳисобга олсак, мен барибир бироз устунликни ПСЖга берган бўлардим. Лекин "Арсенал' уларга жуда яқин, балки финалга чиқар.

Менимча, "Арсенал"даги ишончга қараб, шунингдек, таркибдаги ротацияни инобатга олсак, у захира футболчиларни ҳам майдонга тушира олади ва жамоа барибир жуда кучли кўринади, сафарда ҳам ғалаба қозонишга қодир. Бу албатта ҳал қилувчи паллаларда уларга ёрдам беради. Шундай экан, ПСЖ ва "Арсенал" асосий фаворитлардир", – деди Ширер.

Айтиш жоизки, "Арсенал" Чемпионлар Лигасининг асосий босқичидаги сўнгги ўйинини Олмаотанинг "Қайрат" жамоасига қарши ўтказади.

Ўхшаш янгиликлар


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: The Mirror