

- Қизиқарли ўйин бўлишини аниқ билгандим. Иккала жамоага ҳам очко керак эди. Иккала томонда ҳам, умуман олганда, кўпчилик клубларда бўлганидек, муаммолар етарли. Бугун тўпни назорат қилишга келишиб олгандик.
Шунга қарамастдан, яхши ўйин кўрдик деб ўйлайман. Вазиятларга бой беллашув бўлди. "Бунёдкор"нинг ДНКсини, ички муҳитини жуда яхши биламан. Бу ерда майдонга қайси таркиб тушмасин, чиройли футбол кўрсатишга ҳаракат қилади ва шунга интилади. Шунга яраша бизнинг футболчилар ҳам муносиб ўйин кўрсатишди. Уларга катта раҳмат: жуда катта меҳнат қилишди, майдонда бор кучларини беришди. Футболчилар бизга очко қанчалик зарурлигини ҳис қилиб, вазифани уддалашди. Шунингдек, Термиздан келиб, бизни астойдил қўллаб-қувватлаган мухлисларимизга ҳам миннатдорчилик билдираман. Ўйлайманки, улар ҳам уйларига, оилалари бағрига хушнуд ва хотиржам кайфиятда қайтадилар. Йигитларга ҳам, мухлисларга ҳам ажойиб ўйин учун каттадан-катта раҳмат.
— Анвар ака, авваламбор, ассалому алайкум. Ғалаба билан табриклаймиз! "Сурхон" сўнгги учта ўйинда гол ура олмаганди, ўтган турда эса "Навбаҳор"га имкониятни бой бериб қўйди. Жамоани асосий ҳужумчи тарк этганидан сўнг унинг ўрни қанчалик билиняпти? Жамоанинг кам гол ураётганига асосий сабаб нимада? Бу шунчаки менинг эмас, статистиканинг гапи.
— Бу кўпчилик жамоаларда бор муаммо. Бундан ташқари, майдон ҳолати ҳам ўз сўзини айтади.
— Майдон ҳолати яхши эмасмиди?
— Йўқ, Олмалиқдаги стадион жуда яхши. Шунчаки майдонда бироз нотекислик бор эди ва сал намроқ эди. Лекин бу баҳона бўлолмайди, сабаби етарлича вазиятлар яратяпмиз. Миржалол Қосимович айтганларидек, хавфли вазиятлар кўп, аммо охирги нуқтани қўядиган футболчи етишмаяпти. Бугунги ўйинда ҳам етарлича имкониятларга эга бўлдик, лекин якуний зарба берадиган ҳужумчи ҳозирча йўқ. Тажрибасиз ёш йигитлар бор, ҳаракат қилишяпти, аммо уларга вақт керак. Агар улар шу ёшда ҳар бир вазиятдан унумли фойдалана олишганида, бизда эмас, аллақачон чет элда ўйнашаётган бўларди. Ишлашда давом этамиз. Футбол шуниси билан қизиқ, балки яқин орада янги бир ҳужумчини кашф қилармиз.

— Ўтган ҳафта "Сурхон" Ўзбекистон кубогини кутилмаганда тарк этди. Ўйиндан кейинги тайёргарлик ва руҳий тикланиш жараёни қандай кечди? Умуман олганда, ўша кутилмаган мағлубият ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
— Бу натижа кимгадир кутилмагандек туюлиши мумкин. Жамоамизнинг ва уларнинг "Бухоро" билан ўйинини қайта кўришларини илтимос қилган бўлардим. "Бухоро" — жуда яхши шаклланган жамоа. Гуруҳ босқичида мағлуб бўлганимиз рост. Улар ҳар бир ўйинга чин дилдан тайёргарлик кўришади, уларга қарши ўйнаш жуда қийин. Футболчилари ўйиннинг бошидан охиригача бор кучини беришга тайёр. Улар худди "Бавария"дек яхши созланган "машина"га айланишган. Бироқ кўпчилик уларни менсимамаяпти, бу нотўғри. Ўша ўйинда бизда ҳам имкониятлар бўлганди, лекин фойдалана олмадик. Бу — футбол. Қайси жамоа ютқазмайди дейсиз? Ҳатто "Реал Мадрид" ҳам кубокда қуйи лига жамоасига имкониятни бой бериб қўйган пайтлар бўлган. Биз ҳам бор кучимизни бердик, лекин вазиятлардан унумли фойдаланмасанг, шундай бўлади. Гол урмаган жамоа ё дуранг ўйнайди, ё ютқазади.
— Тўғри, "Бухоро" таркибида тажрибали футболчилар бор, лекин "Сурхон" таркибига қарасак, ротацияга қўл урилганини кўрамиз. Мураббийлар штаби томонидан рақибни бироз менсимаслик бўлмадими?
— Йўқ, асло! Жамоада бор бўлган футболчиларни майдонга туширдик. Уларга ҳам қачондир имконият бериш керак-ку. Ҳар сафар битта таркиб билан ўйнай олмаймиз, асосий таркиб футболчиларига ҳам дам бериш лозим. Етакчилардан кимдир жароҳат олиши ёки карточкалар сабабли кейинги ўйинни ўтказиб юбориши мумкин. Шунда майдонга тушадиган ёшларга аввалроқ имконият бермаган бўлсак, улардан тўсатдан катта натижа талаб қилиш нотўғри бўлади. Биз уларга ишонишимиз ва тажриба тўплашларига шароит яратишимиз керак. Мағлуб бўлдик, лекин ҳаракат қилдик. Беш қўл баробар эмас. Кейинги ўйинларда вазиятлардан унумли фойдалансак, ҳаммаси яхши бўлади.
— Биринчи таймда "Сурхон" тўпга жуда кўп эгалик қилди, аммо якуний зарбалар деярли бўлмади. Фақатгина 12 та бурчак зарбаси амалга оширилди. Иккинчи таймда эса стандартлар камроқ бўлса-да, ўйин сифати ошди. Захирадан тушган футболчилар, хусусан, голли узатма берган Юсуповнинг ўйинига қандай баҳо берасиз?
— Эътибор берган бўлсангиз, ҳар бир футболчига ишонч билдиряпмиз. Улар — ёш йигитлар, уларга босқичма-босқич имконият беришимиз зарур. Майдонга тушмаса, тажрибани "PlayStation" ўйнаб ўрганадими? Улар майдонда хато қилиши ва биз ўша хатолар устида ишлашимиз керак. Катта юлдузлар ҳам хато қилади. Хато бўлмаса, футболда гол ҳам бўлмайди.
Биринчи таймдаги бурчак зарбаларига келсак, рақиб ҳимоячилари яхши ҳаракат қилиб, тўпни қайтариб юборишди. Иккинчи таймда эса захирадан тушган ёшлар ўйинни жонлантирди. Аммо уларни ҳаддан ташқари мақташдан эҳтиёт бўлиш керак, чунки ҳали олдинда муҳим ўйинларимиз бор. Битта яхши ҳаракат билан ўзини "юлдуз" деб ҳисоблаб юбормасликлари лозим. Умуман олганда, ҳар бир футболчи берилган топшириқни бажаришга ҳаракат қилди ва бундан мамнунмиз.
— Навбатдаги ўйин "Нефтчи"га қарши кечади. Ҳозир улар иштирокидаги баҳс ҳисобидан хабарингиз борми?
— Ҳа, эшитдим.
— Бу ҳисоб сизнинг жамоангизга ва бўлажак ўйинга қандай таъсир кўрсатади?
— Бу нормал ҳолат. Ҳар қандай ўзини ҳурмат қилган жамоа мағлубиятдан сўнг кейинги ўйинда бор кучи билан майдонга тушиб, мухлислари олдида ўзини оқлашга ҳаракат қилади. Рақиб бизга қарши алам билан майдонга тушиши табиий. Лекин бизнинг ўз йўналишимиз, ўз олдимизга қўйган мақсадларимиз бор. Турнир жадвалида колганчалик юқорироқ ўринларни эгаллашга ҳаракат қиламиз. Рақибнинг кимлигидан қатъи назар, ҳар бир жамоани ҳурмат қиламиз, аммо майдонга ўз йўлимиздан чекинмаган ҳолда тушамиз.



