UZ

Сўнгги янгиликлар

23:52Аббос Файзуллаев ва ЦСКАнинг бошқа футболчилари 158 нафар болакайларга қарши майдонга тушишди  0 23:43"Барселона" ваъдасининг устидан чиқа олмади  2 22:53U20 Осиё Кубогининг энг яхши дарвозабони "Пахтакор" билан хайрлашди  1 22:28Риан Исламов "Навбаҳор"га ўтди  4 22:02Испан клуби МЮ билан Антони борасида музокаралар ўтказмоқда  1 21:09"Пахтакор" ўз стадиони тайёр бўлгунча ўйинларни қайси аренада қабул қилади?  6 20:44Ҳоланд, Винисиус, Ямаль — дунёнинг энг қиммат футболчилари  16 20:20Слотт "Ливерпуль" ҳимоячиси жароҳат олганини маълум қилди  3 19:58Магуайр Аморим билан тен Ҳагни солиштирди  6 19:35"Қуёш чиқади. Биз қайтамиз" — Гвардиола  1 19:13"Манчестер Сити" нигериялик қанот ҳимоячисига қизиқмоқда  0 18:49Расман: Олег Зотеев – "Андижон" аъзоси!  5 18:28МЮ ҳимоячиси "Наполи"га йўл олиши мумкин  2 18:04Италиянинг 3 та клуби Шомуродовга қизиқмоқда  7 17:40Ўзбекистонлик дарвозабонлар мураббийи фаолиятини Қирғиз Республикасида давом эттириши мумкин  1

Анвар Бердиев: «Бунёдкор»га бораман деб ўйламагандим» Янгиликлар

Анвар Бердиев: «Бунёдкор»га бораман деб ўйламагандим»

«Бунёдкор» жамоасининг ҳужум чизиғида айрим муаммолар кўзга ташланиб қолганди.
Кўпинча олдинги чизиқ вакиллари имкониятлардан самарали фойдалана олмаяптилар. Масалан, Камол Мурзоевга мураббийлар ҳар қанча ишонч билдиришмасин у кутилган натижани бермади. Натижада у Қозоғистоннинг «Иртиш» клубига ижарага берилди. Лекин «Бунёдкор»га тажрибали Анвар Бердиев қўшилди. 13 йил давомида «Нефтчи» шарафини муносиб ҳимоя қилиб жамоанинг муваффақиятларига катта ҳиссасини қўшган ҳужумчи бир ой аввал жонажон клубини тарк этишга мажбур бўлди. Шундан кейин футболчига кўплаб жамоалардан таклифлар тушди. Бердиев эса табиийки «Бунёдкор» вариантини танлади ва жамоа билан машғулотларда қатнаша бошлади. Яқинда эса клуб билан бир ярим йиллик шартномага имзо чекди. Шундан кейин Анвар билан боғланиб «Нефтчи»ни тарк этиш сабаблари ва «Бунёдкор»га келиши хусусида кенг қамровли суҳбат уюштирдик.  

-   Сизга «Бунёдкор»дан таклиф тушгани ва ушбу жамоа аъзосига айланишингиз кутилаётганди. Ниҳоят бу амалга ошди. Дастлаб «Қалдирғочлар» таркибига қўшилишингиз сабаблари хусусида гапириб берсангиз?
-   «Нефтчи»дан кетганимдан сўнг орадан 2-3 кун ўтгач менга «Бунёдкор» бош мураббийи Миржалол Қосимов қўнғироқ қилиб ўз жамоасига таклиф қилди. Менга бунга қадар бошқа клублардан ҳам таклифлар бўлганди. Аммо Қосимовнинг чақирувидан кейин ҳеч иккиланмасдан «Бунёдкор»га бордим.

-   Бу сиз учун кутилмаган таклиф бўлиб туюлдими?
-   Тўғриси, мен учун ҳам «Бунёдкор»дан таклиф бўлиши кутилмаган бўлди деб айтсам бўлади. Бирорта клубга ихтиёрий бориб ўйнагандан кўра ўртамиёна клубдан таклиф бўлиб ўша ерда тўп сурган яхши деб ҳисоблайман. Лекин Миржалол Қўшоқович «Бунёдкор»га таклиф қилгач ҳеч нимага қарамасдан розилик бердим.

-   Охирги пайтларда «Бунёдкор»нинг ҳужум чизиғида муаммолар пайдо бўлди. Биргина Пишурни ҳисобга олмаганда бошқа ҳужумчиларда гол уриш имконияти пасайиб кетди. Шу боис ҳужум чизиғида сизни кўришни истагани бежиз эмас.
-   Аввало шуни айтмоқчиманки, «Бунёдкор»да Александр Пишур, Камолиддин Мурзоев, Баҳодир Пардаев, Игор Таран, Анвар Солиев сингари ажойиб ҳужумчилар йиғилган. Бу клубга ўтганимнинг сабаби, шахсан Қосимовнинг ўзи мени жамоага кераклигимни айтганидан кейин келавердим. Назаримда бу мураббийга боғлиқ савол деб ўйлайман.

-   «Нефтчи»ни тарк этишингиз Юрий Саркисян туфайли юз берди. Менимча бундан бошқа сабаби йўқ, шундайми?
-   Ҳа, тўғри. Бир куни вилоят ҳокимлигида йиғилиш бўлди. Ўша ерда Юрий Вазгеновични ишдан бўшатдик деб айтишгач, мен жамоа номидан Саркисянни шунчаки кетгизмаслик керак, у нафақат Фарғона футболига балки, Ўзбек футболига катта ҳисса қўшди, кўплаб натижаларга эришган. Шу боис уни муносиб кузатиб қўяйлик деган гапни айтдим холос. Айнан шу айтган гапларим жамоадан кетишимга сабаб бўлди.

-   «Гулистон» билан ўйинда гол урилгач жамоадошингиз маҳаллий газетани йиртиб юборди. Бунга муносабатингиз қандай?
-   Мен ҳамиша журналистларни ҳурмат қиламан ва уларнинг ишини қадрлайман. Бўлиб ўтган воқеага келсак, ўша газета вилоят ҳокимлигига тегишли бўлмаган газета ҳисобланади. «Гулистон» билан ўйиндан олдин ўша газетага тўртта инсон интервью бериб, жамоадаги мураббийларни, футболчиларни алмаштириш керак, умуман ёқимсиз гаплар ёзилган. Очиғини айтсам, бу гапларни айтган инсонлар футбол ичидаги шахслар эмас. Футболни ҳам яхши тушунишмайди. Шу боис уларнинг гаплари жамоамиздаги ҳаммани ранжитди. Газетани йиртиб юборилиши ҳам айнан ўша инсонлар учун қилинди. Аммо газетани ўзи учун қилингани йўқ. Агар гапирган одамлар ҳақиқатдан футболнинг мутахассислари бўлганида буни тўғри қабул қилган бўлардим. Биз фақат уларнинг гапларига қаршилик сифатида шундай қилдик. Лекин ҳамма айтаётганидек газета вилоят ҳокимлигининг газетаси эмас.
   
-   Кейинчалик яна «Нефтчи»га қайтишингиз ҳақида маълумотлар пайдо бўлди...
-   Тўғри, бу рост. «Нефтчи»га Амет Мемет келганидан кейин мени чақиртириб кетмаслигимни, клубга керак эканлигимни айтиб ишонч билдирди. Лекин мен у пайтга келиб ўзим учун қарор қабул қилиб бўлгандим. Шу сабабли «Нефтчи»да қолишим жуда қийин масалага айланган. Боз устига мен ҳақимда вилоят ҳокимига нотўғри маълумот беришган. Боя бўлиб ўтган йиғилишда айтган гапларимни раҳбарга нтоўғри етказиб, Анвар Бердиев қарорингизга қарши чиқяпти деб айтишган. Лекин аслида ундай эмас. Мен вилоят ҳокимини ҳурмат қиламан. Унинг айтган биргина гапи вилоятда албатта қўлланилади. Хуллас, ҳалиги йиғилишнинг эртасига вилоят ҳокимининг ўзи футболчилар билан мажлис ўтказди. Ўшанда ким жамоа сардори деб сўради. Биласиз, бизда «капитан» Мансур Саидов. Кейин яна иккинчи марта такрорлаганидан кейин Мансур «Анвар ака, сиз ичимизда каттамиссиз, ўзингиз чиқинг» деди ва мен ўрнимдан турдим. Ўша пайт ҳоким ёнидаги одамдан «ким бу бола?» деб сўраганида улар кечаги йиғилишдаги гапларни шу бола айтган, дейишгач раҳбар менинг бирорта гапимни эшитмасдан сиз ҳам бўшсиз кетинг деди ва мен иккиланмасдан тарк этдим.

-   «Нефтчи»дан бу тарзда кетаман деб сира ўйламагандирсиз?
-   Бўлмасамчи! 13 йил шу ерда ўйнаб озми-кўпми жамоага ёрдамим тегди деб ўйлайман. Мен учун клубдан бундай ҳолатда кетиш жуда ачинарли. Лекин бу – ҳаёт. Ҳаётда эса ҳамма нарсага тайёр туриш керак экан. Бу билан ҳаёт тўхтаб қолмайди. «Нефтчи»га янги келган мураббийлар жамоани ҳозирги қийин шароитдан олиб чиқиб кетишларини тилайман. Нима бўлган тақдирда ҳам мен бу жамоа учун бефарқ эмасман. Тўғри, клубнинг бу қадар пастга тушиб кетишига ўзимиз ҳам айбдормиз. Бу йил мавсумни омадсиз бошлаганимиз учун фарғоналиклар мухлислардан узр сўрамоқчиман. Биз уларнинг олдида хижолат бўлиб қолдик. Аммо «Нефтчи»дан кетган бўлсам-да, жамоада яхши ўйинчилар қолишган. Иккинчи даврада улар албатта вазиятни ижобий томонга ўзгартириб юқори ўринларни эгаллай оладилар.

-   Айтингчи, «Нефтчи»ни тарк этишингизга Юрий Саркисяннинг муносабати қандай бўлди?
-   «Бунёдкор»га қўшилгач Юрий Вазгеновичга қўнғироқ қилиб янгиликни айтсам, буни кутмаганини ва бундан хурсандлигини айтиб, менга омад тилади.

-   Умуман, сизнинг «Бунёдкор»га ўтишингиз кўпчилик учун кутилмаган янгилик бўлди. Тўғри тажрибали ҳужумчисиз. Аммо 35 ёшда ҳар қандай футболчи ҳам «Бунёдкор»га келавермайди. Шундай экан, ҳозирги ҳолатингизда бошингизга бахт қуши қўнди десам муболаға қилмаган бўламанми?
-   Футболда ёш шунчаки рақам холос. 20 ёки 35 ёшда бўласизми майдонга чиққанда сиздан фақат яхши ўйин кўрсатиш талаб этилади. Мухлислар стадионга сизнинг ёшингиз учун ташриф буюришмайди. Хар қандай шароитда ҳам фақат яхши ўйинни кутишади. Яна бир бор қайтараман: бу рақамлар холос. Айтмоқчиманки, ҳали бемалол юқори савияда ўйнашга кучим етади.

-   13 йил давомида битта клубда ўйнаб бирданига муҳитни ўзгартириб янги жамоага мослашиш қийин бўлмасмикин?
-   Мен ҳам бошида қийин бўлса керак деб ўйлагандим. Лекин «Бунёдкор»га келиб ички муҳитини ва футболчиларга бўлган муносабатни кўриб чиндан ҳам профессионал клуб эканлигига амин бўлдим. У ерда нафақат мураббий ва футболчилар балки, клубнинг барча ишчи-ходимлари ҳам мени илиқ кутиб олишди. Мени хурсандчилик билан қарши олишганидан хурсанд бўлдим. Очиғи, бундай бўлишини кутмагандим.

-   «Нефтчи» билан солиштирганда фарқлар дарҳол кўзга ташлангандир?
-   Албатта фарқ бор. Аммо «Нефтчи»да ҳам ички муҳит жуда яхши эди. Ўйинчиларнинг бир-бирига бўлган муносабати аъло даражада. «Бунёдкор»да ҳам худди шундай манзарани кўрдим. Барибир бу ерда барчаси юқори даражада экан.

-   «Нефтчи»дан кетганингиздан сўнг сизга қизиқувчилар жуда кўп бўлди. «Бунёдкор»дан ташқари «Пахтакор» ҳам сизга таклиф билан чиқди. Бу сизни иккилантириб қўймадими?

-   Мен «Бунёдкор» ва «Пахтакор»дан ташқари яна бир қанча клублардан таклиф олдим. Тўғри, «Пахтакор» ҳам юртимизнинг кўзга кўринган жамоаси. Ёшлигимда дадам билан «Пахтакор»нинг ўйинларини кўриб уларга мухлислик қилардик. Ана шу жамоадан таклиф тушгач уйга дадамга қўнғироқ қилиб айтсам, хурсанд бўлди. Лекин мен ундан аввал «Бунёдкор»га сўз бериб қўйганман. Шундай ҳолатда ҳам «Пахтакор» билан тил топшисам унда тўғри иш қилмаган бўлардим. Шу сабабли «Пахтакор» раҳбариятига бориб жамоани ҳурмат қилишимни ва мени таклиф қилишгани учун миннатдорлик билдирдим. Бироқ уларга ҳам «Бунёдкор» жамоасига сўз бериб қўйганимни айтдим ва «пахтакор»дагилар билан илиқ муносабатда хайрлашдик.

-   «Бунёдкор» либосида биринчи ўйинингизни ўтказишни интиқлик билан кутяпсизми?
-   Ҳозир жамоа билан машғулотларда жиддий ишлаяпмиз. Барча йигитлар зўр бериб ишламоқдалар. Имкони қадар тезроқ майдонга тушиб ўйнашимни кутяпман.

-   «Нефтчи»да етакчи ҳужумчи сиз эдингиз. «Бунёдкор»да эса етакчилардан бир нечтаси бор. Клубда ўз ўрнингизни топиш учун яна қаттиқ меҳнат қилишингиз талаб қилинади.

-   Қайси жамоада ўйнашингиздан қатъий назар доимо қаттиқ меҳнат қилмасангиз бўлмайди. «Бунёдкор»да ҳар бир футболчининг ўрни бор ва етакчи саналади. Мен ҳам қўлимдан келганича ҳаракат қиламан. Ҳаммаси футболчининг ўзига боғлиқ. Дастлабки ўйинларимданоқ ёрдам бериш учун курашаман.

-   «Бунёдкор» ҳужумчиси Камолиддин Мурзоев «Иртиш» клубига ижарага берилди. Бу эса сизнинг келишингиз билан боғлиқдир?

-   Ким келиши, ким кетишини бош мураббий ҳал қилади.

-   Бир сўз билан айтганда «Нефтчи»ни тарк этганингиз учун хафа бўлдингизми?

-   Кетганимга хафа бўлмадим. Барибир вилоят ҳокимига раҳмат айтаман. Йил бошида бизга барча шарт-шароитларни яратиб беришди. БААда ва Туркияда ўқув-машғулот йиғинларини ўтказишимизда ҳоким ёрдам берди. Мухлисларнинг ва раҳбарнинг жамоамиздан умиди катта эди. Афсуски, кутилган ўйинларини кўрсата олмадик. Ҳамма раҳбар шароит яратиб берганидан кейин албатта натижани кутади. Афсуски, вилоят ҳокимининг ишончини оқлай олмадик. Бунинг учун барчасидан узр сўрайман.
«Нефтчи»нинг бундан кейинги ўйинларига омад тилайман. Ҳаётда ҳамма нарса бўлади. Кимдир келади, кимдир кетади. Доим бандани эмас, яратганни айтгани бўлади. Пешонамизда ёзилган экан, шуни кўрамиз. Бўлиб ўтган ишлар учун одам афсус қилиб юрмаслиги керак. Ҳар қандай шароитда ҳам у олдинга қараб интилиши лозим.

-   «Нефтчи»дан Саркисян ва сиз кетганингиздан кейин фақат ютқазяпти. Борган сари жамоа кучсиз, аутсайдер клубга ўхшаб қоляпти. Сизга ҳам билиняптими?

-   Ҳа, билиняпти. Лекин янги келган одам ҳаммасини бирданига ўзгартириб юбориши қийин. Очиғини айтсам, «Нефтчи»ни четдан кузатиб унга ачиняпман. Фарғонада шунча йил умрим ўтди. Табийики, уларга бефарқ бўла олмайман. Жамоада ким ишламасин тезроқ чуқурликдан олиб чиқиб кетишини тилаяпман.

-   Мухлислар ҳали ҳам ўтган йилги тўпурарлигингизни эслаб юрибдилар. «Нефтчи»да бир неча бор қийин вазиятларда гол уриб жамоага ҳисса қўшдингиз. «Бунёдкор»да эса ҳужумчиларга енгиллик томони шундаки, уларга голли имкониятлар яхшироқ яратиб берилади. Демак, янги жамоангизда имкониятингиз янада ошишини тахмин қилса бўлади.

-   Ўйлайманки, «Бунёдкор»да тўп суриш осон бўлмайди. «Нефтчи» узоқ йилдан бери деярли битта таркиб ўйнаяпти. Хаттоки, баъзи футболчилар билан 10-12 йилдан бери тўп суриб келдик. Шунинг учун майдонда улар билан кўзимизга қараб тушунардик. Ўтган йили тўпурарликка эришганим биргина мени эмас, бутун жамоанинг меҳнати бўлди. «Бунёдкор»га келиб мослашиш керак ва ўйин ҳам бироз бошқачароқ. Тўғри айтдингиз, бу ерда гол уриш учун имкониятлар кўпроқ бўлади. Ҳар қандай ҳаолатда ҳам ҳаракат қиламан. Боя айтганимдек, барчаси футболчининг ўзига боғлиқ.   


Шуҳратбек ЖЎРАЕВ суҳбатлашди.
Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика