"Андижон"нинг россиялик ҳужумчиси: "Мақсад – клуб таркибида иложи борича кўпроқ соврин ва унвонларга эга бўлиш"

Administrator
23 фев 2024, 23:46
"Андижон" сафига янги қўшилган футболчилар орасида ЦСКА клуби тарбияланувчиси, истеъдодли ҳужумчи Лука Згурский ҳам борлигини биласиз.

Россиялик футболчи фаолиятида янги саҳифа очилди ва “Андижон”да нималарга қодирлигини кўрсатмоқчи. Шу билан бирга у янги саргузаштларга ҳам тайёрланмоқда. Лука “Андижон” матбуот хизматига илк интервюси берди.


-Лука, сиз энди расман “Андижон” аъзосисиз. Янги клубда ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?

-Ўзимни бу ерда аъло даражада ҳис қиляпман. “Андижон”дек клубда ўйнашдан хурсандман.

-Олдин “Андижон” ҳақида нималарни эшитгансиз?

-Айтишим мумкинки, “Андижон” жамоасини яхши ва ажойиб мухлисларга эга клуб деб эшитганман.

-Лука, айтинг-чи, ЦСКА клубидаги фаолиятингиз қандай кечди?

-ЦСКАда турли хил яхши ва бунинг акси ўлароқ ёқимсиз дамлар ҳам бўлган. Ҳар қандай ҳолатда ҳам шу даражага етишимда мазкур жамоанинг ҳиссаси катта эканлигини таъкидлаб ўтмасам бўлмайди.

-“Андижон”га кўчиб ўтишингизда ЦСКА ва умуман у ердагиларнинг муносабати қандай бўлди?

-Мухлислар ва ўйинчиларнинг муносабати турлича бўлди. Лекин кўпчилик бу танловимни қўллаб-қувватлади.

-Сиз ҳужумчисиз. Табиийки, мухлислар сиздан кўп нарса кутишади. Ўтган йили Рубин Хебай энг яхши тўпурар бўлганди. Унинг ўрнини эгаллашга тайёрмисиз?

-Иложи борича тезроқ ўзимга билдирилган ишончни оқлашга ҳаракат қиламан. Шу билан бирга тўпурар бўлишга ва фурсати келганида ҳимоядаги шерикларимга ҳам ёрдамлашишга ҳаракат қиламан.

-Адашмасам, сиз илгари ҳам Ўзбекистонга келгансиз-а?

-Ҳа, олдин Россия У21 таркибида Ўзбекистонда – Бухоро шаҳрида бўлиб, иккита ўртоқлик учрашувида майдонга тушганман.

-Сиз ва Максим Сарраф ЦСКАдан “Андижон”га қўшилганинглардан сўнг “Спорт Экспресс” нашри мен билан алоқага чиқди ва бу трансферларга қизиқишди. Россиялик журналистлар ҳам бу масалада сизлар билан боғланишгандир…

-Ҳа, россиялик журналистлар бу ўтишим қандай амалга ошгани билан қизиқишди.

-Асосий мақсадингиз нима?

-Мақсад – “Андижон” таркибида иложи борича кўпроқ соврин ва унвонларга эга бўлиш. Албатта, жамоа учун фойдаси тегадиган футболчи бўлишга ва кўпроқ голлар уришга, тўпурарлар пойгасига киришга ҳаракат қиламан.

-Қайси рақамни танладингиз?

-Ўзимга 51-рақамни олдим.

-“Андижон” жамоасига мослашув жараёни қандай кечяпти?

-Мослашиш жараёни зўр ўтмоқда ва бунинг учун ўйинчиларга, клуб раҳбарияти ва ходимларига миннатдорлик билдираман.

“Андижон” матбуот хизмати.

Ўхшаш янгиликлар


AdministratorМуаллиф
Манба: “Андижон” матбуот хизмати.