Алишер Маҳмудов билан вазият қандай бўлган?

Narzulla Saydullayev
16 фев 2015, 19:02
Юқорида хабар берилганидек "Навбаҳор" жамоаси аъзоси Алишер Маҳмудов билан чигал вазият юзага келган. Маҳмудов ҳамон айнан қайси клуб аъзоси бўлиши номаълум бўлиб турмоқда.
"Навбаҳор" 10 февраль куни Маҳмудовга жамоадан кетишга рухсат берган. Клубнинг ярим ҳимоя чизиғида кучли рақобатдан сўнг наманганлик футболчи жамоани тарк этган. 13 февраль куни Маҳмудов "Машъал" билан бир йиллик шартнома имзолаган. "Машъал" машғулотларида иштирок этишни бошлагандан сўнг championat.asia сайти орқали футболчини жамоани тарк этгани ҳақида хабар бердик. 14 февраль куни "Навбаҳор" мухлислари йиғилишида кўплаб мухлислар клуб раҳбарияти ва бош мураббийига катта эътирозлар билдирган. Клубгадаги ягона наманганлик футболчининг жамоани тарк этиши жамоа раҳбарларига ҳам етиб борган ва дарҳол Маҳмудовни ортга қайтиш бўйича кўрсатма берилган.

Айни вақтда ҳам Маҳмудов "Машъал" аъзоси ҳисобланади. Энди "Навбаҳор" фақатгина трансфер орқали Маҳмудовни сотиб олиши мумкин. Ҳар икки клуб келишувга эришса Маҳмудов "Навбаҳор"га қайтади. Ашурматов ҳам Маҳмудовни "Навбаҳор"да ўйнашини маълум қилди.

Narzulla SaydullayevМуаллиф
Манба: championat.asia