Александр Лобанов: "Терма жамоада ўйнаш..."
08 июл 2022 00:55
Янгиликлар
Александр Лобанов: "Терма жамоада ўйнаш..."
— Футболга илк қадамларингизни дарвозабон сифатида қўйганмисиз?
— Йўқ. Мазку спорт тури билан дастлаб Сергелида шуғуллана бошлагандим. Кейинроқ "Тўқимачи" жамоаси таркибига қўшилганимда мураббийимиз мендан яхши голкипер чиқишини айтиб қолди. Борис Прокофьевнинг ўзи ҳам собиқ дарвозабон эди (бир пайтлар "Пахтакор"да ўйнаган). Шундан кейин майдондаги асосий вазифам гол ўтказмаслик бўлиб қолди.
— Болаликда бўлажак юлдузлар билан бир жамоада бўлганмисиз?
— Албатта. Азиз Ибрагимов ва Азиз Ҳайдаров билан бирга тўп тепганмиз. Уларни анчадан бери танийман. Ибрагимов ҳамон ўйнаяпти ("Турон"да), Ҳайдаров эса аллақачон функционерга айланди.
— Қозоғистонда ўйнагансиз, у ердаги шароитларни яхши биласиз. Айтингчи, қозоқ футболи айни пайтда бизникидан кучлими?
— Йўқ, Қозоғистон футболининг даражаси бизникидан юқори деб ҳисобламайман. Бизнинг футболчилар нисбатан кучлироқ. Шунчаки, уларда легионерларга жиддий эътибор қаратилади ва майдондаги кўп нарсани айнан чет эллик футболчилар ҳал қилишади. Тан олиш керак, у ерда анча яхши маош тўлашади. Шу туфайли кўплаб легионерлар келиб, фаолиятининг якунига қадар шу ерда қолади.
— Жиззах, Бухоро, Нукус. Фаолиятингиздаги дастлабки йиллар омадсиз чиққан, десак бўладими?
— Йўқ. Ҳеч бир клубни ажратиб кўрсатмоқчи эмасман. Ҳамма жамоаларда ўзимни қулай ҳис қилганман. Бухорода ҳам, Нукусда ҳам одамлар жуда меҳрибон ва меҳмондўст. Шу туфайли менга имконият берган барча клубларга раҳмат айтаман. Жумладан, "Сўғдиёна"га ҳам. Жиззахда мен Олий Лигада дебют қилдим. Мавсум давомида 26-27 ўйинда майдонга тушганимдан кейин Қозоғистон чемпионатига йўл очилган эди.
— "Арал"дан "Пахтакор"га ўтдингиз ва 3 карра Ўзбекистон чемпионига айландингиз. Пойтахт клубида молиявий жиҳатдан қийин кунлар бўлсада, амбиция ўзгармасди. Бу ғалабаларнинг бош омили нимада?
— Мухлислар яхши эслашади. "Пахтакор"далигимда яхши ва ёмон дамларни бошдан ўтказдик. Иқтисодий муаммолар ҳам бўлди. Аммо ҳеч қачон жамоани тарк этиш ҳақида ўйламадик. Мақсадга эришиш учун олға боришимиз керак эди. Фикрларим сийқаси чиқиб кетгандек туюлиши мумкин, аммо бу ҳақиқат. Биз ҳамиша бир-биримизни қўллаб-қувватладик, машғулотларни ҳар қайси шароитда ҳам давом эттирдик. Бугун ёмон бўлса ҳам, эртага барчаси изга тушишига умид қилардик. Ким мураббийлик қилмасин, мақсад фақат чемпионлик бўлган.
— Миллий жамоадаги фаолиятингизнинг охири сиз учун қийин давр бўлган. Келинг, ўша пайтларни эслаймиз. Мухлислар босими жуда юқори эди. Сизга энг кўп нима алам қилган?
— Терма жамоада ўйнаш ҳамиша оғир. Ким майдонга тушса ҳам, кучли босимга йўлиқади. Чунки мухлислар жамоани мундиалда кўришни, ҳар доим ғалаба қозонишни хоҳлашади. Бу нормаль ҳолат. Сиз мағлубиятга учраганингизда ишқибозлар футболчи майдонда борини бермаяпти, деб ҳисоблайди. Йўқ, ундай эмас. Ўйинчи миллий жамоага келдими 100 эмас, 200% кучини сарфлайди. Четдан бошқача кўриниши мумкин, аммо терма жамоа либосини кийдингизми бошқа муаммоларни унутасиз.
Бундай босимларга ҳар доим тайёр туриш керак. Чунки бу ерда мамлакат шарафи ҳимоя қилинади. 35 миллион киши сизга кўз тикиб, ғалаба кутади. Гол ўтказдингми, бунга жавоб берасан. Гол уролмасанг, унга ҳам жавобгарсан. Агар жамоа мағлубиятга учраса, ҳамма бунга жавоб беради.
— Самвел Бабаян сизнинг агентингизми?
— Йўқ, менда ҳеч қачон агент бўлмаган. Такрорлайман: ҳаётим давомида агентлар хизматидан фойдаланмаганман. Ҳеч қачон. Бошқа жамоага ўтишим, Эронга йўл олишим — барчаси клуб фонида рўй берган. Эрон чемпионатига кетишимдан олдин форс агентлари мен билан алоқага чиқишди. Ўшанда ҳам уларга бу масалани клуб ҳал қилишини айтганман. Чунки шахсий агентим йўқ эди.
Ҳа, ўша даврда клубга Самвел Вячеславович бош эди. Ўз-ўзидан қарор қабул қилиш унинг зиммасида бўлган. У менга қўнғироқ қилиб, хорижда ўйнаш ҳақида фикримни сўради. Бу агентлик эмас, у шунчаки раҳбар сифатида легионерга айланишимга рухсат берган.
— Самвел Вячеславович бир пайтлар "Пахтакор"нинг юраги эди. Уни "шерлар"нинг асосий рақиби сафида кўришни тасаввур қила олармидингиз?
— Эртага нима бўлишини билмаймиз. Шу туфайли бунга оддий қарайман. Инсон ҳар доим зафар қучишни хоҳлайди. Унинг юрагида "Пахтакор"нинг алоҳида ўрни бор. Улар биргаликда анча йўлни босиб ўтишган: ғалабалар, кубоклар, яхши ва ёмон кунлар... Аммо ҳаёт давом этади. "Навбаҳор"да унинг олдига чемпионлик вазифаси қўйилган. У ўз амбицияларига эга ва ҳар доим жамоаси ғалаба қозонишини хоҳлайди.
— Ҳозир Бекободдасиз. "Металлург"да ўйнаш нисбатан осонроқми? Ҳар ҳолда бу ерда Наманган ёки Қаршидагидек босим йўқ.
— Ҳа. Аммо клубнинг ўзи олдига яхши мақсадларни қўйиб бу босимни ҳосил қилади. Ҳозир тўғри йўл танланган, секин-аста ривожланяпмиз. Бизда ажойиб академия ва қароргоҳ шаклланди. Тез орада юқори даражадаги жамоага айланамиз. Озгина сабр керак.
— 2021 йилда Жасур Абдураимов сиз ва Камолиддин Тожиевни жамоадан четлатди. Мураббий билан қандайдир келишмовчилик бўлганмиди?
— Ўтган йилги ҳолат бўйича шундай жавоб бераман: футболчилар ва мураббийнинг ўртасида ҳеч қандай муаммо бўлмаган. Эҳтимол, мураббий билан футболчилар орасида нимадир бўлгандир. Аммо ўйинчилар ҳеч қачон мураббийга қарши боришмаган. Ҳеч қанақасига.
Мен бу қарорни ким қабул қилгани, нега бундай қилганини билмайман. Айтишим мумкинки, биз ҳеч қачон мураббийга қарши бормаганмиз. Ҳар доим спорт режимига риоя қилиб, ҳеч бир машғулотни ўтказиб юбормасдик. Бу билан боғлиқ муаммо бўлмаган.
— Жамоанинг ҳозирги устози Луисма Эрнандес ҳақида фикрларингиз қандай? Унинг маҳаллий мутахассислардан устун жиҳатини кўрдингизми?
— Албатта. Луисма ҳар томонлама профессионал мутахассис ва қатъиятли инсон. Бунга шубҳа йўқ. У нафақат футболчилар, клубдаги барчадан профессионалликни талаб қилади.
— Александр Лобановнинг болаликдаги кумири қайси дарвозабон бўлган?
— Жанлуижи Буффон. Ҳар доим унинг ҳаракатларидан ҳайратланганман. Жижи финалларда ҳам ўзини жуда сокин тутади, ўйинни ҳис қилиб, энг тўғри қарорда тўхталади. У мен учун энг яхшиси.
— Сизнингча, Ўзбекистондаги энг кучли дарвозабонлар мураббийи ким?
— Мен "Пахтакор"да узоқ йиллар Анвар Турсунович Рашидов билан ишладим. У киши менга жуда кўп нарсани ўргатган. Анвар Турсунович машғулотларда европача услубдан фойдаланади. Жараёнда биринчи бор қатнашганимда жуда ҳайрон қолганман. Анвар Рашидов мен учун энг кучли мурабийлардан бири. Ҳаммаси учун у кишига раҳмат айтаман.
— Сиз билан бирга ўйнаган энг кучли ҳужумчи ким?
— Кўплаб катта футболчилар билан бир жамоада тўп тепганман. Аммо "Персеполис"даги жамоадошим Меҳди Таремини алоҳида ажратиб кўрсата оламан. У ҳозир "Порту"да ўйнаяпти. Тареми ҳақиқий форвард. Бир ҳужумчи нима қилиши керак бўлса, ҳаммасини бажара олади. ЕЧЛда "Челси" дарвозасига акробатик услубда урган голи қойилмақом чиққанди.
— Ўзбекистонлик энг кучли ҳужумчи?
— Шубҳасиз, Шомуродов. Моуриньюнинг ўзи уни "Рома"га чақирди. Элдорга қанча вақт берилмасин, бундан унумли фойдаланиб, яхши сифатларини кўрсатяпти. Яна Игорь Сергеевни ажратиб кўрсатган бўлардим. У Европада ўйнамаса ҳам, ҳамиша ўз вазифасини бажаряпти. Игорда форвард учун энг зарур ҳислат бор — тинимсиз голлар уради.
— Лобанов фаолиятини якунлаганидан кейин ўзини қаерда кўради? Мураббийлик ҳақида ўйлаяпсизми?
— Албатта, бутсаларимни михга илгандан кейин ҳам соҳада қолиш ниятим бор. Бу мураббийлик бўладими ёки бошқа вазифадами, аниқ билмайман. Аммо футболдан узоқлашиб кетиш ниятим йўқ...
обуна бўлинг → "Футбол анализи"
Фикрлар