UZ

Сўнгги янгиликлар

13:50Энрике: "Ҳайратланарли томоша кўргингиз келса "Дю Солей Цирки"га боринг"  0 13:426+4+3. Кузги имтиҳондан яхши ўтдик  2 13:16Родри Пеп ва Симеоне ўртасидаги фарқни айтди  0 12:11"Реал" 11 ойдан бери "Бернабеу"да 15 млн. евро даромад келтириши кутилаётган бар-ресторанни очолмаяпти  0 11:39Пети: "Анчелотти ва яна бир неча футболчилар Мбаппе "Реал"га ўтишини хоҳламаганига ишончим комил"  14 10:54Аморимнинг МЮдаги илк трансфери бразилиялик футболчи бўлиши мумкин  1 10:20Кейн Холландга тегишли бўлган Бундеслига рекордини янгилади  2 09:47Лунин А Серияга кўчиб ўтиши мумкин  1 09:11Goal мундиал фаворитлари рўйхатини янгилади. ТОП-10да ўзгаришлар бор  6 08:45Аморим «Манчестер Юнайтед»да нималарни ўзгартириш кераклигини айтди  1 08:18Sofascore. «Ал Ваҳда» дуранг ўйнади. Ҳожимат Эркиновнинг ҳаракатлари неча баҳога лойиқ кўрилди?  3 07:46Суперлига. Бугун турнинг қизиқарли баҳсига гувоҳ бўламиз  5 03:00Франция. ПСЖ "Тулуза" дарвозасига 3та гол урди  0 03:00Бундеслига. "Бавария" йирик ғалабага эришди, Кейндан хет-трик  1 01:47Арне Слот: "Гвардиоланинг қолишидан хурсанд бўлдим"  0

Александр Григорян: “Ўзбекистонда футболни ниҳоятда қадрлашар ва севишар экан” Янгиликлар

Александр Григорян: “Ўзбекистонда футболни ниҳоятда қадрлашар ва севишар экан”

Хабарингиз бор россиялик мутахассис Александр Григорян давралар оралиғида “Пахтакор” клубида маслаҳатчи мураббий сифатида иш бошлаганди. Лекин унинг бу ердаги фаолияти бор йўғи бир ой давом этди холос.

Албатта, ушбу мутахассиснинг бу қадар ортига тез қайтиб кетишини ҳеч ким кутмаганди. Боз устига “Пахтакор” ҳам чемпионлик унвонини ҳимоя қилишда Григоряннинг маҳоратидан фойдаланишни лозим топганди. Аммо у Россия биринчи дивизон вакили “Ска-Энергия” устозлигини қабул қилиб олди. Хуллас Александр Витальевич Россияга жўнаб кетгач, у билан қандай бўлмасин суҳбатлашиш ғояси бизга тинчлик бермаётганди. Изланишларимиз натижасида унинг телефон рақамини топдик ва шу заҳоти унга “сим” қоқдик.  


  • “Водий томонларда мухлислар ўзгача экан”

- Салом, маъзур тутасиз, менга Александр Витальевич Григорян керак эди.
- Сиз излаётган инсон менман. Нима ишингиз бор эди?

- Сизни Ўзбекистондаги “Футбол Экспресс” газетасидан безовта қиляпмиз. Сиз билан суҳбатлашишни режалаштириб қўйгандик.
- О, Ўзбекистондан?! Майли, саволларингизни беринг!

- Сизнинг юртимиздаги фаолиятингиз негадир қисқа бўлди. Аввало “Пахтакор” клубига қандай келганингиз ҳақида гапириб берсангиз?
- Хм (ўйланиб). Очиғи, бу саволга қандайдир жавоб айтгим келмаяпти. Тўғри тушунинг, “Пахтакор” клубига мени таклиф қилган инсоннинг номини айтишни истамайман. Кейинчалик яна турли гап-сўзлар пайдо бўлмасин дейман-да. Нима бўлганда ҳам Самвел Бабаян Ўзбекистон миллий терма жамоасига бош мураббий этиб тайинланганидан сўнг табиийки, параллел равишда клубдаги ишини ҳам бир текисда давом эттира олмасди. Шу муносабат билан бу клубга мени чақиришди. Биласизми, ушбу жамоадаги барча ходимлардан тортиб, мураббийлар штабигача барча инсонлар маҳоратли мутахассис эканликларидан роса хурсанд бўлдим. Мисол учун “Пахтакор”га келган илк кунимдан бошлаб Нўъмон Ҳасанов билан тезда тил топишиб, бир-биримизни яхши тушуниб кетдик. Чунки Ҳасанов қобилятли, изланувчан мураббий экан. Умуман олганда, менинг ушбу жамоага қандай қилиб борганим муҳим эмас. Энг муҳими қисқа фурсат ичида клубдан қониқиш ҳосил қилдим.  

- Адашмасам, бу сизнинг Ўзбекистонга биринчи ташрифингиз бўлди, тўғрими?
- Мен фаолиятим давомида дунёнинг кўплаб мамлакатларида бўлганман. Албатта, Осиёда ҳам ва яна бошқа қитъаларда ҳам. Лекин Тошкентга биринчи бор келдим. Ҳа, айтганча, мен Амир Темур ҳақидаги кўплаб китобларни ўқиб чиққанман. Шу боис Тошкентга келишим биланоқ даставвал оила-аъзоларим билан бирга Амир Темур ҳиёбонига бордик.

- Бунгача юртимизга келмаган бўлсангиз-да, футболимиз ҳақида етарли тасаввурга эга эдингизми?
- Ҳа, албатта. Кўпчилик қатори ўз вақтида “Бунёдкор” клуби нафақат Россияда, балки бутун дунёга овоза бўлганини яхши эслайман. Риволдо, Сколари ва Зикони мисол сифатида келтира оламан. Лекин тан олиш керакки, бунгача ўзбек футболини кучсиз деганлар ҳам топилиб турди. Аммо мен Тошкентга келиб юртингиз футболидан мамнун бўлдим. Масалан, “Пахтакор” клубидаги шароитни ва унинг академиясидаги истеъдодли битирувчиларнинг кўплигини кўриб лол қолдим. Давлатингиз футболга жуда катта эътибор қаратяпти. Бу сизларнинг ютуғингиз. Иккинчи давра арафасида Ўзбекистон олимпия терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувини ўтказганимизда жуда кўплаб иқтидорли ўйинчиларга кўзим тушди. Чин сўз билан айтаманки, ўшанда биз олимпия термасини қийинчилик билан мағлубиятга учратгандик. Мени яна бир ҳайратлантирган жиҳатлардан бири шу бўлдики, Ўзбекистонда футболни ниҳоятда қадрлашар ва севишар экан. Шунингдек, мухлисларнинг анча фаоллигини кўриб ҳам ҳайрон қолдим. У ерда, водий томонларда “Нефтчи”, “Навбаҳор”, “Андижон”, “Қўқон-1912” жамоалари бор экан. Уларнинг мухлисларидаги шижоат ҳар қандай инсонни тўлқинлантириб юборади. Дарвоқе, “Насаф”нинг ишқибозларини ҳам уларнинг қаторига қўшишни унутибман. Тўғри, пойтахт клубларидаги мухлислик оқсаётганини ўз кўзим билан кўрдим. Футбол бу ўзгача спорт тури ҳисобланади. Мухлислар билан лиммо-лим тўлган стадионларни жуда ҳам ёқтираман. Мана, бизда эса кам сонли клубларнинг ўйинларидагина мухлислар сони бироз кўпроқ холос.

- Сизни тез орада “Пахтакор”дан кетишингизга биздаги иқлим тўғри келмаганлигини ҳам сабаб сифатида эшитдик. Чиндан ҳам шундай бўлдими?
- Йўғе! Менга ҳеч қандай иқлим ёки бошқа нарсалар ҳалақит бера олмайди. Ахир мен жануб томонларда ҳам бўлганман-ку. Иқлимдан, иссиқдан шикоятим йўқ. Аммо тан оламан оила-аъзоларим жазирама ҳаводан анча қийналиб қолишди. Тошкентга келганимиздан кейин уларнинг мазаси қочиб қолди. Менимча, Тошкентга куз ёки баҳор фаслида келиб бу ердаги иқлим ва шароитга кўникиб олса бўлади. Шахсан мен ҳар қандай шароитга кўникиб, мослашиб кетадиган инсонман. Лекин оилам у ерда бироз қийналиб қолди. Мен эса бу ҳолатни кўра туриб, ундан кўз юма олмасдим.  


  • “Биринчи дивизон вакили премъер-лига жамоасини енгиши мумкин”

- Ҳурматли Александр Витальевич, “Пахтакор” клубини тарк этганингиздан сўнг Хабаровскнинг “СКА-Энергия” жамоасида иш бошладингиз. Бу ҳақида матбуотда ҳам хабарлар тарқалди. Умуман, бу қандай содир бўлди?
- Умуман айтганда, мен ҳақимда тўғри маълумот олибсиз. Куни-кеча “СКА-Энергия”даги ишимни бошладим. Мен бундан олдин ҳам ушбу жамоада ишлаганман.

- Тўғри, 2012 ва 2013 йилги мавсумда ушбу клубда ишлаганингиздан хабаримиз бор. Ўша йиллари “Ска-Энергия” ўз фаолиятидаги юқори натижа бўлган 4-ўринни эгаллаганди.
- Ҳа, сиз тўғри эсладингиз. Чиндан ҳам ўша натижа клуб тарихидаги энг юқори кўрсатгич бўлганди. Ҳаттоки, ўша пайтда бизда премъер-лигага чиқиш учун яхши имконият бор эди. Ҳал қилувчи учрашувда “Ростов” жамоаси билан майдонга тушгандик. Афсуски, омадимиз чопмаган ва рақибга ютқазиб қўйгандик.

- Ҳозирги пайтда эса “Ска-энергия” биринчи дивизионда аутсайдерлардан бирига айланиб қолган. Сизнингча, бунинг сабаблари нимада?
- Бунинг кўплаб сабаблари мавжуд. Мисол учун Владивостокнинг “Луч-Энергия” жамоасини бошқарганимда ҳам бундай муаммолар бўлиб турарди. Биз жойлашган Россиянинг узоқ шарқ минтақасидан Москва томонларга самолётда парвоз қилишингиз учун осмонда саккиз соат учишингиз керак. Яна камига ундан у ёғига ҳам йўл юрасиз. Манзилга етиб борганингиздан кейин эса 10 соат ва ундан ортиқ вақтга алмашиб кетади. Бундай ҳолат кўпинча ҳар ҳафтада содир бўларди. Шу сабабли сафардаги ўйинларга борганимизда футболчиларнинг жисмоний ҳолатини тиклаб олиш қийинчиликларни келтириб чиқарарди. Ҳозирги замонавий футболда эса тикланиб олиш жараёни жуда муҳим аҳамиятга эгадир. Ўйлайманки, биз бу каби ҳолатлардан тўғри хулосалар чиқара оламиз.

- 27 август куни жамоангиз Россия Кубоги 1\32 финал доирасида сафарда Белогарск клубига қарши ўйнаб 4:0 ҳисобида ғалаба қозондинглар. Энди 1\16 босқичида “Ска-Энергия”га премъер-лига жамоаларидан бири рақиблик қилиши мумкин.
- Ростини айтсам, мен айнан тажрибага эга бўлган клубларга қарши ўйнашни жуда ҳам ёқтираман. Биласиз-ку, футболда ҳар нарса содир бўлиши мумкин. Биринчи дивизон иштирокчиси премъер-лига аъзосини мағлубиятга учратиши мумкин. Бунга ўзимнинг фаолиятимда амин бўлганман. “Луч-Энергия”ни бошқарган пайтимда биз айнан Россия Кубоги доирасида Қурбон Бердиев бошқарувидаги “Рубин” билан куч синашгандик. Ўшанда нимчорак финалда қозонликлар устидан 4:2 ҳисобида ғалаба қозонганмиз. Менимча, биринчи ва иккинчи дивизон жамоалари премъер-лига клубларига қарши рўбарў келишни интиқлик билан кутишади. Ҳар ҳолда кимлардир бундай ўйинлар орқали ўзларини кўрсатиб олиш имкониятига эга бўлиб, бундан фойдаланишга ҳаракат қилишади.

- Бу клубда хорижлик ўйинчиларни кўп кўрардик ва улар маҳоратли эди. Ҳозирда эса қўл остингиздаги ўйинчилар орасида легионерлар умуман йўқ.
- Биласизми, маблағ билан боғлиқ муаммолар сабабли жамоамизда айни пайтда легионер ўйинчилар йўқ. Ўзингиз айтиб ўтганингиздек, сафимизда яхши ўйинчилар бор эди. Селекция ишлари олиб борилаётган маҳалда бу ҳолатларга ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарур деб ҳисоблайман.

- Дарвоқе, ўзбекистонлик футболчилардан кимларнидир жамоангизга таклиф қилиш ҳақида ўйлаб кўрмадингизми? Умуман, ўйинчиларимиз клубингизда ўйнаб кета олишармиди?
- Ҳа, бўлмасамчи! Мен албатта тиришқоқ, меҳнатсевар футболчиларингизнинг хизматидан фойдаланган бўлардим. Бемалол айтишим мумкинки, юртингизда яхши футболчилар тўлиб ётибди. Тошкент эса жуда ажойиб шаҳар. Очиғини айтаман: бу ерда яна жон деб ишлаган бўлардим. Самарқанд, Бухоро қаби қадимий ва кўхна шаҳарларни кўриш мен учун ёқимли.


  • “Жаҳон чемпионати йўлида Ўзбекистонга омад тилайман”

- Александр Витальевич, Самвел Бабаян бошчилигидаги миллий терма жамоамизни Россияда бўладиган жаҳон чемпионатига йўл олиш имкониятини қандай баҳолайсиз?
- Аввало, Ўзбекистондек мамлакат терма жамоасини бошқаришнинг ўзи катта шараф. Шунинг учун Самвел Бабаянга фақат омад тилаб қоламан. У ҳар ким фахрланса арзийдиган ишга киришди. Бу мутахассис кўп йиллардан бери футбол оламида фаолият кўрсатиб келмоқда. Унга миллий терма жамоа бош мураббийлиги топширилишига Бабаяннинг астойдил ишлаши, маҳорати ва изланишлари сабаб бўлди деб ҳисоблайман. Унинг қўли остида терма жамоангиз анча мазмунли ва сифатли ўйин кўрсата олишига ишончим комил. Ҳаммаси барибир яқинлашиб келаётган расмий ўйинларга боғлиқ. Клуб ва терма жамоани бошқариш умуман бошқа-бошқа. Албатта, миллатнинг бош жамоасини бошқаришда кишида катта салоҳият ва маҳорат бўлиши лозим бўлади. Аммо мен башорат қилишни хушламайман. Барибир жаҳон чемпионати йўлида Ўзбекистонга албатта омад ва муваффақият тилайман. Доим сизларни қўллаб-қувватлайман.

- Сиз оз фурсат бўлса-да, Ўзбекистон чемпионатида ишлаб кўрдингиз. Ҳозир эса бошқа клубдасиз. Шунга қарамай, чемпионатимизни кузатиб бориш сиз учун қизиқарлими?
- Тўғриси, у ердан кетган бўлсам-да, чемпионатингизни кузатиб турибман. Футболга оид сайтлардан бохабар бўлиб турибман. Албатта, бу мен учун қизиқ. Шу боис ҳозирда турдан-турга натижаларни кўриб келяпман. Лекин бундай кузатишларим қачонгача давом этишини, очиғи билмайман.

- У ҳолда айтингчи, чемпионлик учун кураш олиб бораётган “Пахтакор”, “Локомотив”, “Насаф” ва “Бунёдкор”дан қай бирининг имкониятини юқори баҳолай оласиз?
- Аслида олдиндан гапириш дуруст эмас-ку, аммо менинг футболга бўлган қарашларим ва йўналишларимдан келиб чиққан ҳолда шуни айтишим мумкинки, ҳар бир жамоанинг ўзига билинган ва билинмаган кучли, заиф томонлари бор. Шубҳасиз, биринчи ўринда бораётган “Пахтакор”га етарлича рақобатчилар борлигини кўрдим. Менинг назаримда чемпионлик масаласи “Пахтакор” ҳамда “Локомотив” клублари ўртасида кечади. Айнан “Пахтакор”да ишлаб кетганим сабабли ушбу жамоани чемпион бўлади десам сизларга ноўрин туюлмаслигини хоҳлардим. Шундай қилиб, 1-2-ўринлар “Пахтакор” ва “Локомотив”, 3-4-ўринлар эса “Насаф” ҳамда “Бунёдкор”га насиб қилса керак.


  • “Ҳасанов ҳақидаги фикрларимни ҳамкасбларингиз нотўғри тушунган шекилли”

- Бабаян “Пахтакор”ни тарк этгач, Нўъмон Ҳасанов бош мураббий этиб тайинланди. Унинг ишига қандай баҳо берасиз?
- Ҳасанов қобилятли мураббий. Биламан, у ўз вақтида маҳоратли ўйинчи бўлган. Футболнинг ёзувларини яхши тушунади. Аммо Нўъмонга бироз вақт керак. У мураббийлик фаолиятини бошлаганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Шу боис тажрибасини янада бойитиб олса, у энг зўр мураббийлардан бири бўлади.

- Сиздан бежизга Нўъмон Ҳасанов ҳақида сўраганим йўқ. Яқинда рус ҳамкасбларимизга берган интервьюингизда гўёки Ҳасановнинг чемпион клубни бошқаришга кучи етмайди, деган гапни айтгансиз.   
- Йўғе, ундай эмас. Нимага бундай ёзишади? Мана, мен ҳозир сиз билан гаплашяпман-ку, тўғрими ва сиз менинг нималар деяётганимни тўғри тушуниб турибсиз. Ҳозиргина Ҳасанов ҳақида илиқ фикрларимни билдириб ўтдим. Менимча, ҳамкасбларингиз менинг айтган сўзларим моҳиятини тўғри тушунишмаган бўлсалар керак. Шунинг учун гапларимни нотўғри ёзишган.  

- Александр Витальевич, қимматли вақтингизни аямасдан бизга вақт ажратганингиздан миннатдормиз. Агар ўзбек мухлисларига саломингиз бўлса, бемалол...
- Авваламбор Ўзбекистон халқини мустақиллик байрами билан муборакбод этаман. Ўзбек халқига ва футбол мухлисларига доим тинчлик-омонлик, соғлиқ-саломатлик тилайман. Сабр қилинса албатта кўзланган мақсадга эришса бўлади. Сизларнинг футболга бўлган муҳаббатинглар сира ҳам сўнмасин. Ҳар ким ўз суюкли клубини доимо кўтаринки кайфиятда қўлласин.


ФИРДАВСХОН ёзиб олди.

Рейтинг: +4   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика