UZ

Сўнгги янгиликлар

08:36Ўзбекистон кубоги. Бугун 2-турга старт берилади  0 08:10Футзал. Бугун терма жамоамиз 2-турда майдонга тушади  0 07:47«Байер» навбатдаги рекордни ўрнатди   4 07:05U-23 Осиё кубоги. Иордания - Қатар 1:2   0 07:00U-23 Осиё кубоги. Индонезия - Австралия 1:0   0 06:55Европа лигаси. "Марсель" - "Бенфика" 1:0 (Пенальтилар 4:2)   0 06:50Европа лигаси. "Рома" - "Милан" 2:1   0 06:45Европа лигаси. "Аталанта" - "Ливерпуль" 0:1   0 06:40Европа лигаси. "Вест Хэм" - "Байер" 1:1   0 03:36ЕКЛ. Ярим финал иштирокичилари маълум  2 02:01Европа лигаси. "Милан" ва "Ливерпуль" мусобақани тарк этди, "Байер" ва "Рома" эса ярим финал иштирокчисига айланди  17 01:17Мартинес ўйин давомида икки марта сариқ карточка олди, аммо майдондан четлатилмади. Бу қоидаларга зид эмасми? Йўқ!   14 00:53Аршавин: "Ливерпул"га қарши тўртта гол урган ўйиним фаолиятимдаги энг яхшиси эмас"  3 00:36Машариповнинг жамоадоши мухлисини бағрига босгани учун жазоланди  7 23:54"Барселона" мухлислари ПСЖга учралган мағлубиятдан илгари ўз жамоаси автобусига ҳужум қилишди  3

АГМКнинг менталитетини ўзгартираётган Миржалол Қосимов Янгиликлар

АГМКнинг менталитетини ўзгартираётган Миржалол Қосимов

Теглар :  АГМК Суперлига
Кўпчиликни яхши маънода ҳайрон қолдираётган ва жорий мавсум Суперлигада муваффақиятли иштирок қилаётган АГМК жамоаси ҳақида бафуржа гаплашамиз.

Биласиз, мазкур жамоада иш бошлагач сайтда чемпионат ва яна баъзи мавзуларда эркин ижод қилиш чегараларини ўзим учун ёпдим. Чунки бу ўша мавзуларда ҳозирги иш жойимдан келиб чиқса, этика ва холислик тарафдан нотўғри бўлади. Шу боис кўплаб эътиборга муҳтож мавзуларга қўл урмай турибман. Лекин АГМК борасидаги ҳолат ва жамоа иштироки ҳақида таҳлилий мақола ёзиш нисбатан тўғрироқ бўлиши мумкин. Балки қайсидир масалаларда фикрим холисона чиқмас, лекин жамоанинг янги даражага кўтарилаётган жараёнда бевосита иштирок этаётган инсон сифатида вазиятни тушунтиришга ҳаракат қиламан. Ҳар ҳолда ижодий жамоамиз АГМК ҳақида таҳлилий мақола ёзиш мажбуриятини мени бўйнимга қўйди. Бу тарафдан менга осонроқ.

Хўш, биринчи навбатда АГМК жамоаси ҳақидаги тасаввур. Олмалиқ чемпионатимизда асосан ўрта ўринларда юрган ва бу тарафдан кўпинча ўртамина жамоа сифатида барқарорликни сақлаб келган жамоа. 2018 йил жамоа ўз тарихида илк бор мамлакат кубогини қўлга киритди. Бу жуда яхши натижа. Лекин бу кўпроқ тасодиф ва омад эвазига келган муваффақиятга ўхшаш. Чунки худди ўша мавсум жамоа элитада ўтиш ўйинлари орқали ўз жонини сақлаб қолди. Яъни, бир қарашда жамоанинг энг муваффақиятли мавсумида АГМК чемпионатни хавфли ҳудуд чизиғида тугатди. Кубок эса мусобақа формати ўзгариб, ўйинлар бир учрашувдан иборат бўлган пайтга тўғри келиб қолди. Яъни, бундай форматда исталган жамоада ҳар қандай сенсацияни қайд этиш имконияти ошади. АГМК эса ўшанда ҳақиқий сенсация қайд этганди. Ва ўша сенсацион финал жамоага янги босқичдаги йўлни очиб беришга туртки бўлди.

2019 йилдан эса клуб янги босқичдаги йўлни мақсад қилиб, жамоага Миржалол Қосимовни таклиф этди. Доим чемпионлик ва юқори вазифаларни бажариш каби юмушларни футболда одат қилган Қосимов бошчилигидаги команда АГМКни муваффақиятларини сенсация тарзида эмас, балки одатий ҳолатга айлантириш учун ишга киришди. Яъни, АГМК энди ўртамиёна жамоа даражасидан юқори элит тоифага киришни мақсад қилди.

Декабрнинг сўнгги 10 кунлигида келган Миржалол Қосимов ва унинг штаби тезда ишга киришди ва АГМК билан ОЧЛ плей-офф ўйинларига тараддуд кўришга ҳаракат қилди. Орада фурсат камлиги боис легионерларни жалб этишда баъзи принципларидан воз кечишига тўғри келинди ва қисқа фурсатда янги жамоа шакллантириш ишлари бошланди. Тожикистоннинг "Истиқлол" жамоаси ажойиб кечган баҳсда чиройли мағлуб этилди. Лекин Саудия Арабистонида номдор "Ал Насср" тўсиғидан ўтиш насиб этмади.

Суперлигага аранг қолган ва бир ойда шаклланган жамоа учун Саудия сафаридан қуруқ қўл билан ОЧЛ гуруҳ босқичига чиқа олмаслик фожеа эмас. АГМК ўтган мавсумнинг биринчи даврасини кутилган даражада ўтказа олмади. Бутунлай янги жойга келган мураббий учун ўз жамоасини қуриш ва тўлиқ шакллантириш учун маълум вақт талаб этилади. Ўша вақт Суперлиганинг биринчи даврасида ишлатилиб, унда хато ва камчиликлар бўй кўрсатди. Бундан эса давралар оралиғида тегишли хулосалар чиқарилиб, иккинчи даврада жамоага керакли ўзгаришлар қилинди. Селекцион ишлардан тортиб, ўйин картинаси ҳам ўзгартирилди. Кераксиз легионерларга жавоб берилиб, Григалашвили, Зонич, Байдуллаев каби футболчилар жалб этилди.

Бу амалга оширилган ишлардан кейин ўйин барқарорлашиб, натижалар ҳам ҳамоҳанг тарзда яхшиланди. Ҳимояда тартиб ўрнатилди. Ҳужумда самарадорлик оширилди. Ўрта чизиқ барқарорлашди. Жамоа мураббий истаётган ва улардан талаб қилаётган фалсафага мослашди.

АГМКнинг ўтган йилги ярим мавсумидан хулоса қилиб, кўпчилик Қосимовни танқид қилишга тушди, баъзилар мураббийни ҳисобдан чиқаришни бошлади.

Ваҳоланки жамоа иккинчи даврани ёмон ўтказмади. Ўзбекистон кубоги ва Лига кубогида жамоа финалларгача борди. Фақат ҳал қилувчи баҳсда мамлакат чемпиони "Пахтакор"га имконият бой берилди. Кўпчилик танқид қилган ва Қосимов фаолиятидаги энг ёмон мавсумда ҳам АГМК иккита финалга қадар борди. Ҳеч қандай муболағасиз айта оламанки, Ўзбекистонда энг ёмон мавсумида финалларгача борадиган бошқа мураббий йўқ. Ўйлаб кўринг, хоҳ Google тизими орқали титкиланг, фарқи йўқ, барибир тополмаймиз. Шу жиҳат ҳам Миржалол Қосимов қандай даражадаги мураббийлигини кўрсатиб турибди.

Шу ўринда бир жиҳатга алоҳида эътибор қаратиш керак. Янги жамоани қуриш қийин вазифа. Айниқса мақсад ва вазифалари ўзгарган жамоани шакллантириб олиш янада мушкул. Аввалги норма ва стандартлар ўзгаради. "Бунёдкор" тарихини яратган, бошидан жамоани гранд сифатида уйғонишида иштирок этган Қосимовнинг талабларини АГМКда тушуниш ва буни бажариш учун ҳам маълум вақт талаб этилди.

АГМК менталитет жиҳатдан ўртамиёна жамоа сифатида иммунитетини шакллантириб келган клуб. Бир йилда талаб ва мажбуриятлар буткул ўзгарди. Бунга кўникиш ва мослашиш учун ҳар иккала томон учун вақт керак бўлади. Ўша вақт берилди ва аста-секин АГМК ўз менталитетини ўзгартириб келмоқда. Оддий мисол, "Локомотив" 2012 йилдан буён ўз олдига доим юқори мақсадларни бажаришни қўйиб келди. Қанчадан-қанча трансферлар, ҳаракат ва сармоя қилинди. Лекин аввал ўртамиёна бўлган жамоа учун менталитетини ўзгаритириш ва бошқа даражадаги талабларни бажариш учун 4 йил вақт йўқотди. Бу орада жамоа ўша ўзи истаган даражагача пишиб етилди. Вазифа ва мақсадларига поғонама-поғона келди. Аввалига бронза медали, кейин кумуш, Ўзбекистон кубоги ва чемпиони. Бу йўлда жамоа катта машаққат ва меҳнат қилди.

АГМК ҳам шу йўлдан юришни бошлади. Яъни, аввалги тарихи билан келажакдаги талаб ва вазифалари буткул фарқ қиладиган жамоа келажагини қуриш.

Масалан, Шота Арвеладзе командаси "Пахтакор"га келгач асосий миссияни бажариш учун 2,5 мавсум сарфлади. Ваҳоланки "Пахтакор" "Локомотив" ёки АГМКдан фарқли ўлароқ менталитети буткул бошқа, яъни аввалдан чемпионлик руҳи мавжуд бўлган жамоа. Лекин ўз жамоасини қуриш учун Арвеладзега зўр шароит ва катта имконият билан биргаликда маълум вақт берилди.

Хулоса шуки, исталган мураббийга янги жойда ўз жамоасини қуриш учун камида 2-3 йил вақт керак. Шунингдек, яна бир муҳим жиҳат, бу мураббий фалсафасига тўлиқ ишонч. Раҳбарият томонидан бериладиган ишонч мураббийга бемалол ўз ишини бажариш учун асосий туртки бўлади. "Пахтакор"да бўлгани каби АГМКда ҳам раҳбарият оқилона қарор қилиб, мураббийга вақт ва ишонч берди.

Миржалол Қосимов даврида АГМК ўтган вақт давомида нафақат жамоа сифатида шаклланмоқда, балки футбол атрофидаги оммага кўринмайдиган жиҳатлар, яъни ташкилий масалалар бўйича ҳам анча ўсишга эришмоқда. Ҳар қандай муваффақият замирида ташкилий тарафлама ишларни тўғри йўлга қўйиш ҳам муҳим омиллардан бири. Мураббий доим жамоани ўйинга тайёрлашни, футболчи эса майдонга чиқиб футбол ўйнашни ўйлаши лозим. Қолган детал ёки ишлар уларни чалғитмаслиги лозим. Мана шундай ишлар йўлга қўйилишида ҳамда жамоа тизимидаги бошқа персоналлар Қосимов талабларига мослашишига ҳам вақт талаб этилди. Ҳали қилинадиган ишлар кўп. АГМК клуб тарихидаги янги даврнинг бошланғич босқичида турибди. Мақсад ва вазифалар катта.

Жамоа кўрсатаётган бу йилги натижалар эса ўз-ўзидан руй бераётгани йўқ. Авваллари АГМК муваффақияти ёки эҳтимолий ғалабаси сенсацияга қиёсланган бўлса, энди одатий ҳолатга айланмоқда. 

АГМК 2020 йилда ўзбек жамоалари ичида ҳалигача мағлубиятга учрамаган ягона жамоа сифатида қолаётгани бежиз эмас. Миржалол Қосимов ва штабдаги қолган барча персоналлар ўз ишининг устаси. Ишга тўлиқ масъулият билан ёндашаётгани исботи. Ҳозирги замонавий футболда жисмоний ҳолат ва тактик қўлланма биринчи ўринда турадиган жиҳат. Жамоани ҳар бир ўйинга тўғри йўналишда тайёрлаш ва барча учрашувларга бир хил муносабатда бўлиш ҳам муҳим факторлардан бири.

Таркибда соғлом рақобат бўлишини таъминлаш ва ҳар учрашувда баъзи бир ротациялар орқали жамоадаги балансни меъёрда ушлаб туриш ҳар гал қўл келмоқда. Яъни, қайсидир футболчининг жароҳати боис йўқлиги жамоа ўйинига қаттиқ таъсир кўрсатмайди. Чунки ҳар бир футболчини ўрнини тўлдириш тўғри тақсимланган рақобат эвазига қопланмоқда. Тактик ранг-баранглик, жамоа ўйини ва рақиб ҳолатидан келиб чиқиб иш тутиш мураббий салоҳияти билан боғлиқ.

Миржалол Қосимовнинг бир жиҳатига қойил қоламан. Ҳар гал рақибга қарши жамоа сафидаги собиқ футболчи хизматидан фойдаланишни хуш кўради ва бу одатда керакли самара беради.

Жорий мавсумдан оддий фактларни ҳавола қиламан: "Бунёдкор"га қарши асосий таркибда тушган Мурод Тошматовнинг голи, "Қизилқум" билан ўйинда Григалашвилининг ғалаба тўпи, "Насаф" билан ўйинда баҳсни асосий таркибда ўтказган Байдуллаевнинг 3 очколик голи ёки илк бор асосий таркибга қўйилган Ҳожимат Эркиновнинг "Пахтакор" билан ўйиндаги ёрқин ўйини ва голли узатмаси ёрқин мисол.

Бу нимадан дарак? Футболда кичик ёки майда деталлар бўлмайди. Ҳар бир жиҳатга алоҳида эътибор ва муносабат зарур. Биргина собиқ футболчилардан "қурол" сифатида керакли пайтда фойдаланиш ҳам мураббийнинг топқирлиги.

Хуллас, АГМК жорий мавсум ўз олдига жиддий ва катта вазифаларни қўйган ҳамда бу машаққатли йўлда олға интилмоқда. АГМК ўз менталитетини ўзгартираётган камсонли жамоалардан бири. Миржалол Қосимов эса "Бунёдкор"дан кейин бошқа жамоа чорловини қабул қилган ва иккинчи жамоаси билан ҳам юқори даражада фаолият кўрсатишга яқин турган камсонли мураббийлардан бири. 

Тарихга назар соладиган бўлсак, яқин ўтмишда Виктор Жалилов "Навбаҳор"дан кейин "Пахтакор" билан бундай вазифаларни бажарган. Лекин бир тарафи борки, "Навбаҳор" ҳам ёки "Пахтакор" унга қадар ҳам шундай вазифаларни бажариб келган азалдан гранд жамоа бўлган. Жалилов "Машъал"ни юқори поғоналарга кўтарган мутахассис.

Қизиғи, ўшанда ҳам Миржалол Қосимов бу лойиҳада иштирок қилган. Дастлаб футболчи ва кейинчалик ёрдамчи мураббий сифатида "Машъал"ни юқори даражага кўтирилишида ўз ҳиссасини қўшган. Кейинчалик янги барпо қилинган "Бунёдкор"ни элитада элит даражага кўтарган афсона. Янги жамоани жиддий мақсадлар билан шакллантириш ўртамиёна жамоани катта клубга айлантиришдан кўра нисбатан осонроқ. АГМКнинг менталитетини ўзгартираётган Миржалол Қосимов ўзбек футболида янги гранд жамоани шакллантириш йўлида катта меҳнат қилмоқда. Илк меваларни эса жорий мавсум якунларидан кейин теришга чоғланмоқда.

Футболда мувафаққият калити фақат молия эмас, балки мураббийга ишонч ҳамда вақт берилиши ва ишни тўғри йўлга қўйиш билан боғлиқ. Агарда муваффақият сири фақат пул билан ўлчанганида, "Манчестер Сити" Гвардиола амалга ошираётган трансферлар билан доим АПЛда тенгсиз ва ЕЧЛда ғолиб, МЮ Фергюсондан кейин қуламаган, "Локомотив" чемпионликни 5 йил кутмаган, "Насаф" 2010-14 йиллари фақат чемпион ёки "Навбаҳор" охирги 3 мавсумни камида фақат "учлик"да тугатган бўларди...

Муаллиф :
Рейтинг: +5   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика