АГМК грузиялик футболчи билан шартнома имзолади

Alisher
30 июл 2022, 18:04
АГМК ўз сафига грузиялик футболчи Гиорги Папавани қўшиб олди.

"Жамоамиз ёзги трансфер ойнасидаги охирги келишувга эришди.

Эркин агент мақомидаги тажрибали футболчи, Грузия футболи юлдузларидан бири — Гиорги Папава таянч ярим ҳимоячи саналади.

АГМК футбол клуби «Динамо» Тбилиси жамоасининг кўп йиллик сардори — Гиорги Папава билан ярим йиллик шартнома имзолади. 

Фаолиятини «Динамо» Тбилисида бошлаган, кейинчалик Кипрнинг «Неа Саламина» жамоасида ўйнаган ва Грузияда «Дила Гори» ҳамда «Рустави» клубларида ҳам тўп тепган Папава охирги 4 мавсумни «Динамо» Тбилисида жамоа сардори сифатида ўтказди ва 4 маротаба Грузия чемпионлигига эришиб, 3 бор мамлакат кубогини қўлга киритган. Гиорги Папава Чемпионлар лигаси, Европа лигаси ва Конференциялар лигасида майдонга тушган.

Папава фаолияти давомида 267 ўйин ўтказган ва рақиблари дарвозасига 7 маротаба гол урган.

Умид қиламизки, Гиорги АГМК билан ҳам Ўзбекистон Суперлигасида чемпионликни қўлга киритади.

АГМК аҳил оиласига хуш келибсан, Гиорги!" — дейилади олмалиқликлар хабарида.  

Ўхшаш янгиликлар


AlisherМуаллиф
Манба: АГМК матбуот хизмати