Абдураҳмон Фозилов: "БААда мухлислар жамоаси Қатардагидан кам бўлмайди"
10 дек 2018 16:28
Янгиликлар
Абдураҳмон Фозилов: "БААда мухлислар жамоаси Қатардагидан кам бўлмайди"
- Шу пайтгача учта Осиё Кубогида қатнашиб қайтдингиз. Шубҳасиз, улар орасида Қатар алоҳида аҳамият касб этади. Мухлис сифатида навбатдаги мусобақадан нима кутаяпсиз?
- Аввалги мусобақаларда мураббийларимизнинг барчаси маҳаллий эди. Бунисига эса аргентиналик мутахассис билан борамиз. Ҳақиқатдан ҳам Қатардаги мусобақа зўр ўтган. Ташкилотчиликдан ташқари Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳам мухлисларга ёқадиган ўйин кўрсатган эди. Умид қиламанки, БААда ҳам шундай бўлади. Энг муҳими, бу сафар ҳар қачонгидан кўра кўпроқ мухлис билан мусобақага кетаётганимиз.
- Нечта мухлис тўплашга эришилди?
- Ҳозиргача 180 нафардан ошди. Лекин қолган сайёҳлик фирмалари ва ўзи бормоқчи бўлганларни қўшганда менимча, 400 нафардан ошамиз. Қолаверса БААда истиқомат қилаётган ҳамюртларимиз ҳам бизга қўшилишлари аниқ. Бу мусобақада Ўзбекистон энг кўп мухлисларига эга терма жамоалардан бири бўлса ажаб эмас.
- Яқинда Австралияда ташкил қилинган иккита ўртоқлик учрашувида бўлиб қайтдингиз. Афсуски, терма жамоамизнинг ўйини кўнгилни хира қилди.
- Ҳа, Австралиядаги юртдошларимиз билан ўйинларни томоша қилдик. Афсуски, иккита ўйин ҳам бизни хурсанд қилмади. Лекин БААда бунинг акси бўлади деб ўйлайман. Яна шуни унутмаслик лозим, булар ўртоқлик учрашуви эди.
- Осиё Кубогига қайси вилоятдан бориш иштиёқи катта бўляпти?
- Андижон! Осиё Кубогида мухлислик қиладиган водийликлар 60 нафардан ошишган. Худо хоҳласа, терма жамоамизнинг ҳар бир ғалабасидан кейин андижонча ош бор (кулади). Қолган шаҳар ва вилоятлардан ҳам мухлислар жуда кўп ва биз у ерда бир жамоа бўламиз. Режага кўра, ҳар бир ўйинда терма жамоани 2000 нафарга яқин мухлис билан қўллаб-қувватлашимиз керак.
- Мухлислар футболдан ташқари вақтни қандай ўтказадилар, уларга яратилган шароитлар бўйича ҳам айтиб ўтсангиз.
- Аввало БААда киши зерикиб қолмайди. Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ўйинларидан ташқари мухлислар Япония, Жанубий Корея ва Австралия каби терма жамоалар баҳсига ташриф буюриб, кучли бешликда фаолият олиб бораётган футболчиларнинг ўйинларини жонли кўришлари мумкин бўлади. Ундан ташқари, пляж, осмонўпар биноларга сайр. Абу Дабидаги "Феррари" боғи, сафари каби сайёҳлар кўп борадиган жойлар. Пляж футболи бўйича мухлислар иштирокида шоу ташкил қиламиз. Бу борада Осиё Кубогига келган бошқа давлат мухлислари билан баҳслашамиз. Ундан ташқари биз билан сафар қиладиган мухлислар учун Ўзбекистон рамзлари туширилган кўплаб совғаларимиз бор.
- Энг кўп мухлис айнан сиз томонингиздан ташкил қилинаётган гуруҳда йиғилди...
- Сабаби оддий, ҳамкорларимиз билан 2007 йилдан бери фаолият олиб бораётган бўлсак, 11 йил ичида бу йўналишда катта тажриба тўпладик. Натижада одамларда ишонч пайдо бўлди ва энг муҳими маблағга эмас, терма жамоамизни қўллаб-қувватлашга эътибор қаратганимиз. Биз билан сафарга чиққан мухлис албатта кейингисига ҳам келяпти.
- Шу кунгача ЎФФ вакили сифатида мухлислар билан сафар қилаётган эдингиз, бир йил бўлди, ташкилотда ишламаяпсиз...
- ЎФФда ишлаган пайтимда ҳам, ундан кейин ҳам ўзим йўлга қўйган тадбиркорлик ишларим бор. Сир сақламайман, Сурхондарёда фермер хўжалигим мавжуд. Шу билан бирга сайёҳлик фирмам ҳам бор. Ундан ташқари зангламас темир маҳсулотлари билан улгуржи савдо ва ишлаб чиқариш билан шуғулланяпман. Мухлислар клуби раҳбарлиги мен учун лавозим эмасди. Бу ишни яхши кўраман ва мухлис сифатида фаолият олиб боришим учун аниқ бир жой керак эмас деб ўйлайман. "Фанатлик" бу касб эмас - касаллик. Шунга бизни даволаб бўлмайди (кулади). Шунинг учун томирларимда қон оқар экан, Ватанимиз байроғини жаҳон спорт ареналарида ҳилпиратишда давом этаман. Ягона айтадиган гапим: Олға, Ўзбекистон!
Хайрулла Холиқов ёзиб олди.
Батафсил: https://t.me/AsianCup2019Fans
Мурожаат учун: +998901759001
Фикрлар