

“Авваламбор стадионга ташриф буюрган мухлисларимизга миннатдорчилик билдираман. Шу ўринда уларни ғалаба билан табриклайман. Ўйинга келсак, режаларимиз амалга ошди, лекин вазиятларни якунлашда камчиликлар кўзга ташланди. Ўзбекистон кубогида ҳам яхши натижаларни қайд этишни мақсад қилгандик. “Бухоро”га қарши баҳсда ҳам ғалаба учун майдонга чиқамиз.
- “Гулистон” жамоаси Ўзбекистон кубогида қандай мақсадлар билан иштирок этмоқда?
- Хабарингиз бор, жамоамиз янгитдан ташкил этилди. Бу орқали вилоятимизга катта футбол ҳавосини олиб кириш эди. Ўзбекистон кубогида Суперлига ва Пролига жамоаларига қарши ўйнаш ва тажриба тўплаш вазифасини ўз олдимизга қўйгандик. Бундай даражадаги баҳслар орқали таркибимиздаги кўп йигитларнинг тажрибасини оширишимизга ёрдам бўларди. Шу орқали кейинги йилга жамоани Пролига савиясига тайёрлаб бориш вазифаси қўйилган.
- Жамоанинг ҳужум чизиғида муаммолари борлиги кўзга ташланмоқда?
- Биринчи лигада кўп жамоалар ҳимояга катта эътибор қаратмоқда. Натижада ҳужум чизиғида бўш зоналар камайиб боряпти. БухДУ ҳам 5 нафар ҳимоячи билан ҳаракат қилди. Бундай ҳолатда табиийки, гол уриш ҳам қийинлашмоқда. Аммо бу камчиликларни бартараф этишга ҳаракат қиламиз.
- Ёзги трансфер вақтида жамоага янги ўйинчилар таклиф қилинадими?
- Ҳа. Ҳозирда бу борада селекция ишлари давом этмоқда. Вақти келиб барчасини маълум қиламиз.
- Муҳаммад Исаевнинг бир нечта ўйинлардан бери асосий таркибда кўринмаётганига нима сабаб бўлмоқда?
- Исаевда кичик жароҳат бор эди. Шу сабабли Муҳаммад бўйича таваккал қилишни истамадик.
- “Бухоро”га қарши баҳсда жамоа қандай мақсад билан майдонга чиқади?
- Худо хоҳласа ғалаба учун ҳаракат қиламиз. Футболчилар билан рақиб жамоа иштирокидаги ўйинни кўриб чиқамиз ва ўзимиз учун керакли хулосаларга эга бўламиз”, — деди Эргашев.



