

Бу йил ҳам нафақат ўтган йил, балки 2018 йил мавсумдаги каби Ўзбекистон Кубоги финалида АГМК ва "Пахтакор" ўзаро баҳс олиб боради. Ўтган йил "Локомотив" стадионида кечган баҳсда АГМК 0:3 ҳисобида мағлуб бўлганди.
Ундан олдинги йил Фарғонада бўлиб ўтган Кубок финалида АГМК 3:1 ҳисобида зафар қучиб ўз тарихида илк бор Кубокни қўлга киритган. Лекин, у пайт жамоа бош мураббийи Бахтиёр Ашурматов эди.
2019 йилдан АГМК бошқаруви Миржалол Қосимов қўлига ўтди. Ўтган йил олмалиқликлар Қосимов қўл остида "Пахтакор"га қарши 4 марта расмий ўйинда майдонга тушиб, барчасида мағлуб бўлишди. Суперлигада 0:3 ва 1:4, Кубок финалида 0:3, Лига Кубоги финалида 2:6.
Бу йил ҳисобидан жамоалар Суперлигада ўзаро курашиб, "Пахтакор" стадионида кечган баҳсда 2:2 қайд этилди. АГМК майдонида бўлиб ўтган иккинчи давра учрашувида "Пахтакор" рақибини 6:0 ҳисобида мағлуб этди.
Кўриниб турибдики, Миржалол Қосимов АГМК бош мураббийлигини қўлга олганидан бери Шота Арвеладзе бошчилигидаги "Пахтакор"га қарши шу пайтгача 6 бор жамоани майдонга олиб тушган. Шундан биттасида дуранг ва 5 марта мағлубият қайд этилган. Тўплар нисбати: 6-24.
Шу ўринда мухлисларни қизиқтираётган савол: Қосимов АГМК бош мураббийи этиб тайинланганидан бери илк бор грузиялик мураббийни мағлуб этадими ёки Арвеледзе "Пахтакор" билан иккинчи бор Ўзбекистон Кубогини қўлга киритадими? Буни албатта эртанги финал якунида билиб оламиз.



