Ислом Исмоилов: "Марушич ҳам, Перица ҳам юқори даражадаги ҳужумчилар"
28 фев 22:03
Янгиликлар
Ислом Исмоилов: "Марушич ҳам, Перица ҳам юқори даражадаги ҳужумчилар"
- Ўйин ҳақида фикрларингиз...
- Ҳаммага салом. Аввало, барчани ғалаба билан табриклайман! Ўйинга келсак, албатта 1-тур баҳси осон ўтмаслиги аниқ эди. Учрашувдан олдин кўпчилик "Машъал"га паст баҳо берганди.
1 ҳафта давомида футболчиларга бу бўйича тўғри кўрсатмаларни бериб келдик. Сабаби "Машъал" ҳам бу йил таркибни шакллантиришда бир қатор легионерларни таклиф этди, мураббийи ўзгарди. Шу нарсаларни ҳисобга олган ҳолда тайёргарлик кўргандик. Кўп ишланмаларимиз ўйинда иш берди.
- Бугунги учрашувдан қай даражада кўнглингиз тўлди? Жамоа сизнинг тактик схемангизда муваффақиятли ўйнай олдими ёки қўшимча ўзгартиришлар киритиш кераклигини ҳис қилдингизми?
- Мураббий ҳеч қачон ўз ўйин услубидан 100% қониқмайди. Камчиликларимиз бор, аммо ғалаба қозониш ёқимли. Ўйиндаги ҳамма қулай вазиятларни голга айлантирганимиз, ҳисоб бундан-да йирик кўриниш олиши мумкин эди. Аммо йигитлар биз хоҳлаётган нарсани бажаришга ҳаракат қилмоқда.

- "Нефтчи" учун "Машъал" ноқулай жамоа эди. Ўтган йили "Нефтчи"ни Кубокдан чиқариб юборган. Сизни ғалаба билан муборакбод этмоқчиман. Икром Алибоевнинг ҳолати ҳақида маълумот берсангиз. У "Андижон" билан ўйингача сафда бўладими?
- Икром Алибоевнинг жароҳатини у қадар жиддий деб бўлмайди, лекин мускулларида тортишиш кузатилган. Шифокорлар унинг тикланиши учун камида 10 кун вақт кераклигини айтган. Ўйлайманки, "Андижон" билан баҳсга қадар сафга қайтади.
- Стипе Перица асосий таркибда майдонга тушишини кўпчилик кутмаганди. Ҳамма кўпроқ Марушични кутганди. Аммо қарорингиз ўзини оқлади. Шу ҳақда нима дея оласиз?
- Албатта, Марушич ҳам, Перица ҳам юқори даражадаги ҳужумчилар. Улар бир-бирининг ўйинини тўлдира олади. Биз "Машъал"нинг ўртоқлик учрашувларидаги ўйинларини таҳлил қилиб чиқдик ва уларда стандарт вазиятлар бўйича камчилик борлигини пайқадик. Шу боис Перица бош билан яхши ўйнашини ҳисобга олиб, уни бошланғич таркибда туширдик ва бу ўзини оқлади. У иккита стандартдан биттасидан унумли фойдаланди. Ўйлайманки, ҳужумчилар ўртасидаги рақобат давом этса, бу фақат уларнинг ўзига фойда бўлади.
- Ботирали Эргашев кўп бор олдинга чиққанига гувоҳ бўлдик. Бу ҳолатдан "Машъал" фойдалана олмади. Шу нарса бошқа ўйинларда панд бермайдими?
- Жамоамиз анча юқорида ҳаракат қилмоқда. Орқада жуда катта бўшлиқ пайдо бўлмоқда. Шу туфайли дарвозабон ўйин давомида таваккалга қўл уриб, ўша бўшлиқни тўлдиришга мажбур. Бунинг акси бўлса, рақиб бундан фойдаланиб кетиши мумкин. Хоҳлаймизми-хоҳламаймизми, юқори чизиқ бўйича ўйнасак, бу нарсага кўникишимиз керак. Дарвозабон бу ҳолатда сўнгги ҳимоячи сифатида жойни тўлдиради.
- Ўтган йили "Нефтчи" узоқ йил кутилган чемпионликни қўлга киритди. Сиз жуда масъулиятли лавозимни эгалладингиз. Сиз бу жамоани чемпион қилсангизгина, ўтган йилги натижани қайд этган бўласиз. Шу ҳақда фикр билдирсангиз...
- "Нефтчи" бош мураббийи бўлиш — мен учун шараф. Жамоа олдига юқори мақсад қўйилгани ҳам ҳар бир мураббийга мотивация беради. Ҳеч қачон бу каби ҳолатлардан қўрқмаганман. Сабаби неча йилдан буён футбол ичидамиз. Бу нарса босим ўтказмайди, аксинча, олдига катта мақсадларни қўйган жамоада ишлашни хоҳлаганман. "Нефтчи" томонидан берилган таклиф мени ҳар томонлама қониқтирди. Мақсадимиз — чемпионликни ҳимоя қилиш ва Элит ОЧЛда муносиб қатнашиб, тарих яратиш. Бу йил чемпионат осон бўлмайди, лекин биз ҳаракат қиламиз. Умуман қўрқув ҳис қилмаяпман. Жамоага ишонаман, қўл остимдаги футболчилар Ўзбекистондаги энг яхшилари. Улар билан яна чемпионликка эришамиз.
- Ҳакам ҳуштаги янграганидан сўнг сизда кўзёшлар қалқиб чиққандек бўлди. Бу нима билан боғлиқ эди?
- Бу сизга шундай кўрингандир (кулади). Бўлиши мумкин.
- Фарруҳ Сайфиев тушганидан сўнг Иброҳимҳалил Йўлдошев билан бир қанотда бўлиб қолди. Бу олдинга юришмиди?
- Ўйин охирида темпни янада оширмоқчи бўлдик. Хуршид Ғиёсовни ҳужумчи ортига қўйиб, Иброҳимҳалилни қанотга қўйдик. Биз кўпроқ гол уришни хоҳладик. Ўйлайманки, бизда шундан кейин қулай вазиятлар ташкил этилди. Футболчиларга янги ғоя ва тактикага мослашиш учун вақт талаб этилади. Ҳаммаси бирданига рўй бермайди.
- Ижтимоий тармоқларда кўпчилик Фарруҳ Сайфиевни ўнг қанот ҳимоясида ўйнатишингиз ҳақида тахминлар билдирди. Сизда Фарруҳни ўнгга, Иброҳимни чапга қўйиш режаси бормиди?
- Фарруҳ Сайфиев жуда тажрибали футболчи ва икки қанотда ҳам бирдай ўйнай олади. Бундан ташқари Иззатилло Пўлатов ҳам бор эди. Бироқ биз бу нуқтада Муҳсин Убайдуллаевни ўйнатишга қарор қилдик. Уларнинг барчаси асосий таркибда ўйнашга лойиқ футболчилардир.
- Стадиондаги мухлислик ҳақида фикрингиз...
- Фарғонада мухлислик доим юқори даражада бўлган. Улар ўйинга биздан ҳам кўп тайёргарлик кўрган деб айта оламан. Уларнинг қўллаб-қувватлаши бизга куч беради. Футбол мухлислар билан гўзал. Бизнинг олий мақсадимиз — Фарғона халқини хурсанд қилиш.
Ўхшаш янгиликлар
championat.asia
Суперлига. "Пахтакор" ўз майдонида "Қизилқум"ни мағлуб этди
ЕЧЛ 1/8 финал босқичига қуръа ташланди: "Реал" яна "Сити" билан ўйнайди
Суперлига. Кападзе "Навбаҳор"даги дебютида Самарқандда "Динамо"ни енгди
Суперлига. Амалдаги чемпион "Нефтчи" ўз уйида "Машъал"ни йирик ҳисобда мағлуб этди
Фикрлар
Keyingi uyinlargayam omadlar