

Кириш сўзи (Фабио Каннаваро): Барчага салом. Биз тайёргарлик кўрдик, бу ўйинга тайёрланиш учун бизда бироз кўпроқ вақт бўлди. Аммо бу ўйин олдидан менда олдингисига қараганда кўпроқ хавотир бор. Чунки Эронга қарши ўйнаганингизда, гарчи бу ўртоқлик учрашуви бўлса ҳам, мотивация ўз-ўзидан пайдо бўлади. Эртага биз Сурия билан ўйнаймиз. Бу жуда интенсив ва қийин ўйин бўлади, биз ҳар бир ўйинда ўзимизнинг менталитетимиз ва фалсафамизни кўрсатишимиз керак. Жамоада ҳаммаси жойида, фақат Расулдан ташқари — унда муаммо юзага келди ва у эртага майдонга туша олмайди. Қолган ҳаммаси аъло даражада.
- Эронга қарши ўйинда биз оптимал таркибда майдонга тушдик, дейиш мумкин. Эртага Сурияга қарши ўйинда асосий таркибда ўйнамаган футболчиларга имконият бериладими? Умуман олганда, ёндашувингиз қандай бўлади?
- Ҳа, балки кимнидир алмаштирармиз, чунки биз Кореяга учишимизни ҳам ўйлашимиз керак, у ерда яна бир ўйинимиз бор. Бундан ташқари, ҳар бир кишига ўйнаб кўриш, ўз дақиқаларига эга бўлиш ва ушбу гуруҳнинг бир қисми эканлигини ҳис қилиш имкониятини бериш фойдали деб ҳисоблайман.
- Абдувоҳид Неъматовнинг ҳолати қандай, у эртанги ўйинга тайёрми?
- Неъматовга келсак, машғулотда у бармоғида муаммо сезди. Нима бўлганини аниқ билмайман, лекин эртага эрталаб тиббий штаб билан гаплашгандан кейин қарор қабул қиламиз. Эртанги ўйин учун таркибни ҳам эртага кўрамиз.
- Осиё ўйинларида иштирок этаётган футболчилар Кореяга борадими, режа қандай?
- 23 ёшгача бўлган терма жамоадан футболчиларни жалб қилишга ҳаракат қиламиз. Албатта, балки улардан кимгадир дам олиш керак бўлар, бу вазиятга боғлиқ, бу бўйича қарорни ўзим қабул қиламан.
- Сўнгги интервьюларингиздан бирида: «Мен энг кўп хоҳлайдиган нарса – футболчилар журналистлар билан мулоқот қилмаслиги», дегандингиз. Шу фикрингизга бироз ойдинлик кирита оласизми: журналистлар умуман футболчилар билан гаплашмаслиги керакми — микст-зонада, машғулотдан олдин, ундан кейин ёки интервью пайтида?
- Йигитлар, келинглар ўйинлар ҳақида ўйлайлик. Нега сизни ўйинларнинг ўзи эмас, кўпроқ бундай нарсалар қизиқтиради? Тушунмайман, нима учун биз доимо футболдан бошқа исталган нарсани муҳокама қилиш учун сабаб излаймиз. Мени ташвишга соладиган ягона нарса — бу футбол. Футболчилар атрофидаги бошқа барча футболга хос бўлмаган вазиятларни тинч қўйинг ва илтимос, футбол ҳақида ўйланг.
- Сиз терма жамоага келганингиздан бери кўп нарса ўзгарди, жамоанинг умумий ривожланиши ва ўсиши ҳақида тез-тез гапирасиз. Аммо бир нарса ҳозирча ўсмаётгандек туюлади — бу рақибларнинг даражаси. Сурия билан боғлиқ вазият тушунарли, улар ўйини бекор қилинган жамоани ўрнини эгаллади. Лекин биз Эрон билан эмас, бошқа кучлироқ рақиблар билан ўртоқлик ўйинлари ўтказа оламизми? Эрон билан сиз келгунингизча ҳам доим ўйнаб келганмиз, бундан ҳамма чарчади. Топ терма жамоалар билан ўйнашни хоҳлардик ва сизни даврингизда бу жиҳат ҳам ўсиши керак...
- Биз ҳаракат қиляпмиз.
- Биз тарихда биринчи марта Эрон терма жамоасини мағлуб этдик, бу яхши натижа. Айтинг-чи, Эрон устидан қозонилган ғалабадан сўнг, терма жамоа ўйинида яна қандай камчиликлар кўзга ташланди?
- Биз кўп нарсаларни яхшилашимиз керак. Афсуски, биз ҳар куни бирга бўлмаймиз, лекин кўп жиҳатдан ўсишимиз керак. Биз ўйинни кўриб чиқдик ва мен футболчиларга қаерда кучайишимиз кераклигини кўрсатдим. Баъзида биз воқеаларни жуда тезлаштириб, индивидуал тарзда ечим топишга ҳаракат қиламиз. Баъзида эса биз шунчаки тўпни Элдорга берамиз, чунки унинг энг яхши эканини биламиз, ҳатто у учта рақиб орасида бўлганида ҳам. Мен уларга баъзида орқага қайтиб, ҳужумни бошидан, нолдан бошлаш мумкинлигини тушунтиришга ҳаракат қилдим. Биз чизиқлар орасидаги бўш ҳудудларни топишга ҳаракат қиляпмиз. Лекин бизга кўпроқ сабр керак. Ҳаммаси секин бўлади. Шундай ҳолатлардан кейин гол уряпмиз, энди хотиржам бўлишимиз керак. Голдан кейин биз кўпроқ хатоларга йўл қўйяпмиз. Шунингдек, биз тез-тез ўйиннинг дастлабки 20 дақиқасида гол ўтказиб юборяпмиз. Бу ўйиннинг жуда муҳим қисми. Биз Эрон билан ўйинни кўриб чиқдик ва йигитларга қаерда яхшироқ ўйнашимиз мумкинлигини тушунтирдим.
- Кўпчилик терма жамоаларда узоқ вақт давомида асосий ҳисобланган дарвозабон бўлади. Германияда бу Нойер, Испанияда Симон. Бизда шундай дарвозабон Юсупов эди. Энди у терма жамоада йўқ, Неъматовни узоқ йиллар давомида биринчи рақамли бўлади деб ҳисоблаш мумкинми?
- Сиз Испания ҳақида гапиряпсиз. Уларда бош мураббий жамоани анчадан бери бошқариб келади. Мен яқинда келдик, мен ҳам кузатяпман ва таҳлил қиляпман. Неъматов ҳозир жароҳат олган. Олимпия терма жамоасида яна бир яхши дарвозабонимиз бор. Биз ҳаммага имконият берамиз.
- Эртанги ўйин олдидан Сурия терма жамоасининг қандай кучли томонларини таъкидлай оласиз?
- Бу яхши жамоа. Улар эртага бизга бўш зоналарни бермай, максимал даражада зич (компакт) ўйнашади. Ўйин қийин бўлади. Биз ўйинни яхши бошлашимиз ва назорат қилишимиз керак. Халқаро ўйинлар бу — халқаро ўйинлар.
- Сиз U17 терма жамоаси дарвозабони Иброҳим Шокировни терма жамоа машғулотига чақирдингиз. Бу нима билан боғлиқ?
- Машғулотларда бизга бир ўйинчи етишмаётган эди. Шу сабабли мен бир дарвозабон сўрадим ва улар Шокировни чақиришди



