Ҳусниддин Алиқулов: Янги шартнома ва оғир жароҳат

Aslanov Jasurbek
9 фев 2026, 20:50
"Ризеспор" клуби Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Ҳусниддин Алиқулов билан амалдаги шартномани узайтиришга қарор қилди.

Клуб футболчининг сўнгги уч йилдаги муваффақиятли иштироки ва жамоага бўлган садоқатини инобатга олиб, шартномадаги «+1 йил» вариантидан фойдаланди. Эндиликда ҳамюртимиз 2026-2027 йилги мавсум якунига қадар турк клубига тегишли бўлади.

Бироқ, бу хушхабар билан бирга футболчининг соғлиғи борасида нохуш маълумотлар ҳам тасдиқланди:

Жароҳат тафсилотлари: «Гёзтепе»га қарши баҳсда Алиқуловнинг олдинги хочсимон боғламлари йиртилгани, тизза қопқоғи шикастлангани, шунингдек, ички ва ташқи менискларида йиртилиш, қон кетиши ва шиш аниқланган.

Тикланиш муддати: 26 ёшли ҳимоячи тез орада операция қилиниши режалаштирилган ва унинг майдонга қайтиши учун 6 ойдан 9 ойгача вақт талаб этилади.

Мавсум якунланди: Ҳусниддин Алиқулов учун жорий мавсум муддатидан аввал якунланди. Демак, у ЖЧ-2026да иштирок этмайди.


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: "Ризеспор" матбуот хизмати